Корпоратив карта бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби

24.03.2025
author avatar

Шавкат РАСУЛЕВ

МБ департаменти директори ўринбосари
author avatar

Татьяна БЕЛОУСОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– корпоратив карта;
– корпоратив картани очиш;
– корпоратив картадан тўланадиган харажатлар;
– корпоратив картани бериш тартиби;
– корпоратив карта бўйича ҳисобот;
– корпоратив карта бўйича ҳисоб-китобларни ҳисобга олиш.

 

Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга асосан ўзгартиришлар киритилди:

  • 2025 йил 1 январдан кучга кирган янги 21-сон БҲМС;
  • 2025 йил 25 февралдан кучга кирган 24.02.2025 йилдаги 108-сон ВМҚ;
  • 2025 йил 13 мартдан кучга кирган Марказий банк бошқарувининг 25.02.2025 йилдаги 5/12-сон қарори;
  • 2025 йил 19 мартдан кучга кирган 18.03.2025 йилдаги 168-сон ВМҚ.

Корпоратив карта – жуда қулай тўлов воситаси. У товарлар ва хизматлар ҳақини бевосита уларни харид қилиш чоғида тўлаш имконини беради.

Корпоратив карталардан фойдаланишни тартибга солувчи асосий ҳужжат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари тўғрисидаги низом ҳисобланади.

Давлат буюртмачилари томонидан корпоратив банк карталари («харид карталари»)дан фойдаланган ҳолда харидларни амалга ошириш тартиби махсус Низом (24.02.2025 й. 108-сон ВМҚга 1-илова) билан белгиланган.

Корпоратив картанинг ўзи нима

Корпоратив банк картаси – уни сақловчига карта ҳисобварағидаги пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқини берувчи тўлов картаси.

Карта сақловчилари қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • юридик шахснинг ваколатли ходими

ёки

  • якка тартибдаги тадбиркор.

Корпоратив картанинг олд томонида мажбурий реквизитлар сифатида қуйидагилар кўрсатилади Низом 9-б., 03.04.2021 й. АВ рўйхат рақами 3294-сон :

  • юридик шахснинг расмий (фирма) номи ва (ёки) унинг тўлов тизимидаги шартли рақами;
  • банк картаси эмитентининг расмий номи;
  • банк картасининг рақами ва амал қилиш муддати.

Шунингдек, тўлов тизими қоидалари билан тўлов тизими доирасида эмиссия қилинадиган банк карталарининг қўшимча мажбурий реквизитлари, идентификация белгилари ва банк карталарининг элементлари белгиланиши мумкин Низом 10-б., 03.04.2021 й. АВ рўйхат рақами 3294-сон

Корпоратив карта қандай очилади

Корпоратив картани расмийлаштириш учун хизмат кўрсатувчи банк билан шартнома тузинг. Бунинг учун корхона раҳбарининг сўмдаги (валютадаги) махсус корпоратив карта ҳисобварағини очиш ва корпоратив картани чиқариш учун аризасини тақдим этинг.

Шартномада назарда тутилган муддатда банк махсус корпоратив ҳисобварақни очади, картани тайёрлайди ва уни корхона раҳбарига ёки ишончнома асосида унинг вакилига топширади.

Банк корпоратив картани чиқаргани учун ўз тарифига мувофиқ ҳақ ундиради.

Бухгалтерия ҳисобида корпоратив картани чиқарганлик учун банк воситачилик ҳақини тўлашни қуйидаги ўтказма билан акс эттиринг:

9430-счёт дебети

5110-счёт кредити

Карта ҳисобварағини тўлов топшириқномаси билан ташкилотингизнинг ҳар қандай ҳисобварағидан тўлдириб туришингиз мумкин.

Корпоратив картадан қандай харажатларни тўлаш мумкин

Юридик шахслар Ўзбекистон ҳудудида фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни корпоратив карта ёрдамида амалга оширишлари мумкин Низом 19-б., 03.04.2021 й. АВ рўйхат рақами 3294-сон . Бунинг учун миллий валютадаги карталардан фойдаланилади.

Масалан, корпоратив карта ёрдамида қуйидагилар учун ҳақ тўлаш мумкин:

  • асосий воситаларни, материалларни, товарларни сотиб олиш;
  • ишлар ва хизматлар, шу жумладан мол-мулк ижараси;
  • хизмат сафари харажатлари;
  • давлат божлари ва йиғимлари;
  • мобиль иловалар орқали электр энергияси ва газ (2025 йил 13 мартдан бошлаб);
  • бошқа харажатлар.

Давлат буюртмачилари харид корпоратив картаси ёрдамида қуйидагилар учун тўловни амалга оширишга ҳақли 24.02.2025 й. 108-сон ВМҚга 1-илова 4-б.:

  • Ўзбекистон ҳудудида давлат буюртмачиси фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган хизмат сафарлари ва бошқалар учун чипталар, яшаш харажатлари;
  • давлат буюртмачисининг эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда талаб этиладиган бензин, суюлтирилган ва сиқилган газ, авиа ва дизель ёқилғисида ҳаракатланувчи транспорт воситаларига ёқилғи қуйиш, шунингдек электромобилларни электр энергияси билан қувватлантириш харажатлари;
  • корпоратив буюртмачилар томонидан қонунчиликка мувофиқ тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқи берилган ҳолларда товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) бир молия йили давомида БҲМнинг бир минг баравари миқдоригача амалга ошириладиган давлат харидлари.

Юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги банк карталаридан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида савдо тусига эга бўлмаган валюта операцияларини амалга ошириш учун фойдаланиш мумкин.

Эътибор беринг

Корпоратив банк карталаридан Ўзбекистонда ҳам (сўмдаги карта), ундан ташқарида ҳам (валютадаги карта) хизмат сафари харажатларини тўлаш учун фойдаланишингиз мумкин.

Эътибор беринг

Қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

  • корпоратив картага иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, нафақалар, стипендиялар ва дивидендларни ўтказишга;
  • корпоратив картадан нақд пул беришга;
  • корпоратив карта орқали чет эл валютасини сотиб олишга.

Аукцион савдоларида иштирок этиш ва харидларни амалга ошириш учун корпоратив карталардан фойдаланиш тақиқланади.

Якка тартибдаги тадбиркор миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқариш фаолияти, савдо, хизмат кўрсатиш, ишларни бажариш билан боғлиқ бўлган, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа харажатлар бўйича тўловларни амалга ошириши мумкин Низом 20-б., 03.04.2021 й. АВ рўйхат рақами 3294-сон .

Якка тартибдаги тадбиркорларнинг чет эл валютасидаги банк карталаридан Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида савдо тусига эга бўлмаган валюта операцияларини амалга ошириш учун фойдаланиш мумкин. 

 

Вазият
Корхона қимматбаҳо ускуналарни сотиб олиш учун корпоратив картадан ҳақ тўламоқчи
Корхона корпоратив картадан ҳақини тўлаган ҳолда 30 млн сўмлик ускуналарни сотиб олишга қарор қилди.
Бу қонунийми?
– Ҳа, қонуний. Низомда корпоратив карта билан ҳақи тўланадиган товарлар ва хизматлар суммаси бўйича чекловлар мавжуд эмаслиги сабабли, корпоратив карта орқали ускуналарни сотиб олиш учун ҳақ тўлаш мумкин.
Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисобварақ-фактура) бериш орқали корпоратив карталар орқали амалга оширилади 30.10.2018 й. ПФ–5564-сон 1-б. “в”к.б..
Бироқ, бу меъёр сотувчи билан томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари назарда тутилган шартнома тузишни тақиқламайди.
Вазият
Корпоратив картадаги маблағлар шахсий эҳтиёжлар учун сарфланди  

Корхона раҳбари шахсий автомобилига ёқилғи қуйиш учун бензин сотиб олди, ҳақини корпоратив картадан тўлади. Автомобиль корхона балансида ҳисобга олинмаган.

Бу ҳолда солиқ оқибатлари қандай бўлади?

– Раҳбарнинг қарорига кўра бензин қиймати унинг иш ҳақидан ушлаб қолинса, солиқ оқибатлари юзага келмайди.

Агар сумма ушлаб қолинмаса, шахсий автомобилга қуйилган бензин қиймати – раҳбарнинг моддий наф тарзидаги даромад СК 376-м..

Унга солиқ агенти сифатида корхонада ЖШДС солинади СК 387-м., бироқ ижтимоий солиқ солинмайди СК 403-м.. Ушбу харажат фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланмайди СК 317-м. 3-б..

Корпоратив картани кимга ва қандай бериш керак 

Корпоратив карталарни функционал вазифаларини бажариши учун зарур бўлган ходимларга беринг. Масалан:

  • ТМҚ сотиб олиш учун – таъминот ёки логистика хизмати ходимига;
  • реклама ёки маркетинг тадбирлари ҳақини, вакиллик харажатларини тўлаш учун – маркетинг ёки савдо хизмати мутахассисига;
  • ЁММ ва таъмирлаш ишлари ҳақини тўлаш учун – автотранспорт ҳайдовчисига. 

Корпоратив картадан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳисобдор шахслар – ходимлар рўйхатини корхона раҳбари буйруғи билан белгиланг. Улар билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузинг, унга асосан ходимлар картадан пул маблағларининг сарфланиши, шунингдек унинг бут сақланиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Шунингдек, корпоратив карталарни бериш ва улардан фойдаланиш тартибини ички ҳужжат билан белгилашни тавсия этамиз. 

 Масалан, Корпоратив карталар билан ишлаш тўғрисидаги низом кўринишида, унда қуйидагиларни акс эттиринг:

  • уларни олиш ва қўллаш тартиби;
  • карталар ва улардаги пул маблағлари бут сақланиши, шунингдек маблағлардан мақсадли фойдаланмаслик учун жавобгарлик;
  • карта орқали тўлаш мумкин бўлган харажатлар рўйхати;
  • харажатларни раҳбарият томонидан маъқуллаш тартиби;
  • корпоратив карта бўйича ҳисоботларни тақдим этиш тартиби;
  • банк картаси йўқотилган ёки шикастланган ҳолда амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар ва б.

Корпоратив карталардан фойдаланишга рухсат берилган ходимларни ушбу ички ҳужжат билан имзо қўйдирган ҳолда таништиринг, кундалик ишда фойдаланишлари учун ҳужжат нусхаси билан таъминланг.

Эътибор беринг
Корпоратив карта йўқотилган тақдирда карта эгаси у йўқотилганлиги ёки ўғирланганлиги ҳақида хабар бергунига қадар банклар ўтказилган тўловлар бўйича жавобгар бўлмайди Йўриқнома 79-б., 11.07.2008 й. АВ рўйхат рақами 1834-сон.

Корпоратив карта бўйича қандай ҳисобот бериш керак

Корпоратив карта корхона ходимига қатъий белгиланган мақсадлар учун ҳисобдорлик асосида берилади.

Картани сақловчи уни ҳисобдорлик асосида олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай сарфланган маблағлар тўғрисида ҳисоботни бухгалтерияга тақдим этиши, шунингдек тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт Низом 21-б. 03.04.2021 й. АВ рўйхат рақами 3294-сон :

  • тўлов терминаллари квитанцияларининг асл нусхалари;
  • битим томонларини аниқлаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар;
  • инвойслар (ҳисобварақ-фактуралар);
  • бошқа ҳужжатлар.  

 

Эътибор беринг

Корпоратив карта орқали миллий валютада ҳақ тўланганда НКТ ёки виртуал касса чекини расмийлаштиришда ЭҲФни тақдим этиш мажбурий эмас 14.08.2020 й. 489-сон ВМҚга 2-илова 3-б. 18.03.2025 й. 168-сон ВМҚга 2-илова 2-б. «б» к.б..

ҚҚСни ҳисобга олиш учун ушбу солиқни тўловчилар сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича НКТ ёки виртуал касса чекларини солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали харидлар амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 10 санасига қадар рўйхатдан ўтказади 14.08.2020 й. 489-сон ВМҚга 2-илова 9-б. 18.03.2025 й. 168-сон ВМҚга 2-илова 2-б. «д» к.б.

Ҳисоботни эркин шаклда тузиш ёки бўнак ҳисоботи шаклидан фойдаланиш мумкин.

Хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун корпоратив картадан фойдаланганда ҳисобдор шахс хизмат сафаридан қайтганидан кейин 3 иш куни мобайнида сарфланган суммалар тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда бухгалтерияга ҳисобот тақдим этиши шарт 03.04.2021 й. АВ рўйхат рақами 3294-сон 19-б. АВ рўйхат рақами 1268-сон, 29.08.2003 й. ВМҚ 424-сон 15-б. .

Вазият
Ходим корпоратив карта бўйича харажатни тасдиқловчи бошланғич ҳужжатни йўқотиб қўйди

Ходим корпоратив карта бўйича харажатни тасдиқловчи НКТ чекини йўқотиб қўйди.

Бундай ҳолда қандай йўл тутиш лозим?

– Ходим чекни йўқотиш сабаблари тўғрисидаги тушунтириш хатини ҳисоботга илова қилиши керак.

Харажат суммасини корпоратив карта ҳисобварағидан банк кўчирмаси билан тасдиқлаш мумкин.

Етказиб берувчидан НКТ чекининг дубликатини олиш имкони бўлмаса, корпоратив картадан фойдаланган ҳолда сотиб олинган бойликларни корхона комиссияси томонидан тузилган харид далолатномаси асосида кирим қилиш мумкин. 

Агар сарфланмаган маблағни карта ҳисобварағидан депозит ҳисобвараққа қайтармоқчи бўлсангиз, буни тўлов топшириқномасини расмийлаштириб амалга оширишингиз мумкин.

Корпоратив карта бўйича ҳисоб-китоблар қандай ҳисобга олинади

21-сонли БҲМС Ҳисобварақлар режасида корпоратив карта бўйича ҳисоб-китобларни акс эттириш учун махсус счёт йўқ. Бироқ ўз ишчи Ҳисобварақлар режасига алоҳида счётни, масалан, 5540-«Корпоратив карта» счётини киритишингиз мумкин.

Агар сизда бир нечта корпоратив карта мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бири бўйича ҳисоб-китобларни қулай бўлиши учун алоҳида субсчётда юритишингиз мумкин.

Бу счётларнинг дебетида пул маблағларининг корпоратив картага ўтказилишини, кредитида маблағларнинг ҳисобдан чиқарилишини акс эттиринг.

Корпоратив карта бўйича бухгалтерия ўтказмаларини уни ҳисобдор шахсга беришда эмас, балки сарфланган маблағлар тўғрисида ҳисобот асосида амалга оширинг. Бунда картага ўтказилган бутун суммани эмас, фақат картадан сарфланган маблағлар суммасида ҳисобдор шахснинг қарзини акс эттиринг.

Бухгалтерия ҳисобида корпоратив карта бўйича ҳисоб-китобларни қуйидагича акс эттиринг:

 

Хўжалик операцияси
мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Корпоратив картага пул маблағларини ўтказиш

5540

5110

Товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўлов

4220

4230

4290

5540

Ҳисобдор шахсдан корпоратив карта орқали тўланган харажатлар суммасини ҳисобдан чиқариш

0800

1000

2900

2010

9400

ва б.

4220

4230

4290


 

Мисол
Корпоратив картадан ҳақ тўлаганда активлар сотиб олинишини қандай ҳисобга олиш керак 
Корхона корпоратив картага 3 000 минг сўм ўтказди.
Хўжалик эҳтиёжлари учун 800 минг сўмга инвентарь сотиб олди.
Бухгалтерия ҳисоби:
    

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўмда

Счётлар корреспонденцияси

Тасдиқловчи ҳужжатлар

дебет

кредит

Корпоратив картага пул маблағлари ўтказилди

3 000

5540

5110

Тўлов топшириқномаси, банк кўчирмаси

Сотиб олинган инвентарь учун корпоратив картадан пул тўланди

800

4230

5540

Онлайн-НКТ чеки

Корпоратив картадан тўланган инвентарь кирим қилинди

800

1080

4230

Бўнак ҳисоботи

Мисол
Корпоратив картадан тўланган хизмат сафари харажатларини қандай ҳисобга олиш керак 

Корхона маъмурияти ходимини хизмат сафарига юборишди. Корхона корпоратив картадан фойдаланиб йўл чипталарини харид қилишга қарор қилди.

Картага 500 минг сўм ўтказилди.

Йўл чипталарининг қиймати – 320 минг сўм.
Бухгалтерия ҳисоби:
  

Хўжалик операцияси
мазмуни

Сумма,
минг сўмда

Счётлар корреспонденцияси

Тасдиқловчи ҳужжатлар

дебет

кредит

Корпоратив картага пул маблағлари ўтказилди

500

5540

5110

Тўлов топшириқномаси, банк кўчирмаси

Йўл чипталари учун корпоратив картадан пул тўланди

320

4220

5540

Терминал чеки, йўл чиптаси

Ҳисобдор шахсдан йўлкира бўйича хизмат сафари харажати ҳисобдан чиқарилди

320

9420

4220

Бўнак ҳисоботи

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал