Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Педагогика соҳасидаги талабаларнинг билимларини ташқи диагностикадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 09.06.2026 й. 3853-сон билан рўйхатга олинган мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 18.05.2026 й. 35-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 9 июнда 3853-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

мактабгача ва мактаб

таълими вазирининг

2026 йил 18 майдаги

35-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Педагогика соҳасидаги талабаларнинг

билимларини ташқи диагностикадан

ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом педагог кадрлар тайёрлаш сифатини таҳлил қилиш мақсадида талабаларнинг билимларини ташқи диагностикадан ўтказиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом талаблари педагогика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларига (бундан буён матнда олий таълим ташкилоти деб юритилади) татбиқ этилади.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


педагогика таълим йўналиши - мазкур Низомнинг 1-иловасидаги Педагог кадрлар тайёрлаш сифатини таҳлил қилиш амалга ошириладиган педагогика таълим йўналишлари рўйхатида белгиланган олий таълим йўналишлари;


педагогик кадрлар тайёрлаш сифатини таҳлил қилиш - олий таълим ташкилотида бакалавриат босқичининг педагогика таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабаларнинг билимларини ягона методологик ёндашув асосида ташқи диагностикадан ўтказиш орқали таҳлил қилиш;


ташқи диагностика - олий таълим ташкилотида бакалавриат босқичининг педагогика таълим йўналишларида таҳсил олаётган талабаларнинг билимларини мазкур йўналишлардаги таълим дастурлари мазмунига мувофиқ тузилган тест синовлари асосида баҳолаш.


2. Ташқи диагностикадан ўтказиш мазкур Низомнинг 1-иловасидаги Педагог кадрлар тайёрлаш сифатини таҳлил қилиш амалга ошириладиган педагогика таълим йўналишлари рўйхатида белгиланган педагогика таълим йўналишлари (бундан буён матнда педагогика таълим йўналишлари деб юритилади) бўйича ҳар ўқув йилида бир марта баҳорги семестрда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


3. Ташқи диагностикага педагогика таълим йўналишлари бўйича олий таълим ташкилотининг бакалавриат босқичида бир академик гуруҳда таҳсил олаётган учинчи босқич талабалари жалб этилади.


4. Педагогика таълим йўналишлари бўйича аккредитациядан ўтганига бир йил тўлмаган олий таълим ташкилотлари ташқи диагностикага жалб қилинмайди.



2-БОБ. ТАШҚИ ДИАГНОСТИКАНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


5. Ташқи диагностикадан ўтказиш учун ҳар ўқув йилининг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан қуйидаги таркибда камида 5 нафар малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилади:

ишчи гуруҳ раиси - Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг педагогик таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари - Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори;

ишчи гуруҳ раиси ўринбосари - Вазирликнинг Педагог кадрларни тайёрлаш ва уларни касбий ривожлантириш бошқармаси бошлиғи;

ишчи гуруҳ аъзолари - педагог кадрларни тайёрлаш ва уларни касбий ривожлантириш бўйича малакали мутахассислар;

ишчи гуруҳ котиби - педагог кадрларни тайёрлаш ва уларни касбий ривожлантириш бўйича мутахассис.


6. Ишчи гуруҳ:

ташқи диагностикадан ўтказиш жараёнини мувофиқлаштиради;

ташқи диагностикага жалб этиладиган академик гуруҳларни танлайди;

ташқи диагностика натижаларига мувофиқ ҳар бир педагогика таълим йўналиши бўйича таҳлилий маълумотнома тайёрлайди;

тест синовлари натижаларидан норози бўлган олий таълим ташкилотларининг мурожаатларини кўриб чиқади.


7. Ташқи диагностика мазкур Низомнинг 2-иловасидаги схемага мувофиқ ўтказилади.


8. Вазирлик томонидан ҳар ўқув йилининг сентябрь ойида олий таълим ташкилотидаги педагогика таълим йўналишлари талабалари сонидан (талабалар сониниг кўплигига устуворлик берилади) келиб чиқиб, ташқи диагностикадан ўтказиладиган олий таълим ташкилотларининг педагогика таълим йўналишлари рўйхати Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва ташқи диагностикадан ўтказиладиган олий таълим ташкилотларига юборилади.


9. Ташқи диагностикадан ўтказиладиган олий таълим ташкилотлари ҳар ўқув йилининг ноябрь ойи якунига қадар педагогика таълим йўналишлари ва унда таҳсил олаётган талабалар сони бўйича маълумотларни ҳамда таклиф ва эътирозларини Вазирликка тақдим этади.


10. Вазирлик томонидан ҳар ўқув йилининг декабрь ойида мазкур Низомнинг 10-бандидаги маълумотлар асосида ташқи диагностика ўтказиладиган олий таълим ташкилотларининг педагогика таълим йўналишлари рўйхати қайта кўриб чиқилади ва ташқи диагностикадан ўтказиш муддатлари кўрсатилган ҳолда тасдиқланади ҳамда бу ҳақда олий таълим ташкилотларига уч иш куни ичида хабарнома юборилади.



3-БОБ. ТАЛАБАЛАР БИЛИМИНИ ТАШҚИ

ДИАГНОСТИКАДАН ЎТКАЗИШ


11. Ташқи диагностика тест синовлари шаклида Вазирликнинг Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказининг (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) масъул ходимлари томонидан олий таълим ташкилотида ўтказилади.


12. Марказ томонидан ҳар ўқув йилининг февраль ойида педагогика таълим йўналишларининг таълим дастурлари мазмунидан келиб чиқиб тестлар базаси шакллантирилади.


13. Тест синовлари талаба таҳсил оладиган тилда, ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

Бунда талабаларга 50 та тест топшириғи ва уларни бажариш учун 45 дақиқа вақт берилади.

Ҳар бир тўғри бажарилган тест топшириғи 2 балл билан баҳоланиб, тест синовлари учун жами 100 балл берилади.


14. Марказ тест жараёнининг холисона ва адолатли ўтишини таъминлаш, талабаларга уларнинг тест синовлари жараёнидаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, тест синовларини ўтказиш билан боғлиқ барча зарур шароитларни яратиш ҳамда тест синовлари натижалари бўйича тўлиқ маълумотлар бериш учун масъул ҳисобланади.

Марказ тест материалларининг сифатли, нуқсонсиз ҳамда махфийликни сақлаган ҳолда тайёрланишини таъминлайди.


15. Тест синовларини ўтказиш жараёни фото ва видеотасвирга олинади.


16. Тест синовлари бошлангандан кейин Марказнинг масъул ходимларидан бошқа шахслар тест синовлари ўтказиладиган хонага киритилмайди ва тест саволлари бўйича талабалар билан савол-жавоб қилинмайди.


17. Тест синовлари ўтказилаётганда талабалар, Марказнинг масъул ходимлари ва бошқа шахслар томонидан уяли телефонлар ҳамда бошқа алоқа ва техника воситаларини тест синовлари ўтказиладиган хонага олиб кирилиши ва улардан фойдаланилиши тақиқланади.


18. Тест синовлари мазкур Низомнинг 3-иловасидаги Тест синовлари натижаларини баҳолаш мезонларига мувофиқ баҳоланади.


19. Тест синовлари натижалари талабанинг ўқиш давомидаги ўзлаштириш кўрсаткичларига таъсир қилмайди ва уларнинг рейтинг баллини жамлашда ҳисобга олинмайди.


20. Талабалар тест синовларига жалб қилинганда уларнинг дарс жадвалларига олий таълим ташкилоти томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.


21. Олий таълим ташкилоти ташқи диагностикага талабаларнинг тўлиқ жалб этилиши учун масъул ҳисобланади.

Тест синовларига жалб қилинган талаба узрли сабабларга кўра (саломатлиги сабабли белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома тақдим этилганда, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда бола парвариши қилиш таътили, яқин қариндошининг вафот этганлиги ва бошқалар сабабли) қатнаша олмаган ҳолларда олий таълим ташкилоти Вазирликни ёзма хабардор қилиши ҳамда асословчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.


22. Марказ томонидан олий таълим ташкилотлари ва педагогика таълим йўналишлари кесимидаги тест синовлари натижалари тест синовлари ўтказилган кундан бошлаб уч иш куни ичида ишчи гуруҳга тақдим этилади.


23. Ишчи гуруҳ томонидан тест синовлари натижалари асосида ташқи диагностика натижалари қуйидаги формула бўйича аниқланади:

TD=

1TTB+2TTB++nTTB


TS


Бунда:

TD - ташқи диагностика натижаси;

1TTB+2TTB++nTTB - ҳар бир талабанинг тест баллари йиғиндиси;

TS - тест синовида иштирок этган талабалар сони.


24. Ишчи гуруҳ томонидан ташқи диагностикадан ўтказиш натижалари асосида ўн беш иш куни ичида таҳлилий маълумотнома тайёрланади ҳамда Вазирликка тақдим этилади.


25. Вазирлик томонидан ташқи диагностикадан ўтказиш натижасида 56 балл ва ундан юқори кўрсаткич қайд этилган педагогика таълим йўналиши "талабларга жавоб берадиган", 56 балдан паст кўрсаткич қайд этилган педагогика таълим йўналиши "талабларга жавоб бермайдиган" деб топилади.


26. Ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган таҳлилий маълумотнома Вазирлик томонидан умумлаштирилиб, уч иш куни ичида олий таълим ташкилотига юборилади.


27. Вазирлик томонидан ташқи диагностикадан ўтказиш натижаларига кўра "талабларга жавоб бермайдиган" деб топилган педагогика таълим йўналиши рўйхати шакллантирилади ҳамда ташқи диагностикадан ўтказиш якунлангандан сўнг бир ой ичида таълим ташкилотини хавфни таҳлил қилиш асосида навбатдан ташқари ўрганиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигига тақдим этилади.



4-БОБ. ТАШҚИ ДИАГНОСТИКА НАТИЖАЛАРИ

ЮЗАСИДАН МУРОЖААТ ҚИЛИШ


28. Тест синовлари натижаларидан норози бўлган олий таълим ташкилотлари ташқи диагностика натижалари юборилган кундан бошлаб ўн кун мобайнида ишчи гуруҳга ёзма равишда мурожаат қилишлари мумкин.


29. Ишчи гуруҳ муаммоли ҳолатларга аниқлик киритиш учун жамоатчилик асосида малакали мутахассисларни жалб этиши мумкин.


30. Ишчи гуруҳ йиғилишларида аъзоларнинг ярмидан кўпи иштирок эца, унинг қабул қилган қарори қонуний кучга эга бўлади.


31. Мурожаат рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда, қўшимча ўрганишлар талаб этилганда қўшимча беш кун муддатда кўриб чиқилади.

Мурожаатнинг кўриб чиқиш куни ҳақида мурожаат этувчи олий таълим ташкилоти бир кун олдин хабардор қилинади ва олий таълим ташкилотининг масъул ходими мурожаатни кўриб чиқиш бўйича йиғилишда иштирок этиши мумкин.


32. Ишчи гуруҳ олий таълим ташкилотининг мурожаатини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

тест топшириқларининг тўғри тузилганлиги ҳамда баҳоланганлиги, тест синови материалларида хато ва камчиликлар, шунингдек, тест синовларини ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар аниқланмаган тақдирда, тест синовлари натижаларини ўзгартиришсиз қолдириш;

тест топшириқларининг тўғри тузилганлиги ҳамда баҳоланганлиги, тест синови материалларида хато ва камчиликлар, шунингдек, тест синовларини ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, тест синовларини қайта ўтказиш.


33. Мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг хулосаси кўриб чиқиш якунланган кунда мурожаат этувчи олий таълим ташкилотига юборилади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


34. Манфаатдор шахслар ташқи диагностика ўтказишдан норози бўлган тақдирда, судга ёки ваколатли органларга қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


35. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Педагог кадрлар тайёрлаш сифатини таҳлил қилиш

амалга ошириладиган педагогика таълим йўналишлари

РЎЙХАТИ

Т/р

Билим ва таълим соҳалари, олий таълим

йўналишлари ва мутахассисликлар номи


Битирувчига бериладиган квалификация


Код


Йўналиш номи


1.

60110100


Педагогика


Тарбия фани ўқитувчиси


2.

60110200


Мактабгача таълим


Мактабгача таълим ташкилоти педагоги ва услубчиси


3.

60110300


Махсус педагогика

Ўқитувчи-логопед


Ўқитувчи-сурдопедагог


Ўқитувчи-олигофренопедагог


4.

60110400


Бошланғич таълим

Бошланғич таълим ўқитувчиси


5.

60110500


Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси


Тасвирий санъат ва чизмачилик фани ўқитувчиси


6.

60110600


Мусиқа таълими


Мусиқа маданияти фани ўқитувчиси


7.

60110700


Ўзбек тили ва адабиёти


Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


8.

60110800

Она тили ва адабиёти

Қирғиз тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


Қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


Қозоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


Рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


Тожик тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


Туркман тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


9.

60110900

Хорижий тил ва адабиёти

Француз тили фани ўқитувчиси


Инглиз тили фани ўқитувчиси


Корейс тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


Немис тили фани ўқитувчиси


10.

60111000

Чақириққача ҳарбий таълим

Чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси


11.

60111100

Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими


Тарбия ва ҳуқуқ фани ўқитувчиси


12.

60111200

Жисмоний маданият


Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси


13.

60111300

Технологик таълим


Технология фани ўқитувчиси


14.

60220300

Тарих


Тарих фани ўқитувчиси


15.

60230100

Филология ва тилларни ўқитиш

Рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


Шарқ ва ғарб тиллари фани ўқитувчиси


Тожик тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


Қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


Қозоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


Туркман тили ва адабиёти фани ўқитувчиси


16.

60510100

Биология

Биология фани ўқитувчиси


17.

60530100

Кимё

Кимё фани ўқитувчиси


18.

60530200

География

География фани ўқитувчиси


19.

60530500

Физика

Физик-ўқитувчи


Физика ва астрономия ўқитувчиси


20.

60530700

Астрономия

Астроном-ўқитувчи


21.

60540100

Математика

Математика фани ўқитувчиси


22.

60540200

Амалий математика

Математика ва информатика фани ўқитувчиси


23.

61010200

Спорт фаолияти

Жисмоний тарбия ўқитувчиси


24.

61010300

Адаптив жисмоний тарбия ва спорт


Жисмоний тарбия ўқитувчиси






Низомга

2-ИЛОВА



Ташқи диагностикани ташкил этиш

СХЕМАСИ

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар








Вазирлик


1. Ишчи гуруҳ таркибини тасдиқлайди.


2. Ташқи диагностикадан ўтказиладиган олий таълим ташкилотларининг педагогика таълим йўналишлари рўйхатини расмий веб-сайтида эълон қилади ва олий таълим ташкилотига юборади.


Ҳар ўқув йилининг сентябрь ойида








Олий таълим ташкилотлари


Педагогика таълим йўналишлари ва унда таҳсил олаётган талабалар сони бўйича маълумотларни Вазирликка тақдим этади.


Ҳар ўқув йилининг ноябрь ойи якунига қадар








Вазирлик


1. Ташқи диагностика ўтказиладиган олий таълим ташкилотларининг педагогика таълим йўналишлари рўйхати қайта кўриб чиқилади ва ташқи диагностикадан ўтказиш муддатлари кўрсатилган ҳолда тасдиқланади.


2. Ташқи диагностикадан ўтказиладиган олий таълим ташкилотларига хабарнома юборилади.


Ҳар ўқув йилининг декабрь ойида




Уч иш куни ичида








Марказ


1. Тестлар базасини шакллантиради.


2. Тест синовларини ўтказади.


3. Тест синовлари натижаларини ишчи гуруҳга тақдим этади.


Ҳар ўқув йилининг февраль ойида


Вазирлик томонидан белгиланган муддатда


уч иш куни ичида








Олий таълим ташкилотлари


Талабаларни тест жараёнида тўлиқ иштирокини таъминлайди.


Белгиланган муддатда








Ишчи гуруҳ


1. Тест синовлари натижалари асосида ташқи диагностика натижаларини аниқлайди.


2. Таҳлилий маълумотнома тайёрланади ҳамда Вазирликка тақдим этилади.


ўн беш иш куни ичида








Вазирлик


Ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган таҳлилий маълумотномани умумлаштириб олий таълим ташкилотига юборади.


уч иш куни ичида






Ишчи гуруҳ


Ташқи диагностикадан ўтказиш натижалари юзасидан мурожаатларни кўриб чиқади.


ўн кун ичида






Вазирлик


Ташқи диагностикадан ўтказиш натижаларига кўра "белгиланган талабларга жавоб бермайдиган" деб топилган педагогика таълим йўналиши рўйхати шакллантиради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигига тақдим этади.


Ташқи диагностикадан ўтказиш якунлангандан сўнг бир ой ичида










Низомга

3-ИЛОВА



Тест синовлари натижаларини

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Кўрсаткичлар


Максимал балл

1

Талабанинг фан ва уни ўқитиш методикаси бўйича компетенцияси


40

2

Талабанинг педагогик ва психологик компетенцияси


20

3

Талабанинг синфни бошқариш компетенцияси


15

4

Талабанинг ўқувчиларнинг билимларини баҳолаш компетенцияси


25


Жами:


100

             


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 10 июнь