Полезное для бухгалтера в декабре:
Айрим корхоналар учун янги солиқ преференциялари белгиланди
«20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган ва 51 та янги иш ўрни яратиши мумкин бўлган тадбиркорлар учун пасайтирилган ставкалар ва солиқларни тўлашнинг алоҳида шартлари тасдиқланди. Бу Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган корхоналарга тааллуқли эмас. 2.04.2024 йилдаги ЎРҚ-923-сон Қонун билан Солиқ кодексига қўшимчалар киритилди.
Имтиёзлар «20 минг тадбиркор –500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига берилади, бундан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари мустасно. Дастурда иштирок этадиган тадбиркорлар Президентнинг 12.06.2023 йилдаги ПФ-93-сон Фармонига мувофиқ ҳокимликлар ва вазирликлар билан шартнома тузадилар.
1. 2025 йил 1 январгача мол-мулк солиғи ва ер солиғининг қуйидаги пасайтирилган ставкалари белгиланди:
- 51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи;
- 101 дан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 75 фоизи;
- 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилганда – ушбу солиқларни тўлашдан озод этилади.
Шунингдек, пасайтирилган ставкаларни қўллаш учун мажбурий шартлар:
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган фуқароларни ишга қабул қилиш ва камида 1 йил давомида ҳар ой МҲЭКМнинг 1 баравари миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаб, бандлигини таъминлаш;
- кўрсатилган фуқаролар улуши жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этади.
Агар тадбиркорлик субъекти «ҳамкорлик шартномаси» бўйича мажбуриятларни бажармаса, солиқ имтиёзларининг амал қилиши бекор қилинади, солиқлар эса солиқ имтиёзлари қўлланилган бутун давр учун қўшимча тўлаб берилади.
2. Айланмадан олинадиган солиқ, акциз солиғи, фойда солиғи (бундан тўлов манбаида олинадиган фойда солиғи мустасно), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи, сув, мол-мулк, ер солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Бўлиб-бўлиб тўлаш даври иш ўринлари сонига боғлиқ:
- 51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда – 3 ойгача;
- 101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда – 6 ойгача;
- 200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилганда –12 ойгача.
Бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти Солиқ қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъекти аризаси асосида мол-мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати билан таъминланмасдан, фоизлар ҳисобланмасдан, шунингдек молиявий ҳолатининг таҳлилини ўтказмасдан ва ҳужжатлар олинмасдан (бундан СКнинг 98-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно) берилади.