Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби тизимини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш истиқболлари
МҲХС стандартлари изчилликни таъминлаш орқали халқаро молия бозорлари ва у ердаги компанияларга ишончни мустаҳкамлайди. Бу ҳақда PhD, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси бошлиғи Отабек Отақулович Баракаев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Глобал миқёсда таққосланадиган маълумотлар манбаи сифатида бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти – МҲХС (Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари) муҳим аҳамиятга эга. МҲХС стандартлари инвесторларга бутун дунё бўйлаб имкониятлар ва рискларни аниқлашда ёрдам бериш орқали иқтисодий самарадорликка ҳисса қўшади ва шу билан биргаликда дунё бўйича капитал тақсимотини яхшилайди.
МҲХС нинг қандай афзалликлари бор?
Биринчидан, МҲХС - ҳамма учун глобал стандарт, иккинчидан, бозорларга ишончни ошириш, учинчидан, инвестор ишончи учун муҳим, тўртинчидан, кенг доирада таққослаш имконияти бор.
Бундан ташқари, МҲХС стандартлари умумий молиявий тилда гаплашиш орқали ишончни мустаҳкамлайди ҳамда глобал бизнесни соддалаштиришга тенг шароит яратади.
Сўнгги йилларда республикамизда ҳам бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида хусусан, МҲХСни жорий этишга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.02.2020 йилдаги ПҚ-4611-сон “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан МҲХСга ўтишни жадаллаштириш орқали хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятлари кенгайтирилди, шунингдек, ҳисоб ва аудит соҳалари мутахассисларини халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизими такомиллаштирилди.
Шу билан биргаликда, бухгалтерия ҳисоби соҳасини тизимлаштириш, МҲХСга ўтишни рағбатлантириш ва тадбиркорлик субъектларининг МҲХСга ўтиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш каби долзарб масалалар мавжуд.
Юқорида кўрсатилганлардан келиб чиқиб, бухгалтерия ҳисоби соҳаси тизими ва МҲХСга ўтиш жараёни таҳлил қилинди ҳамда тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.
I. МҲХСни жорий қилиш ва бухгалтерия ҳисоби тизимининг таҳлили ҳамда улар билан боғлиқ муаммо ва масалалар.
1) МҲХСни татбиқ этадиган ташкилотларни сифат мезонларига асосланган аниқ синфларга бўлиш.
МҲХСни жорий этиш компаниялар учун қўшимча харажат ва малакали мутахассисларни талаб этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.02.2020 йилдаги ПҚ-4611-сон қарорига асосан амалда жами 2632 та юридик шахс, шундан 627 та акциядорлик жамиятлари, 35 та тижорат банки, 41 та суғурта ташкилоти ва 1 929 та йирик солиқ тўловчилари МҲХСни жорий этиши белгиланган. МҲХСни татбиқ этадиган ташкилотларни сифат мезонларига асосланган аниқ синфларга бўлиш, жумладан Жамоат аҳамиятга эга ташкилотлар (ЖАЭТ, Public-interest entities (PIE) тушунчасининг ҳуқуқий мақомини белгилаш ва улар рўйхатини шакллантириш.
2) БҲМСни (Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари) халқаро тамойилларга мувофиқлаштириш.
Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларини унификация қилиш орқали МҲХСга уйғунлашган Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартларини (МҲМС) ишлаб чиқиш ва уни тадбиркорлик субъектлари (МҲХСга ўтиши белгиланган ташкилотлар бундан мустасно) фаолиятига босқичма-босқич жорий этиш.
3) Тадбиркорлик субъектларини МҲХСни қўллай оладиган кадрлар билан таъминлаш ва МҲХС бўйича уларни ўқитиш харажатини қоплаш тартибини такомиллаштириш.
Бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасини янада кенгайтириш, МҲХСга ўтадиган ташкилотларни салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш мақсадида амалдаги тартиб билан биргаликда ўттиз беш ёшдан ошмаган барча фуқароларга дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш харажатларини имтиҳондан муваффақиятли ўтганда қоплаб бериш. Шунингдек ушбу амалиётни 2027 йил 31 декабрга қадар узайтириш;
Шунингдек, ўқитиш харажатларини қоплаб беришда халқаро аккредитациядан ўтган ўқув марказлари талабгорлари учун бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасидаги тегишли фан бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширган тақдирда ушбу талабгорлар учун харажатларни қоплаб бериш.
4) МҲХСни жорий этиш жараёнини мувофиқлаштириш ва методологик таъминлаш масалалари.
Ҳисобот йили давомида МҲХС тайёрловчи ташкилот тоифасига киритилган, МҲХСни биринчи марта қўллаётган юридик шахслар МҲХСга ўтиш санаси ҳисобот давридан кейинги даврнинг боши – 1 январь этиб белгиланмоқда .
Бугунги кунда амалда БҲМСга мувофиқ молиявий ҳисобот шакллари ҳамда ҳисобварақлар режаси тасдиқланган бўлиб, МҲХСга мувофиқ намунавий молиявий ҳисобот шакллари шунингдек, ҳисобварақлар режаси мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, МҲХСга мувофиқ намунавий молиявий ҳисобот шакллари шунингдек, ҳисобварақларни ишлаб чиқиш;
молиявий ҳисоботлар сифатининг ташқи мониторингини ўтказиш ва кўриб чиқиш тартибини ишлаб чиқиш ва ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш.
5) Бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги хорижий мамлакатларнинг қонунчилик ҳужжатларини ва илғор тажрибасини ўрганиш натижалари асосида янги таҳрирдаги “Бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини шунингдек, Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фаолиятини 2025-2030 йилларга ривожлантиришга доир концепцияларини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
II. Бухгалтерларни сертификатлаштиришнинг миллий тизимини яратишга ҳамда бухгалтерлар ва аудиторлар касбининг ҳуқуқий мақоми ва нуфузини мустаҳкамлашга доир бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
1) Профессионал бухгалтерлар учун таълимнинг халқаро стандартларига мувофиқ даражали ва модулли ёндашувга асосланган, таълим жараёни сифатини, имтиҳонларнинг шаффофлигини ва натижаларини баҳолашни, шунингдек, бухгалтерларни халқаро сертификатлаштириш доирасида унинг натижалари тан олинишини таъминлайдиган миллий сертификатлаштиришнинг янги тизимини босқичма-босқич жорий этиш.
2) Инвесторларнинг қарорлар қабул қилишда фойдали бўлган, глобал миқёсда таққосланадиган барқарорлик билан боғлиқ маълумотларни олишлари учун инвестор ва компаниялар ўртасида муносабатларни мустаҳкамлашга мўлжалланган МҲХС Барқарорлик стандартларини (IFRS Sustainability Standards) жорий қилиш.
3) Иқтисодий фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини ўлчаш ва ҳисобот бериш усули ҳисобланган яшил бухгалтерия (Green accounting) амалиётини жорий қилиш.
4) Республика ҳудудида бухгалтерлар ва аудиторлар учун ХБФнинг Профессионал бухгалтернинг халқаро одоб-ахлоқ кодексини кенг тарғиб этиш.
5) Республикада фаолият юритаётган бухгалтерлар ва аудиторларнинг шарафли, машаққатли ҳамда ўта масъулиятли касбини муносиб рағбатлантириш, бугунги кунда соҳада қўлга киритилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш ва соҳага ёшларни кенг жалб этиш мақсадида 9 декабрь санасини “Ўзбекистон Республикаси бухгалтерлар ва аудиторлар куни” деб эълон қилиш белгиланмоқда.
Бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги қонунчиликни тизимлаштириш, МҲХС асосида молиявий ҳисоботларни тақдим этиши белгиланган ташкилотларда МҲХСни қўллаш чора-тадбирларини белгиланиши натижасида қуйидагиларга эришилади:
Биринчидан, бухгалтерия ҳисоби тизимидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш орқали, уларни бугунги кундаги амалдаги нормаларга мувофиқлиги таъминланади ҳамда глобал миқёсида халқаро талабларнинг ўзгаришлари қамраб олинади.
Иккинчидан, МҲХСга ўтишни жадаллаштириш орқали хорижий инвесторлар ишончи ва оқимининг ортишига, маҳаллий компанияларнинг халқаро бозорларга чиқишига, молиявий маълумотларнинг таққосланувчанлиги имконияти таъминланади;
Учинчидан, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларнинг молиявий ҳисоботлари миллий стандартлар асосида тузилиб, уларнинг ҳисоб тизимининг тўғри ва ҳаққоний акс эттирилиши, активларини адолатли қийматда баҳоланиши, натижада мажбуриятлар, жумладан солиқларни тўғри ҳисобланиши ва тўланиши таъминланади.
Тўртинчидан, бухгалтерия ҳисоби соҳасида халқаро даражадаги билимга эга мутахассислар тайёрланади, ёшларнинг ушбу касбга қизиқиши ортиб, иш билан бандлик ортади.
Бешинчидан, профессионал бухгалтерлар таълимнинг халқаро стандартларига мувофиқ даражали ва модулли ёндашувга асосланган касбий сертификатлаштиришнинг янги миллий тизими жорий этилади.
Олтинчидан, инвесторларнинг ахборот эҳтиёжларини қондирадиган қарорлар қабул қилишда фойдали бўлган, глобал миқёсда таққосланадиган барқарорлик билан боғлиқ маълумотларни олишлари учун инвестор ва компаниялар ўртасида мулоқотни яхшилашга мўлжалланган барқарорлик стандартлари жорий этилади.
Еттинчидан, республика ҳудудида бухгалтерлар ва аудиторлар учун Профессионал бухгалтерларнинг халқаро одоб-ахлоқ кодекси кенг ва тўлиқ жорий этилади.
Саккизинчидан, МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлаш лозим бўлган ташкилотлар учун амалдаги МҲХСни жорий этиш жараёнини мувофиқлаштириш ва методологик таъминлаш билан боғлиқ масалалари ҳал этилади.
Тўққизинчидан, тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган йиллик молиявий ҳисоботни йиғишни ва сақлашни таъминлайдиган очиқ электрон маълумотлар базаси Ягона ҳисоботлар тизими негизида шакллантирилади ҳамда тақдим этиладиган молиявий ҳисоботлар сифатининг ташқи мониторингини ўтказиш ва кўриб чиқиш тартиби ишлаб чиқилади шунингдек, ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилади, бу эса молиявий ҳисоботларнинг сифатини оширади.
Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби тизими ва уни халқаро стандартларга ўтказишда режалаштирилаётган ўзгаришлар ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати томонидан Отабек Отақулович Баракаев билан ўтказилган суҳбатда батафсил танишишингиз мумкин.