Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.05.2024 й. ПФ-71-сон "Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

01.05.2024 й.

N ПФ-71



ТЎҚИМАЧИЛИК ВА ТИКУВ-ТРИКОТАЖ

САНОАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИ

ЯНГИ  БОСҚИЧГА  ОЛИБ  ЧИҚИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Республика тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг инвестицион жозибадорлигини ва рақобатбардошлигини янада ошириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларининг хорижий бозорларга кенгроқ кириб бориши учун шароитлар яратиш мақсадида:


1. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янги сифат босқичига олиб чиқишнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

газлама, трикотаж мато ишлаб чиқариш ва бўяш ҳажмини ошириш учун инфратузилмавий ва молиявий шарт-шароитлар яратиш орқали ип-калавани қайта ишлаш даражасини 2027 йил якунига қадар босқичма-босқич 100 фоизга олиб чиқиш;

дастлабки босқичда тўқимачиликка ихтисослашган Андижон ва Наманган вилоятларидаги кичик саноат зоналари ҳамда Тошкент вилоятидаги индустриал технопаркни (кейинги ўринларда - тўқимачилик саноат зоналари) тўлиқ инфратузилма билан таъминлаш, шу жумладан сув тозалаш иншоотларини қуриш ишларини 2024 йил якунига қадар якунлаш, шунингдек, уларда газлама, трикотаж мато ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва бўяш учун зарур бино ва иншоотларни тадбиркорларнинг талаблари ва лойиҳалари асосида қуриб, тайёр ҳолатда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан ёки ижара асосида бериш имкониятини яратиш;

республикани "тўқимачилик хаби"га айлантириш ва камида халқаро даражада тан олинган 10 та маҳаллий брендларни яратиш устида ишларни манзилли ташкил этиш, корхоналарга ички ва ташқи бозорларда ўз маҳсулотларини сотишга кўмаклашиш бўйича самарали ва манзилли чораларни кўриб бориш.


2. Белгилансинки, тўқимачилик маҳсулотларини қайта ишлашни чуқурлаштириш учун қулай молиявий шарт-шароитлар яратиш мақсадида қуйидаги қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 январдаги "Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-2-сон Фармони билан тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати лойиҳалари учун тижорат банкларида очилган 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари ҳамда ажратилиши назарда тутилган 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (Ж.Ходжаев) қарорига асосан қуйидаги йўналишларга қайта тақсимланади:

тўқимачилик саноат зоналари дирекцияларига 10 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 4 фоиз ставкада ва қолган давр учун йиллик 5 фоиз ставкада - тадбиркорлар талаблари асосида ишлаб чиқариш биноларини, шунингдек, сув тозалаш иншоотларини қуриш учун;

Саноатни ривожлантириш жамғармасига (кейинги ўринларда - Жамғарма) - қиймати 10 миллион АҚШ долларигача миқдордаги газлама, трикотаж мато, бўяш-пардозлаш, сочиқ ва парда маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун ташкил этиладиган корхоналарнинг устав капиталига асбоб-ускуна қийматининг 15 фоизи миқдорида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг улуши сифатида киритиш учун. Бунда Жамғарма маблағларидан шаклланадиган улуш 25 фоиздан ошмаслиги ҳамда лойиҳа ташаббускори улуш сифатида ўзининг ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бино, иншоот ва бошқа активларини киритиши талаб этилади;

б) тўқимачилик саноат зоналарида қуриладиган ишлаб чиқариш бино-иншотлари тадбиркорларга тўғридан-тўғри 7 йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш ёки ижара асосида берилади;

в) газлама, трикотаж мато, тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бўяш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида хорижий валютада ажратиладиган кредитларнинг 7 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган қисми бўйича фоиз харажатларининг 6 фоиз банддан юқори қисми, бироқ 5 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ томонидан компенсация қилиб берилади.

Бош вазир ўринбосарлари Ж.Қўчқоров ва Ж.Ходжаев бир ҳафта муддатда мазкур банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган маблағларни молиялаштириш ва уларни қайтариш механизмини белгилаб берсин.


3. 2026 йил 1 январга қадар тўқимачилик саноат зоналари дирекциялари ва уларда ташкил этиладиган корхоналар мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод этилсин.

Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.


4. Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган, 1-иловага мувофиқ рўйхат бўйича импорт қилинадиган хомашё ва бошқа материаллар, бутловчилар ва эҳтиёт қисмлар 2027 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинсин.

Бунда, Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг таклифлари асосида ҳар чоракда ушбу рўйхатга тегишли ўзгартириш киритиб бориши мумкин.


5. Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (Ж.Ходжаев) 2024 йил 15 майга қадар:

тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотларини электрон тижорат платформаларида жойлаштириш, реклама ва тарғиб қилиш учун молиявий кўмаклашиш тартибини тасдиқласин;

бўялган мато ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ташиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш тартибини такомиллаштирсин;

Андижон, Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати соҳасида дизайнер, маркетолог ва конструкторлар марказларини ва синов лабораторияларини ташкил этиш чора-тадбирларини тасдиқласин.

Бунда, мода ва дизайн соҳалари ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш орқали миллий брендларни яратиш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда марказларга камида 10 нафардан юқори малакали хорижий мутахассислар жалб қилишни назарда тутсин.


6. Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳамда "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси билан биргаликда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтган ҳудудда хизмат кўрсатиш объектларини қуришга қулай бўлган 30 гектар ер майдонида маҳаллий енгил саноат маҳсулотлари ҳамда зарурий импорт хомашёсининг улгуржи бозорини ва марказини ташкил этсин.


7. Мазкур Фармоннинг 5 ва 6-бандларида назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Савдога кўмаклашиш жамғармасига республика бюджетидан 2024 йил май ойидан бошлаб, 4 ой давомида 50 миллиард сўмдан, жами 200 миллиард сўм маблағ ажратилишини таъминласин ҳамда келгуси йилларда бюджет параметрларини шакллантиришда ушбу харажатларни назарда тутсин.


8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳузуридаги Тўқимачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 мартдаги "Ташқи савдо ва ҳудудий саноатни ривожлантиришда тадбиркорлар бирлашмаларининг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-126-сон қарорига 3-иловада назарда тутилган уюшмаларнинг Давлат бюджети маблағлари, божхона божи, йиғимлари ва бошқа мажбурий тўловлардан шаклланадиган маблағларини уларнинг манбалари ва фойдаланиш йўналишларини сақлаб қолган ҳолда қолдиқ маблағлари билан бирга Савдо-саноат палатасининг Ғазначилик хизмати қўмитасида ҳисобрақами юритиладиган Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда - Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси) ўтказиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.

Савдо-саноат палатаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Ҳисоб палатаси Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказиладиган маблағларнинг тўлиқлигини назорат қилсин.


9. Савдо-саноат палатаси "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ва ҳудуд раҳбарлари билан бирга тикув-трикотаж корхоналарини халқаро брендлар талабларига тўлиқ мослаштириш бўйича яхлит тизим жорий этсин. Бунда:

брендлар билан ишлашнинг яхлит тизимини йўлга қўйиш орқали Европа давлатларида кенг қамровли тарғибот кампанияларини ташкил қилиш, тажрибали савдо агентларини ишга ёллаган ҳолда етакчи сорсинг компаниялари, бренд ва ритейлерларни жалб қилиш, уларнинг буюртмасини корхоналарга жойлаштириш йўлга қўйилади;

Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ITMF (Халқаро тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари федерацияси) ва IAF (Халқаро кийим-кечак федерацияси) федерациялари халқаро форумини 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш, тадбиркорларга ишлаб чиқариш, экспорт ва брендлар жалб қилиш, тажрибали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш, бизнес миссиялар ва кўргазмаларда иштирокини ташкиллаштириш, ички ва ташқи бозорларда маҳаллий брендлар савдосини ривожлантириш, тўқимачиликка бағишланган халқаро тадбирларни ўтказиш ва қатнашиш, тўқимачилик саноати ягона электрон платформасини юритиш учун грант, субсидия ва бошқа имтиёзларга йўналтирилади.

Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси бир ой муддатда халқаро брендлар талабларига тўлиқ мослаштириладиган корхоналар рўйхати ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш тартибини тасдиқласин.


10. Солиқ қўмитаси ва Божхона қўмитаси икки ҳафта муддатда хорижий давлатлар фуқаролари Ўзбекистон ҳудудидаги чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларидан товарларни сотиб олганда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш ("tax free") тизимини янада кенгайтириш чоралари бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Мазкур Фармоннинг 2-банди "а" кичик бандига мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳисобидан корхоналарнинг устав капиталига киришда шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

лойиҳаларни амалга ошириш учун лойиҳа ташаббускори хорижий бренд ва инвесторлар билан келишувга эришиши ҳамда уларни жалб этиши мажбурий ҳисобланмайди;

лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш рентабеллиги кўрсаткичи 10 фоиздан кам бўлмаган миқдорда бўлиши талаб этилади;

Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази томонидан лойиҳа доирасида фақат харид қилинадиган асбоб-ускуналарнинг нарх параметрларининг жорий бозор конъюнктурасига мувофиқлиги кўриб чиқилади;

Жамғарманинг муайян лойиҳада иштирок этиш шартлари Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан тасдиқлаш учун Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига киритилади.


12. Белгилансинки, 2024 йил 1 майдан бошлаб:

2026 йил 1 майга қадар "А" ва ундан юқори тоифадаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно), шунингдек, ушбу тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) бир кун муддатда текширувларсиз амалга оширилади;

банкларга тўқимачилик ва тикув-трикотаж йўналишидаги экспортчиларнинг экспорт шартномаси бўйича тўлов талаб қилиш ҳуқуқини, жумладан "Савдони ривожлантириш компанияси" АЖ маблағлари ҳисобидан банк хизматлари учун харажатларни чегирган ҳолда сотиб олишга рухсат берилади. Бунда, пул келиб тушишини кафолатлаш учун экспортчи банкка ўз мулкини гаровга қўяди ёки бошқача таъминот тақдим этади;

"А" ва ундан юқори тоифадаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж йўналишидаги экспортчи корхоналарга аккредитивни гаровга олган ҳолда унинг 70 фоизи миқдорида ажратиладиган кредитлар учун банкларга "Савдони ривожлантириш компанияси" АЖ томонидан маблағ тақдим қилиш тизими жорий қилинади.


13. Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги икки ой муддатда республикада ишлаб чиқарилган трикотаж матоларини сотиш ва қайта ишлаш учун Бангладеш, Миср, Марокаш ва Вьетнам давлатларининг эркин иқтисодий зоналарида савдо уйларини очиш ва омборларни ижарага олишни ташкил этишни таъминласин.


14. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Савдо-саноат палатаси билан биргаликда бир ой муддатда тўқимачилик корхоналарига ўз объектларини хўжалик йўли билан қуришга рухсат бериш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


15. Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда Тошкент шаҳрида ва босқичма-босқич ҳудуд марказларидаги йирик савдо комплексларида "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" (Made in Uzbekistan) бренди остида миллий маҳсулотлар дўконларини ташкил қилсин. Ушбу дўконларни ташкил этиш учун Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланишга рухсат берилсин.


16. Вазирлар Маҳкамаси ҳар ойда тўқимачилик, тикув-трикотаж корхоналари ва пахта-тўқимачилик кластерларининг муаммоларини муҳокама қилган ҳолда, уларни бартараф этиш бўйича амалий чораларни кўриб борсин ҳамда амалга оширилган ишлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


18. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


19. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев ва Савдо-саноат палатаси раиси Д.А. Вахабов белгилансин.

Фармон ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 1 майдаги

ПФ-71-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда

божхона божидан озод қилинадиган, тўқимачилик

маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва

республикада ишлаб чиқарилмайдиган, хомашё

ва бошқа материаллар, бутловчи буюмлар

ва эҳтиёт қисмлар

РЎЙХАТИ

Т/р

ТИФ ТН коди

Товар номи

      

    

I. ХОМАШЁ ВА БОШҚА МАТЕРИАЛЛАР

    

1.

3206 19 000 0

Бошқа ранг берувчи моддалар; 3203, 3204 ёки 3205-товар позицияларидаги препаратлардан фарқланувчи, ушбу гуруҳнинг 3-изоҳида кўрсатилган препаратлар; кимёвий таркиби аниқ ёки ноаниқ бўлган, люминофорлар сифатида ишлатиладиган ноорганик маҳсулотлар; титан диоксиди асосида тайёрланган пигментлар ва препаратлар; бошқалар


2.

3208 90 190 9

Синтетик полимерлар ёки кимёвий модификацияланган табиий полимерлар асосидаги, диспергирланган ёки сувсиз муҳитда эритилган бўёқлар ва лаклар (шу жумладан, эмаллар ва политурлар); ушбу гуруҳнинг 4-изоҳида кўрсатилган эритмалар; бошқалар


3.

3209 90 000 0

Синтетик полимерлар ёки кимёвий модификацияланган табиий полимерлар асосидаги, диспергирланган ёки сувли муҳитда эритилган бўёқ ва лаклар (шу жумладан, эмаль ва политурлар); бошқалар


4.

3215 11 000 0

3215 19 000 0


Полиграфик бўёқ, ёзиш ёки чизиш учун сиёҳ ёхуд туш ва концентрацияланган ёки концентрацияланмаган, қаттиқ ёки қаттиқ бўлмаган бошқа сиёҳлар; қора; бошқалар


5.

3506 10 000 0

Нетто оғирлиги 1 кг дан кўп бўлмаган, елимлар ёки адгезивлар сифатида чакана савдо учун қадоқланган, елимлар ва адгезивлар сифатида ишлатиш учун яроқли бўлган маҳсулотлар


      

II. БУТЛОВЧИ БУЮМЛАР ВА ЭҲТИЁТ ҚИСМЛАР

     

6.

2710 19 820 0

2710 19 980 0


Мотор мойлари, компрессор ёғлаш мойи, турбина ёғлаш мойи

7.

2710 19 880 0

Шестернялар учун мой ва редуктор мойи


8.

2710 19 940 0

Электр изоляциялаш мойлари


9.

3917 29 000 0

3917 40 000 0


Пластмассадан тайёрланган қувурлар, найчалар, шланглар ва уларнинг фитинглари (масалан, бирикмалар, тирсаклар, гардишлар); бошқа пластмассадан тайёрланган қаттиқ қувурлар, найчалар ва шланглар; бошқалар; чоксиз ва ишлов берилган ёки ишлов берилмаган юзали, узунлиги кўндаланг кесим максимал ўлчамидан ошадиган, лекин ишлов берилмаган фитинглар


10.

3919 90 000 0

Пластмассадан тайёрланган ўзи ёпишадиган, рулонларда ёки рулонсиз плиталар, листлар, плёнка, лента, тасма ва бошқа ясси формалар; бошқалар


11.

3926 90 970 9

Пластмассалар ва улардан тайёрланган буюмлар; бошқалар


12.

8311 10 000 9

Ёйли электр пайвандлашда ишлатиладиган қимматбаҳо бўлмаган металлдан ясалган, қопламали электродлар


13.

8415 81 001 0

Махсус ишлаб чиқариш биноларида микроиқлимни сақлаб туриш учун ҳарорат ва намликни автоматик тарзда ростлайдиган саноат кондиционерлари


14.

8481 10 990 8

8481 80 819 0


Қувур ўтказгичлар, қозонлар, резервуарлар, цистерналар, баклар ёки шунга ўхшаш сиғимлар учун кранлар, клапанлар, вентиллар ва шунга ўхшаш арматуралар, шу жумладан редукцион ва ҳароратни тартибга солувчи клапанлар; бошқалар


15.

8481 40 900 0

Сақловчи ёки юк туширувчи клапанлар; бошқалар


16.

8481 20 900 9

Пневматик куч трансмиссиялари учун тартибга солувчи клапанлар; бошқалар


17.

8504 40 910 0

Электр трансформаторлар, статик электр ўзгартиргичлар (масалан тўғрилагичлар), индуктивлик ғалтаги ва дроселлар; статик ўзгартиргичлар; бошқалар;


18.

8536 90 010 0

Электр занжирлар учун дастлабки йиғилган элементлар


19.

8537 10 990 0

Пультлар, панеллар, консоллар, столлар, тақсимловчи шитлар ва электр токини бошқариш ёки тақсимлаш учун 8535 ёки 8536-товар позицияларидаги икки ёки ундан ортиқ ускуналар билан жиҳозланган, шу жумладан 8517- позициядаги коммутацион қурилмалардан ташқари, 90-гуруҳдаги асбоблар ёки мосламаларни ва рақамли бошқарув аппаратларини ўз ичига олган электр аппаратуралар учун бошқа асослар; бошқалар


20.

8501 52 200 9

Бошқа кўп фазали ўзгарувчан ток двигателлари (AC мотор)


21.

8501 32 000 2

Электр двигателлар ва генераторлар (электр генератор қурилмаларидан ташқари) (DC мотор)


22.

8538 90 920 0

Электрон модуллар


23.

8540 89 000 0

Термокатодли, совуқ катодли ёки фотокатодли лампалар ва электрон найчалар, (масалан, вакуум ёки буғ ёки газ билан тўлдирилган лампалар ва найчалар, симобли ёй тўғрилагич лампалар ва найчалар ҳамда электрон нурли найчалар, телевизион узатувчи найчалар); электрон лампалар ва бошқа найчалар


24.

8542 31 901 0

Электрон интеграл микросхемалар; монолит интеграл микросхемалар


25.

9032 89 000 0

Автоматик созлаш ва бошқариш учун асбоб-ускуналар ва мосламалар


26.

9603 50 000 9

Механизм, асбоб-ускуна ва транспорт воситаларининг қисми бўлган чўткалар; бошқалар


        

         




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 1 майдаги

ПФ-71-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим ҳужжатларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 октябрдаги "Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6091-сон Фармонининг 5-банди қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Молиявий ресурслардан ажратилаётган кредитлар бўйича имтиёзли давр муддати уни ажратиш муддатининг учдан бир қисмини ташкил этади";

ўн тўртинчи ва ўн бешинчи хатбошилар тегишинча ўн бешинчи ва ўн олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 январдаги "Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-2-сон Фармонида:


а) 2-бандда:

"а" кичик банднинг иккинчи хатбошисидаги "Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳузуридаги Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига" сўзлари "Савдони ривожлантириш компанияси" акциядорлик жамиятига" сўзларига ҳамда "2024 йил августдан бошлаб 2026 йил 1 январга қадар қайтариш шарти билан" сўзлари "2028 йил 1 январга қадар қайтариш шарти билан" сўзларига алмаштирилсин.;

"д" кичик бандда:

"Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси" сўзлари "Савдони ривожлантириш компанияси" акциядорлик жамияти" сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Бунда, 3 йил муддатгача берилган кредитларнинг маълум бир қисми белгиланган муддатларда сўндирилган тақдирда, тадбиркорлик субъектларига кредитнинг сўндирилган қисмига мутаносиб равишда қўшимча кредитлар ажратилади";


б) 7-банддан "ва чарм" сўзлари чиқариб ташлансин;


в) 1-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида

тўқимачиликка ихтисослашган кичик саноат зоналари

ҳамда Тошкент вилоятида тўқимачилик саноати

маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга

ихтисослашган индустриал технопарк

ҲУДУДЛАРИ

     

Т/р

Ҳудуд номи

Туман номи

Маҳалла номи

Контур

Ер майдони

(га)

    

1.

Андижон вилояти


Пахтаобод тумани


Дўстлик массиви "Ҳаётбахш" МФЙ


266, 267, 268, 269, 270, 271, 272, 273, 274, 275, 276, 277, 278, 279, 280, 282, 283, 285, 286

55

2.

Қашқадарё вилояти


Косон тумани

"Дўстлик" МФЙ


61, 62, 63, 64, 65, 66, 138, 140 13009қ


27,4

"Гулбоғ" МФЙ


2011, 2013қ

2,6

3.

Наманган вилояти


Чортоқ тумани


"Ўрикзор" МФЙ


363, 146, 459, 364, 365, 369, 368, 370, 378, 377, 376, 379, 380, 384, 383, 382, 381, 149, 135, 145, 386, 387, 388, 385, 389


106,1

4.

Тошкент вилояти


Юқори Чирчиқ тумани


"Қурсой" ва "Нурли замин" МФЙ


4185, 4186, 4187, 4188, 4189, 4190, 4191-к, 4023 қк


69

        

Изоҳ:

1. Савдо-саноат палатаси томонидан Андижон ва Наманган вилоятидаги тўқимачиликка ихтисослашган кичик саноат зоналари дирекциялари функциялари Тошкент вилоятида тўқимачилик саноати маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган индустриал технопарк дирекциясига юклатилиши мумкин.

2. Андижон ва Наманган вилоятидаги тўқимачиликка ихтисослашган кичик саноат зоналари ҳудудига киритилиши назарда тутилган бўш ер участкалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун баҳоланган қийматда 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 49 йилга Савдо-саноат палатаси муассислигидаги дирекцияга ижарага берилиши мумкин.

Бунда, ушбу ер участкаларида дирекция томонидан қуриладиган объектлар ер учун тўлов тўлиқ тўлангунга қадар тадбиркорларга чекловларсиз реализация қилиниши мумкин.

3. Наманган вилояти кичик саноат зонаси ер участкалари белгиланган тартибда саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилади".


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 16 майдаги "Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-350-сон қарори 4-бандининг еттинчи хатбошисидан ", шу жумладан Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан кредитлар ажратиш" сўзлари чиқариб ташлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги "Инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларнинг лойиҳаолди, давлат харидига доир тендер бўйича харид қилиш ҳужжатлари ва техник топшириқлар ҳамда шартномаларни экспертизадан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-332-сон қарорига 1-иловада:


2-банд "а" кичик бандининг биринчи хатбошисидан ", шу жумладан Саноатни ривожлантириш жамғармаси" сўзлари чиқариб ташлансин;


3-банд "г" кичик бандининг биринчи хатбошисидан ", Саноатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар бундан мустасно" сўзлари чиқариб ташлансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 18 декабрдаги "Саноатни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида"ги ПҚ-397-сон қарорининг 5-банди учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тегишли тармоқнинг илмий-техник кенгаши томонидан ва лойиҳа доирасидаги импорт контарктлари "Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК томонидан экспертизадан ўтказилади".


6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 мартдаги "Ташқи савдо ва ҳудудий саноатни ривожлантиришда тадбиркорлар бирлашмаларининг ролини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-126-сон қарорининг 5-банди тўртинчи хатбошисидаги "2024 йил 1 июлдан" сўзлари "2024 йил 1 майдан" сўзлари билан алмаштирилсин.


7. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июндаги "Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 397-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 июндаги "Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги технологик асбоб-ускуналар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги 352-сон қарорида:


а) 1-иловаси қуйидаги мазмундаги 79-2 позицияси билан тўлдирилсин:

    

79-2

8415 81 001 0

Тўқимачилик саноатида фойдаланиладиган саноат кондиционерлари***

     

         

б) қуйидаги мазмундаги изоҳ билан тўлдирилсин:

"*** тўқимачилик саноати корхоналари томонидан олиб кириладиган тўқимачилик саноатида фойдаланиладиган саноат кондиционерларига нисбатан 2026 йил 1 январга қадар татбиқ этилади.".

      

      

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 3 май