Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 03.04.2026 й. 12-сон "Трансфер-агент фаолияти тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Буйруғи (АВ томонидан 15.04.2026 й. 1872-3-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

15.04.2026 й.

N 1872-3




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР МИЛЛИЙ

АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ

03.04.2026 й.

N 12


БУЙРУҒИ



Трансфер-агент фаолияти тўғрисидаги

низомга ўзгартириш ва қўшимчалар

киритиш тўғрисида



Ўзбекистон Республикасининг "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2008 йил 28 октябрдаги 2008-29-сон буйруғи (рўйхат рақами 1872, 2008 йил 21 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 47-сон, 469-модда) билан тасдиқланган Трансфер-агент фаолияти тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Директор                                                                           Д.Р. Ли






Буйруққа

ИЛОВА



Трансфер-агент фаолияти тўғрисидаги

низомга киритилаётган ўзгартириш

ва қўшимчалар


1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ушбу Низом трансфер-агент фаолиятини юритиш тартибини белгилайди.".


2. 4-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Бунда эмитентларга қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш тизимига тааллуқли ҳужжатларни қабул қилиш, уларга ишлов бериш ва уларни топшириш хизматларини кўрсатаётган трансфер-агент инвестиция воситачиси профессионал фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.".


3. 6-банднинг учинчи хатбошисидаги "малака гувоҳномаси" деган сўзлар "малака сертификати" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


4. 10-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"10. Трансфер-агент инвесторлар ва мулкдорларга қуйидаги хизматларни кўрсатишга ҳақли (бундан учинчи шахслар олдида мажбуриятлар юклатилган қимматли қоғозларни қимматли қоғозларга мажбуриятлар юклатиш тугалланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмасдан ўтказиш мустасно):";

еттинчи хатбошидаги "топширишга ҳақли" деган сўзлар "топшириш" деган сўз билан алмаштирилсин.


5. Қуйидаги мазмундаги 20-1-банд билан тўлдирилсин:

"20-1. Трансфер-агентнинг функцияларини бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон ҳужжатлар шаклида қабул қилиниши, қайта ишланиши ва узатилиши мумкин.".


6. 29-банднинг тўртинчи хатбошисидаги "гувоҳномасидан" ва "гувоҳномани" деган сўзлар тегишли равишда "сертификатидан" ва "сертификатни" деган сўзлар билан алмаштирилсин.

         

           

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 17 апрель