Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган бозорида олди-сотди битимларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 27.12.2024 й. 3596-сон билан рўйхатга олинган Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 02.12.2024 й. 12-сон буйруғига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2024 йил 27 декабрда 3596-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Истиқболли лойиҳалар миллий

агентлиги директорининг

2024 йил 2 декабрдаги

12-сон буйруғига

1-ИЛОВА



Қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари

уюшган бозорида олди-сотди битимларини

амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган бозорида акциялар, корпоратив облигациялар, инфратузилма облигациялари ва қимматли қоғозларнинг ҳосилаларининг (бундан буён матнда қимматли қоғозлар деб юритилади) олди-сотди битимларини амалга ошириш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган бозори - қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан уюштирилган, қимматли қоғозларнинг сотиб олиш ва сотиш операциялари амалга ошириладиган қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдо тизимлари;


биржадан ташқари савдолар тизими (бундан буён матнда БТСТ деб юритилади) - қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга буюртмаларни тўплаш ва қаноатлантиришни таъминлайдиган, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари томонидан уюштирилган қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари электрон савдо тизими;


мижоз - БТСТда қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки сотишга буюртмани расмийлаштирган жисмоний ёки юридик шахс;


мижознинг инвестиция воситачиси - тузилган шартномага мувофиқ мижозга хизматлар кўрсатувчи инвестиция воситачиси;


биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси - қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг тегишли лицензияси асосида қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдосини ташкил этиш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси;


биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг шериги - жисмоний ва юридик шахслардан қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга буюртмаларни тўплаш ва ушбу буюртмаларни БТСТга юбориш учун биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузган хўжалик юритувчи субъект;


буюртмаларни қабул қилиш пункти (бундан буён матнда БҚҚП деб юритилади) - қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга буюртмаларни қабул қилиш, киритиш ва дастлабки кўриб чиқишни ҳамда уларни БТСТга юборилишини амалга оширувчи биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг ҳудудий алоҳида бўлинмаси ёки унинг шеригининг бўлинмаси;


хизмат кўрсатувчи депозитарий - "Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси" АЖ;


қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентилиги;


биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг қоидалари - қимматли қоғозларни муомалага киритиш ва уларни муомаладан олиш тўғрисидаги нормаларни, қимматли қоғозлар котировкаларини, биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси томонидан иштирокчиларни БТСТга киритиш, ахборотни ошкор қилиш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шартларни ўз ичига олувчи қимматли қоғозлар савдоси қоидалари;


буюртма - биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси талабларига мувофиқ битимларни тузиш учун керак бўладиган барча шартларни ўз ичига олувчи қимматли қоғозлар олди-сотди битимини тузиш тўғрисида таклиф;


топшириқ - биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси, мижознинг инвестиция воситачиси, хизмат кўрсатувчи депозитарий томонидан қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган бозорида қимматли қоғозлар олди-сотди битимларини амалга оширишда қимматли қоғозлар билан операцияларни ўтказиш учун электрон ёки қоғоз шаклда бериладиган фармойиш.



2-БОБ. БИРЖАДАН ТАШҚАРИ САВДОЛАР ТАШКИЛОТЧИСИ

ТОМОНИДАН КЎРСАТИЛАДИГАН ХИЗМАТЛАР


2. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси ўз мижозларига қуйидаги хизматларни кўрсатади:

юридик ва жисмоний шахслардан қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга буюртмаларни қабул қилиш ва уларнинг қаноатлантирилиши учун буюртманинг шартларига мувофиқ шарт-шароитлар яратиш;

қимматли қоғозлар олди-сотдиси бўйича савдоларни ташкил этиш;

қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқларини ўтказишни расмийлаштириш учун барча зарурий ҳаракатларни таъминлаш;

қимматли қоғозлар олди-сотди битимларини рўйхатдан ўтказиш;

БТСТда муомалада бўлган қимматли қоғозлар котировкаси ҳақида маълумот бериш;

қимматли қоғозлар билан битимлар бўйича ўзаро мажбуриятларни аниқлаш ва ҳисобга олиш (клиринг).


3. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси ўзи томонидан уюштирилган савдолардаги битимларда тарафлардан бири сифатида иштирок этишга ҳақли эмас.


4. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Низом талабларига риоя этган ҳолда қуйидагиларни белгилайди:

қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга буюртмалар турлари ва шакллари;

қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки сотишга буюртмалар бериш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати;

тўловларни киритиш ва тўловларни амалга ошириш тартиби, шакли ва муддати;

қимматли қоғозларни етказиб бериш муддати ва тартиби.


5. БТСТ савдоларида тузилган битимлар биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган савдолар натижалари асосида биржадан ташқари битимларни ҳисобга олиш регистри шаклида рўйхатга олинади.


6. Фонд биржасининг биржа котировкалаш варағида мавжуд бўлмаган қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган бозоридаги савдоларга қўйилиши мумкин.


7. Қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган бозорида қимматли қоғозлар билан битимларни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш электрон шаклда амалга оширилади.



3-БОБ. БТСТда МИЖОЗЛАРНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


8. Агар биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг қоидаларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси БТСТда рўйхатдан ўтказилган мижозларгагина хизмат кўрсатиши мумкин.


9. Мижозни БТСТда рўйхатдан ўтказиш мижоз томонидан тақдим этилган буюртмага асосан амалга оширилади.


10. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси мижознинг тўғри тўлдирилган буюртмаси топширилганидан сўнг бир иш куни давомида уни БТСТда рўйхатдан ўтказиши ва унга мижознинг идентификация рақамини бериши шарт.


11. Мижоз биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг БҚҚП орқали, шунингдек биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси шеригининг БҚҚП орқали ҳам БТСТда рўйхатдан ўтказилиши ва унга хизмат кўрсатилиши мумкин.


12. Мижоз қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга буюртмаларни биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси ёки унинг шеригининг исталган БҚҚПларидан бирига, шунингдек махсус веб-илова орқали топшириши мумкин. Бунда мижознинг БТСТдаги идентификация рақами ўзгармайди.

Буюртмалар мижознинг инвестиция воситачиси томонидан БҚҚП орқали топширилган тақдирда, буюртмага мижоз ва инвестиция воситачиси ўртасидаги инвестиция воситачисига мижознинг номидан буюртмалар бериш ҳуқуқини назарда тутувчи шартнома нусхаси илова қилинади.


13. Қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш бўйича буюртмалар қаноатлантирилган тақдирда, биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси мижозга битим рўйхатдан ўтган кундан эътиборан бир иш куни мобайнида биржадан ташқари битимларни ҳисобга олиш регистридан кўчирма юборади.


14. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси мижоз рўйхатдан ўтганидан сўнг бир кун ичида, агар биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг қоидаларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, унга шахсий ҳисобварақ очади.


15. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси мижозлар томонидан қимматли қоғозларни сотиб олиш (сотиш)га берилган буюртмалар ва савдолар якунларининг марказлаштирилган хронологик рўйхатини юритади.


16. Мижозларни рўйхатдан ўтказиш бепул амалга оширилади.



4-БОБ. БТСТда МИЖОЗЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ


17. Мижоз ва (ёки) мижознинг инвестиция воситачиси қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари уюшган бозорида битимларни амалга ошириш учун буюртмаларни биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг қоидаларида белгиланган шаклда ва тартибда бериши шарт.


18. Буюртмада, агар биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг қоидаларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, қуйидагилар кўрсатилиши керак:

БҚҚПнинг масъул ходими томонидан киритилган буюртманинг берилган санаси ва вақти;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (жисмоний шахслар учун), солиқ тўловчининг идентификация рақами (юридик шахслар учун);

битимнинг йўналиши (сотиб олиш ёки сотиш);

қимматли қоғозлар сони;

бир дона қимматли қоғозни сотиб олишнинг энг юқори нархи (қимматли қоғозни сотиб олишга буюртма учун);

бир дона қимматли қоғозни сотишнинг энг паст нархи (қимматли қоғозни сотишга буюртма учун);

битимларни амалга ошириш учун биржадан ташқари савдолар ташкилотчисида мижознинг депонентланган маблағлари суммаси;

қимматли қоғозларни ҳисобга олиш (ҳисобдан чиқариш) учун мижознинг инвестиция воситачисидаги депо ҳисобварағи реквизитлари;

амал қилиш муддати тугашининг аниқ санаси кўрсатилган ҳолда буюртманинг амал қилиш муддати;

эмитентнинг номи;

қимматли қоғозларнинг тури;

БҚҚПнинг буюртмани қабул қилиб олган масъул ходимининг имзоси (буюртмани электрон тарзда киритиш бундан мустасно).


19. Мижознинг (сотувчининг) қимматли қоғозларни сотишга буюртма бериши унинг номидан:

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига хизмат кўрсатувчи депозитарийга мижознинг қимматли қоғозларини депонентлаш учун ҳисобварақ очишга топшириқ бериш;

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига мижознинг қимматли қоғозларини хизмат кўрсатувчи депозитарийга (мижознинг ҳисобварағига) топшириш (депонентлаш);

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига мижознинг БТСТда савдо қилиши учун хизмат кўрсатувчи депозитарийга мижознинг ҳисобварағидаги қимматли қоғозлар ҳаракатини тўхтатишга топшириқ бериш;

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига мижознинг қимматли қоғозларини депо ҳисобварағидан ҳисобдан чиқариб унинг хизмат кўрсатувчи депозитарийдаги ҳисобварағига ўтказиш;

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига клиринг ўтказилгандан сўнг бир иш куни мобайнида савдо натижалари асосида сотилган қимматли қоғозлар учун мижознинг (сотувчининг) ҳисобварағига пул маблағларини ўтказиш;

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига клиринг ўтказилгандан сўнг хизмат кўрсатувчи депозитарийга савдо натижалари асосида мижознинг савдо ҳисобварағидан қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқаришга топшириқ бериш;

биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси топшириғига асосан хизмат кўрсатувчи депозитарийга мижознинг ҳисобварағидан қимматли қоғозларни ҳисобдан чиқаришни амалга ошириш ҳуқуқини беради.


20. Мижознинг қимматли қоғозларни сотишга буюртмаларини қайтариб олиши ёки уларнинг амал қилиш муддатининг тугаши унинг номидан:

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига хизмат кўрсатувчи депозитарийга реализация қилинмаган қимматли қоғозларни блокировкадан ечишга топшириқ бериш;

хизмат кўрсатувчи депозитарийга биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси топшириғига асосан реализация қилинмаган қимматли қоғозларни сотувчининг ҳисобварағидан мижознинг инвестиция воситачисидаги депо ҳисобварағига ўтказишни амалга ошириш;

мижознинг инвестиция воситачисига биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг топшириғига асосан хизмат кўрсатувчи депозитарийга мижознинг қимматли қоғозларини блокировкадан ечиш, уларни хизмат кўрсатувчи депозитарийдаги мижознинг ҳисобварағидан мижознинг инвестиция воситачисидаги ЛОРО ҳисобварағига ҳисобдан чиқаришга топшириқ бериш;

мижознинг инвестиция воситачиси топшириғига асосан хизмат кўрсатувчи депозитарийга мижознинг реализация қилинмаган қимматли қоғозларини блокировкадан чиқариш, уларни мижознинг ҳисобварағидан мижознинг инвестиция воситачисидаги ЛОРО ҳисобварағига ҳисобдан чиқариш;

мижознинг инвестиция воситачисига хизмат кўрсатувчи депозитарийнинг огоҳлантиришига асосан мижознинг реализация қилинмаган қимматли қоғозларини унинг депо ҳисобварағига ўтказиш ҳуқуқини беради.


21. Мижознинг (харидорнинг) қимматли қоғозларни сотиб олишга буюртма бериши унинг номидан:

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига мижознинг инвестиция воситачисига хизмат кўрсатувчи депозитарийда мижознинг ҳисобварағини очиши учун топшириқ бериш;

мижознинг инвестиция воситачисига биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг топшириғига асосан хизмат кўрсатувчи депозитарийга мижознинг ҳисобварағини очишга топшириқ бериш;

хизмат кўрсатувчи депозитарийга биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси ёки мижознинг инвестиция воситачиси топшириғига асосан мижознинг ҳисобварағини очиш;

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига клиринг ўтказилганидан сўнг биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси мижозининг ҳисобварағи бўйича савдо натижалари асосида сотиб олинган қимматли қоғозлар учун пул маблағларини ҳисобдан чиқаришни амалга ошириш;

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига клиринг ўтказилганидан сўнг хизмат кўрсатувчи депозитарийга савдолар натижаларига асосан мижознинг ҳисобварағига қимматли қоғозларни ўтказишга топшириқ бериш;

хизмат кўрсатувчи депозитарийга биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси топшириғига асосан БТСТда харид қилинган қимматли қоғозларни мижознинг ҳисобварағига ўтказиш;

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига хизмат кўрсатувчи депозитарийга мижознинг ҳисобварағидан қимматли қоғозларни мижознинг инвестиция воситачисидаги ЛОРО ҳисобварағига ҳисобдан чиқаришга топшириқ бериш;

хизмат кўрсатувчи депозитарийга биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси топшириғига асосан мижознинг савдо ҳисобварағидан нақд бўлмаган қимматли қоғозларни мижознинг инвестиция воситачисидаги ЛОРО ҳисобварағига ҳисобдан чиқаришни амалга ошириш;

хизмат кўрсатувчи депозитарийга биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси топшириғига асосан мижознинг депозитарийсидаги унинг депо ҳисобварағига ўтказишга топшириқ бериш;

мижоз депозитарийсига хизмат кўрсатувчи депозитарий топшириғига асосан мижознинг қимматли қоғозларини унинг депо ҳисобварағига ўтказиш;

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисига БТСТдаги савдолар якунларига кўра мижоз депозитарийсидаги мижознинг депо ҳисобварағи бўйича кўчирмани олиш ҳуқуқини беради.



5-БОБ. БИРЖАДАН ТАШҚАРИ САВДО ТАШКИЛОТЧИСИ

ҲАМДА МИЖОЗНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


22. Мижоз қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга буюртма бериш;

биржадан ташқари савдо ташкилотчисидан қимматли қоғозларни сотиб олишга ёки сотишга берилган буюртмаларни қондириш тўғрисидаги ҳисоботни талаб қилиш;

БТСТга келиб тушган қимматли қоғозларни сотиб олишга ёки сотишга буюртмалар тўғрисидаги маълумотларни олиш;

савдолар ўтказилгунига қадар ўз буюртмаларининг қондирилмаган қисмини қайтариб олиш. Савдолар ўтказилгунига қадар биржадан ташқари савдолар ташкилотчисида депонентланган пул маблағлари, қимматли қоғозлар ва буюртмаларни қайтариб олиш тартиби биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


23. Мижоз:

ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек БТСТда савдоларни ўтказиш қоидаларига риоя қилиши;

қимматли қоғозларни сотиб олишга буюртмаларни қондиришни назарда тутган, ҳисоб-китоб клиринг операцияларини ўтказиш қоидаларида белгиланган миқдор ва шартларда биржадан ташқари савдолар ташкилотчисида пул маблағлари депонентланишини таъминлаши;

мижознинг инвестиция воситачисининг депо ҳисобварағида буюртмада сотиш учун кўрсатилган ҳажмда қимматли қоғозлар мавжудлигини таъминлаши;

тегишли буюртмани қайтариб олмасдан туриб, депонентланган пул маблағлари ва қимматли қоғозларни олмаслиги шарт.


24. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси хизматларни тақдим этиши учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида БҚҚПлари фаолиятини ташкил этиш;

қимматли қоғозларни сотишга берилган буюртмалар асосида хизмат кўрсатувчи депозитарийга мижознинг қимматли қоғозларини депонентлашни таъминлашга ва уларни биржадан ташқари савдоларини тўхтатиб қўйишга топшириқ бериш;

инвестиция воситачилари билан битимлар тузиш;

хизмат кўрсатувчи депозитарийдан биржадан ташқари савдоларда депонентланган қимматли қоғозлар тўғрисида маълумотлар олиш;

қимматли қоғозларни сотиб олишга буюртмаларни мижознинг депонентланган пул маблағлари миқдорига мутаносиб ҳажмда қондириш;

қимматли қоғозларни сотишга буюртмаларни мижознинг депонентланган қимматли қоғозлар миқдорига мутаносиб ҳажмда қондириш;

тақдим этилган буюртмалар ҳақидаги барча маълумотларни (мижоз тўғрисидаги маълумотлар бундан мустасно) эълон қилиш;

мижозларнинг БТСТга бевосита киришини таъминлаш.


25. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси:

савдоларни ўтказиш қоидаларига мувофиқ мунтазам савдолар ўтказилишини таъминлаши;

манфаатдор шахсларга қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларини савдога киритиш қоидаларини, қимматли қоғозларни савдога қўйиш қоидаларини, битимларни тузиш ва таққослаш қоидаларини, битимни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини, битимларни бажариш тартибини, нархлар билан манипуляция қилишни чеклаш қоидаларини, қимматли қоғозлар бозорида биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси томонидан тақдим этиладиган хизматлар кўрсатиш жадвалини, юқорида санаб ўтилган ҳолатлар ва савдоларга қўйилган қимматли қоғозлар рўйхатига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш регламантини, шунингдек ҳисоб-китоб клиринг операцияларини ўтказиш қоидаларини ошкор этиши;

манфаатдор шахсларнинг БТСТда мавжуд бўлган қимматли қоғозларни сотиб олишга ёки сотишга таклифлар ва ўтказилган савдолар натижалари тўғрисидаги маълумотларга тўсиқсиз киришини таъминлаши;

мижозларнинг қимматли қоғозларни сотиб олишга ёки сотишга буюртмаларини буюртмада ҳамда ўзининг қоидаларида белгиланган шартларга мувофиқ қаноатлантириши;

қаноатлантирилган буюртмаларга мувофиқ мижозга пул маблағлари ва қимматли қоғозлар ўтказилишини таъминлаши;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қимматли қоғозлар олди-сотди битимларини рўйхатдан ўтказиши;

биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг қоидаларида белгиланган тартибда мижозга унинг қаноатлантирилган буюртмалари билан боғлиқ биржадан ташқари битимларни ҳисобга олиш регистридан кўчирма нусхаларини бериши;

мижозларнинг розилигисиз улар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаслиги, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг сўровига кўра, рўйхатдан ўтказилган шахслар сони ва тоифалари тўғрисидаги, бозор фаоллиги параметрлари тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этиши;

мижозлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг хавфсизлигини ва уларнинг рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилишини таъминлаши;

мижознинг сўрови бўйича қимматли қоғозларни сотиб олишга/сотишга берилган буюртмалари қондирилиши тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиши;

оммавий ахборот воситаларида савдолар натижалари, эмитентларнинг номлари, сотиб олишга ёки сотишга таклиф этилган қимматли қоғозларнинг сони, тури ва баҳоси тўғрисидаги маълумотларни мунтазам эълон қилинишини таъминлаши;

мижоз қимматли қоғозларни сотишга буюртмани қайтариб олганида ёки сотишга буюртманинг амал қилиш муддати тугаганда, мижознинг қимматли қоғозларини БТСТда сотишга қўйилган қимматли қоғозлар рўйхатидан чиқариши ҳамда инвестиция воситачисидаги мижознинг депо ҳисобварағига қимматли қоғозларнинг қайтарилишини таъминлаши шарт.


26. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси мижозларга савдоларда иштирок этиш имкониятининг қуйидаги усулларини таъминлаши мумкин:

БҚҚП операторлари орқали қимматли қоғозларни сотиб олишга ёки сотишга қоғоз шаклидаги буюртмаларни бериш билан;

БҚҚПда ўрнатилган терминаллар орқали қимматли қоғозларни сотиб олишга ёки сотишга тўғридан-тўғри электрон буюртмалар киритиш йўли билан;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг қоидаларида белгиланган бошқа усуллар билан.



6-БОБ. БТСТда САВДОЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


27. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси қатъий белгиланган вақт оралиғида савдоларни мунтазам равишда ўтказилишини таъминлаши шарт.


28. Савдолар қимматли қоғозларни сотиб олишга ёки сотишга буюртмаларни йиғиш йўли билан қатъий белгиланган муддат ичида ўтказилади.


29. Мижозларнинг буюртмаларини қаноатлантириш икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда сотувчилардан қимматли қоғозларнинг энг кўп миқдорини сотиб олувчиларнинг мол-мулкига ўтказилишини таъминловчи котировка баҳоси белгиланади.

Иккинчи босқичда қимматли қоғозларни сотиб олиш нархи котировка баҳосидан юқори ёки тенг ва сотиш баҳоси котировка баҳосидан паст ёки тенг бўлган барча буюртмалар қаноатлантирилади.


30. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси қоидаларини ва биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг БҚҚП ҳамда инвестиция воситачилари билан ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.


31. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси ва хизмат кўрсатувчи депозитарий ўртасидаги ҳамкорлик қилиш шартлари ҳамда тартиби қонунчилик ҳужжатлари ва улар ўртасидаги шартнома билан тартибга солинади.

Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси, хизмат кўрсатувчи депозитарий ва мижознинг инвестиция воситачисининг электрон ҳужжатларни қабул қилиш ва юбориш йўли билан амалга оширилади.


32. Савдога қўйилган қимматли қоғозларнинг мавжудлигини таъминлаш ва ҳисобга олиш хизмат кўрсатувчи депозитарий томонидан амалга оширилади, рўйхатдан ўтказилган мижозларнинг пул маблағлари ҳисоби ва сақланиши эса биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси томонидан амалга оширилади.



7-БОБ. МИЖОЗЛАР БИЛАН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ


33. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси ўз хизматлари учун тарифларни белгилаш ҳуқуқига эга.


34. Клиринг амалга оширилгандан сўнг қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича пул маблағларининг ҳисоб-китоблари Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан амалга оширилади.


35. Клиринг амалга оширилгандан сўнг қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича қимматли қоғозлардаги ҳисоб-китоблар хизмат кўрсатувчи депозитарий ва (ёки) инвестиция воситачиси томонидан амалга оширилади.



8-БОБ. БИРЖАДАН ТАШҚАРИ САВДОЛАР

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ

ВА ҲИСОБОТИ


36. Биржадан ташқари савдолар ташкил этилишининг ҳамда БТСТда амалга оширилган қимматли қоғозлар билан операциялар тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилиниши устидан назорат қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.


37. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига ҳар ойнинг биринчи иш кунида рўйхатдан ўтказилган битимларнинг ҳисоб регистридан кўчирма тақдим этади.


38. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси, хизмат кўрсатувчи депозитарий ва мижознинг инвестиция воситачиси мижозга етказилган ҳақиқий зарар, шунингдек ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги оқибатида мижознинг ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) учун тўлиқ моддий жавобгар бўлади.


39. Биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси, хизмат кўрсатувчи депозитарий ва мижознинг инвестиция воситачиси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг тасарруфида бўлган маълумотларнинг хавфсизлиги ва махфийлиги ҳамда уларнинг ошкор қилиниши натижасида етказилган барча зарарларни қоплаш учун жавобгар бўлади.


40. Мижоз, биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси, хизмат кўрсатувчи депозитарий ва мижознинг инвестиция воситачиси ўртасидаги низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


41. БТСТда рўйхатдан ўтказилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


42. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2025 йил 14 январь