ДСҚ ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини бекор қилди. Бу қонунийми?

preview

ДСҚ 1404 та юридик шахсларга берилган ҚҚС тўловчиси тўғрисидаги гувоҳномалар бекор қилинганлигини маълум қилди. Бунда солиқчилар нимага амал қилганликлари унча тушунарли эмас, сабаби бундай ҳаракатлар учун тасдиқланган норматив ҳужжат мавжуд эмас.

Расмий хабарда гувоҳномалар бекор қилинадиган ҳоллар келтирилган. Унда қуйидагилар бор:

  • жорий солиқ даврида 3 ойдан ортиқ ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботларини тақдим этмаслик;
  • жорий солиқ даврида 6 ойдан ортиқ муддат давомида молиявий-хўжалик фаолияти ва банк ҳисобварақалари бўйича операцияларни амалга оширмаслик ҳамда ҚҚС ҳисоботларини ноль кўрсаткичлар билан тақдим этиш;
  • суд сохта ёки қалбаки битимлар тузилганлиги ёхуд сохта тадбиркорлик билан шуғулланилганлиги фактини тан олса;
  • камерал назорат жараёнида банк операциялари хўжалик юритувчи субъект фаолияти хусусиятига ва турига, шунингдек, сотиб олинган ва реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) номенклатураси (ассортименти) мувофиқ эмаслиги аниқланган тақдирда;
  • солиқ назорати жараёнида битим ёки операциянинг асосий мақсади – ҚҚС суммасини тўламаслик ёки ҳисобга олиш бўлса ҳамда битим (операция) бўйича мажбурият шартноманинг тарафи бўлмаган шахс ёхуд битимни (операцияни) бажариш мажбурияти шартнома ёки қонун билан белгиланмаган шахс томонидан бажарилганлиги аниқланса.

Идора бундай тарзда реестрдан чиқаришнинг оқибатларини тушунтиради. ҚҚС тўловчи  солиқ тўлашда давом этади, бироқ ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқисиз ҚҚСни тўлайди. Унинг харидорлари ёки мижозлари эса бундай ҳамкор билан битим тузилганлигини тасдиқловчи ҳисобварақ-фактураларда кўрсатилган ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли бўлмайдилар. Ҳавола бўйича контрагентнинг мақомини текшириб кўриш таклиф қилинади.

Саволлар туғилади:

  1. ДСҚ қайси ҳужжат асосида ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани бекор қилади? Бундай тартиб-таомил ҳеч бир норматив ҳужжатда баён этилмаган.
  2. Нима учун харидор ҚҚСни ҳисобга ололмайди, ахир сотувчи уни барибир бюджетга тўлайдику? Харидорнинг айби нимада ва у сотувчининг хатти-ҳаракатига қандай таъсир кўрсатиши мумкин? ДСҚнинг ўзи ҳеч бир сабабсиз ҚҚС тўловчилар занжирини узаётганлиги келиб чиқади.
  3. ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган тўловчилар рўйхатини қаерда кўриш мумкин? Кўрсатилган сервис фақат контрагент қўшилган қиймат солиғи тўловчиси эканлиги ёки ундай эмаслигини аниқлаш имконини беради.  Бунда қандай қилиб солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этиш хатарини истисно қилиш мумкин?

Умид қиламизки, давлат органи бизнинг саволларимизга жавоб бера олади.

  Олег ГАЕВОЙ

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /ru/publish/doc/text156174_dsq_qqs_tulovchisi_guvohnomasini_bekor_qildi_bu_qonuniymi