Полезное для бухгалтера в ноябре:
«HUMO» тизими терминаллари MasterСard, Visa ва UnionPAY карталарини қабул қилади
«HUMO» тўлов тизими ўз ишини бошламоқда. Миллий банклараро процессинг маркази директори Шуҳратбек Қурбонов Марказий банкда ўтказилган матбуот анжуманида у ҳақда сўзлаб берди.
Бухгалтерлар ва пластик карталар соҳиблари «HUMO» тизими иш бошлагач, Uzcard тизимидаги амалдаги карталарнинг ва улардаги маблағларнинг тақдиридан хавотирга тушмоқда.
– Хавотирланишга асос йўқ, «HUMO» карталарига ихтиёрий равишда ўтилади, – дея тинчлантирди Шуҳратбек Қурбонов. – Uzcard карталари одатий режимда ишлайверади. Илгаригидек маблағлар тугагунча улардан фойдаланиш мумкин бўлади. Хоҳловчилар эса иккала тўлов тизимидаги пластик карталарни олишлари мумкин.
Ҳозирданоқ давлат ташкилотларини ихтиёрий-мажбурий тартибда «HUMO» карталарини очишга мажбурламоқдалар, деган гап юрибди. МБПМ директори бу гаплар асоссизлигини айтди. Бугунги кунга келиб фақат Миллий банклараро процессинг маркази, Марказий ва мамлакатимиздаги айрим бошқа банклар ходимларига «HUMO» пластик карталари берилган. Улар бежиз танланмаган. Улар тизимни синовдан ўтказишда кўмаклашадиган банк ходимларидир. Бошқа соҳа ходимларидан кўра уларнинг кўзига кўриниб турган муаммоларни тавсифлашлари осонроқ кечади. «HUMO» пластик карталарининг ялпи эмиссияси май ойида бошланади. Янги тизимга ўтиш ёки эскисида қолиш – карталар соҳибларининг ўзига ҳавола.
Миллий банклараро процессинг маркази «HUMO» тизими инфратузилмасини ривожлантиришни давом эттирмоқда. Тўлов терминаллари сони кун сайин эмас, соат сайин ортмоқда. Йил охиригача бутун Ўзбекистонни қамраб олиш мўлжалланмоқда. Бу вақтга келиб янги тўлов тизими терминаллари сони 8 000 000 тага етиши керак, бундан буён товарлар ва хизматларни чакана сотувчи ҳар бир савдо шохобчасида ушбу ускуналар бўлиши керак.
Иккита модификациядаги терминаллар сотиб олинмоқда. Батареядан қувватланувчи мобил ускуналар бор. Бошқалари турғун савдо шохобчалари учун мўлжалланган, уларнинг клавиатураси чидамли. Улардан фойдаланишда харидор сотувчи ёки кассирга доим махфий сақланиши керак бўлган ПИН-кодни маълум қилиши керак бўлмайди.
Миллий банклараро процессинг маркази – «HUMO» тўлов тизими оператори «мобил телефондаги тўловлар» технологиясини қўллаш соҳасини янада кенгайтириш устида ишлайди. Яъни бугун уяли ва бошқа алоқа турлари операторлари хизматлари ҳақини тўлаётганимиз сингари, мобил илова ёрдамида ҳақини тўлаш мумкин бўлган товарлар ва хизматлар спектри анча кенгаяди.
«HUMO» пластик карталари сони динамик равишда ортиши прогноз қилинмоқда. Ушбу тизим ишга туширилгач, янги имкониятлар яратилиши боис оммавий тус олиши кутилмоқда, дея эътибор қаратди Ш. Қурбонов.
Биз карталарнинг бир турда бўлишига кўникиб қолганмиз, кўпинча уларни иш ҳақи карталари деб ҳам атаймиз. Мамлакатдаги турли банкларнинг карталарига эга бўлиш мумкин, бироқ барчасининг мақсади битта. «HUMO» билан карталар сони ортади. Ҳар биримизда бир ёки бир нечтадан бўлади, ҳаммаси банкларнинг қайси хизматларидан фойдаланишимизга боғлиқ. Карточкалар функционал жиҳатдан нимага мўлжалланганига қараб фарқланади: кредит, дебет, бонус ва б.
«HUMO» билан замонавий маҳсулотлар линейкаси ва сервислар, шу жумладан содиқлик дастури ривожланади. Бундан буён миллий сўмдаги тўлов тизимида нима учун ҳеч қандай ютуқли ўйинлар ва акциялар ўтказилмайди деган саволлар юзага келмайди.
«HUMO» тизими терминаллари ёрдамида нафақат унинг карталари, балки Mastercard, Visa, UnionPAY карталари воситасида ҳам бемалол ҳақ тўлаш мумкин бўлади.
Банкларда ҳам кенг миқёсли ўзгаришлар юз беради. Ҳозир пластик карталар орқали барча операцияларни Ягона процессинг маркази амалга оширади. Вақт ўтиши билан бундай марказлар кўпаяди, ҳатто ҳар бир банкда ўзиники бўлиши мумкин. Бу тўлов тизими ишида узилишлар бўлиши хавфини камайтиради, банклар таклиф этадиган маҳсулотлар линейкасини кенгайтириш имконини яратади.
Матбуот анжуманида Марказий банкнинг аҳоли ва тадбиркорларга хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа лойиҳалари ҳам тилга олинди. Масалан, масофадан туриб банк хизмати кўрсатиш ривожлантирилади, бу юридик шахслар ва тадбиркорларга куну тун ўзлари учун қулай вақтда ўзаро ҳисоблашиш имконини беради.
Бошқа йўналиш масофадан туриб идентификациялаш тизими оммалаштирилиши билан боғлиқ. Натижада мамлакатнинг исталган жойида уйдан ва офисдан туриб банк счётларини очиш ва бошқариш мумкин бўлади. Бу олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларидаги фуқароларнинг банк хизматларидан фойдаланиш имконини оширади.
Олег Гаевой.