Депутатлар тижорат банкларида МБ вакилининг бўлишига қарши

preview

2 май куни депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтида ушбу мунозара тафсилотлари эълон қилинди.

Депутат Расул Кушербаев ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Марказий банкнинг тижорат банкларидаги вакили институтини жорий қилиш масаласига эътироз билдирганликларини қайд этди. Бу банкларнинг мустақил кредит сиёсатини шакллантиришда ҳам молиявий мустақиллигини камайтиради, молия соҳасига инвесторларни жалб этишга тўсқинлик қилади

– «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун нормаларига мувофиқ, давлат органлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашмаслиги кафолатланади, – деди депутат Бекзод Ортиқов. – АКТ ривожланган бир пайтда Марказий банк вакили лавозимининг жорий этилиши қанчалик тўғри бўлади? «Давлат хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида шу каби нормага дуч келганмиз. Бу борада халқаро тажрибани ўрганиб, амалдаги қонун ҳужжатларини таҳлил қилиб, ундан воз кечган эдик...

– Марказий банкнинг тижорат банкларидаги вакили институтини жорий этиш Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган, – деди Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Темур Ишметов. – Мақсад – МБнинг етарли даражада мустақиллигини, молиявий барқарорликни таъминлаш учун унинг регулятор функциясини кучайтириш. Бу халқаро ҳамжамиятнинг талаби бўлиб, мамлакатимизнинг халқаро суверен рейтинг кўрсаткичларини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Бошқа томондан, тижорат банкларини бошқа турдаги тадбиркорлик субъектлари билан солиштириб бўлмайди. Ҳар қандай йирик тадбиркорлик субъекти қайсидир сабабларга кўра банкротликка учраши мумкин, буни ўртаҳол банкнинг банкротлиги билан солиштириб бўлмайди. Ўртаҳол банк маблағининг аксарияти омонатчиларга ёки бошқа юридик шахсларга тегишли. Ҳар қандай мижознинг ишончини банк ортида давлат туради, яъни назорат мавжуд, ҳар қандай ҳолат тартибга солинади, деган тушунча таъминлаб туради. Молия муассасаси банкротликка учраса, бу нафақат омонатчиларнинг маблағларини йўқотиши, балки бутун банк тизимига бўлган ишончнинг йўқолишига олиб келади. Мазкур ҳолатнинг иқтисодиётга қанчалик салбий таъсир кўрсатиши эса, барчага аён.

Иқтисодиёт қанчалик эркинлашса, ўз-ўзидан банк тизими ва молия соҳасида хатарлар ортиб боради. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар қандай молиявий регулятор ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиши керак. Жаҳондаги барча марказий банклар Базель қўмитасининг банк назоратининг асосий тамойиллари ҳақидаги ҳужжати асосида фаолият юритади.

Т. Ишметовнинг қайд этишича, МБ вакили институтининг жорий этилиши у муайян тижорат банкида ҳар куни, доимий равишда ишлашини англатмайди. Фақатгина Марказий банк тижорат банкининг фаолиятида қандайдир беқарорлик ёки хавфни аниқласа, вакил ушбу вазиятни ўрганади. Унинг тижорат банки хўжалик фаолиятига аралашиш билан боғлиқ ҳеч қандай ваколати бўлмайди.  

– Қонун лойиҳасида жамоатчилик назорати масаласига жиддий эътибор қаратиш лозим, – деди Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев. – Ҳолбуки, мазкур ҳужжатда МБнинг фаолияти очиқлигини таъминлашга хизмат қилувчи бирорта ҳам норма йўқ. Улар қонун лойиҳасига киритилиши, Марказий банк фаолиятига доир очиқ маълумотлар унинг расмий веб-сайтида мажбурий тартибда эълон қилиниши лозим.

Мажлисда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳаси яна бир бор чуқур таҳлил қилиниб, иккинчи ўқишга тайёрлашда масъул қўмита билан бирга унга қўшимча ишлов берилади.

 



Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text150608_deputatlar_tijorat_banklarida_mb_vakilining_bulishiga_qarshi