Рақамли технологиялар вазирлигининг 04.05.2026 й. 292-мҳ-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 01.05.2026 й. 20-сон "Почта алоқаси миллий оператори учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори (АВ томонидан 25.05.2026 й. 3061-7-сон билан рўйхатга олинган)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН
РЎЙХАТГА ОЛИНГАН
25.05.2026 й.
N 3061-7
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВАЗИРЛИГИНИНГ 04.05.2026 й. N 292-мҳ |
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАСИ ҲУЗУРИДАГИ ИҚТИСОДИЙ ЖИНОЯТЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ ДЕПАРТАМЕНТИНИНГ 01.05.2026 й. N 20 |
ҚАРОРИ
Почта алоқаси миллий оператори учун жиноий
фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга,
терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин
қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши
курашиш бўйича ички назорат қоидаларига
ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 2018 йил 5 июлдаги 176-мҳ, 28-сон қарори (рўйхат рақами 3061, 2018 йил 28 август) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.08.2018 й., 10/18/3061/1807-сон) билан тасдиқланган Почта алоқаси миллий оператори учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир
|
Ш.Х. Шерматов |
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари - Департамент бошлиғи |
Ж.Ж. Хатамов |
ИЛОВА
Почта алоқаси миллий оператори учун жиноий
фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга,
терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин
қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши
курашиш бўйича ички назорат қоидаларига
киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"Мазкур Қоидалар почта алоқаси миллий оператори учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.".
2. 6-банднинг иккинчи хатбошисидаги "раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган ходимлар" деган сўзлар "почта алоқаси миллий оператори раҳбарининг ўринбосарлари" деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"7. Ички назорат тизими тузилмасининг раҳбари ёки масъул ходими лавозимига қуйидагилар тайинланиши мумкин эмас:
ўз фаолиятида ва шахсий хулқ-атворида ишониб топширилган бўлинмани нотўғри бошқаргани ёки ишни виждонан юритмаганини намоён этган шахслар;
террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар;
иқтисодиёт соҳасидаги, бошқарув тартибига қарши, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятлар учун аввал суд томонидан жиноий жавобгарликка тортилган шахслар.
Ушбу банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган талаблар почта алоқаси миллий операторининг раҳбари, бенефициар мулкдорлари ва таъсисчиларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.".
4. 8-банд "масъул ходимларига" деган сўзлардан кейин ", шунингдек, почта алоқаси ходимларига" деган сўзлар билан тўлдирилсин.
5. 13-бандда:
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
"жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги таваккалчиликларни баҳолашга асосланган, ишга қабул қилишда номзодларнинг тайинланадиган лавозимга мувофиқлигини баҳолашга қаратилган текшириш тартиб-таомиллари;";
олтинчи - ўн еттинчи хатбошилар тегишли равишда еттинчи - ўн саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
6. 25-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"25. Фойдаланувчи - жисмоний шахсни идентификациялаш шахсни тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд уларнинг ўрнини босадиган ҳужжат) асосида амалга оширилади. Бунда почта алоқаси ходими бундай ҳужжатнинг асл нусхаси ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) "Ijtimoiy karta" мобиль иловаси орқали бериладиган электрон шакли билан мустақил равишда танишиб чиқиши керак.".
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 26 май

Наша страница