Полезное для бухгалтера в ноябре:
Контрагентингиз ҚҚС тўловчиси эканлигини қандай билишингиз мумкин
2019 йил 1 июлдан товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олувчилар ҚҚС тўловчилари ҳисобланмайдиган етказиб берувчилардан олинган ҳисоб-фактуралар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга эмас (26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорнинг 10-банди).
Солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ДСҚнинг расмий сайти орқали реал вақт режимида олиш мумкин.
Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларнинг мазмун ва моҳиятини солиқ тўловчиларга етказиш учун қуйидаги вазиятни кўриб чиқамиз:
ҚҚС тўловчиси бўлмаган «А» корхонаси ҚҚС тўловчиси бўлган «Б» корхонасига 100 млн сўмлик товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб берган. Бунда «А» корхонаси 20 млн сўмлик ҚҚС суммасини, яъни ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда жами 120 млн сўмни ҳисобварақ-фактурада асоссиз равишда акс эттирган.
ҚҚС тўловчиси бўлмаган шахс ҳисобварақ-фактурада 20 млн сўмлик ҚҚС суммасини акс эттиргани учун «А» корхонасига нисбатан қонунга зид равишда ажратиб кўрсатилган ҚҚС суммасининг 20%и, яъни 4 млн сўм миқдорида молиявий санкция қўлланилади (Солиқ кодексининг 118-моддаси), «А» корхонаси жами 24 млн сўмни бюджетга тўлаши шарт бўлади.
Бундай вазиятда «Б» корхонасига нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди, бироқ у бюджет билан қайта ҳисоб-китоб қилиши ва нотўғри ҳисобга олган 20 млн сўмлик ҚҚС суммасини тўлаши керак бўлади.
Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида бизнес-ҳамкорларни танлаш чоғида эҳтиёткорлик чораларини кўриб, уларнинг:
- солиқ органларида ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлиги;
- бизнесда тутган ўрни;
- молиявий ҳолати;
- ишлаб чиқариш базаси ва ходимларининг мавжудлигини ўрганишини тавсия этамиз.
Контрагент тўғрисидаги ахборотни ДСҚнинг soliq.uz веб-сайтига кириб, «ҚҚС тўловчиларни аниқлаш» тугмасини босиб олиш мумкин. Танланган ойнада вилоят, туман номи ёки ҚҚС тўловчисининг номи ёхуд СТИРи орқали излаш функцияларидан фойдаланиш мумкин.
«ҚҚС тўловчисининг СТИРи ёки номини киритиш» ойнасига СТИРни киритиб, «Излаш» тугмасини босишингиз билан қуйидаги маълумотларни оласиз:
- ҚҚС тўловчисининг номи;
- солиқ тўловчининг идентификация рақами ва давлат рўйхатидан ўтказилган сана;
- ҚҚС тўловчиси сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги;
- охирги топширилган ҚҚС ҳисоботи (қайта ҳисоботи) санаси;
- охирги ҳисобот бўйича ҳисобланган ҚҚС суммаси;
- ҚҚС бўйича охирги маротаба амалга оширилган тўлов санаси;
- ҚҚС бўйича охирги тўлов суммаси.
Мазкур сервис контрагентингиз ҚҚС тўловчиси ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигини аниқлаш ҳамда солиққа оид қоидабузарликлар содир этилиши хавфининг олдини олиш имконини беради.
ДСҚ ахбороти асосида.