Полезное для бухгалтера в ноябре:
ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси тўхтатиб турилса, қачон ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланса бўлади
СКга янги қўшимчалар ҚҚС тўловчиларига ҳатто тўловчининг гувоҳномаси тўхтатиб турилган тақдирда ҳам ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланиш имконини беради. Янгиликларни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА махсус buxgalter.uz учун шарҳлаб берди:
– Бундай қўшимча СКнинг янги 266-1-моддаси “Тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олишнинг ўзига хос хусусиятлари” билан киритилмоқда. Агар ҳужжат ўзгаришларсиз қабул қилинса, 2023 йил 1 январдан бошлаб мазкур янги қоидалар ишлайди.
Ҳозир гувоҳнома тўхтатиб турилган даврда тадбиркорлик субъекти ҳам, унинг контрагентлари ҳам ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдалана олишмайди. Амалиётда бу кўпинча корхона фаолиятининг тўхтатиб турилишига олиб келади, ҳамкорлар ҳам у билан иш олиб боришдан воз кечади, чунки маҳсулотнинг таннархи кескин ошиб кетади.
СКга қўшимчалар кучга кириши билан вазият яхши томонга ўзгаради. Сотувчилар (етказиб берувчилар) тўловчининг гувоҳномаси тиклангандан кейин, шу жумладан – у тўхтатиб турилган давр учун ҚҚСни ҳисобга олиш имкониятига эга бўладилар.
Назаримда бу – жуда тўғри меъёр. Лекин ҳужжатнинг лойиҳасида бундай ҳуқуқ харидорлар учун эмас, балки фақат сотувчи учун назарда тутилган. Бундай ҳуқуқ харидорларда ҳам пайдо бўлса мақсадга мувофиқ бўлади, шунда ҳаммаси адолатли бўлади.
Шунингдек, бугунги кунга қадар ҚҚС тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг қонунийлиги юзасидан кўп низолар бўлди. Кўпчилик ушбу қонуности ҳужжатини Солиқ кодексига зид деб ҳисобламоқда.
Энди эса қонун ҳужжатларидаги ушбу камчилик бартараф этилмоқда. СКда Вазирлар Маҳкамасига ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини бериш, уни тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва бекор қилиш тартибини белгилаш ҳуқуқини тақдим этадиган меъёр пайдо бўлади.
Шу билан бирга ҚҲТБТ порталида Махсус рўйхатдан ўтказиш тўғрисида низомга ўзгартиришлар киритадиган ВМҚ лойиҳаси (ID 72825) муҳокама қилинмоқда. Агар бугун тўловчи гувоҳномасини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилишда фақат ўз вақтида ҚҚС бўйича ҳисоботни тақдим этиш ва солиқни тўлаш эътиборга олинаётган бўлса, тузатишлар билан уни барча солиқлар бўйича мажбуриятларга татбиқ этиш таклиф қилинмоқда. Аммо бу ҳозирча фақат – лойиҳа ва умид қиламанки, ушбу қисмида у қайта кўриб чиқилади. Назаримда ҚҚСни бошқа солиқларга боғлаш мумкин эмас. Бу – меъёрларни ортиқча ва оқланмаган тарзда қатъийлаштириш, сабаби бошқа солиқлар ҚҚСни тўғри ҳисоблаб чиқариш ва унинг бюджетга келиб тушишига ҳеч қандай тарзда таъсир кўрсатмайди.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади