Ўзбeкистон Рeспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.06.2026 й. 341-сон "Техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБEКИСТОН РEСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
30.06.2026 й.
N 341
ТЕХНИКУМЛАРДА ДУАЛ
ТАЪЛИМ ШАКЛИДА ТАҲСИЛ ОЛАЁТГАН
ЎҚУВЧИЛАРГА СТИПЕНДИЯ ТЎЛАШ
ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ
ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш" йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида" 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш" йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида" 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон Фармонига мувофиқ:
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш амалиёти жорий этилиши;
ҳар бир ўқувчига фанларни ўзлаштиришидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида, фанларни ўзлаштириш кўрсаткичлари 85 фоиздан юқори ёки касблар бўйича республика ва хорижий танловлар ғолиби бўлган ўқувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида стипендия тўланиши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга махсус платформа орқали стипендия тўлаш тартиби;
дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларни иш берувчи томонидан баҳолаш мезонлари;
дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлашни молиялаштириш тартиби.
3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик):
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026/2027 ўқув йилига қадар дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш бўйича махсус платформани (кейинги ўринларда - махсус платформа) ишга туширсин;
махсус платформани ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Агентликнинг Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026 йил 1 октябрга қадар махсус платформани Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси электрон ахборот тизимига ҳамда "Рақамли ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформасига интеграция қилиш чораларини кўрсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
махсус платформа Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги "Рақамли таълим технологияларини ривожлантириш маркази" давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқилади ва фаолияти қўллаб-қувватланади;
дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлашда корхоналар (ташкилотлар) тўғрисидаги маълумотлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси ахборот тизими орқали олинади;
дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларга стипендия тўлаш учун талаб этиладиган харажатлар 2026 йилда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиси сифатида ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади, 2027 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
5. Агентлик Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлигининг Сардоба туман 2-сон техникумини Сирдарё вилояти Сардоба тумани Равот маҳалласидаги собиқ Бўстон касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
7. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 1 июль

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter