Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 01.05.2026 й. 219-сон "Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
01.05.2026 й.
N 219
ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР
ВАЗИРЛИГИНИНГ ЁНҒИН-ҚУТҚАРУВ
БЎЛИНМАЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ
ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида" 2025 йил 20 октябрдаги ПФ-185-сон Фармони ижросини таъминлаш, республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктлари, шунингдек, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва ёнғин-қутқарув ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмаларини (ёки қисмларини) аҳоли сони 50 минг ва ундан ортиқ бўлган шаҳарлар ва туманларнинг марказларида, шунингдек, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ташкил этиш;
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчи мақомига эга бўлган ишчи-хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмаларини (ёки қисмларини) аҳоли сони 50 мингдан кам бўлган туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ташкил этиш.
2. Белгилансинки, ушбу қарор билан боғлиқ харажатлар Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ажратиладиган бюджет маблағлари, шунингдек, ташкилотлар билан тузилган шартномалар бўйича олинадиган маблағлар доирасида амалга оширилади.
3. Вазирлик, идора ва ташкилотлар ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, тасарруфидаги ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда, белгиланган тартибда шартнома асосида ташкил этилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг тўлақонли фаолиятини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва фавқулодда вазиятлар вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2026 йил 1 майдаги
219-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси
Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб
ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг "Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида" 2019 йил 21 августдаги 700-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида" 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)" 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 691-банди.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 4 май

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter