Полезное для бухгалтера в ноябре:
Кечиктириб олинган ҳисобварақ-фактуралар қандай акс эттирилади
1. Корхона ҳисобварақ-фактураларни етказиб берувчилардан кечиктириб олади. Масалан, июндагини – сентябрда. ҚҚС бўйича ҳисоботда улар қай тартибда акс эттирилади? Уларни ҳисоботда расмийлаштирилган ойда (масалан, июнда) акс эттириш, бунда барча кейинги ойлар учун (июнь, июль, август) ҳисоботни қайта топшириш зарурми? Ёки бундай ҳисобварақ-фактураларни ҳақиқатда олинганда – сентябрда акс эттириш мумкинми?
- Агар ҳисобот ойи учун ҳисобварақ-фактура сизга кечикиб тушса, кейинги ой учун ҳисобот топширишдан олдин уни олдинги ой учун қайта топширинг ва унга ушбу ҳисобварақ-фактураларни киритинг.
2. ҚҚС тўловчи автосаноат корхонаси 18.07.2019 йилдаги ПҚ-4397-сон қарорга асосан импорт бўйича ҚҚС тўлашни 120 кунга кечиктириш имкониятидан фойдаланади.
Тўловни кечиктиришни инобатга олган ҳолда импорт бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш тартиби қандай?
- Божхона тўловларини, жумладан ҚҚСни тўлаш муддатининг қўшимча даврга узайтирилиши божхона тўловларини кечиктириб тўлашдир. Кечиктириб тўлаш имконияти Божхона кодекси, Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тақдим этилиши мумкин.
“Импорт” ҚҚСни кечиктириб тўлаш имкониятидан фойдаланган ҳолда, ҳақиқатда тўланган солиқ суммасини ҳисобга олинг.
3. 2019 йил 1 октябрга қадар корхона UzAuto Motors ишлаб чиқарадиган автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар харид қилди. Эҳтиёт қисмлар 21.02.2008 йилдаги ПҚ-800-сон қарорга асосан ишлаб чиқарувчи томонидан ҚҚСсиз реализация қилинди. 1 октябрдан бошлаб мазкур имтиёз кучини йўқотди.
2019 йил 1 октябрдан кейин ушбу эҳтиёт қисмларни ўрнатиш бўйича хизматларга (эҳтиёт қисмлар қийматини инобатга олган ҳолда) қандай тартибда ҚҚС солинади?
- Имтиёз 2019 йил 1 октябрдан ўз кучини йўқотганлиги боис, 1 октябрга қадар ҚҚСсиз харид қилинган эҳтиёт қисмларни ўрнатиш бўйича хизматларни реализация қилиш бўйича оборотга умумбелгиланган тартибда ҚҚС солинг. Мазкур ҳолатда эҳтиёт қисмлар қийматини инобатга олган ҳолда эҳтиёт қисмларни ўрнатиш бўйича хизматларни реализация қилишнинг умумий қиймати ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади. Шунингдек, хизматлар таннархидан паст нархларда реализация қилинганда, солиқ солинадиган база таннархдан келиб чиқиб белгиланишини ёдда тутинг.
4. Корхона авиачипталарни сотиш бўйича агент ҳисобланади ва ҚҚС тўлайди. Авиачипталарни сотиш чоғида агент ҚҚС суммасини ажратган ҳолда ҳисобварақ-фактура расмийлаштириши шарт. Бироқ, чиптанинг ўзида ҳам, қандайдир бошқа ҳужжатларда ҳам авиакомпания солиқ бўйича маълумотларни кўрсатмайди. Агент авиачипталарни реализация қилиш учун ҳисобварақ-фактурада ҚҚС суммасини қандай тартибда ҳисоблаши керак?
- Умумбелгиланган ҚҚС тўловчи миллий авиакомпания йўловчиларни, багажни, юкларни ва почтани халқаро ташишга ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солади. Эслатиб ўтамиз, Агар жўнатиш пункти ёки тайин этилган пункт Ўзбекистондан ташқарида жойлашган бўлса, ташишлар халқаро йўналишларда ташиш ҳисобланади.
Ўзбекистон ичидаги авиаташишларга 15% ставка бўйича ҚҚС солинади. Бунда барча солиқ солинадиган оборотлар, шу жумладан – ноль даражали оборотлар бўйича ҳисобварақ-фактурани албатта расмийлаштириш шарт. Бундай ҳужжатлар жумласига авиачипталар ҳам киради. Бироқ, авиачипта фақат битта шарт билан ҳисобварақ-фактурани ўрнини босиши мумкин: агар авиаташиш хизматига ҚҚС солинса, чиптада албатта солиқ суммаси ажратиб кўрсатилиши шарт.
Амалиётда айрим агентлар, республика ичидаги парвозларга миллий авиакомпания чипталарини реализация қилган ҳолда, ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда уларнинг қийматидан мустақил равишда ҚҚС ҳисоблайдилар ва уни харидорларга тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактураларда акс эттирадилар. Агент учун бу воситачилик операцияларида ҳисобварақ-фактуралар ҳисоби ва расмийлаштириш тартибини бузиш ҳисобланади.
Шу тариқа, сиз реализация қилинган авиачипталар учун ҳисобварақ-фактураларда мустақил равишда ҚҚС суммасини ажратишга ҳақли эмассиз. Миллий авиаташувчи чипталарида ҚҚСни акс эттириш тартиб-таомилини тартибга солиш учун Молия вазирлиги ва ДСҚга мурожаат қилишни тавсия қиламиз.
Ирина АХМЕТОВА,
«Норма» эксперти