Ижара шартномаси муддатини узайтираётганда нималарни инобатга олиш лозим

preview

Тарафлар нотурар жойнинг ижара шартномасини туздилар. Шартноманинг амал қилиш муддати тугагач, ижарага олувчи жойдан фойдаланишда давом этади, ижарага берувчи эса эътироз билдирмайди. Бундай вазиятда нималарни инобатга олиш лозим? Ижара шартномаси муддатини узайтиришга оид жиҳатларни юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти Олег ЗАМАНОВ тушунтириб берди.


Шартнома муддати узайтирилганини ҳужжатлар билан расмийлаштириш керакми

– Ҳа, керак.

Шартномада тарафларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади. Ижара шартномасини олайлик: ижарага берувчининг асосий мажбурияти – контрагентга вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фақат фойдаланиш учун мол-мулкни бериш. Ижарага олувчида қарама-қарши мажбурият юзага келади – ижара тўловини тўлаш.

Бошқалардан ташқари, шартномада уни бажариш муддатлари белгиланади . Мажбурият, қоида тариқасида, унинг лозим даражада бажарилиши билан бекор бўлади . Ижара билан бўлганидек, мажбуриятлар узоқ муддатли тусга эга бўлса, тарафлар белгилаган муддат тугагач, улар бажарилган деб ҳисобланади.

Шу сабабли контрагентлар ўзаро муносабатларни давом эттириш учун:

  • дастлабки шартномадаги ижара муддати тўғрисидаги шартга ўзгартириш киритишлари керак. Шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда амалга оширилади . Шартнома тарафларидан лоақал биттаси юридик шахс бўлса, муддатидан қатъи назар, мулкий ижара шартномаси ёзма шаклда тузилади . Яъни ижара шартномасига қўшимча келишувни ёзма равишда расмийлаштиришингиз керак;
  • муддатидан ташқари бошқа шартлар (ижара тўлови миқдори, ижарага олинадиган майдон, тарафларнинг мажбуриятлари ва ҳ.к.) ҳам ўзгарса, янги ижара шартномасини тузишлари мақсадга мувофиқ. Бунда ижарага олувчи янги муддатга ижара шартномасини тузишда устувор ҳуқуққа эга бўлишини назарда тутинг .

Карантин шароитида ҳужжатларни ЭҲФ ва ЭҲА тизимлари ёрдамида расмийлаштириш мумкин.


Ижара шартномаси тузилмагани учун жавобгарлик

Фақат фуқаролар – жисмоний шахслар ўртасида бино, иншоот ёки уларнинг бир қисми, турар жойнинг ижара шартномаси тузилмагани учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган . Ташкилотга жарима солинмайди. Бироқ қуйидагилар нуқтаи назаридан юридик шахс учун шартнома бўлгани муҳим аҳамиятга эга эканлигини унутманг:

  • бухгалтерия ҳисоби – шартнома асосида хўжалик операциялари (ижара тўлови) амалга оширилади ва бошланғич ҳисоб ҳужжатлари (ҳисобварақ-фактуралар) тузилади;
  • солиқ солиш – кўчмас мулк жойлашган жойга қараб хизматларни реализация қилиш жойи белгиланади . Солиқ ставкаларини қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари амал қилади   ;
  • бошқа ижарага олувчилар билан ўзаро муносабатлар (битта ҳудудда бир нечта ижарага олувчи бўлса) – шартномада уларнинг ҳар бири ижарага оладиган кўчмас мулкнинг умумий майдони ва таркиби (артикуллари) кўрсатилади;
  • иккиламчи ижара шартлари, ижара шартномасида бунга йўл қўйилган бўлса, – иккиламчи ижара муддати, мисол учун, ижара муддатидан ошиши мумкин эмас ;
  • ҳуқуқ ва манфаатларни судда ҳимоя қилиш – даъво аризасига даъво талаблари қўйилишига асос бўлган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади . Контрагент мажбуриятларни зиммасига олгани хусусидаги далилларини тақдим этмай, уларни бузганини исботлаш жуда мушкул. Тузилмаган шартномани эса муддатидан олдин бекор қилишнинг умуман имкони йўқ.

 
Рўйхатдан ўтказиш керакми ёки тасдиқлаш

Бир йилдан ортиқ муддатга тузилган шартнома бўйича бино ва иншоот ёки уларнинг бир қисмини ижарага бериш ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим . Шу сабабли ижара шартномасининг муддати узайтирилгач унинг умумий муддати ёхуд янги тузилган шартнома муддати 12 ойдан ошса, уларни рўйхатдан ўтказиш керак бўлади.

Ижара шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза билан ким мурожаат қилиши шартлиги, буни қанча муддатда амалга ошириш лозимлиги қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган. Тарафлар бу ҳақда ўзлари келишиб олишлари мумкин.

Ижарани рўйхатдан ўтказиш учун БҲМнинг 1,25 баравари миқдорида йиғим ундирилади . Ариза давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали берилади. Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига тегишли ёзув қайд этилади, ариза берувчи эса ўз хоҳишига кўра электрон ёки қоғоз шаклида ундан кўчирма олади.

Кўчмас мулкнинг ижара шартномалари нотариал тартибда тасдиқланмайди. Ушбу талаб 2019 йил 1 январдан бекор қилинган .

Фақат фуқаролар ўртасида тузиладиган кўчмас мулкнинг (бино, иншоот ёки уларнинг бир қисми, турар жой) ижара шартномалари нотариус ўрнига солиқ органларида ҳисобга қўйилиши шарт . Юридик шахсларнинг битимда иштирок этиши ҳақида сўз бораётган бўлса, шартномани солиқ органида ҳисобга қўйиш керак эмас. Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий  ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида Низом юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.


Ижара тўлови миқдори қандай белгиланади

– Ушбу масала ижарага берувчининг тоифаси ва мулкчилик шаклига боғлиқ.

Ижарага берувчи жисмоний шахс бўлса, ойлик ижара тўлови 2020 йил учун белгиланган нотурар жойнинг 1 м2 учун энг кам ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланади : Тошкентда – 25 минг сўм, Нукусда ва вилоят марказларидаги шаҳарларда – 15 минг сўм, бошқа аҳоли пунктларида – 6,5 минг сўм.

Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари ҳам мавжуд. Улар ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида тасдиқланади. 2020 йилда амал қиладиган давлат мулкининг ижара ставкалари билан бу ерда танишиш мумкин.

Ижарага берувчи юридик шахс бўлиб, ижарага олинаётган объект эса давлат мулки бўлмаса, тарафлар исталган ижара тўлови миқдорини белгилайдилар, сумма тарафларнинг келишувига кўра белгиланади. 

Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /uz/publish/doc/text159631_ijara_shartnomasi_muddatini_uzaytiraetganda_nimalarni_inobatga_olish_lozim