Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Адлия вазирининг 18.05.2026 й. 18-мҳ-сон "Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, фитосанитария талаблари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, экологик нормалар ва қоидалар, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва ҳисобга олиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Буйруғи (АВ томонидан 18.05.2026 й. 3545-1-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

18.05.2026 й.

N 3545-1




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

18.05.2026 й.

N 18-мҳ


БУЙРУҒИ



Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, фитосанитария

талаблари,  санитария  қоидалари,  нормалари  ва  гигиена

нормативлари, экологик нормалар ва қоидалар, ветеринария,

ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини тайёрлаш,

ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва ҳисобга олиш қоидаларига

ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон "Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2025 йил 14 июлдаги ПФ-111-сон "Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонларига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 29 июлдаги 17-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 3545, 2024 йил 6 август) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.08.2024 й., 10/24/3545/0590-сон) билан тасдиқланган Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, фитосанитария талаблари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, экологик нормалар ва қоидалар, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва ҳисобга олиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Вазир                                                                А.Д. Ташкулов






Буйруққа

ИЛОВА



Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, фитосанитария

талаблари,  санитария  қоидалари,  нормалари  ва  гигиена

нормативлари, экологик нормалар ва қоидалар, ветеринария,

ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини тайёрлаш,

ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва ҳисобга олиш қоидаларига

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"6. Техник ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритилишига йўл қўйилмайди, бундан мазкур банднинг иккинчи хатбошиси мустасно.

Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, фитосанитария талаблари, экологик нормалар ва қоидалар, ветеринария ҳамда ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини халқаро стандартларга мослаштириш жараёнида уларга ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўйилади.".


2. 12-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Техник ҳужжатларнинг амал қилиш муддати бутун ҳужжат ёки унинг қисмлари учун белгиланиши мумкин. Бундай ҳолда техник ҳужжат ёхуд унинг бир қисми қайси муддатга ёки қандай ҳодиса юз бергунига қадар ўз кучини сақлаб қолиши кўрсатилиши керак.".


3. 20-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Муқаддимада техник ҳужжатни қабул қилишнинг сабаблари, мақсадлари ва вазифалари, шунингдек қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини (уларнинг моддалари ёки бандларини) бажариш юзасидан ёки улар асосида қабул қилинаётганлиги кўрсатилади.".


4. 21-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Техник ҳужжатда қуйидагиларга:

иккиталик рақамлар ва (ёки) ҳарфларни ишлатишга (масалан, "1.1", "5.1.1", "1.а", "а.а" ва ҳ.к.);

бир вақтнинг ўзида кичик бандларни ва мустақил (кичик бандлар билан боғланмаган) хатбошиларни баён этишга;

хатбошилар бошланишида дефис ёки бошқа белгилар ишлатишга йўл қўйилмайди.".


5. 22-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Қуйидаги тузилмавий бирликлар:

агар техник ҳужжатда боблар бўлмаса, бўлим;

агар техник ҳужжатда банд бўлмаса, кичик банд ва хатбоши киритилишига йўл қўйилмайди.".


6. 41-банддаги "стандартлар" ҳамда "стандартлар ва бошқа ҳужжатлар" деган сўзлар тегишли равишда "шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари" ҳамда "шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда бошқа ҳужжатлар" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


7. 48-бандда:

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"техник ҳужжатнинг ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тегишли тузилмавий бирлигининг таклиф этилаётган таҳрири;";

учинчи хатбоши тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


8. 49-банднинг иккинчи - тўртинчи хатбошиларидаги "полужирний" деган сўз "ярим қора" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


9. 4-бобнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4-боб. Техник ҳужжатни расмийлаштириш, келишиш, жамоатчилик муҳокамаси ва уни қабул қилиш".


10. 55-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Техник ҳужжат лойиҳаси қонунчиликка мувофиқ бўлса, шунингдек унда ҳуқуқий нормалар мавжуд бўлмаса (бундан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, фитосанитария талаблари, экологик нормалар ва қоидалар, ветеринария ҳамда ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини халқаро стандартларга мослаштириш жараёни мустасно), юридик хизмат раҳбари томонидан имзоланади ва хулоса тайёрланади.".


11. 57-бандда:

қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"техник ҳужжат лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилган бўлса, унинг натижалари ҳақидаги маълумотлар, бунда қоида тариқасида, юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилади;";

тўққизинчи хатбоши ўнинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


12. Қуйидаги мазмундаги 60-1 ва 60-2-бандлар билан тўлдирилсин:

"60-1. Вазирлик ва идоралар томонидан техник ҳужжатларнинг лойиҳалари Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун жойлаштирилиши мумкин, бундан янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ҳамда давлат сири ҳисобланган маълумотлар ва махфий маълумотларни ўз ичига олган техник ҳужжатлар лойиҳалари мустасно.

Техник ҳужжат лойиҳасини Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштириш техник ҳужжат қабул қилинишидан олдин амалга оширилади.

Техник ҳужжат лойиҳасини Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштириш муддати лойиҳани ишлаб чиқувчи вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади.

60-2. Техник ҳужжат лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси иштирокчиларидан келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифларни ҳисобга олиш лойиҳани қабул қилинган фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифларга мувофиқ маромига етказиш йўли билан амалга оширилади.

Келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифлар рад этилган тақдирда лойиҳани ишлаб чиқувчи уларни рад этиш сабабини асослаши шарт.".


13. 64-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"64. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва ҳисобга олиш учун техник ҳужжат тасдиқланган ҳолда уни қабул қилган орган томонидан ушбу техник ҳужжат қабул қилинган куннинг ўзида ягона электрон тизим орқали тақдим этилади (бундан давлат сири ҳисобланган маълумотлар ва махфий маълумотларни ўз ичига олган техник ҳужжатлар мустасно).


14. 71-банднинг "г" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"г) ҳужжатда ҳуқуқий нормалар қўлланилган бўлса (бундан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, фитосанитария талаблари, экологик нормалар ва қоидалар, ветеринария ҳамда ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини халқаро стандартларга мослаштириш жараёни мустасно);".


15. 72 ва 73-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"72. Ягона электрон тизим орқали тақдим этилган техник ҳужжатни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш натижасида унда техник кўринишдаги, шу жумладан ҳужжат мазмунининг ўзгаришига олиб келмайдиган хатоликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда мазкур хатоликлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ягона электрон тизим орқали бартараф этилиши мумкин. Бунда техник ҳужжатда аниқланган техник кўринишдаги, шу жумладан мазмун ўзгаришига олиб келмайдиган хатоликлар ушбу ҳужжатни қабул қилган вазирлик ёки идоранинг биринчи раҳбари томонидан ёзма ёки электрон тизим орқали розилик берилган тақдирда бартараф этилади.

Бунда хатоликлар бартараф этилган техник ҳужжат уни қабул қилган вазирлик ёки идора биринчи раҳбарининг розилигини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳужжатни қабул қилган вазирлик ёки идорага берилади.

Техник ҳужжатни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддати ушбу ҳужжат вазирлик ёки идоранинг биринчи раҳбарига розилик олиш учун юборилган кундан розилик олинган кунга қадар тўхтатиб турилади.

73. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳисобга олиш рад этилган техник ҳужжатлар рад этилган вақтдан эътиборан бекор қилинган ҳисобланади ҳамда вазирлик ва идоралар томонидан уларни бекор қилиш учун алоҳида ҳужжат қабул қилиш талаб этилмайди.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳисобга олишни рад этиш тўғрисидаги хулосаси имзоланган вақтдан техник ҳужжатда унинг бекор қилинганлиги ҳақидаги белги автоматик тарзда электрон тизимда қайд этилади.

Ҳисобга олиш рад этилган техник ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги хулосасини эътиборга олган ҳолда қайта ишлаб чиқилиши ва ҳисобга олиш учун такроран тақдим этилиши мумкин.

Мазкур Қоидаларнинг 71-банди "б" ва "в" кичик бандларида кўрсатилган асослар бўйича ҳисобга олиш рад этилганда, вазирлик ва идоралар бир ой ичида рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ушбу техник ҳужжатни ҳисобга олиш учун такроран тақдим этишга мажбурдирлар.".


16. 75-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"75. Техник ҳужжатни ҳисобга олиш ягона электрон тизим орқали техник ҳужжатни ҳисобга олиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланадиган хулоса билан расмийлаштирилади.

Давлат сири ҳисобланган маълумотлар ва махфий маълумотларни ўз ичига олган техник ҳужжатни ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан, истисно тариқасида, қоғоз шаклида тасдиқланадиган техник ҳужжатни ҳисобга олиш тўғрисидаги хулоса билан расмийлаштирилади.

Техник ҳужжатни ҳисобга олиш тўғрисидаги хулоса асосида ҳисобга олиш рақами берилган ҳолда Давлат реестрига тегишли маълумот киритилади.

Техник ҳужжатлар реестри электрон шаклда юритилади.

Техник ҳужжатни ҳисобга олиш тўғрисидаги белги (техник ҳужжатни ўтказиш рақами ва санаси, шунингдек давлат сири ҳисобланган маълумотлар ва махфий маълумотларни ўз ичига олган техник ҳужжатлар учун қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг гербли муҳри) буйруқ ёки қарорнинг юқори қисмига қўйилади.

Давлат сири ҳисобланган маълумотлар ва махфий маълумотларни ўз ичига олган техник ҳужжатларнинг расмийлаштирилган асл нусхаси техник ҳужжатни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва ҳисобга олиш учун тақдим этган вазирлик ёки идорага белгиланган тартибда юборилади.

Вазирлик ва идоралар ҳисобга олинган техник ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан электрон кўринишда юклаб олишлари мумкин.".


17. 6-боб қуйидаги мазмундаги параграф билан тўлдирилсин:

"1-1-§. Техник ҳужжатлар амал қилишининг тўхтатиб турилиши

83-1. Техник ҳужжатнинг ёки унинг тузилмавий бирлигининг амал қилиши уни қабул қилган орган ёхуд унинг юқори турувчи органи томонидан муайян муддатга ёки муайян ҳодиса юз бергунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин. Бунда техник ҳужжатнинг ёки унинг тузилмавий бирлигининг амал қилиши муайян ҳодиса юз бергунига қадар тўхтатиб турилган ҳолда, қандай ҳодиса юз бериши лозимлиги аниқ кўрсатилиши ҳамда ушбу ҳодиса барчага маълум бўлиши лозим.

Техник ҳужжатнинг ёки унинг тузилмавий бирлигининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки қайта тиклаш тегишли техник ҳужжат билан амалга оширилади.

Муайян муддатга тўхтатилган техник ҳужжатнинг ёки унинг тузилмавий бирлигининг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати тугагандан сўнг автоматик равишда қайта тикланган ҳисобланади. Бунда амал қилишни қайта тиклаш тўғрисидаги техник ҳужжат қабул қилиниши талаб этилмайди.

Муайян ҳодиса юз бергунига қадар тўхтатиб турилган техник ҳужжатнинг ёки унинг тузилмавий бирлигининг амал қилиши тегишли техник ҳужжат билан қайта тикланади.".


18. 1-илова мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларнинг иловасига мувофиқ таҳрирда баён этилсин.






Ўзгартириш ва қўшимчаларга

ИЛОВА



"Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, фитосанитария

талаблари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена

нормативлари, экологик нормалар ва қоидалар,

ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари

ва нормаларини тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан

ўтказиш ва ҳисобга олиш қоидаларига

1-ИЛОВА



НАМУНА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ

САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК ОСОЙИШТАЛИК

ВА ЖАМОАТ САЛОМАТЛИГИ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҚАРОРИ


Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим ташкилотларида

тарбияланаётган болаларнинг хавфсиз ва сифатли овқатланишининг

ташкил этилишига оид санитария қоидалари, нормалари ва гигиена

нормативларини (0016-21-сон СанҚваН) тасдиқлаш тўғрисида


Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги ПҚ-4887-сон "Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болаларнинг хавфсиз ва сифатли овқатланишининг ташкил этилишига оид санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0016-21-сон СанҚваН) иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан 2017 йил 14 февралда тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган болаларни хавфсиз ва сифатли овқатланишини ташкил этилишига оид гигиеник талаблар" (0348-17-сон СанҚваН) ўз кучини йўқотган деб топилсин.


3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик

осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси

раиси - Ўзбекистон Республикаси Бош давлат

санитария врачи (электрон рақамли имзо)                            Х. Хххххххх


Тошкент ш.,

2026 йил 9 январь,

92-сон




Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги

Санитария-эпидемиологик осойишталик

ва жамоат саломатлиги қўмитасининг

2026 йил 9 январдаги 92-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим ташкилотларида

тарбияланаётган болаларнинг хавфсиз ва сифатли овқатланишининг

ташкил этилишига оид санитария қоидалари, нормалари

ва гигиена нормативлари (0016-21-сон СанҚваН)


Мазкур санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (бундан буён матнда санитария қоидалари деб юритилади) мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болаларнинг хавфсиз ва соғлом овқатланишини ташкил этиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ҳамда овқатдан заҳарланишларнинг олдини олиш чораларини белгилайди.


1-боб. Умумий қоидалар


1. Мазкур санитария қоидалари ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча мактабгача таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади.

5. Таомномаларга киритилган таомларнинг махсус ишлаб чиқилган технологик хариталари бўлиши шарт. Ушбу технологик хариталарда таомларнинг таркибий қисмлари, энергетик қиймати, оқсил, ёғ ва углеводларнинг миқдори ҳамда тайёрланган таомнинг ҳажми кўрсатилган бўлиши керак.

Баъзи маҳсулотлар бўлмаганда улар бошқа маҳсулотлар билан алмаштирилади. Бунда мазкур санитария қоидаларининг иловасига мувофиқ маҳсулотларни алмаштириш жадвалидан фойдаланилади.

Ягона мавсумий таомнома асосида фаолият юритаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат таъминотида кескин узилишлар юзага келган ҳолларда таомномадаги таом бошқа бир таом билан алмаштирилиши лозим. Бунда алмаштирилувчи таомнинг таркиби ва энергетик қиймати тўлиқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолда амалга оширилади.

6. Таомни тўғри тайёрлаш ва тайёр таомнинг ҳажми нормага мувофиқ келиши учун мазкур санитария қоидаларининг 5-иловасига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотларининг дастлабки ва иссиқлик ишловини беришда оғирлик йўқотиш миқдори жадвалидан фойдаланилиши лозим.


2-боб. Болаларнинг мактабгача таълим ташкилотида

бўлишига мувофиқ овқатланишни ташкил қилиш


11. Болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларида (гуруҳларда) бўладиган вақти қуйидагича бўлиши мумкин:

болалар 3-4 соат бўладиган гуруҳларида - кундузги уйқу ташкил этилмайди ва бир марталик овқатлантириш ташкил этилиши мумкин;

болалар 9 - 10,5 соат бўладиган гуруҳларида - тўрт марталик овқатлантириш ташкил этилиши ва кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак;

болалар 12 соат бўладиган гуруҳларида - тўрт марталик овқатлантириш ташкил этилиши, кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак;

Мактабгача таълим ташкилотларининг болалар кеча-ю кундуз бўладиган гуруҳларида кундузги ва тунги уйқу ҳамда беш марталик овқатлантириш ташкил этилиши учун шароитлар яратилган бўлиши керак.




Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим

ташкилотларида тарбияланаётган болаларнинг

хавфсиз ва сифатли овқатланишининг ташкил

этилишига оид санитария қоидалари, нормалари

ва гигиена нормативларига

ИЛОВА



Айрим озиқ-овқат маҳсулотларни алмаштирилиши жадвали

Маҳсулот номи


Оғирлиги (г)


Алмаштириладиган маҳсулот


Оғирлиги (г)


1-навли буғдой унидан ёпилган оқ нон


100

1-навли буғдой уни


75

1-категорияли мол гўшти

100

Қуён гўшти


98

1-тоифа товуқ ва курка гўшти


110

Тозаланган балиқ


125

Творог


120

Тухум


145

Ёғи олинмаган сут

100

Герметик ўрамдаги қуруқ сут


12

Қуйултирилган шакарли сут


38

Творог


17

Ёғли қатиқ


103

Пишлоқ


12,5

1-категорияли мол гўшти


15

Товуқ гўшти


22

Тозаланган балиқ


20

Парранда тухуми

(1 дона)


Творог


31

Мол гўшти


72

Тозаланган балиқ


30

".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 19 май