Қурилиш учун ер ижараси харажатларини қандай ҳисобга олиш керак

preview

«Корхона ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқариш биноларини қуриш мақсадида эркин иқтисодий зонада 800 млн сўмлик ер участкасидан фойдаланиш учун ижара ҳуқуқини сотиб олди. Ойлик ижара тўлови билан 50 йилга ижара шартномаси тузилган. Ер ижараси харажатларини қандай ҳисобга олиш керак?»

Саволга buxgalter.uz илтимосига кўра Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бухгалтерия ҳисоби ва аудит методологияси бўлими мутахассислари жавоб берди:

 

– Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун мулк ҳуқуқи ёки ижара асосида берилади. Уларни ажратиш тартибини махсус Низом белгилайди.

Участкалар электрон онлайн-аукцион орқали берилади, бунда уларнинг ижара қиймати аниқланади.

Аукцион натижалари бўйича баённома тузилади. У шартнома кучига эга ва қуйидагилар учун асос бўлади :

1) участка ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш;

2) ижара шартномасини тузиш.

 

Ер ижараси қиймати

Ер участкалари корхона мулкига олинган бўлса, асосий воситалар таркибига кирим қилинади  . Кўриб чиқилаётган ҳолатда ижара ҳуқуқи расмийлаштирилгани учун ер АВ таркибига кирим қилинмайди.

«Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ер участкаларига бўлган ҳуқуқ тури ер участкаларини бериш (реализация қилиш) ҳақидаги ҳужжатларга мувофиқ аниқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи номоддий активларга киради .

Агар корхона бино ва иншоотлар қуриш учун берилган ер участкасининг ижара ҳуқуқини олиш билан бевосита боғлиқ харажатларни амалга оширган бўлса (рўйхатдан ўтказувчи орган хизматлари ҳақи, ер-кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ишлари қиймати ва ҳ.к.), улар:

1) 0830 «Номоддий активларни сотиб олиш» ҳисобварағига;

2) кейин – 0440 «Ердан ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқлари» ҳисобварағига ўтказилади.

Яъни ер участкаси ижара ҳуқуқи номоддий активлар таркибида ҳисобга олинади.

НМА қиймати:

  • қурилиш даврида – 0810 «Тугалланмаган қурилиш» ҳисобварағига;
  • қурилиш тугагандан сўнг – корхона харажатларига киритилади.

Ер ижараси пайтида корхонада (солиқ агенти) ижара ҳуқуқи қийматидан ҚҚС бўйича мажбурият юзага келади . Солиқ тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати СК 266 ва 266-1-моддаларидаги барча шартларга риоя қилинганда ташкилотга ҳисобга олиш ҳуқуқини беради. Агар ҳисобга олиш ҳуқуқи бўлмаса, солиқ суммаси ижара қиймати билан бирга ҳисобга олинади.

 

Ижара тўлови

Туман (шаҳар) ҳокими билан тузилган ижара шартномаси асосида берилган ер участкалари учун ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилади.

Ер участкаларини ижарага олган юридик шахсларга юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тўловчилари учун белгиланган солиқ ставкалари, солиқ имтиёзлари, солиқни ҳисоблаб чиқариш, солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиби татбиқ этилади  .

Мос равишда, ижара тўловидан ҚҚС тўланмайди.

Бюджетга мажбурий тўловлар, солиқлар ва йиғимлар бошқа операцион харажатларга киритилади  ва 9430-ҳисобварақда акс эттирилади.

 

 

 

Ер солиғи Ер солиғи Ер солиғи /ru/publish/doc/text203718_qurilish_uchun_er_ijarasi_harajatlarini_qanday_hisobga_olish_kerak