Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб уйдан ЭРИни узайтириш мумкин
Бухгалтерлар масофадан ишлашга унча-мунча кўникишди. Бироқ мана яна янги муаммо: уларнинг қайси биридадир шу кунларда Давлат хизматлари маркази томонидан берилган юридик шахснинг ЭРИни амал қилиш муддати тугайди. Аёнки, карантин тугашини кутишнинг имконияти йўқ: ҳисобот топширишда, ЭҲФ билан ишлашда давом этиш, зарур бўлганда бошқа ҳаракатларни амалга ошириш лозим. Бу муаммо қандай ҳал қилинади?
Асосийси – ҳаммасини ЭРИ сертификатининг амал қилиш муддати тугайдиган кунга қолдирмаслик керак. Ярим соат бўш вақт топинг ва бизнинг йўл-йўриғимизга риоя қилинг, уйдан ёки офисдан чиқишга тўғри келмайди.
1. ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМнинг ЭРИ калитларини рўйхатдан ўтказиш ва хизмат кўрсатиш маркази сайтида шахсий кабинетга киринг. У дастлабки ҳолатда барча ЭРИ эгаларида мавжуд, унга эса фақат амал қилиш муддати узайтирилиш лозим бўлган ЭРИ ёрдамида кириш мумкин.
“Кабинетга кириш” яшил тугмаси сайтнинг бош саҳифаси – юқори горизонталь менюнинг ўнг тарафида жойлашган.
Бу тугмага my.soliq.uz сайтида “Электрон давлат хизматлари” бўлими орқали ҳам чиқиш мумкин. “Йўналишлар бўйича хизматлар” ҳаволасида “Ҳисобга қўйиш” жилдига кириш ва “Калитларни рўйхатдан ўтказиш” тугмасига босиш лозим.
2. Демак, e-imzo.uz да шахсий кабинетда “Ўзингизнинг янги ЭРИнгизни олинг” тугмасига босинг ва тизим таклиф қиладиган барча қадамлардан ўтинг. Шакллар автоматик тарзда тўлдирилади, фойдаланувчи фақат тизимнинг талабларини бажариши зарур (тасвирдаги кодни киритиш, SMS кўринишида юборилган кодни киритиш, ЭРИ учун пароль яратиш).
3. Янги ЭРИ бериш учун ҳақ тўлаш лозим (БҲМнинг10%и = 22 300 сўм). Ўзбекистон Республикаси ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМнинг реквизитлари: 100011, Тошкент ш., Абай кўчаси, 4 а, ҳ/р: 2021 0000 7004 3120 0005 «lnvest Fiпапсе Bank» ХОАТБ Амалиёт бошқармасида, МФО: 01041, СТИР: 201 589463 ИФУТ: 58290
4. Таомил якунлангандан сўнг компьютерингиз “С” дискида «DSKEYS» жилдига қаранг. У ерда ЭРИнинг янгиланган (янги) сертификати пайдо бўлиши керак. У ерга ЭРИ калитларини рўйхатдан ўтказиш ва хизмат кўрсатиш маркази томонидан жўнатилади, агар сиз бошқа манзил кўрсатмаган бўлсангиз.
Агар қўшимча ёрдам талаб этилса, (71) 202 -32 -32 (ички рақамлар 519 ёки 543) телефон рақами орқали қўнғироқ қилинг.
Хушхабар! Давлат хизматлари агентлигида buxgalter.uz мухбирига маълум қилишларича, яқин вақтда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) янги ЭРИ олиш ва мавжудини узайтириш мумкин бўлади. Янги интерактив давлат хизматини ишга тушириш яқин икки ҳафта доирасида режалаштирилган, зарур функционални яратиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Агар ЭРИ сертификатининг муддати аллақачон ўтказиб юборилган бўлса, нима қилиш лозим?
Ушбу вазиятда сиз Давлат хизматлари марказига мурожаат қилган ҳолда янги ЭРИ олишингиз зарур.
Агар ЭРИнинг муддати ўтказиб юборилган бўлиб, ДХМга бориш учун эса вақт ёки имконият бўлмаган ҳолат учун қандайдир бошқа ечим мавжудми?
Эслатиб ўтамиз:
1. Эҳтимол, илгари ташкилот бошқа ходимларининг номига юридик шахснинг ЭРИни олгандир (улар ташкилотда бир нечта бўлиши мумакин). Буларнинг барчаси тенг кучли (истисно ҳолат – ЯММТ, унга фақат раҳбар номига берилган ЭРИ ёрдамида қириш мумкин).
2. Солиқ тўловчининг шахсий кабинетига ҳисоб маълумотларида “ташкилот раҳбари” сифатида кўрсатилган жисмоний шахснинг шахсий кабинети орқали кириш ва унда ишлаш мумкин. Бунинг учун раҳбарга жисмоний шахс сифатида берилган ЭРИ талаб этилади.
Ушбу иккала вариант фақат ЭРИ эгаси (уни сақлаш ва фойдаланиш учун жавобгар) сизга ёрдам беришга рози бўлса ва ундан фойланишингиз учун сизга уни берган ҳолатда фойдали бўлади. Бунда ЭРИ эгалари шуни ёдда тутишлари лозимки, хавфсизлик соҳаси мутахассислари шахсий ЭРИни яна кимгадир беришни тавсия этишмайди. Унинг ёрдамида амалга оширилган барча ҳаракатлар унинг эгаси томонидан амалга оширилган деб ҳисобланади.
Олег ГАЕВОЙ