Полезное для бухгалтера в ноябре:
Импортчилар ҚҚС бўйича ҳисоб-китобни қачон муаммосиз топшира оладилар
Божхона тўловларини тўлаш муддати кечиктирилганда ҚҚС бўйича ҳисоб-китобга қандай тузатиш киритилади? Бугун бухгалтерлар ушбу вазиятни ҳисоб-китобларда тўғри акс эттира олмайдилар. Натижада автоматлаштирилган тизим СК нормаларини бузган ҳолда ҳисобга олиниши керак бўлмаган суммани ҳисобга олади. Бу ҳисоботларнинг бузиб кўрсатилишига ва солиқ органлари билан ўзаро муносабатларда муаммолар юзага келишига олиб келади. Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА buxgalter.uz илтимосига кўра вазиятни тартибга солишнинг эҳтимолий йўлларини қандай топиш мумкинлиги хусусидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
– «Импортчилар бугунги кунда божхона тўловларини тўлаш муддатини кечиктириш имкониятидан кўп фойдаланмоқдалар, бунда ҚҚС бўйича бюджет билан ҳисоб-китоб қилишда муаммога тўқнаш келмоқдалар.
Божхона юк декларацияси – ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжат. У автоматик режимда импортчининг ҚҚС бўйича ҳисоботида акс этади. Бинобарин, ундаги ҚҚС ҳам автоматик равишда ҳисобга олинади.
ЭҲФ тизими «божхонадаги» ҚҚСни тўлаш муддати кечиктирилишини ҳисобга олмайди. Тизим ҚҚС ҳисоб-китобига 4-иловада БЮДдаги ҚҚС суммасини IM-40 режими бўйича акс эттириб, СК 266-м. 1-қ. 3-б. мувофиқ солиқ суммасининг бюджетга келиб тушишини ҳисобга олмайди. Бу эса салмоқли маблағ бўлиб, ҳали бюджетга келиб тушмаган бўлади.
Бюджетга аслида катта суммалар тўлиқ келиб тушмаяпти. Тадбиркор эса солиқ текшируви чоғида ушбу сумма ошкор бўлиши ва кам деганда, солиқ органларидан ҚҚСни қўшимча ҳисоблаш ҳақида талабнома олиниши мумкин бўлган вазиятга тушиш хавфи остида қолади.
Бугун ушбу муаммодан хабардор бўлган тадбиркор нохушликлардан қочиш учун ҳисобот ойида ҳисобга олинган суммадаги солиқни ортиқча тўлашга мажбур бўлмоқда.
Бундай чалкашликка йўл қўймаслик учун солиқ ва божхона органлари вазиятни тартибга солиш чора-тадбирларини кўришлари керак.
Фикримча, ушбу муаммони ҳал қилишнинг иккита вариантидан бирини қўллаш мақбул кўринади:
- Божхоначилар божхона тўловларини тўлаш муддатини кечиктириш ҳуқуқидан фойдаланган импортчиларнинг рўйхатларини ва БЮД доирасида ҳақ тўлаш бўйича тўлов топшириқномалари рўйхатини солиқчиларга тақдим этишлари мумкин.
- Бухгалтерларга ҚҚС ҳисоб-китобини тўлдираётганда солиқ суммасига қўлда тузатиш киритиш бўйича техник имкониятни бериш мумкин».
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.