Онлайн-НКМ ёки виртуал касса учун товарлар номенклатураси нимага керак

preview

Онлайн-НКМга савдо шохобчаси ассортиментида мавжуд бўлган товарларнинг бутун рўйхатини ҳар бирининг нархини кўрсатган ҳолда киритиш лозим. Бироқ айрим чекларда товар номи ўрнига товарлар гуруҳини кўрсатадилар. Шуниси осонроқ. Бироқ, бу «осонлик» жарималар солинишига олиб келиши мумкин.

Вuxgalter.uz илтимосига кўра онлайн-НКМ соҳасидаги эксперт, «Марон» ТХКМ мутахассиси Рустам ЁҚУБОВ вазиятга ойдинлик киритди:


– Онлайн-НКМга ўтиш жараёни тезлашган бугунги кунда бизга деярли ҳар куни тадбиркорлар мурожаат қиладилар, улар ассортиментда мавжуд бўлган товарлар рўйхатини тақдим этишни илтимос қилганимизда елкаларини қисишдан нарига ўтмайдилар. Ахир ушбу рўйхатсиз онлайн-НКМ ёки виртуал кассани белгиланган талабларга мувофиқ созлаб бўлмайди-ку.

Амалиётнинг кўрсатишича, тадбиркорлар учун товар номенклатураси билан ишлаш – онлайн-НКМ ва виртуал кассалар билан ишлашда энг мураккаб участкалардан бири. Айрим тадбиркорлар товар номи ўрнига гуруҳни қайд этиб, бу билан ишларини осонлаштирадилар. Кўп кассаларнинг функционали бундай қилиш имконини бергани учун улар ундан фойдаланадилар. Зеро онлайн-НКМга «Коровка» сути, ёғлилиги 1%, 1 литрлик қадоқда» деб киритишдан кўра оддийгина «сут» деб ёзиб қўйиш осон.

Бироқ бу билан амалдаги қоидалар бузилган бўлади. Текширув ўтказилган тақдирда солиқ органлари жарима солишлари мумкин .

Диққат
Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн-НКМ чекида товар номи мажбурий тартибда кўрсатилиши керак . У товар тавсифи бўлиб, савдо шохобчасидаги бошқа маҳсулотлар ассортименти орасида уни идентификациялаш имконини беради.

Ассортиментда бир нечта ишлаб чиқарувчининг сути мавжуд бўлса ёки қадоғининг сиғими, ёғлилиги, бошқа тавсифлари билан фарқланса, «сут» сўзи қайси товар сотилганини аниқлаш имконини бермайди. Солиқ органларининг жарима санкцияларини қўллаш қисмидаги позицияси шу билан изоҳланади.

Товарларни номи бўйича батафсил ҳисобга олиш тадбиркорнинг манфаатларига ҳам мувофиқ келади. Бу келиб тушган, сотилган ва қолдиқ товарлар сонини чалкаштирмасликнинг энг аниқ усули .

Бунда онлайн-кассалар «GS1» халқаро тизими ҳамда мантиқий бирликларни ҳисобга олишни стандартлаштириш ва штрихли кодлашнинг бошқа глобал тизимлари орқали товарлар рўйхати ва кодларини шакллантириш ва янгилаш имконини бериши керак . Ушбу норма тадбиркорларнинг ҳаётини анча осонлаштиради. Бироқ онлайн-НКМ тизимидаги техник камчиликлар сабабли у ҳозирча ишламаяпти. Муаммо яқин орада ҳал этилишига умид қиламиз, ана шунда:

  • тадбиркорларнинг товарлар номини компьютерга киритишлари керак бўлмайди;
  • товарларнинг номлари бирхиллаштирилган қоидалар бўйича тузилади.

Ҳозирча тадбиркорлар ўз савдо шохобчалари учун бундай рўйхатни мажбурий тартибда мустақил равишда тузишлари керак. У нафақат онлайн-НКМ ёки виртуал касса учун яраши мумкин. Мисол учун, товарларнинг омбордаги ҳисобини автоматлаштирмоқчисиз. ТМЗнинг бундай рўйхатидан бухгалтерия дастури учун ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

Суҳбатимиз якунида бир нечта тавсия бермоқчиман:

  • товарлар рўйхатини тузиш учун Excel дастуридан фойдаланинг, ана шунда маълумотларингизни онлайн-НКМ модели ёки ҳисобга олиш дастурининг техник талабларига осон мослаштирса бўлади. Биринчи устунда – товар номи;
  • товар номи имкон қадар қисқа бўлиши ва товарни бошқалари орасидан идентификациялаш имконини бериши керак. Бунда товарнинг қуйидаги тавсифларини кўрсатиш зарур: гуруҳи, номи, ўлчов бирлиги, нархи, ҚҚС ставкаси, штрих-коди. Штрих-код сканери рўйхат тузишни осонлаштиришда ёрдам бериши мумкин;
  • ўзингиз тузган товарлар рўйхатини флешкада ёки бошқа ахборот ташувчида сақлаб қўйинг – касса ёки бухгалтерия дастури ишламай қолганда уни янгитдан тузишингизга ҳожат қолмайди;
  • ушбу рўйхатдан ассортиментингизда бошқа фойдаланмайдиган товарларнигина чиқариб ташланг.

Олег ГАЕВОЙ суҳбатлашди.

Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /uz/publish/doc/text162612_onlayn-nkm_eki_virtual_kassa_uchun_tovarlar_nomenklaturasi_nimaga_kerak