Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.06.2026 й. 341-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2026 йил 30 июндаги

341-сон қарорига

ИЛОВА



Техникумларда дуал таълим шаклида

таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия

тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат касбий таълим ташкилотларида (кейинги ўринларда - техникумлар) дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тартибини белгилайди.

Мазкур Низом талаблари техникумларда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга нисбатан татбиқ этилади.

Бунда ушбу Низом талаблари нодавлат касбий таълим ташкилотлари учун татбиқ этилмайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


дуал таълим дастури - техникум ва корхона (ташкилот)ларда таълим олувчининг муайян касб ёки мутахассислик бўйича касбий фаолиятини ва меҳнат вазифаларини бажаришига қаратилган давлат таълим стандарти, ўқув режаси, ўқув дастур (модул)лари, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти дастурларидан иборат ҳужжатлар тўплами;


корхона (ташкилот) - техникум билан дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш бўйича шартнома тузган юридик шахс;


махсус платформа - техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тизими учун мўлжалланган электрон ахборот тизими;


стипендия - ўқувчига қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, ойма-ой тўланадиган пул таъминоти;


устоз - таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўтказиш учун корхона (ташкилот) томонидан ўқувчи(лар)га бириктирилган масъул шахс;


ўқувчилар - техникумларга тасдиқланган қабул параметрлари доирасида ҳамда иш берувчи корхона (ташкилот)ларнинг буюртмаси асосида йил давомида ўқишга қабул қилинган абитуриентлар.



2-БОБ. ЎҚУВЧИЛАРГА СТИПЕНДИЯ

ТЎЛАШ ТАРТИБИ


3. Дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида тўланади.


4. Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурлари бўйича дуал таълим шаклига биринчи курсга қабул қилинган ҳар бир ўқувчига фанларни ўзлаштиришидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида стипендия тўланади.


5. Аввалги ўқув семестри натижаларига кўра:

а) фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари (баҳолари) 85 фоиздан юқори бўлган ўқувчиларга кейинги семестрга қадар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида стипендия тўланади.

Бунда ўқувчиларнинг семестр якуни бўйича фанлардан баҳолари "5" (аъло) ва "4" (яхши) бўлиши талаб этилади;

б) касблар бўйича республика ва хорижий танловлар ғолиби бўлган ўқувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида стипендия тўланади.

Бунда касблар бўйича республика ва хорижий танловлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан белгиланади.


6. Ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари "Касбий таълим жараёнларини бошқариш - EMIS PT" ахборот тизимида қайд этиб борилади.


7. Техникумлар ҳар йили 1 июлга қадар кейинги йил учун техникумда тасдиқланадиган қабул параметрлари доирасида дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинадиган абитуриентларнинг прогноз кўрсаткичларини шакллантириб, Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касбий таълим бошқармаларига (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқармалар) тақдим этади.


8. Ҳудудий бошқармалар ҳар йили 15 июлга қадар техникумларда дуал таълим шаклида кейинги йил учун тасдиқланадиган қабул параметрлари доирасида ўқитиш прогноз кўрсаткичларини Агентликка тасдиқланган ҳолда тақдим этади.


9. Агентлик томонидан техникумларда дуал таълим шаклида кейинги йил учун тасдиқланадиган қабул параметрлари доирасида Агентликнинг бюджет параметрларида зарур маблағлар акс эттирилади.


10. Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган қабул параметрлари бўйича дуал таълимга ўқишга қабул қилинган ўқувчиларга стипендия тўлаш харажатлари техникумларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўтказиб берилади.


11. Техникумлар ўқув йили бошланишидан камида бир ҳафта олдин тасдиқланган қабул параметрлари доирасида дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилиш бўйича буйруқ асосида ўқувчилар ҳамда корхона (ташкилот)лар тўғрисидаги маълумотларни махсус платформага (кейинги ўринларда - платформа) киритади.

Бунда дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинган ўқувчиларнинг буйруқлари ҳамда дуал таълим ташкил этилган техникум билан корхона (ташкилот) ўртасидаги ва корхона (ташкилот)нинг ҳар бир ўқувчи билан тузилган шартномалари илова қилинади.


12. Корхона (ташкилот)лар тўғрисидаги маълумотлар платформада бўлмаган ҳолларда, техникум масъуллари томонидан корхона (ташкилот)лар тўғрисидаги маълумотлар платформага киритилади.

Агентлик платформа орқали ушбу корхона (ташкилот)ларга платформадан рўйхатдан ўтиши тўғрисида хат орқали хабарнома юборади.


13. Дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчилар ҳақида маълумотларни платформага киритишга техникум директори масъул ва шахсан жавобгар ҳисобланади.


14. Агентлик томонидан техникумларга дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчилар сонига нисбатан стипендия маблағлари ажратилади.

Бунда маблағлар платформа орқали молия йили бошида Агентлик томонидан техникумлар ҳисобварағига ўтказиб борилади.


15. Техникумлар томонидан стипендия тўловлари ўқувчиларга ҳар ойнинг 15-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Агентликнинг махсус ахборот тизимлари орқали тўлаб берилади.


16. Техникумлар ҳамда корхона (ташкилот)лар томонидан дуал таълим шаклидаги ўқув жараёни давомида техникумдан гуруҳ раҳбари ва корхона (ташкилот)лардан бириктирилган устоз платформага ўқувчиларнинг кунлик давоматини киритиб боради.

Бунда ушбу давомат натижалари ўқувчиларни баҳолаш ва ўқувчиларга стипендия тўлаш бўйича хулоса беришда инобатга олинади.


17. Корхона (ташкилот)лар ўқиш якунида ўқувчилар томонидан дуал таълим дастурининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўташ даврида бажарилган ишларнинг натижалари ва уларнинг эгаллаган амалий кўникмаларини баҳолайди.


18. Ўқувчиларга стипендия тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

ўқувчи ишлаб чиқариш вазифаларини ҳамда амалиёт режаси ёки иш топшириқларини бажармаганда, амалиёт кундалигини вақтида юритмаганда;

ўқувчи корхона (ташкилот)нинг ички тартиб - қоидаларини бузганда;

ўқувчи саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида) академик таътил олганда;

ўқувчи доимий яшаш учун бошқа давлатга кўчиб кетганда;

ўқувчи суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилганда;

ўқувчи узрсиз сабабларга кўра 74 соатдан ортиқ дарс қолдирганда;

ўқувчининг ўқиши дуал таълим шаклидан бошқа таълим шаклига кўчирилганда;

ўқувчи ўқишдан четлаштирилганда;

ўқувчи ёки корхона (ташкилот) ташаббуси билан дуал таълим шартномаси бекор қилинганда;

ўқувчи вафот этганда.


19. Корхона (ташкилот) томонидан ўқувчининг касбий кўникмаларини ўзлаштириш кўрсаткичи ва тартиб-интизоми қониқарсиз баҳоланганда, корхона (ташкилот) стипендия тўлашни тўхтатиш бўйича платформа орқали техникумга сўров юборади.


20. Корхона (ташкилот) томонидан стипендия тўлашни тўхтатиш юзасидан юборилган сўров асосида техникум директорининг уч кун муддатда стипендия тўлашни тўхтатиш бўйича буйруғи қабул қилинади.


21. Ўқувчиларга стипендия тўлашни тўхтатиш сабаблари платформада кўрсатилади.


22. Техникум директори ушбу Низомнинг 18-бандида кўрсатиб ўтилган сабаблар мавжуд бўлганда, корхона (ташкилот)нинг сўровисиз ўқувчига стипендия тўлашни тўхтатиши мумкин.


23. Стипендия тўлаш тўхтатилган ўқувчиларнинг стипендия тўловларини қайта тиклаш корхона (ташкилот) хулосаси ҳамда техникумдан бириктирилган гуруҳ раҳбарининг билдиргиси асосида навбатдаги ойдан амалга оширилиши мумкин. Бунда ўқувчилар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

ўқувчилар ишлаб чиқариш жараёнларида фаол иштирок этиши;

устози томонидан берилган топшириқларни ўз вақтида бажариши;

амалиёт кундалигини вақтида юритиши;

назарий дарс жараёнларида тўлиқ иштирок этиши;

корхона (ташкилот)нинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиши.


24. Касаллиги ёки тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланадиган бошқа узрли сабабларга кўра, академик қарзи бўлган ўқувчиларга улар академик қарзларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда бартараф этгунларига қадар стипендия тўлаш тўхтатилмайди.


25. Ўқув жараёни жадвалида белгиланган таътиллар даврида ўқувчиларнинг стипендия олиш ҳуқуқи сақланади.


26. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили даври учун ўқувчиларга стипендия қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда, умумий асосларда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўланади.


27. Ўқувчиларга академик таътил даврида стипендия тўланмайди. Ўқувчи академик таътилдан қайтганидан кейин унга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида стипендия тўланади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


29. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

        

           




Низомга

ИЛОВА



Техникумларда дуал таълим шаклида

таҳсил олаётган ўқувчиларга махсус платформа

орқали стипендия тўлашни ташкил этиш

СХЕМАСИ

           

       

Босқичлар

     


      

Субъектлар

     


     

Тадбирлар

      


      

Муддатлар

      








1-босқич


Техникумлар


         

Техникумда тасдиқланадиган қабул параметрлари доирасида дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинадиган абитуриентларнинг прогноз кўрсаткичларини шакллантириб, Қорақалпоғистон Республикаси Касбий таълим агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри касбий таълим бошқармаларига тақдим этади.

        


Ҳар йили

1 июлга қадар












2-босқич


Қорақалпоғистон

Республикаси Касбий

таълим агентлиги,

вилоятлар ва Тошкент

шаҳри касбий таълим

бошқармалари


        

Техникумларда дуал таълим шаклида кейинги йил учун тасдиқланадиган қабул параметрлари доирасида ўқитиш прогноз кўрсаткичларини Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлигига (кейинги ўринларда - Агентлик) тақдим этади.

        


Ҳар йили

15 июлга қадар











3-босқич


Техникумлар


         

Дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилиш бўйича буйруқ асосида ўқувчилар ҳамда корхона (ташкилот)лар тўғрисидаги маълумотларни махсус платформага киритади.

          


Ўқув жараёнлари

бошланишидан камида

1 ҳафта олдин











4-босқич


Агентлик


         

Дуал таълим шаклида таълим олаётган ўқувчилар сонига нисбатан стипендия маблағларини махсус платформа орқали техникумлар ҳисобварағига ўтказади.

        


Молия йили бошида





5-босқич


Корхона (ташкилот)

ва техникумлар


        

Махсус платформа орқали ўқувчиларни дуал таълим дастурининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисми жараёнларида ўқувчиларнинг кунлик давоматини юритади.

         


Доимий равишда











6-босқич


Техникумлар


          

Стипендия тўловлари ўқувчиларга Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Агентликнинг махсус ахборот тизимлари орқали тўлаб берилади.

         


Ҳар ойнинг 15-санасига

қадар











7-босқич


Корхона (ташкилот)


           

Ўқувчилар томонидан дуал таълим дастурининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўташ даврида бажарилган ишларнинг натижалари ва уларнинг эгаллаган амалий кўникмаларини баҳолайди.

           


Ўқиш якунида




        

             

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 1 июль