Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотлари реестрини юритиш ҳамда уларнинг таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш бўйича фаолиятини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 13.02.2026 й. 3774-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директорининг 27.01.2026 й. 9-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 13 февралда 3774-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Администрацияси

ҳузуридаги Таълим сифатини

таъминлаш миллий агентлиги

директорининг

2026 йил 27 январдаги

9-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган

халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация

ташкилотлари реестрини юритиш ҳамда уларнинг

таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш

бўйича фаолиятини мониторинг қилиш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) томонидан Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотларининг реестрини юритиш ҳамда уларнинг таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш бўйича фаолиятини мониторинг қилиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотларининг реестри (бундан буён матнда реестр деб юритилади) халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотларининг Агентлик томонидан юритиладиган рўйхати ҳамда улар ҳақида маълумотлардан иборат ягона маълумотлар банки ҳисобланади.


2. Халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотларини (бундан буён матнда аккредитация ташкилотлари деб юритилади) реестрга киритиш Аккредитация ташкилотлари реестрини юритиш комиссиясининг (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) қарорига асосан амалга оширилади.


3. Таълим ташкилотларини комплекс давлат аккредитациясидан ўтказиш даврида реестрга киритилган аккредитация ташкилотлари томонидан аккредитациядан ўтказилган таълим дастурлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 августдаги 498-сон "Ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотларини комплекс ҳамда махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарорида белгиланган мезонлар бўйича ижобий баҳоланган деб ҳисобланади.



2-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ТАШКИЛОТЛАРИНИ

РЕЕСТРГА КИРИТИШ ШАРТЛАРИ ВА

АРИЗА БЕРИШ ТАРТИБИ


4. Аккредитация ташкилотларини реестрга киритиш шартлари қуйидагилардан иборат:

аккредитация ташкилоти сифатида фаолият юритиши учун тегишли ваколат (ҳужжат)га эга бўлиши;

аккредитация ташкилотининг халқаро аккредитациядан ўтказиш талаблари, баҳолаш мезонлари ва ўтказиш тартиблари Ўзбекистон Республикасининг давлат аккредитациясидан ўтказиш талаблари, баҳолаш мезонлари ва ўтказиш тартибларига зид бўлмаслиги;

таълим сифатини таъминлаш тармоқларининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлиши (нуфузли халқаро таълим сифатини таъминлаш ассоциацияларидан камида биттасига аъзо бўлиши);

нуфузли халқаро рейтингларнинг ТОП-300 талик рўйхатида бўлган камида 5 та олий таълим ташкилотининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказган бўлиши;

умумий экспертларининг камида 30 фоизи хорижий эксперт бўлиши (халқаро ва хорижий аккредитация ташкилотлари учун);

аккредитация ташкилоти Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ва маънавий асосларига мутаносиб бўлиши, миллий қадриятлар ва ижтимоий-сиёсий ҳаётига қарши бўлмаслиги;

ўзининг расмий веб-сайтида халқаро аккредитациядан ўтказган таълим ташкилотлари тўғрисида маълумотларнинг мавжудлиги.


5. Аккредитация ташкилотини реестрга киритиш мазкур аккредитация ташкилотининг ёзма ёки электрон шаклдаги аризаси асосида амалга оширилади.

Реестрга киритиш шартларига тўлиқ мос келадиган халқаро аккредитация ташкилоти Агентлик ташаббуси асосида реестрга киритилиши мумкин.


6. Аккредитация ташкилотини реестрга киритиш бўйича аризага қуйидагилар илова қилиниши лозим:

аккредитация ташкилотининг таъсис ҳужжатлари нусхалари (халқаро ва хорижий аккредитация ташкилотлари учун);

хорижий аккредитация ташкилоти учун у жойлашган хорижий давлатнинг ваколатли органи ёки халқаро ташкилотлар томонидан тан олинганлигини (фаолият юритишга рухсат берилганлиги) тасдиқловчи ҳужжатлар;

аккредитациядан ўтказиш талаблари, баҳолаш мезонлари ва ўтказиш тартиблари, шу жумладан аккредитация стандартлари ва методологияси;

нуфузли халқаро рейтингларнинг ТОП-300 талик рўйхатида бўлган камида 3 та олий таълим ташкилотининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказганлиги бўйича ҳисоботлар.


7. Аккредитация ташкилотини реестрга киритиш бўйича ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар Агентлик томонидан ариза келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида кўриб чиқилади.

Агентлик аккредитация ташкилотини реестрга киритиш бўйича тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлигини кўриб чиқиб, хато ва камчиликлар аниқланмаган ҳолларда ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш учун Комиссияга тақдим этади ҳамда бир иш куни ичида бу ҳақида аккредитация ташкилотини хабардор қилади.

Аккредитация ташкилотини реестрга киритиш бўйича тақдим этилган ҳужжатларда хато ва камчиликлар аниқланганда, Агентлик ўн иш кунидан кам бўлмаган муддатда аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш учун бир иш куни ичида аккредитация ташкилотини хабардор қилади.

Бунда, аризани кўриб чиқиш муддати мазкур банднинг учинчи хатбошисида белгиланган муддат мобайнида тўхтатиб турилади.


8. Аккредитация ташкилоти томонидан мазкур Низомнинг 7-банди учинчи хатбошисида белгиланган муддат мобайнида хато ва камчиликларни бартараф этилмаган ёки етишмаётган ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда аризани кўриб чиқиш рад этилади ҳамда бир иш куни ичида бу ҳақида аккредитация ташкилоти хабардор қилинади.



3-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА АККРЕДИТАЦИЯ ТАШКИЛОТЛАРИНИ

РЕЕСТРГА КИРИТИШ ТАРТИБИ


9. Комиссия таркиби раис, Комиссия аъзолари ва масъул котибдан иборат 5 нафардан кам бўлмаган тоқ сонда Агентлик директорининг буйруғи асосида шакллантирилади.

Комиссия таркибига жамоатчилик асосида ташқи экспертлар жалб этилиши мумкин.


10. Комиссияга Агентлик директорининг ўринбосари раислик қилади.

Комиссия раиси Комиссия фаолиятини мустақиллик, холислик, тенглик ва далилларга асосланганлик тамойиллари асосида ташкил этилишини таъминлайди.


11. Манфаатлар тўқнашуви ёки аккредитация ташкилоти билан зиддиятлар мавжудлиги аниқланганда ёхуд Комиссия аъзосининг холислигига шубҳа туғилганда мазкур Комиссия аъзоси Комиссия таркибидан чиқарилади.


12. Комиссия йиғилишларида Комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, Комиссия қарор қабул қилиш учун ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади.


13. Комиссия томонидан аккредитация ташкилотининг мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган шартларга мувофиқлиги ўрганиб чиқилади.


14. Аккредитация ташкилотини реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисидаги Комиссия қарори (бундан буён матнда Комиссия қарори деб юритилади) Комиссия аъзоларининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


15. Комиссия қарори баённома шаклида расмийлаштирилади ҳамда Комиссия раиси томонидан имзоланади.


16. Комиссия қарори ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар Комиссияга келиб тушган кундан бошлаб ўттиз кун ичида қабул қилинади.


17. Реестрга киритилган аккредитация ташкилотига Комиссия қарори қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида ушбу Низомнинг иловасига мувофиқ Аккредитация ташкилотининг Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотлари реестрига киритилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (бундан буён матнда гувоҳнома деб юритилади) берилади.

Аккредитация ташкилотига гувоҳнома берилганлиги Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Аккредитация ташкилотига берилган гувоҳноманинг амал қилиш муддати беш йил ҳисобланади.


18. Қуйидаги ҳолларда аккредитация ташкилотини реестрга киритиш рад этилади:

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги аниқланса;

аккредитация ташкилоти сифатида фаолият юритиши учун тегишли ваколат (ҳужжат)га эга бўлмаса;

таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаса.


19. Агентлик томонидан аккредитация ташкилотини реестрга киритиш рад этилган тақдирда, бу ҳақида Комиссия қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида аккредитация ташкилотини хабардор қилади.


20. Аризани кўриб чиқиш, аккредитация ташкилотини реестрга киритиш ва гувоҳнома бериш учун йиғим ундирилмайди.



4-БОБ. ТАЪЛИМ ДАСТУРЛАРИНИ

АККРЕДИТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ БЎЙИЧА

АККРЕДИТАЦИЯ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ

ВА УЛАРНИ РЕЕСТРДАН ЧИҚАРИШ


21. Агентлик реестрга киритилган аккредитация ташкилотларининг таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш бўйича фаолиятини ҳар уч йилда бир маротаба мониторингдан ўтказади.


22. Мониторинг доирасида қуйидагилар амалга оширилиши мумкин:

манфаатдор томонлардан (таълим ташкилотлари, иш берувчилар, таълим олувчилар ва бошқалар) Агентликка келиб тушаётган ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг муҳокамага сабаб бўлган ариза ва шикоятларни ўрганиш;

аккредитация ташкилоти томонидан белгиланган аккредитациядан ўтказиш талаблари, баҳолаш мезонлари ва ўтказиш тартиблари, шу жумладан аккредитация стандартлари ва методологияси асосида аккредитация фаолияти амалга оширилаётганлигини таҳлил қилиш.

Мониторинг ўтказиш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим.


23. Мониторинг натижасида аккредитация ташкилоти фаолиятида камчиликлар аниқланган ҳолларда аккредитация ташкилотига ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича хабарнома юборилади, бундан мазкур Низомнинг 24-бандида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Хабарномада аккредитация ташкилоти фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Агентликнинг тавсиялари баён этилиши мумкин.

Аккредитация ташкилоти ўз фаолиятида аниқланган камчиликларни Агентлик томонидан белгилаган муддатда бартараф этиши ҳамда бу ҳақида Агентликни хабардор қилиши лозим. Бунда, камчиликларни бартараф этиш муддати бир ойдан кам бўлмаслиги керак.

Мазкур банднинг учинчи хатбошисида белгиланган муддатда аккредитация ташкилоти томонидан камчиликлар бартараф этилмаган ҳолларда Агентлик мониторинг натижалари бўйича маълумотномани асослантирувчи ҳужжатлар билан бирга Комиссияга тақдим этади ҳамда бир иш куни ичида бу ҳақида аккредитация ташкилотини хабардор қилади.


24. Мониторинг натижаси бўйича ушбу Низомнинг 26-банди тўртинчи-олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар аниқланганда Агентлик мониторинг натижалари бўйича маълумотномани асослантирувчи ҳужжатлар билан бирга Комиссияга тақдим этади ҳамда бир иш куни ичида бу ҳақида аккредитация ташкилотини хабардор қилади.


25. Аккредитация ташкилотини реестрдан чиқариш тўғрисидаги масалани Комиссия томонидан кўриб чиқишда Комиссия йиғилиши ўтказилишидан камида бир ҳафта олдин Комиссия йиғилишининг жойи, санаси ва вақти тўғрисида аккредитация ташкилоти хабардор қилинади. Бунда, аккредитация ташкилотининг вакили Комиссия йиғилишида иштирок этиб, ўзининг фикр-мулоҳазалари ва эътирозларини билдиришга ҳақли.


26. Қуйидагилар аккредитация ташкилотини реестрдан чиқариш тўғрисидаги Комиссиянинг қарорини қабул қилиш учун асос ҳисобланади:

аккредитация ташкилоти тугатилганда;

аккредитация ташкилоти ихтиёрий равишда реестрдан чиқариш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш бўйича қарорларни қабул қилишда коррупция ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлар юз берганлиги аниқланганда;

аккредитация ташкилотининг ташқи баҳолаш бўйича ҳисоботи нотўғри ёки қалбаки ҳужжатлар асосида шакллантирилганлиги аниқланганда;

аккредитация ташкилотлари таълим ташкилотларини таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда ушбу Низомда белгиланган талабларга зид равишда аккредитациядан ўтказаётганлиги тасдиқланганда;

аккредитация ташкилотини мониторинг қилиш натижасида аниқланган камчиликлар аккредитация ташкилоти томонидан мазкур Низомнинг 23-банди учинчи хатбошисида белгиланган муддатда бартараф этилмаган тақдирда.

Аккредитация ташкилотини реестрдан чиқариш тўғрисидаги қарор мазкур қарор қабул қилинган куннинг ўзида Агентликнинг расмий веб-сайтда эълон қилинади.



5-БОБ. РЕЕСТРГА КИРИТИЛГАН АККРЕДИТАЦИЯ

ТАШКИЛОТИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


27. Реестрга киритилган аккредитация ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аккредитация ўтказиш тартиб-таомиллари тўғрисида Агентликдан тавсиялар олиш;

таълим дастурларини шартнома асосида аккредитациядан ўтказиш;

аккредитациядан ўтказиш талаблари, баҳолаш мезонлари ва ўтказиш тартиблари, шу жумладан аккредитация стандартлари ва методологиясини таълим тўғрисидаги қонунчиликка зид бўлмаган ҳолда мустақил ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш.

Аккредитация ташкилоти қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


28. Реестрга киритилган аккредитация ташкилоти қуйидагиларни бажариши лозим:

таълим тўғрисидаги қонунчилик ва ушбу Низомда белгиланган талабларга зид бўлмаган тарзда аккредитация фаолиятини олиб бориш;

аккредитация жараёнларини қонуний, холис ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаган ҳолда амалга ошириш;

аккредитациядан ўтказиш талаблари, баҳолаш мезонлари ва ўтказиш тартиблари, шу жумладан аккредитация стандартлари ва методологиясини ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиш;

аккредитация фаолиятида олинган махфий ахборотни ошкор этмаслик;

аккредитация қарорларини асослантирган ҳолда тизимли равишда ҳужжатлаштириш;

аккредитация ҳисоботи ва аккредитация қарорининг бир нусхасини аккредитация жараёнлари якунлангандан сўнг икки ҳафта муддатда Агентликка тақдим этиш.

Аккредитация ташкилоти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


29. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ АДМИНИСТРАТСИЯСИ

ҲУЗУРИДАГИ ТАЪЛИМ СИФАТИНИ

ТАЪМИНЛАШ МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ



Аккредитация ташкилотининг Ўзбекистон

Республикасида тан олинадиган халқаро, хорижий

ва нодавлат аккредитация ташкилотлари

реестрига киритилганлиги тўғрисидаги

ГУВОҲНОМАСИ

"____" __________20___-й.

______-сон

Ушбу гувоҳнома



(аккредитация ташкилоти номи)

______________________________________ни Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган халқаро, хорижий ва нодавлат аккредитация ташкилотлари реестрига киритилганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган таълим ташкилотларининг таълим дастурларини аккредитациядан ўтказишга рухсат берилганлигини тасдиқлайди.


Амал қилиш муддати: "____"-_________20___-й.

Директор





(электрон рақамли имзо)


(Ф.И.О.)

QR код



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 16 февраль