Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 31.05.2021 й. ПҚ-5132-сон қарорига 6-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2021 йил 31 майдаги

ПҚ-5132-сон қарорига

6-ИЛОВА


"Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона

электрон тизими орқали қонунлар, Ўзбекистон

Республикаси Президентининг фармон, қарор,

фармойиш ва топшириқлари ижросини

ташкил этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу низом "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими (кейинги ўринларда - "Ijro.gov.uz" тизими) орқали қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари (кейинги ўринларда - қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар) ижросини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. "Ijro.gov.uz" тизимидаги қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида, сифатли ва тўлақонли ижро этилишининг назорати Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан амалга оширилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


оператор - "Ijro.gov.uz" тизими узлуксиз ишлаши ва ахборот хавфсизлигини таъминловчи Рақамли технологиялар вазирлиги қошидаги "Ўзбектелеком" АК таъсисчилигидаги "UNICON-SOFT" масъулияти чекланган жамияти;


масъул ижрочилар - давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари.


4. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси ва назорати қуйидаги тартибда амалга оширилади:


биринчи босқич - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг электрон нусхаларини Адлия вазирлигига юборади;


иккинчи босқич - Адлия вазирлиги масъул ижрочилар ва уларни бажариш муддатларини аниқ кўрсатган ҳолда "Ijro.gov.uz" тизимига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни киритади;


учинчи босқич - масъул ижрочилар қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ва бу ҳақда "Ijro.gov.uz" тизимига асословчи ҳужжатлар билан бирга маълумот киритади;


тўртинчи босқич - Адлия вазирлиги масъул ижрочилар томонидан "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, заруратга кўра жойига чиққан ҳолда ўрганади, уларни келишади ёки қайта ишлашга юборади;


бешинчи босқич - Вазирлар Маҳкамаси "Ijro.gov.uz" тизимида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва Ҳукумат тизимидаги бошқа ташкилотлар томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини мунтазам назорат қилади, Адлия вазирлиги томонидан келишилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, шунингдек, ҳар ой якуни бўйича Раёсат мажлисларида ижро интизоми ҳолатини муҳокама қилади, камчиликларга йўл қўйган раҳбарларга нисбатан таъсир чоралари белгилайди;


олтинчи босқич - Ҳисоб палатаси масъул ижрочилар томонидан "Ijro.gov.uz" тизимига киритилиб, Адлия вазирлиги билан келишилган ва Ҳукумат томонидан тасдиқланган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, натижаси бўйича уларни назоратдан ечади ёки масъул ижрочига қайта ишлашга юборади;


еттинчи босқич - Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек, зарурат бўлганда, назоратдан ечилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни қайта назоратга қўяди, уларнинг айримларини алоҳида назоратга олади (ушбу қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар назоратдан фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан ечилади).


5. Рақамлаштириш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш билан боғлиқ топшириқлар:

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш ва (ёки) тасдиқлаш тўғрисидаги топшириқлар - ушбу ҳужжат белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг;

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларидаги рақамлаштиришга оид топшириқлар ижроси "Ijro.gov.uz" электрон тизимида Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилган сўнг;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларга мувофиқ ишлаб чиқилиши белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилгандан сўнг уларни қабул қилгунга қадар бўлган босқичлар қўшимча равишда "ijro.gov.uz" электрон тизимида назоратга олинади.

Бунда киритилган ҳужжат лойиҳаси тегишли ташкилотга қайта ишлаш учун юборилган тақдирда, Ҳисоб палатаси бу ҳақида хабардор қилинади ва топшириқ Ҳисоб палатаси томонидан "Ijro.gov.uz" тизимида қайта назоратга олинади.


6. Маълум бир тартиб ёки тизимни амалиётга жорий қилиш билан боғлиқ топшириқлар - норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш талаб қилинган тақдирда, ҳужжат қабул қилингандан сўнг топшириқ тўлиқ бажарилган деб ҳисобланади. Бунда:

масъул ижрочи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, Вазирлар Маҳкамасига киритгандан кейин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингунга қадар ҳар ойда, бироқ энг кўпи билан бир йил давомида топшириқ ижро ҳолати бўйича "Ijro.gov.uz" тизимига маълумот киритиб боради;

топшириқнинг ижро муддати бевосита Адлия вазирлиги томонидан мувофиқлаштириб борилади.


7. Бир хил мазмундаги ёки фақат масъул ижрочилари ва бажариш муддатлари бир-биридан фарқ қиладиган олдин берилган топшириқ кейинроқ қабул қилинган тенг ёки юқори юридик кучга эга бўлган қонунчилик ҳужжати ва топшириқ асосида назоратдан ечилади.


8. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар Ҳисоб палатаси томонидан "Ijro.gov.uz" тизимидаги асосий масъул ижрочидан назоратдан ечилгандан сўнг, мазкур топшириқ у бўйича ҳамижрочи ҳисобланган бошқа ижрочилардан ҳам "Ijro.gov.uz" тизимида назоратдан автоматик равишда ечилади.


9. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда ижро муддати:

белгиланмаган бўлса - уларни бажариш муддати бир йил;

доимий топшириқларнинг "Ijro.gov.uz" тизимида назоратдан ечиш муддати (ҳужжатларда доимий топшириқларнинг якуний муддати аниқ белгиланган ҳолатлар бундан мустасно):

ҳар ҳафта (ёки бир ойгача муддат) бўлса - уларнинг якуний ижро муддатлари бир йил;

ҳар ой ва ҳар чорак бўлса - уларнинг якуний ижро муддатлари икки йил;

ҳар ярим йил ва ҳар йили бўлса - уларнинг якуний ижро муддатлари уч йил этиб белгиланади.

Бунда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро муддати ҳар ой, ҳар чорак, ҳар ярим йил ёки ҳар йили этиб белгиланган ҳолатларда "Ijro.gov.uz" тизимида ушбу топшириқларнинг ижро муддати кейинги ойнинг 10-санасига қадар белгиланиши мумкин.

Ижро муддати бир йил ва ундан ортиқ этиб белгиланган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг бажарилиши бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумот ҳар олти ойда масъул ижрочилар томонидан "Ijro.gov.uz" тизимига киритиб борилиши лозим.

Доимий топшириқларнинг "Ijro.gov.uz" тизимидан ечилиши уларнинг ижросини давом эттириш мажбуриятидан озод қилмайди.


10. "Ijro.gov.uz" тизимида ижро муддати уч ой ва ундан ошадиган топшириқларнинг ижро ҳолати юзасидан оралиқ маълумот киритилиши лозим.


11. "Ijro.gov.uz" тизимида оралиқ маълумотлар қуйидаги тартибда кўриб чиқилади:

масъул ижрочи ҳар бир топшириқни амалга оширишга доир ҳаракатлар жадвалини хронологик тартибда ишлаб чиқади ва тизимга киритади;

масъул ижрочи "Ijro.gov.uz" тизимида белгиланган ижро муддатининг тенг ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот хатини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга тизимга киритади;

Адлия вазирлиги киритилган оралиқ маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни келишади ёки масъул ижрочига қайта ишлашга юборади;

Вазирлар Маҳкамаси Адлия вазирлиги томонидан келишилган Ҳукумат таркибидаги масъул ижрочиларнинг оралиқ маълумотларининг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни назоратдан ечади ёки масъул ижрочига қайта ишлашга юборади;

Ҳисоб палатаси Адлия вазирлиги томонидан келишилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бўйсунувидаги ташкилотлар оралиқ маълумотларининг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни назоратдан ечади ёки масъул ижрочига қайта ишлашга юборади;

Вазирлар Маҳкамаси масъул бўлган топшириқлар бўйича киритилган оралиқ маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан киритилган оралиқ маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул таркибий бўлинмаси кўриб чиқади, уларни назоратдан ечади ёки қайта ишлашга юборади.


12. Масъул ижрочи топшириқ ижро муддатининг тенг ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот хатини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга "Ijro.gov.uz" тизимига киритади.

Оралиқ маълумотлар мазкур низомнинг 11-бандида кўрсатиб ўтилган тартибда қабул қилингач, топшириқ ижроси юзасидан якуний маълумотларни "Ijro.gov.uz" тизимига киритишга рухсат берилади.



2-БОБ. "IJRO.GOV.UZ" ТИЗИМИДА ҚОНУНЧИЛИК

ҲУЖЖАТЛАРИ ВА ТОПШИРИҚЛАР ИЖРОСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


1-§. Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатлари

ва топшириқлар ижросини ташкил этиш


13. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан юборилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар келиб тушган вақтдан бошлаб Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатлари ижросини назорат қилиш бошқармаси (кейинги ўринларда - Ижро назорати бошқармаси) томонидан бир кун муддатда масъул ижрочилар ва уларни бажариш муддатлари аниқ кўрсатилган ҳолда "Ijro.gov.uz" тизимига киритилади.

Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш жараёнида, заруратга кўра, Адлия вазирлиги томонидан Ҳисоб палатаси билан келишган ҳолда "Ijro.gov.uz" тизимида қўшимча ижрочи белгиланиши мумкин.


14. Ижро назорати бошқармаси:

ҳар ойнинг 20-санасида ижро муддати келган, бироқ бажарилмаган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар, шунингдек, муддати ой якунига қадар келадиган топшириқлар бўйича;

ҳар ойнинг 25-санасида ижро муддати кейинги ойда келадиган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бўйича рўйхат шакллантиради ва масъул ижрочиларга эслатмалар юборади.


15. Ижро назорати бошқармаси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини бажаришда юзага келаётган муаммоларни ҳамкорликда ҳал қилиш ва ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш мақсадида ҳар ҳафта пайшанба ва жума кунлари Адлия вазирлигида масъул ижрочилар вакиллари билан биргаликда "жонли мулоқот" ташкил этади.



2-§. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар

ижросини ташкил этиш


а) Давлат органлари ва ташкилотлари марказий аппарати томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этиш


16. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар келиб тушган вақтдан бошлаб 30 дақиқа мобайнида масъул ходим томонидан рўйхатдан ўтказилади ҳамда раҳбариятга ахборот берилади.


17. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарияти бир кун муддатда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул таркибий бўлинма - масъул ижрочини белгилайди ва ижросини таъминлаш бўйича топшириқ беради.


18. Масъул таркибий бўлинма уч кун муддатда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича назорат режасини тайёрлайди, раҳбариятга тасдиқлатади ва ижрога қаратади.

Масъул таркибий бўлинма, заруратга кўра, раҳбариятга ахборот берган ҳолда ҳудудий бўлинмалар ёки тизим ташкилотларига амалга ошириш механизми ҳамда бажариш муддатларини аниқ белгиланган ҳолда топшириқни юборади.

Бунда давлат органлари ва ташкилотлари марказий аппарати масъул таркибий бўлинмаси ҳудудий бўлинмалар ёки тизим ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқ бажарилишини қатъий назоратга олиши ва ижросини таъминлашда кўмаклашиши зарур.


19. Масъул таркибий бўлинма қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича амалга оширилган ва раҳбар (истисно ҳолларда - унинг ўринбосари) томонидан имзоланган маълумотни зарур тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга "Ijro.gov.uz" тизимига киритади.

Агар "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотлар Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ёки Ҳисоб палатаси томонидан эътирозлар билан қайта ишлашга юборилса, масъул таркибий бўлинма бу ҳақда раҳбариятга ахборот беради, камчиликларни зудлик билан бартараф этади ва тегишли маълумотларни "Ijro.gov.uz" тизимига қайтадан киритади.


20. Давлат органлари ва ташкилотлари марказий аппаратининг назорат ва ижро интизомини таъминлаш вазифаси юкланган таркибий бўлинмаси:

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида бажарилиши ва натижаси бўйича маълумотлар "Ijro.gov.uz" тизимига тўлиқ ва ҳаққоний киритилишини назоратга олади;

агар қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқ ижроси бўйича "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотлар Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ёки Ҳисоб палатаси томонидан эътирозлар билан қайта ишлашга юборилса, масъул таркибий бўлинма томонидан камчиликлар зудлик билан бартараф этилиши ва тегишли маълумотлар "Ijro.gov.uz" тизимига қайтадан киритилишини назоратга олади.


21. Давлат органлари ва ташкилотларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро ҳолати:

ҳар ҳафта жума куни - раҳбарнинг биринчи ўринбосари ҳузурида;

ҳар ҳафта душанба куни - раҳбар ҳузурида;

ҳар чоракда - ҳайъат мажлисларида муҳокама қилинади.

Бунда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки умуман ижросини таъминламаган раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш масалалари кўриб чиқилади.


б) Давлат органлари ва ташкилотларининг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этиш


22. Давлат органлари ва ташкилотлари марказий аппаратидан амалга ошириш механизми ҳамда бажариш муддатлари аниқ белгиланган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ҳамда улар бўйича назорат режалари келиб тушган вақтдан бошлаб 30 дақиқа мобайнида ҳудудий бўлинмалар ва тизим ташкилотлари масъул ходими томонидан рўйхатдан ўтказилади ҳамда раҳбариятга ахборот берилади.


23. Ҳудудий бўлинмалар раҳбарияти бир кун муддатда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул таркибий бўлинма - масъул ижрочини белгилайди ва ижросини таъминлаш бўйича топшириқ беради.


24. Масъул таркибий бўлинма уч кун муддатда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича назорат режасини тайёрлайди, раҳбариятга тасдиқлатади ва ижрога қаратади.


25. Масъул таркибий бўлинма қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича раҳбар (истисно ҳолларда - унинг ўринбосари) томонидан имзоланган маълумотни зарур тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга республика ижро этувчи ҳокимият органлари марказий аппаратига юборади.


26. Ҳудудий бўлинмалар ва тизим ташкилотларининг назорат ва ижро интизомини таъминлаш вазифаси юкланган таркибий бўлинмаси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар масъул таркибий бўлинма томонидан ўз вақтида бажарилиши ва натижаси бўйича маълумотлар зарур тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратига ўз вақтида тақдим этилишини назоратга олади.


27. Ҳудудий бўлинмалар ва тизим ташкилотларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро ҳолати:

ҳар ҳафта жума куни - раҳбарнинг биринчи ўринбосари ҳузурида (биринчи ўринбосар штати мавжуд бўлмаган ёки вакант ҳолларда - ўринбосар);

ҳар ҳафта душанба куни - раҳбар ҳузурида муҳокама қилинади.

Бунда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки умуман ижросини таъминламаган раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш масалалари кўриб чиқилади.



3-§. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари

томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва

топшириқларнинг ижросини ташкил этиш


а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини ташкил этиш


28. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар келиб тушган вақтдан бошлаб 30 дақиқа мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари (кейинги ўринларда - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликлар) масъул ходими томонидан рўйхатдан ўтказилади ҳамда раҳбариятга ахборот берилади.


29. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликлар раҳбарияти бир кун муддатда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул таркибий бўлинма - масъул ижрочини белгилайди ва ижросини таъминлаш бўйича топшириқ беради.


30. Масъул таркибий бўлинма уч кун муддатда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича назорат режасини тайёрлайди, раҳбариятга тасдиқлатади ва ижрога қаратади.

Масъул таркибий бўлинма, заруратга кўра, раҳбариятга ахборот берган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимликларига амалга ошириш механизми ҳамда бажариш муддатларини аниқ белгилаб, топшириқни юборади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг масъул таркибий бўлинмаси туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан топшириқ бажарилишини қатъий назоратга олиши ва ижросини таъминлашда кўмаклашиши зарур.


31. Масъул таркибий бўлинма қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича амалга оширилган ва раҳбар (истисно ҳолларда - унинг ўринбосари) томонидан имзоланган маълумотни зарур тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга "Ijro.gov.uz" тизимига киритади.

Агар "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотлар Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ёки Ҳисоб палатаси томонидан эътирозлар билан қайта ишлашга юборилса, масъул таркибий бўлинма бу ҳақда раҳбариятга ахборот беради, камчиликларни зудлик билан бартараф этади ва тегишли маълумотларни "Ijro.gov.uz" тизимига қайтадан киритади.


32. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг назорат ва ижро интизомини таъминлаш вазифаси юкланган таркибий бўлинмаси:

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар масъул таркибий бўлинма томонидан ўз вақтида бажарилиши ва натижаси бўйича маълумотлар "Ijro.gov.uz" тизимига тўлиқ ва ҳаққоний киритилишини назоратга олади;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқ ижроси бўйича "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотлар Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ёки Ҳисоб палатаси томонидан эътирозлар билан қайта ишлашга юборилган бўлса, масъул таркибий бўлинма томонидан камчиликлар зудлик билан бартараф этилиши ва тегишли маълумотлар "Ijro.gov.uz" тизимига қайтадан киритилишини назоратга олади.


33. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро ҳолати:

ҳар ҳафта жума куни - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳузурида;

ҳар ҳафта душанба куни - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳузурида;

ҳар чоракда - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари йиғилишида муҳокама қилинади.

Бунда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки умуман ижросини таъминламаган раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш масалалари кўриб чиқилади.


б) туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини ташкил этиш


34. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликлардан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ҳамда улар бўйича назорат режалари келиб тушган вақтдан бошлаб 30 дақиқа мобайнида туман (шаҳар) ҳокимлиги масъул ходими томонидан рўйхатдан ўтказилади ва раҳбариятга ахборот берилади.


35. Туман (шаҳар) ҳокимлиги раҳбарияти бир кун муддатда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул таркибий бўлинма - масъул ижрочини белгилайди ва ижросини таъминлаш бўйича топшириқ беради.


36. Масъул таркибий бўлинма уч кун муддатда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича назорат режасини тайёрлайди, раҳбариятга тасдиқлатади ва ижрога қаратади.


37. Масъул таркибий бўлинма қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича раҳбар (истисно ҳолларда - унинг ўринбосари) томонидан имзоланган маълумотни зарур тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки ҳокимликка юборади.


38. Туман (шаҳар) ҳокимлигининг назорат ва ижро интизомини таъминлаш вазифаси юкланган таркибий бўлинмаси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар масъул ижрочи томонидан ўз вақтида бажарилиши ва натижаси бўйича маълумотлар зарур тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки ҳокимликка ўз вақтида тақдим этилишини назоратга олади.


39. Туман (шаҳар) ҳокимликларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро ҳолати:

ҳар ҳафта жума куни - ҳокимнинг биринчи ўринбосари ҳузурида;

ҳар ҳафта душанба куни - ҳоким ҳузурида;

ҳар чоракда - халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари йиғилишида муҳокама қилинади.

Бунда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки умуман ижросини таъминламаган раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш масалалари кўриб чиқилади.



4-§. Хўжалик бирлашмалари томонидан қонунчилик

ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини ташкил этиш


а) Хўжалик бирлашмалари марказий аппарати томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини ташкил этиш


40. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар келиб тушган вақтдан бошлаб 30 дақиқа мобайнида хўжалик бирлашмаси марказий аппарати масъул ходими томонидан рўйхатдан ўтказилади ҳамда раҳбариятга ахборот берилади.


41. Хўжалик бирлашмалари раҳбарияти бир кун муддатда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул таркибий бўлинма - масъул ижрочини белгилайди ва ижросини таъминлаш бўйича топшириқ беради.


42. Масъул таркибий бўлинма уч кун муддатда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича назорат режасини тайёрлайди, раҳбариятга тасдиқлатади ва ижрога қаратади.

Масъул таркибий бўлинма, заруратга кўра, раҳбариятга ахборот берган ҳолда ҳудудий бўлинмаларга амалга ошириш механизми ҳамда бажариш муддатларини аниқ белгилаб, топшириқни юборади. Бунда масъул таркибий бўлинма ҳудудий бўлинмалар томонидан топшириқ бажарилишини қатъий назоратга олиши ва ижросини таъминлашда кўмаклашиши зарур.


43. Масъул таркибий бўлинма қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича амалга оширилган ва раҳбар (истисно ҳолларда - унинг ўринбосари) томонидан имзоланган маълумотни зарур тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга "Ijro.gov.uz" тизимига киритади.

Агар "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотлар Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ёки Ҳисоб палатаси томонидан эътирозлар билан қайта ишлашга юборилса, масъул таркибий бўлинма бу ҳақда раҳбариятга ахборот беради, камчиликларни зудлик билан бартараф этади ва тегишли маълумотларни "Ijro.gov.uz" тизимига қайтадан киритади.


44. Хўжалик бирлашмасининг назорат ва ижро интизомини таъминлаш вазифаси юкланган таркибий бўлинмаси:

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар масъул таркибий бўлинма томонидан ўз вақтида бажарилиши ва натижаси бўйича маълумотлар "Ijro.gov.uz" тизимига тўлиқ ва ҳаққоний киритилишини назоратга олади;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқ ижроси бўйича "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотлар Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ёки Ҳисоб палатаси томонидан эътирозлар билан қайта ишлашга юборилса, масъул таркибий бўлинма томонидан камчиликлар зудлик билан бартараф этилиши ва тегишли маълумотлар "Ijro.gov.uz" тизимига қайтадан киритилишини назоратга олади.


45. Хўжалик бирлашмаларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро ҳолати:

ҳар ҳафта жума куни - раҳбарнинг биринчи ўринбосари ҳузурида;

ҳар ҳафта душанба куни - раҳбар ҳузурида;

ҳар чоракда - хўжалик бирлашмалари бошқарув органи мажлисларида муҳокама қилинади.

Бунда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки умуман ижросини таъминламаган раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш масалалари кўриб чиқилади.


б) Хўжалик бирлашмаларининг ҳудудий бўлинмалари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини ташкил этиш


46. Хўжалик бирлашмалари марказий аппаратидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ҳамда улар бўйича назорат режалари келиб тушган вақтдан бошлаб 30 дақиқа мобайнида хўжалик бирлашмасининг ҳудудий бўлинмаси масъул ходими томонидан рўйхатдан ўтказилади ва раҳбариятга ахборот берилади.


47. Ҳудудий бўлинмалар раҳбарияти бир кун муддатда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул таркибий бўлинма - масъул ижрочини белгилайди ва ижросини таъминлаш бўйича топшириқ беради.


48. Масъул таркибий бўлинма уч кун муддатда топшириқлар ижроси бўйича назорат режасини тайёрлайди, раҳбариятга тасдиқлатади ва ижрога қаратади.


49. Масъул таркибий бўлинма қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича амалга оширилган ва раҳбар (истисно ҳолларда - унинг ўринбосари) томонидан имзоланган маълумотни зарур тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга хўжалик бирлашмасининг марказий аппаратига киритади.


50. Назорат ва ижро интизомини таъминлаш вазифаси юкланган таркибий бўлинма қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар масъул ижрочи томонидан ўз вақтида бажарилиши ва натижаси бўйича маълумотлар зарур тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга хўжалик бирлашмасининг марказий аппаратига ўз вақтида тақдим этилишини назоратга олади.


51. Хўжалик бирлашмаларининг ҳудудий бўлинмаларида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати:

ҳар ҳафта жума куни - раҳбарнинг биринчи ўринбосари ҳузурида;

ҳар ҳафта душанба куни - раҳбар ҳузурида муҳокама қилинади.

Бунда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки умуман ижросини таъминламаган раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш масалалари кўриб чиқилади.



5-§. Вазирлар Маҳкамаси бевосита масъул бўлган

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар

ижросини ташкил этиш тартиби


52. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири котибияти (кейинги ўринларда - Бош вазир котибияти) Ҳукумат бевосита масъул этиб белгиланган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар келиб тушгандан бошлаб бир кун давомида Бош вазир ёки унинг ўринбосари топшириғини (зарурат бўлганда назорат режасини) тайёрлайди, белгиланган тартибда имзолаш (тасдиқлаш) учун Бош вазир ёки унинг ўринбосарига киритади.


53. Ҳукумат бевосита масъул этиб белгиланган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этиш бўйича белгиланган тартибда имзоланган (тасдиқланган) Бош вазир топшириғи (назорат режалари) ижросини таъминлаш учун - масъул ижрочиларга ҳамда "Ijro.gov.uz" тизимига киритиш учун Адлия вазирлигига юборилади.

Бунда Адлия вазирлиги Ҳукумат бевосита масъул этиб белгиланган топшириқлар бўйича Бош вазир топшириғи (назорат режаси)да масъул этиб белгиланган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмаларини ҳам "Ijro.gov.uz" тизимида ижрочи этиб белгилайди ва уларнинг ижроси назоратини умумий тартибда амалга оширади.


54. Бош вазир котибияти таркибий бўлинмаси, Бош вазир ўринбосарларининг котибиятлари ҳамда Назорат ва ижро интизоми бўлими тасдиқланган Бош вазир топшириғи (назорат режалари) асосида масъул ижрочиларга юборилган топшириқлар ижросини назорат қилади.



3-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК ҲУЖЖАТЛАРИ ВА

ТОПШИРИҚЛАР БАЖАРИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

1-§. Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатлари

ва топшириқлар бажарилишини назорат қилиш тартиби


а) Адлия вазирлиги марказий аппарати томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилишини назорат қилиш тартиби


55. Адлия вазирлиги қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилишини доимий таҳлил қилиб боради ва назорат қилади.


56. Адлия вазирлиги тасдиқланган график асосида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан соҳалар ва тармоқлар, ҳудудлар ва идоралар кесимида манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишларни олиб боради.


57. Ижро назорати бошқармаси қуйидаги ҳолларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни назоратга олиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатлари ижросини назорат қилиш бошқармасининг ҳудудий бўлинмалари (кейинги ўринларда - Ижро назорати бошқармасининг ҳудудий бўлинмалари)га "Ijro.gov.uz" тизими орқали юборади:

а) республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмаларининг ҳудудий бўлинмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда тўғридан-тўғри масъул ижрочи этиб белгиланганда;

б) қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, туман (шаҳар) ҳокимликларига, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмаларининг ҳудудий бўлинмаларига ижро учун юборилганда ёки уларнинг ижроси бевосита тегишли ҳудуднинг ўзида амалга оширилиши назарда тутилганда.


58. Масъул ижрочилар томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича "Ijro.gov.uz" тизимга киритиладиган ижро натижалари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича киритиладиган расмий маълумот биринчи раҳбар (истисно ҳолларда - унинг ўринбосари) томонидан имзоланган бўлиши;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини тасдиқловчи ҳужжатлар "PDF" форматида, амалий натижаларни акс эттириш имконияти мавжуд бўлган ҳолларда - уларни ифода этувчи бошқа форматлардаги маълумотлар илова қилинган бўлиши.


59. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул ижрочилар томонидан "Ijro.gov.uz" тизимга киритилган маълумотлар Ижро назорати бошқармаси томонидан бир иш кунидан кечиктирмай (қўшимча ўрганиш талаб этилганда - беш иш кунида) таҳлил қилинади.


60. Таҳлил қилиш қуйидагилар орқали амалга оширилади:

маълумотлар ва илова қилинган тасдиқловчи ҳужжатлар тўлиқлигини ўрганиш;

маълумотлар ҳаққонийлигини, заруратга кўра, жойига чиққан ҳолда ўрганиш;

тор ихтисосликлар бўйича киритилган маълумотларни (бажарилган ишларни) соҳага оид ташкилотларга сўровлар юбориш ёки мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганиш;

маълумотларда ноаниқликлар мавжуд бўлган тақдирда масъул ижрочидан ёзма ёки оғзаки тушунтиришлар олиш.


61. Таҳлил жараёнида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича "Ijro.gov.uz" тизимига киритиладиган маълумотларга қуйидаги мезонлар асосида баҳо берилади:

қонунийлик - қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларда назарда тутилган маъмурий тартиб-таомиллар ва қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилганлиги;

долзарблик - олиб борилаётган давлат сиёсати, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига мослиги;

тўлиқлик - қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқда кўзланган мақсадга (кўрсаткичга) эришганлиги (сони, миқдори, ҳажми ва бошқа кўрсаткичлар);

ҳаққонийлик - қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотларнинг амалда қилинган ишлар билан ўзаро мувофиқлиги;

масъулиятлилик - қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш борасида масъул ижрочилар томонидан ўз ваколати доирасида барча зарурий чоралар кўрилганлиги.


62. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича киритилган маълумотлар таҳлили натижасига кўра Ижро назорати бошқармаси:

топшириқ бажарилган бўлса - масъул ижрочи томонидан "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотларни келишади;

топшириқ бажарилмаган ёки зарур тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса - уларни қайта ишлашга масъул ижрочига юборади.

Рақамлаштиришга оид топшириқлар қуйидаги тартибда кўриб чиқилади:

топшириқларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текшириш учун Рақамли технологиялар вазирлигига "Ijro.gov.uz" тизими орқали юборади;

Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотларни тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги юзасидан тегишли хулосани бир кун муддатда "Ijro.gov.uz" тизимига киритади;

Рақамли технологиялар вазирлигининг хулосаси ижобий бўлса, масъул ижрочи томонидан "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотларни келишади, аксинча бўлса, уларни қайта ишлаш учун масъул ижрочига юборади.

Масъул ижрочи томонидан камчиликлар бартараф қилиниб, "Ijro.gov.uz" тизимига маълумотлар қайта киритилганда юқоридаги жараён такрорланади.


63. "Ijro.gov.uz" тизимига зарур маълумотларни ўз вақтида киритмаган ёки нотўғри маълумотларни киритган масъул ижрочиларга Адлия вазирлиги томонидан мазкур камчиликларни зудлик билан бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар юборилади.

Адлия вазирлиги кўрсатмаларини ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаган масъул ижрочиларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланади.


б) Ижро назорати бошқармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилишини назорат қилиш тартиби


64. Ушбу Низомнинг 57-бандида белгиланган ҳолларда Ижро назорати бошқармаси томонидан "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган назорат топшириқлари бир вақтнинг ўзида "Ijro.gov.uz" тизими орқали автоматик тарзда Ижро назорати бошқармасининг ҳудудий бўлимларига назорат учун юборилади.


65. Ижро назорати бошқармасининг ҳудудий бўлимлари ўз ҳудудларига доир қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини доимий равишда мониторинг ва таҳлил қилиб боради.


66. Ижро назорати бошқармасининг ҳудудий бўлимлари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлашда ҳокимликларга ва ҳудудий масъул ижрочиларга ҳуқуқий-услубий жиҳатдан кўмаклашади.


67. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини қўшимча ўрганиш талаб қилинганда, Ижро назорати бошқармаси кўрсатмасига мувофиқ бир иш кунида (қўшимча ўрганиш талаб қилинганда - уч иш кунида) Ижро назорати бошқармасининг ҳудудий бўлимлари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси амалда бажарилганлиги ва унда кўзланган мақсадга эришилганлигини жойига чиққан ҳолда ўрганади.

Бунда ўрганиш якунлари бўйича таҳлилий маълумотнома тайёрланиб, имзоланган ҳолда "Ijro.gov.uz" тизими орқали Ижро назорати бошқармасига тақдим қилинади.


68. Ижро назорати бошқармасининг ҳудудий бўлимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини доимий равишда таҳлил қилиб боради.

Ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг бешинчи санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташриф баёнларида берилган топшириқлар ижроси бўйича тасдиқланган шаклдаги таҳлилий ҳужжатлар тўпламини Ижро назорати бошқармасига тақдим қилиб боради.


69. Ижро назорати бошқармасининг ҳудудий бўлимлари тегишли ҳудуд бўйича бажарилмаган ва муддати кечиктириб бажарилган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар таҳлили ва ҳисобини юритади ҳамда натижаси бўйича умумлаштирилган ахборотни ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг бешинчи санасига қадар Ижро назорати бошқармасига тақдим қилиб боради.



2 §. Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик

ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилишини

назорат қилиш тартиби


70. Бош вазир котибияти таркибий бўлинмалари, Бош вазир ўринбосарлари котибиятлари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва Ҳукумат тизимидаги бошқа ташкилотлар томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси ўз вақтида ва сифатли бажарилишини мунтазам таҳлил қилиб, назоратини амалга оширади.


71. Ижро интизомини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилаётган ҳолатлар ва муддати ўтган топшириқлар бўйича ҳар ҳафта республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва Ҳукумат тизимидаги бошқа ташкилотлар раҳбар ўринбосарлари, масъул департамент, бошқарма, бўлим раҳбарлари ҳамда ижро интизомига масъул таркибий бўлинма раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилиб борилади.


72. Бош вазир котибиятининг Назорат ва ижро интизоми бўлими иш режага мувофиқ қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросининг жойлардаги амалий натижаси, ижро интизоми ҳолати, раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлиги масаласини жойларга чиққан ҳолда комплекс ўрганади.

Комплекс ўрганишлар натижалари бўйича тайёрланган материаллар тўғрисида белгиланган тартибда ахборот берилади, заруратга кўра, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида муҳокама қилинади.


73. Бош вазир котибияти таркибий бўлинмалари, Бош вазир ўринбосарлари котибиятлари бир кун муддатда (қўшимча ўрганиш талаб этилганда уч кун муддатда) республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва Ҳукумат тизимидаги бошқа ташкилотлар томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган ва Адлия вазирлиги томонидан келишилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини ўрганиб чиқади:

топшириқ бажарилган бўлса - "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган маълумотларни тасдиқлайди;

топшириқ бажарилмаган бўлса ёки зарур тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса - уларни қайта ишлаш учун масъул ижрочига юборади.


74. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича Адлия вазирлиги томонидан ҳар ой якуни бўйича тайёрланиб, белгиланган тартибда киритилган таҳлилий ҳужжатлар асосида ижро интизоми ҳолати Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва Ҳукумат тизимидаги бошқа ташкилотлар иштирокида танқидий кўриб чиқилади.


75. Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида ижро интизоми масалаларини кўриб чиқиш тартиби ушбу Низомнинг 4-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.



3-§. Ҳисоб палатаси томонидан қонунчилик

ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилишини

назорат қилиш тартиби


76. Ҳисоб палатаси қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажарилишини назорат қилиб боради;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлари мансабдор шахслар томонидан ижро этилишини баҳолайди;

ижро интизомини ҳар томонлама мустаҳкамлашга, давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг шахсий масъулиятини, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар бўйича кутилаётган натижаларга эришишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг самарали ижро этилишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммо ва камчиликларни аниқлаб, бартараф этишга, шунингдек, давлат органлари ҳамда ташкилотларида ижро интизоми бузилишининг олдини олишга қаратилган чораларни кўради;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар доирасида ажратилган маблағлар мақсадли сарфланиши ва самарадорлигини ўрганиш билан бирга уларнинг аҳоли учун ижобий натижасини таҳлил қилади;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси натижадорлигини таҳлил қилиб, ижроси таъминланмаган масалалар ва улар бўйича масъулларга тегишли чоралар кўриш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади;

ташаббускорларга қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан таклифлар киритиб боради;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро этилиши юзасидан давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.


77. Ҳисоб палатаси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича масъул ижрочилар томонидан "Ijro.gov.uz" тизимига киритилган, Адлия вазирлиги билан келишилган ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини бир иш кунида (қўшимча ўрганиш талаб этилганда - уч иш кунида) ўрганади.

Ўрганиш натижаларига кўра:

топшириқ бажарилган бўлса - топшириқни назоратдан ечади;

топшириқ бажарилмаган бўлса ёки зарур тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса - масъул ижрочиларга қайта ишлашга юборади.


78. Ҳисоб палатаси график асосида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан соҳалар ва тармоқлар, ҳудудлар ва идоралар кесимида манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишларни олиб боришда иштирок этади.


79. Ҳисоб палатаси ҳар чорак якунлари бўйича қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб боради.



4-§. Ҳудудларда қонунчилик ҳужжатлари

ва топшириқлар ижро ҳолатини доимий ўрганиб

бориш бўйича ишчи гуруҳлар томонидан қонунчилик

ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилишини

назорат қилиш тартиби


80. Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида ҳудудларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолатини доимий ўрганиб бориш бўйича ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда - ишчи гуруҳлар) фаолият кўрсатади.


81. Ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини самарали ташкил этишда тегишли давлат органлари ва ташкилотларига амалий кўмаклашиш, шунингдек, уларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши ҳолатини жойига чиққан ҳолда ўрганиш;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалда бажарилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда юзага келган тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш;

ҳар чорак якуни бўйича ўрганишлар натижасида ижрода аниқланган камчиликлар бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.


82. Ишчи гуруҳ томонидан ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасигача ҳудудлардаги ижро интизоми ҳолати ва камчиликларни бартараф этиш, масъулларга чоралар кўриш бўйича таклифлар Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борилади.


83. Адлия вазирлиги ишчи гуруҳларнинг ишчи органи ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳлар фаолиятига ҳудудларда ижро интизомини ташкил этишда яқиндан кўмаклашиб боради.



4-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК ҲУЖЖАТЛАРИ ВА

ТОПШИРИҚЛАР ИЖРОСИ БЎЙИЧА ТАҲЛИЛИЙ

ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, КИРИТИШ

ВА ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИДА КЎРИБ

ЧИҚИШ ТАРТИБИ


1-§. Давлат органлари ва ташкилотлари,

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва

хўжалик бирлашмалари томонидан қонунчилик

ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро ҳолати

бўйича маълумотни Адлия вазирлигига

киритиш тартиби


84. Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини белгиланган муддатларда таъминлайди ҳамда ижро натижалари бўйича "Ijro.gov.uz" тизимига маълумотларни уларнинг ижросини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга киритади.


85. Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг биринчи санасига қадар "Ijro.gov.uz" тизимидаги ўзлари масъул бўлган ва бажарилмаган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни таҳлил қилади ва уларнинг ижро ҳолати бўйича биринчи раҳбар (истисно ҳолларда - унинг биринчи ўринбосари) томонидан имзоланган маълумотни Адлия вазирлигига тақдим этади.



2-§. Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик

ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича таҳлилий

ҳужжатларни тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига

киритиш тартиби


86. Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича таҳлилий ҳужжатларни тайёрлаш, киритиш ва Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиш ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


87. Адлия вазирлиги ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг бешинчи санасига қадар муддати келган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари томонидан бажарилмаган топшириқлар бўйича тақдим этилган маълумотларни танқидий таҳлил қилади, шунингдек, ушбу Низомга 2-иловадаги намунавий шаклга мувофиқ умумлаштирилган маълумотномани таҳлилий материаллар билан биргаликда тайёрлайди.


88. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва Ҳукумат тизимидаги бошқа ташкилотлар бўйича тайёрланган ҳужжатлар тўплами адлия вазири (истисно ҳолларда тегишли вазир ўринбосари) томонидан имзоланган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.



3-§. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар

ижроси бўйича киритилган таҳлилий материалларни

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиш тартиби


89. Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича киритилган таҳлилий материаллар асосида Ахборот-таҳлил ва юридик таъминлаш департаменти ҳамда Назорат ва ижро интизоми бўлими томонидан ҳар ойнинг ўн иккинчи санасига қадар Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси ҳужжатлари тўплами тайёрланади ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича ҳисобот ташкил этилади.


90. Ижро интизомини таъминлаш ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таҳлил қилиш масалалари белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси кун тартибига киритилади.


91. Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида:

ҳисобот даврида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати бўйича адлия вазирининг ҳамда ижро интизомини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва Ҳукумат тизимидаги бошқа ташкилотлар раҳбарларининг (уларнинг ўринбосарлари) ҳисоботи эшитилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларини бажаришда жиддий камчиликларга йўл қўйган, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини тўғри ва ўз вақтида ташкил этишда зарур чоралар кўрмаган раҳбар ва уларнинг ўринбосарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш масалалари кўриб чиқилади;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро муддатларини узайтириш бўйича таклифлар асослилиги муҳокама қилинади;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш масалалари кўриб чиқилади.


92. Вазирлар Маҳкамасининг Бош вазирга ахборот берилиб, имзоланган Раёсати мажлиси баёни ва таҳлилий ҳужжатлар тўплами белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ҳисоб палатасига юборилади.


93. Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш Вазирлар Маҳкамаси Регламентида белгиланган тартибда амалга оширилади.



5-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК ҲУЖЖАТЛАРИ ВА

ТОПШИРИҚЛАРНИНГ ИЖРО МУДДАТЛАРИНИ

УЗАЙТИРИШ ТАРТИБИ


94. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро муддатини узайтириш (асос мавжуд бўлганда) қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси асосий ижрочи бўлганда - Президент Администрацияси масъул таркибий бўлинмаси томонидан;

Ҳукумат асосий ижрочи бўлганда - Ҳисоб палатаси томонидан;

қолган барча ҳолатларда - бевосита Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


95. "Ijro.gov.uz" тизимида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро муддатларини узайтириш ушбу Низомга 3-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


96. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни белгиланган муддатларда бажариш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда масъул ижрочилар томонидан уларнинг ижро муддатини узайтириш бўйича таклифлар қуйидаги намунавий шакллардаги ҳужжатлар илова қилган ҳолда Адлия вазирлигига киритилади:

расмий алоқа хати (4-илова);

асослантирувчи жадвал (4а-илова);

тармоқ жадвали (4б-илова);

раҳбар (истисно ҳолларда - унинг биринчи ўринбосари) томонидан имзоланган тушунтириш хати.


97. Адлия вазирлиги қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро муддатларини узайтириш бўйича таклифларни таҳлил қилади ҳамда натижаси бўйича хулоса тайёрлайди.

Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро муддатларини узайтириш бўйича таклифлар юзасидан тайёрланган хулосалар ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг бешинчи санасига қадар кўриб чиқиш учун:

Вазирлар Маҳкамасига (давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари таклифлари бўйича);

Ҳисоб палатасига (Президент ҳузуридаги ташкилотлар, суд органлари, Бош прокуратура ва Ҳукумат тизимига кирмайдиган бошқа марказий идоралар бўйича) киритилади.


98. Вазирлар Маҳкамасида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро муддатларини узайтириш бўйича Адлия вазирлиги томонидан кўриб чиқилиб хулоса берилган таклифлар Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида ушбу Низомнинг 4-бобида белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва Ҳисоб палатасига таклифлар киритилади.


99. Ҳисоб палатаси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро муддатларини узайтириш бўйича Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан маъқулланган таклифларни таҳлил қилади ҳамда асос мавжуд бўлган тақдирда ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига хулоса киритади.


100. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул таркибий бўлинмаси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро муддатини узайтириш бўйича таклифларни ва Ҳисоб палатасининг хулосасини таҳлил қилади ҳамда асосли деб топган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига таклиф киритади.


101. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари "Ijro.gov.uz" тизимидаги қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро муддатини узайтириш ҳақидаги таклифлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб, тегишли чораларни белгилайди.



6-БОБ. ҚОНУНЧИЛИК ҲУЖЖАТЛАРИ ВА

ТОПШИРИҚЛАР ИЖРОСИ БЎЙИЧА СОҲАЛАР,

ҲУДУДЛАР ВА ИДОРАЛАР КЕСИМИДА

МАНЗИЛЛИ ВА ТЕМАТИК ТАҲЛИЛИЙ

ЎРГАНИШЛАР ОЛИБ БОРИШ


102. Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан соҳалар, ҳудудлар ва идоралар кесимида манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишларни (кейинги ўринларда - манзилли ва тематик ўрганишлар) олиб боради ҳамда уларнинг жойлардаги ижро ҳолати мониторингини амалга оширади.


103. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича йиллик манзилли ва тематик ўрганишлар дастури Адлия вазирлиги томонидан ҳар йили январь ойида Ҳисоб палатаси ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари таклифлари асосида ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тасдиқланади.


104. Тасдиқланган манзилли ва тематик ўрганишлар дастуридаги режа-графикка мувофиқ Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан соҳалар, ҳудудлар ва идоралар кесимида ўрганишлар ўтказади.

Манзилли ва тематик ўрганишда бошқа манфаатдор ташкилотлар жалб қилиниши, масъул ходимлари иштирок этиши мумкин.


105. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати юзасидан ўтказилган манзилли ва тематик ўрганишлар натижаси бўйича тайёрланган таҳлилий маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилади.


106. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул таркибий бўлинмаси манзилли ва тематик ўрганишлар натижаси бўйича киритилган маълумотларни ўрганиб чиқиб, камчиликларга йўл қўйган раҳбарлар юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритади.



7-БОБ. "IJRO.GOV.UZ" ТИЗИМИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИ ТЕХНИК ЖИҲАТДАН

ТАШКИЛ ҚИЛИШ ВА ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР

ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТЛАРНИ

БОШҚАРИШ ТАРТИБИ


107. "Ijro.gov.uz" тизимидан фойдаланишни техник жиҳатдан ташкил қилишда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда оператор томонидан маълумотларни бошқаришни ташкил этиш тартиби ушбу низомга 5-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


108. "Ijro.gov.uz" тизими орқали назорат ва ҳисобдорликни ташкил этишда Рақамли технологиялар вазирлиги:

"Ijro.gov.uz" тизимининг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлайди ва доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш чораларни кўради;

давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмаларига ушбу тизимдан фойдаланиш жараёнида техник ёрдам кўрсатилишини ташкил этади;

"Ijro.gov.uz" тизимининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради;

давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари томонидан "Ijro.gov.uz" тизимидан фойдаланиш жараёнида келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ва Адлия вазирлигининг таклифларига асосан тизимни такомиллаштиради ва модернизация қилади.


109. "Ijro.gov.uz" тизимининг ишлашини техник қўллаб-қувватлашни таъминлаш мақсадида оператор қуйидагиларни амалга оширади:

"Ijro.gov.uz" тизими фойдаланувчиларини рўйхатга олиш, улаш, электрон рақамли имзо калитлари билан таъминлаш ва ўқитиш;

Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ва Адлия вазирлигининг таклифларига асосан "Ijro.gov.uz" тизимини модернизациялаш ва "Ijro.gov.uz" тизимининг янги версияларини ишга тушириш;

"Ijro.gov.uz" тизимининг фойдаланувчиларига "Call-марказ" орқали "Ijro.gov.uz" тизимини эксплуатация қилиш бўйича, шу жумладан, "Ijro.gov.uz" тизимида фойдаланувчилар хато ёки нотўғри ишлашининг олдини олиш бўйича маслаҳатлар бериш;

"Ijro.gov.uz" тизимининг функционал ва фойдаланиш характеристикаларини яхшилаш мақсадида тизимнинг ишлашини таҳлил қилиш.


110. "Ijro.gov.uz" тизимига янги фойдаланувчиларни улаш учун операторнинг почта манзилига белгиланган шаклдаги тўлдирилган аризалар юборилади. Аризанинг намунавий шакли "Ijro.gov.uz" тизимига бириктирилади.


111. Оператор аризани олган кундан бошлаб уч иш куни ичида "Ijro.gov.uz" тизимининг фойдаланувчиси билан шартнома тузади.


112. "Ijro.gov.uz" тизимига уланиш тўғрисидаги шартнома тузилгандан ва операторнинг банкдаги ҳисобварағига тўлов келиб тушгандан сўнг оператор уч иш куни давомида:

ҳимояланган аппарат қурилмаларида уланаётган фойдаланувчининг электрон рақамли имзосининг ёпиқ калитини ва очиқ калити сертификатини генерациялашни;

"Ijro.gov.uz" тизимининг янги фойдаланувчисига ёки унинг ишончли вакилига электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити ва очиқ калити сертификати бўлган ҳимояланган аппарат қурилмаси берилишини таъминлаши шарт.


113. "Ijro.gov.uz" тизимининг иштирокчиси тўғрисидаги маълумотларни бошқариш оператор томонидан таъминланади.


114. "Ijro.gov.uz" тизими фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумотларни бошқариш (маълумотларни киритиш, ўзгартириш, янгилаш, ўчириш) масъул ижрочи кадрлар бўлинмаси томонидан ушбу ташкилотнинг ижро интизоми учун масъул бўлган таркибий тузилмасини хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.


115. "Ijro.gov.uz" тизимининг фойдаланувчиси тўғрисида маълумотлар киритилгандан кейин унга электрон рақамли имзонинг ёзилган ёпиқ калити ва очиқ калитининг сертификатига эга ҳимояланган аппарат қурилмаси берилади.


116. "Ijro.gov.uz" тизимига кириш учун тизим фойдаланувчиси томонидан ҳимояланган аппарат қурилмасидан фойдаланилади.


117. Ходим ("Ijro.gov.uz" тизимининг фойдаланувчиси) билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ҳимояланган аппарат қурилмаси кадрлар бўлинмасига топширилиши керак.


118. Операторнинг "Ijro.gov.uz" тизимининг ахборот хавфсизлигини ва узлуксиз ишлашини таъминлаш билан боғлиқ фаолияти Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


119. Масъул ижрочиларнинг раҳбарлари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлашда юзага келган муаммоларни ҳал қилишга, шунингдек, олдиндан қўйилган мақсадларга эришишни сўзсиз таъминлашга қаратилган вазифаларни бажариш натижалари ўз вақтида ва сифатли тақдим этилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланадилар.


120. "Ijro.gov.uz" тизими фойдаланувчилари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлардан келиб чиқадиган вазифаларнинг бажарилиши тўғрисидаги ахборот ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли тақдим этилиши, шунингдек, "Ijro.gov.uz" тизимида ишлаганда ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланадилар.


121. Оператор "Ijro.gov.uz" тизимининг узлуксиз ишлаши ва ахборот хавфсизлиги учун жавобгар ҳисобланади.


122. Ушбу низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

        





Низомга

1-ИЛОВА



Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар

ижроси бўйича таҳлилий ҳужжатларни тайёрлаш,

киритиш ва Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиш

СХЕМАСИ

          

       

Босқичлар

        


    

Масъуллар

       


      

Тадбирлар

       


      

Муддатлар

        








1-босқич


      

Давлат органлари

ва ташкилотлари,

маҳаллий ижро

этувчи ҳокимият

органлари, хўжалик

бирлашмалари

         


"Ijro.gov.uz" тизимидаги ўзлари масъул бўлган ва бажарилмаган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни таҳлил қилади ва уларнинг ижро ҳолати бўйича белгиланган шаклдаги маълумотни Адлия вазирлигига тақдим этади.


Ҳар ойнинг

1-санасида








2-босқич


Адлия вазирлиги


         

1. Муддати келган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари томонидан бажарилмаган топшириқлар бўйича тақдим этилган маълумотларни танқидий таҳлил қилади ҳамда белгиланган шаклга мувофиқ умумлаштирилган маълумотнома ва бошқа таҳлилий ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари бўйича тайёрланган ҳужжатлар тўпламини Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади.

         


Ҳар ойнинг

5-санасига қадар








3-босқич


Вазирлар Маҳкамаси

(Назорат ва ижро

интизоми бўлими)


             

Адлия вазирлиги томонидан киритилган таҳлилий материаллар асосида ижро интизомини Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси учун ҳужжатлари тўпламини тайёрлайди ва Раҳбариятда ҳимоясини ташкил этади.

         


Ҳар ойнинг

12-санасига

қадар








4-босқич


Вазирлар Маҳкамаси

Раёсати


         

Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирокида ижро интизомини таъминлаш ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таҳлил қилиш масалалари муҳокама қилинади. Бунда:

ҳисобот даврида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати бўйича адлия вазири ҳамда ижро интизомини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг (уларнинг ўринбосарларининг) ҳисоботи эшитилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларини бажаришда жиддий камчиликларга йўл қўйган, топшириқлар ижросини тўғри ва ўз вақтида ташкил этишда зарур чоралар кўрмаган раҳбар ва уларнинг ўринбосарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш масалалари кўриб чиқилади;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро муддатларини узайтириш ҳамда назоратдан олиш бўйича таклифлар асослилиги муҳокама қилинади;

қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш масалалари кўриб чиқилади.

        


Белгиланган

муддатда








5-босқич


Вазирлар Маҳкамаси

(Назорат ва ижро

интизоми бўлими)


         

Вазирлар Маҳкамасининг Бош вазирга ахборот берилиб, имзоланган Раёсати мажлиси баёни ва таҳлилий ҳужжатлар тўплами Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ҳисоб палатасига юборилади.

          


Белгиланган

муддатда








6-босқич


       

Вазирлар Маҳкамаси

(Назорат ва ижро

интизоми бўлими)

         


Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси баёнида белгиланган вазифа ва топшириқларнинг бажарилишини назорат қилади.


Белгиланган

муддатда

        





Низомга

2-ИЛОВА



"Ijro.gov.uz" ижро тизимида қонунлар, Ўзбекистон Республикаси

Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижроси

тўғрисида Адлия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига

киритиладиган умумлаштирилган маълумотноманинг

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ


I. КИРИШ ҚИСМИ


а) қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни рўйхатга олиш, масъул ижрочиларга етказиши ва уларнинг бажарилишини ташкил қилиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили;

б) қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни бажаришда, "Ijro.gov.uz" тизимида ишлашда масъул ижрочиларга ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили.



II. БАЁН ҚИСМИ


в) қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилиши ҳолати мониторинги ва таҳлили натижалари;

г) бажарилмаган топшириқлар таҳлили ва уларнинг ижро ҳолати тўғрисида маълумот (жадвал илова қилинади);

д) камчиликларни бартараф этиш бўйича Адлия вазирлиги кўрсатмалари бажарилиш ҳолати таҳлили;

ж) қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалда бажарилишига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммо ва камчиликлар таҳлили (аниқ мисолларда очиб берилиши керак);

з) қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этиш ишларининг реал ҳолатини танқидий ўрганиш таҳлили (марказий аппаратда, давлат бошқаруви органларининг ўрта ва қуйи бўғинларида, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликларида).



III. ТАКЛИФ ЭТИЛАДИГАН ЧОРАЛАР


и) қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро этилишини ташкил этиш борасидаги фаолият самарадорлигини ошириш, шунингдек, раҳбарларнинг ижро интизомини таъминлашдаги масъулиятини кучайтириш бўйича аниқ таклифлар;

к) жиддий камчиликларга йўл қўйган, ижро интизомини сусайтириб юборган раҳбарларга (уларнинг ўринбосарларига) нисбатан жазо чораларини кўриш бўйича асослантирилган таклифлар.

          





Низомга

3-ИЛОВА



"Ijro.gov.uz" тизимида қонунчилик

ҳужжатлари ва топшириқларнинг

ижро муддатини узайтириш

СХЕМАСИ

         

        

Босқичлар

          


       

Субъектлар

        


      

Тадбирлар

        


        

Муддатлар

        








1-босқич


         

Давлат органлари

ва ташкилотлари,

маҳаллий ижро

этувчи ҳокимият

органлари, хўжалик

бирлашмалари

       


Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни белгиланган муддатларда бажариш имконияти мавжуд эмаслиги ёки ўз долзарблигини йўқотганлигини асословчи ҳужжатлар билан Адлия вазирлигига топшириқларнинг ижро муддатини узайтириш ёки уларни назоратдан олиш бўйича таклифлар киритиш.


Заруратга кўра








2-босқич


Адлия вазирлиги


      

Ижро муддатини узайтириш, назоратдан олиш ҳақидаги белгиланган шаклда тақдим этилган таклифларни таҳлил қилиш, асосли деб топилган тақдирда, тегишлича Вазирлар Маҳкамасига (Ҳукумат тизимидаги ташкилотлар бўйича) ёки Ҳисоб палатасига (Ҳукумат тизимига кирмайдиган ташкилотлар бўйича) таклиф киритиш.

           


Ҳар ойнинг

5-санасига қадар








3-босқич


Вазирлар Маҳкамаси

Раёсати


         

Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқнинг ижро муддатини узайтириш, назоратдан олиш ҳақидаги Адлия вазирлиги томонидан киритилган таклифларни кўриб чиқиш ва Ҳисоб палатасига киритиш.

          


Белгиланган

муддатларда








4-босқич


Ҳисоб палатаси


       

Ижро муддатини узайтириш, назоратдан олиш ҳақидаги Адлия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилиб маъқулланган таклифларни таҳлил қилиш, асосли деб топилган тақдирда, улар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига хулоса киритиш.

         


10 кун муддатда








5-босқич


Ўзбекистон

Республикаси

Президенти

Администрацияси


         

1. Ижро муддатини узайтириш, назоратдан олиш ҳақидаги Адлия вазирлиги, Ҳукумат ва Ҳисоб палатаси томонидан маъқулланган таклифларни таҳлил қилиш ҳамда асосли деб топилган тақдирда, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериш учун киритиш.

         


Белгиланган

муддатларда



2. Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилган ва белгиланган тартибда розилик олинган таклифларни Адлия вазирлигига юбориш.

           


Ахборот

берилган кун

           





Низомга

4-ИЛОВА



Давлат органлари ва ташкилотлари,

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари,

хўжалик бирлашмалари томонидан "Ijro.gov.uz"

тизими орқали қонунчилик ҳужжатлари ва

топшириқлар ижро муддатини узайтириш

бўйича киритиладиган хатнинг

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ


Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарори билан тасдиқланган "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ ____________________________ (ҳужжат реквизитлари ҳамда банди кўрсатилади) ижро муддатини узайтиришда амалий ёрдам беришингизни сўраймиз.

Ижро муддатини узайтириш таклиф этилаётган топшириқ бўйича асослантирувчи жадвал (тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга), топшириқ ижросини таъминлаш юзасидан тармоқ жадвали ҳамда тушунтириш хати (агар топшириқ ижро муддати ўтган бўлса) илова қилинади.

          

             

Давлат органлари ва ташкилотлари,

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият

органлари ҳамда хўжалик

бирлашмалари раҳбари



/имзо/



Ф.И.О.

         

          




Низомга

4а-ИЛОВА



Қонунчилик ҳужжатлари

ва топшириқларнинг ижро муддатини

узайтириш  бўйича  Адлия  вазирлигига

киритиладиган асослантирувчи жадвалнинг

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ

           

Т/р

Ҳужжат

тури ва

санаси


Топшириқ мазмуни

Бажариш

муддати


Таклиф киритган масъул ижрочи

ва топшириқнинг ижро ҳолати


Узайтириш

таклиф этилган

ижро муддати


Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий

ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда

хўжалик бирлашмалари номи

           

1.




1. Қарор ижроси юзасидан тасдиқланган назорат режаси:

...


2. Масъул ижрочи:

...


3. Топшириқ ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар:

...


4. Топшириқнинг ижро муддатини узайтиришни асослантириш:

...

          


...

     






          

             

Давлат органлари ва ташкилотлари,

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият

органлари ҳамда хўжалик

бирлашмалари раҳбари



/имзо/



Ф.И.О.

         





Низомга

4б-ИЛОВА



Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижро

муддатини узайтириш бўйича Адлия вазирлигига

киритиладиган тармоқ жадвалининг

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ

               

Т/р

Топшириқ

мазмуни


Узайтириш

таклиф

этилган ижро

муддати


Топшириқ ижро муддати

узайтирилиши муносабати билан

топшириқ ижросини таъминлашга

қаратилган тадбирлар кетма-

кетлиги


Тадбирлар

ижро

муддати


Топшириқ ижроси учун

масъул мутасадди раҳбар

ва тегишли бошқарма

(Ф.И.О.)


Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий

ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда

хўжалик бирлашмалари номи

           

Ҳужжат реквизитлари

        

1.

    






2.

    






...

     






          

             

Давлат органлари ва ташкилотлари,

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият

органлари ҳамда хўжалик

бирлашмалари раҳбари



/имзо/



Ф.И.О.

         





Низомга

5-ИЛОВА



"Ijro.gov.uz" тизимидан фойдаланишни техник

жиҳатдан ташкил қилишда Рақамли технологиялар

вазирлиги ҳамда оператор томонидан маълумотларни

бошқаришни ташкил этиш тартиби

СХЕМАСИ

             

Тизимдан фойдаланувчилар

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда оператор

томонидан амалга ошириладиган тадбирлар

            

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

1. Тизимдан фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш ва электрон рақамли имзо калитлари билан таъминлаш.


2. Умумий бўлим томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни электрон тарзда рўйхатдан ўтказиш, тизимдан фойдаланувчиларга етказиш модулини жорий қилиш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси учун назоратчи профилини яратиш ва топшириқларнинг тегишлилиги бўйича Ҳисоб палатасидан келган жавобларни назоратдан ечиш ёки қайта ишлашга юбориш функционалини жорий этиш.


4. Тизимдан фойдаланувчиларнинг юзага келадиган муаммолари "Call-маркази" орқали бартараф этилишини таъминлаш.


5. Тизимнинг доимий равишда ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, 24 соат давомида техник қўллаб-қувватлаш.

      

Ҳисоб палатаси

1. Тизимдан фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш ва электрон рақамли имзо калитлари билан таъминлаш.


2. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тизимлаштириш, электрон тарзда рўйхатдан ўтказиш ва Ҳисоб палатаси томонидан топшириқлар ижросини назорат қилиш модулини жорий этиш ва унинг таклифлари асосида модулни такомиллаштириш, ўзгартириш ва унга қўшимчалар киритиш.


3. Ҳисоб палатасининг назоратчи профили учун қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг тегишлилиги бўйича юқори турувчи ташкилотларга ижро учун йўналтирувчи, ижрочиларнинг иерархияси ҳамда ҳужжатнинг ижроси билан боғлиқ жараёнларни кузатиш функционалларини яратиш.


4. Ҳисоб палатаси учун назоратчи профилини яратиш ва топшириқларнинг тегишлилиги бўйича Адлия вазирлигидан келган жавобларни назоратдан ечиш ёки қайта ишлашга юбориш функционалини жорий этиш.


5. Тизимдан фойдаланувчиларнинг юзага келадиган муаммолари "Call-марказ" орқали бартараф этилишини таъминлаш.


6. Тизимнинг доимий равишда ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, 24 соат давомида техник қўллаб-қувватлаш.

       

Вазирлар Маҳкамаси

1. Тизимдан фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш ва электрон рақамли имзо калитлари билан таъминлаш.


2. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тизимлаштириш, электрон тарзда рўйхатдан ўтказиш ва Бош вазир котибияти таркибий бўлинмаларининг республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва Ҳукумат тизимидаги бошқа ташкилотлар томонидан топшириқлар ижросини назорат қилиш модулларини жорий этиш ва уларнинг таклифлари асосида тегишли модулларни такомиллаштириш, ўзгартириш ва уларга қўшимчалар киритиш.


3. Ижро интизоми ва назорат бўлимининг назоратчи профили учун қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг тегишлилиги бўйича Бош вазир котибияти таркибий бўлинмаларини масъул ижрочи этиб белгилаш, ижрочиларнинг иерархияси ҳамда ҳужжатнинг ижроси билан боғлиқ жараёнларни кузатиш функционалларини яратиш.


4. Назоратда турган топшириқлар, ижро муддати келаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бўйича масъул мутахассисларни огоҳлантириб туриш тизимини жорий этиш.


5. Бош вазир котибияти таркибий бўлинмалари учун назоратчи профилини яратиш ва топшириқларнинг тегишлилиги бўйича республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва Ҳукумат тизимидаги бошқа ташкилотлар томонидан келган жавобларни назоратдан ечиш ёки қайта ишлашга юбориш функционалини жорий этиш.


6. Бош вазир котибияти таркибий бўлинмаларининг сўрови асосида Ҳукумат тизимидаги тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан тизим доирасида электрон ҳужжат айланишини ташкил этиш.


7. Тизимдан фойдаланувчиларнинг юзага келадиган муаммолари "Call-марказ" орқали бартараф этилишини таъминлаш.


8. Тизимнинг доимий равишда ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, 24 соат давомида техник қўллаб-қувватлаш.

          

Адлия вазирлиги

1. Тизимдан фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш ва электрон рақамли имзо калитлари билан таъминлаш.


2. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тизимлаштириш, Адлия вазирлигидан электрон тарзда рўйхатдан ўтказиш ҳамда давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлари марказий аппаратларига етказиш, улар томонидан топшириқлар ижросини назорат қилиш модулини жорий этиш;


3. Адлия вазирлигининг таклифлари асосида тизимни такомиллаштириш, ўзгартириш ва унга қўшимчалар киритиш.


4. Адлия вазирлигига назоратчи профили учун қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросига масъул бўлган давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларини белгилаш, ижрочиларнинг иерархияси ҳамда ҳужжатнинг ижроси билан боғлиқ жараёнларни кузатиш функционалларини яратиш.


5. Назоратда турган топшириқлар, ижро муддати келаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бўйича масъул мутахассисларни огоҳлантириб туриш тизимини жорий этиш.


6. Давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппаратлари томонидан келган жавобларни назоратдан ечиш ёки қайта ишлашга юбориш функционалини жорий этиш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш.


7. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар, ижрочилар ҳамда муддатлар кесимида топшириқларни назорат қилиб бориш функционалини яратиш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш.


8. Тизимдан фойдаланувчиларнинг юзага келадиган муаммолари "Call-марказ" орқали бартараф этилишини таъминлаш.


9. Тизимнинг доимий равишда ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, 24 соат давомида техник қўллаб-қувватлаш.

         

Давлат органлари ва ташкилотлари

1. Тизимдан фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш ва электрон рақамли имзо калитлари билан таъминлаш.


2. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросига масъул бўлган марказий аппаратдаги ходимлар, таркибий ва ҳудудий бўлинмаларни белгилаш, ижрочиларнинг иерархияси ҳамда топшириқнинг ижроси билан боғлиқ жараёнларни кузатиш функционалларини яратиш.


3. Назоратда турган топшириқлар, ижро муддати келаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бўйича масъул мутахассисларни огоҳлантириб туриш тизимини жорий этиш.


4. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросига оид маълумотларни киритиш ва асословчи ҳужжатларни юклаш функционалини яратиш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш.


5. Тизимдан фойдаланувчиларнинг юзага келадиган муаммолари "Call-марказ" орқали бартараф этилишини таъминлаш.


6. Тизимнинг доимий равишда ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, 24 соат давомида техник қўллаб-қувватлаш.

             

Давлат органлари ва ташкилотлари таркибий ва ҳудудий бўлинмалари

1. Тизимдан фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш ва электрон рақамли имзо калитлари билан таъминлаш.


2. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросига масъул бўлган ходимларни белгилаш, ижрочиларнинг иерархияси ҳамда топшириқнинг ижроси билан боғлиқ жараёнларни кузатиш функционалларини яратиш.


3. Назоратда турган топшириқлар, ижро муддати келаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бўйича масъул мутахассисларни огоҳлантириб туриш тизимини жорий этиш.


4. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросига оид маълумотларни киритиш ва асословчи ҳужжатларни юклаш функционалини яратиш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш.


5. Тизимдан фойдаланувчиларнинг юзага келадиган муаммолари "Call-марказ" орқали бартараф этилишини таъминлаш.


6. Тизимнинг доимий равишда ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, 24 соат давомида техник қўллаб-қувватлаш.

           

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари

1. Тизимдан фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш ва электрон рақамли имзо калитлари билан таъминлаш.


2. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросига масъул бўлган марказий аппаратдаги ходимлар, таркибий ва ҳудудий бўлинмаларни белгилаш, ижрочиларнинг иерархияси ҳамда топшириқнинг ижроси билан боғлиқ жараёнларни кузатиш функционалларини яратиш.


3. Назоратда турган топшириқлар, ижро муддати келаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бўйича масъул мутахассисларни огоҳлантириб туриш тизимини жорий этиш.


4. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросига оид маълумотларни киритиш ва асословчи ҳужжатларни юклаш функционалини яратиш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш.


5. Тизимдан фойдаланувчиларнинг юзага келадиган муаммолари "Call-марказ" орқали бартараф этилишини таъминлаш.


6. Тизимнинг доимий равишда ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, 24 соат давомида техник қўллаб-қувватлаш.

           

Туман ва шаҳар ҳокимликлари

1. Тизимдан фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш ва электрон рақамли имзо калитлари билан таъминлаш.


2. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросига масъул бўлган ходимларни белгилаш, ижрочиларнинг иерархияси ҳамда топшириқнинг ижроси билан боғлиқ жараёнларни кузатиш функционалларини яратиш.


3. Назоратда турган топшириқлар ижро муддати келаётган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бўйича масъул мутахассисларни огоҳлантириб туриш тизимини жорий этиш.


4. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросига оид маълумотларни киритиш ва асословчи ҳужжатларни юклаш функционалини яратиш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш.


5. Тизимдан фойдаланувчиларнинг юзага келадиган муаммолари "Call-марказ" орқали бартараф этилишини таъминлаш.


6. Тизимнинг доимий равишда ишлашини ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, 24 соат давомида техник қўллаб-қувватлаш.

              

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2021 йил 31 май


"Халқ сўзи", 2021 йил 1 июнь