Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 30.06.2026 й. 3877-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг 18.05.2026 й. 1-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 14.05.2026 й. 23-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 30 июнда 3877-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Истиқболли лойиҳалар

миллий агентлигининг

2026 йил 18 майдаги 1-сон ва

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси ҳузуридаги

Иқтисодий жиноятларга қарши

курашиш департаментининг

2026 йил 14 майдаги

23-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал

иштирокчилари учун жиноий фаолиятдан олинган

даромадларни легаллаштиришга, терроризмни

молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини

тарқатишни молиялаштиришга қарши

курашиш бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.

Мазкур Қоидалар талаблари қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларига татбиқ қилинади, тижорат банклари ва суғурталовчилар бундан мустасно.

Ушбу Қоидаларда қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари учун белгиланган қоидалар "Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси" акциядорлик жамиятига нисбатан ҳам татбиқ этилади.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бенефитсиар мулкдор - мижозга нисбатан пировард назоратни амалга оширувчи ёки унинг мулкига бевосита ёхуд билвосита эгалик қилувчи жисмоний шахс(лар), шунингдек у(лар)нинг манфаатлари йўлида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция амалга оширилаётган жисмоний шахс;


ички назорат - қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг мижозни лозим даражада текшириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш, шубҳали операцияларни аниқлаш ҳамда террорчилик фаолиятида, терроризмни молиялаштиришда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришда иштирок этувчи ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар билан боғлиқ операцияларни аниқлашга доир фаолияти;


ички қоидалар - қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари, шу жумладан, уларнинг филиалларида ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилаб берувчи ички ҳужжат;


ички назорат тизими - мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатлар билан белгиланган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажаришга қаратилган назоратчи ва профессионал иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатлари йиғиндиси;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатлар - Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг расмий баёнотларида халқаро молиявий тизимга хавф туғдирувчи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тизимларида стратегик камчиликлари мавжуд деб белгиланган давлатлар ва ҳудудлар;


мижозни идентификациялаш - мижозни лозим даражада текшириш мақсадида мижоз тўғрисидаги маълумотларни улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар, очиқ манбалар ва маълумотлар базаларида мавжуд бўлган қўшимча тасдиқланган маълумотлар асосида аниқлаш;


мижознинг бенефитсиар мулкдорини идентификациялаш - қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган таъсис ҳужжатлари (устав ва (ёки) таъсис шартномаси, низом) асосида мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш орқали мижознинг мулкдори ёки уни назорат қилувчи юридик шахсни аниқлаш;


юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмаси - чет давлатнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ташкил этилган ва ўз иштирокчиларининг (пайчиларнинг, ишонч билдирувчиларнинг ёки бошқа шахсларнинг) ёхуд бошқа бенефитсиарларнинг манфаатларини кўзлаб даромад (фойда) олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ташкилий тузилмадир (фондлар, шерикликлар, ширкатлар, трастлар, жамоавий инвестициялар ва (ёки) ишончли бошқарувнинг бошқа шакллари);


мижоз - депонент ва (ёки) қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг хизматидан фойдаланаётган жисмоний ёки юридик шахс;


юқори мансабдор шахслар - чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида, шу жумладан ҳарбий тузилмаларида ёхуд халқаро ташкилотда доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ташкилий-бошқарув вазифаларини бажарувчи ва юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни содир этишга ваколатли шахслар, шунингдек чет давлат корхоналарининг юқори мартабали раҳбарлари, чет давлатнинг таниқли сиёсатчилари ва сиёсий партияларининг таниқли аъзолари (шу жумладан собиқ);


юқори мансабдор шахсларга яқин бўлган шахслар - юқори мансабдор шахслар билан ижтимоий ва касбий жиҳатдан чамбарчас боғлиқ бўлган шахслар;


террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёки жисмоний шахс, террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган юридик ёки жисмоний шахс, шунингдек террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёки амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс;


оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган, оммавий қирғин қуролини тарқатишнинг олдини олишга қаратилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолютсиялари ҳамда бошқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган жисмоний ёки юридик шахс;


мижозни лозим даражада текшириш - мижозни ва у қайси шахслар номидан иш кўраётганини текшириш, мижознинг бенефитсиар мулкдорини идентификациялаш, шунингдек мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганишларни ўтказиш;


хабар қилиниши лозим бўлган операциялар - ички назоратни ўтказиш давомида қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шубҳали деб топилган содир этилаётган ва тайёрланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


оффшор ҳудуд - имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудлар;


Рўйхат - терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;


шубҳали операция - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ, тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, мазкур Қоидаларни амалга оширишда қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчисида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган операция;


операцияларни тўхтатиб туриш - мижознинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкини кўчириш, конверсиялаш, ўзга шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун бериш, шунингдек юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқномалари ижросини тўхтатиб туриш;


пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш - пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ўтказишни, конверсиялашни, тасарруф этишни ёхуд кўчиришни тақиқлаш;


қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси (бундан буён матнда профессионал иштирокчи деб юритилади) - қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;


таваккалчилик - мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш таваккалчилиги;


махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;


ўхшаш ҳолатлар - операция иштирокчиларининг идентификация маълумотлари Рўйхатдаги шахсларнинг идентификация маълумотлари билан қисман мос келиши;


учинчи томон - Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлатнинг ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этилган шахсга доир маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар;


аниқлик даражаси - профессионал иштирокчиларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимларида операция иштирокчиларидан бирининг идентификация маълумотларини Рўйхатдаги шахсларнинг идентификация маълумотлари билан солиштириш жараёнида мос келиш даражасини ифодаловчи кўрсаткич;


операция иштирокчилари - мижозлар (шу жумладан, таъсисчилар, акциядорлар ва бошқа иштирокчилар) ва уларнинг вакиллари ҳамда мижознинг операцияда иштирок этувчи ҳамкорлари.


2. Ички назоратнинг мақсади қуйидагилардан иборат:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга йўналтирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни самарали аниқлаш ва олдини олиш;

профессионал иштирокчиларнинг қасддан ёки қасддан бўлмаган жиноий фаолиятга жалб қилинишига йўл қўймаслик;

таваккалчиликларни аниқлаш, уларни баҳолаш, ҳужжатлар билан қайд этиш ва камайтириш;

профессионал иштирокчилар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш.


3. Ички назоратнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўз таваккалчиликларини аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатлар билан қайд этиш ва камайтириш бўйича тегишли чораларни кўриш;

бенефитсиар мулкдорларни идентификациялаш, уларнинг шахсини ўрганиш бўйича имкон қадар чоралар кўриш;

мижозларни лозим даражада текшириш чораларини ва идентификациялаш жараёнларини амалга ошириш, шу жумладан мижозлар ва уларнинг бенефитсиар мулкдорлари ҳақидаги маълумотларни мунтазам янгилаш ва верификациялаш;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин бўлган шахсларнинг амалга ошираётган операцияларини чуқур мониторинг қилиш;

мазкур Қоидалар ва ички қоидаларда белгиланган тартибда шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган шубҳали операциялар тўғрисидаги ахборотни (ҳужжатларни) махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида тақдим этиш;

махсус ваколатли давлат органининг қўшимча маълумотларни тақдим этиш тўғрисидаги сўровларини ҳамда мижозларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларини тўхтатиб туриш ҳақидаги кўрсатмаларини ўз вақтида бажариш;

Рўйхат билан солиштириш орқали операция иштирокчилари орасида террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;

операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, идентификациялаш маълумотларини ва мижозларни лозим даражада текширишга доир материалларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида сақланишини таъминлаш;

профессионал иштирокчилар раҳбариятини тегишли қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ишончли ахборот ва материаллар билан тезкор ва мунтазам таъминлаб бориш;

шубҳали операцияларни амалга ошириш ёки амалга оширишга уринишлар, шубҳали операцияларни амалга оширган операция иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бундай ахборотни давлат органлари ва бошқа профессионал иштирокчилар билан ўзаро алмашиб бориш;

сўровлар бўйича мижозлар базасидан Рўйхат билан солиштириш орқали террорчилик фаолиятини молиялаштиришга ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқадор шахсларни аниқлаш.



2-БОБ. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Ички назорат тизими профессионал иштирокчининг фаолият кўрсатиш хусусиятлари, фаолиятининг асосий йўналишлари, мижозлар ва уларнинг операциялари билан боғлиқ мижозлар базаси ва таваккалчилик хавфи даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.


5. Ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг ички назорати тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1899, 2009 йил 6 феврал) мувофиқ тайинланадиган профессионал иштирокчининг назоратчиси (бундан буён матнда назоратчи деб юритилади) зиммасига юкланади.


6. Назоратчи профессионал иштирокчи раҳбарининг буйруғи билан раҳбарнинг ўринбосарлари орасидан тайинланади. Профессионал иштирокчи назоратчи ҳақидаги ва мазкур Қоидалар талабларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар йили 10 январга қадар почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) юборади.

Назоратчи ўзгарган тақдирда профессионал иштирокчи янги тайинланган назоратчи тўғрисидаги маълумотларни у тайинланганидан кейинги иш кунидан кечиктирмай тақдим этиши шарт.

Профессионал иштирокчи белгиланган тартибда лицензия олгандан кейин бир ой муддатда назоратчи тайинланишини таъминлаши ва Агентликка назоратчининг анкета маълумотларини (фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР) юбориши шарт.


7. Агентлик ҳар йили 15 январгача мазкур Қоидаларга риоя этилишига масъул бўлган назоратчиларнинг рўйхатларини махсус ваколатли давлат органига тақдим этади ва ушбу рўйхатдаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар ўзига маълум бўлган вақтдан эътиборан беш иш куни мобайнида махсус ваколатли давлат органини хабардор қилишни таъминлайди.


8. Профессионал иштирокчилар назоратчиларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришнинг, терроризмни молиялаштиришнинг ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг замонавий усуллари, услублари ва йўналишлари ҳақидаги ахборотга эга бўлишларини таъминлаш ҳамда назоратчиларга жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги қонунчилик ва мажбуриятларнинг барча жиҳатларини аниқ тушунтириб бериш мақсадида уларни мунтазам равишда (йилига камида бир марта) қайта тайёргарликдан ўтказишлари шарт.


9. Назоратчи қуйидаги функцияларни бажаради:

профессионал иштирокчиларнинг хизматларидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида фойдаланиш хавфини олдини олиш учун қонунчиликда, мазкур Қоидаларда ва ички қоидаларда кўзда тутилган чораларни кўради;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонунчилик, мазкур Қоидалар ва ички қоидалар талабларига профессионал иштирокчилар томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ қоидабузарлик ҳолатлари тўғрисидаги ахборотни профессионал иштирокчининг раҳбарига тақдим этади;

профессионал иштирокчи фаолиятида мазкур Қоидалар ва ички қоидалар талабларига риоя қилинмаганлиги бўйича аниқланган камчилик ва қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан профессионал иштирокчининг раҳбарига кўриб чиқиши учун таклифлар киритади;

мазкур Қоидалар ижроси натижалари ҳақида ҳисоботни бир йилда камида бир маротаба профессионал иштирокчининг раҳбарига тақдим этади;

шубҳали операциялар, уларни бажаришга уринишлар тўғрисидаги хабарларнинг махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида юборилишини, шунингдек махсус ваколатли давлат органининг қўшимча маълумотларни тақдим этиш ҳақидаги сўровлари ва мижозларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларини тўхтатиб туриш ҳақидаги кўрсатмаларининг бажарилишини таъминлайди;

ички назоратни ташкил этиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш масалалари бўйича Агентлик ва махсус ваколатли давлат органининг масъул шахслари билан ҳамкорликни амалга оширади;

Рўйхатни профессионал иштирокчининг ходимларига етказади.


10. Назоратчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

профессионал иштирокчининг ходимларидан ички назоратни амалга ошириш мақсадлари учун зарур бўлган бошқарувчилик, бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

хабар қилиниши лозим бўлган операцияларга нисбатан келгусидаги хатти-ҳаракатлар бўйича раҳбариятга таклифлар киритиш.

Назоратчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Назоратчи қуйидагиларга мажбур:

ўз ваколати доирасида мазкур Қоидалар ва ички қоидалар билан юклатилган мақсадларга эришиш ва вазифаларни бажариш учун зарур чораларни кўриш;

мижознинг фаолиятини (бизнесини), унинг мулки ва бошқарув тузилмасини тушуниш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга оид таваккалчиликларни аниқлаш ва баҳолаш бўйича тегишли чораларни кўриш, ушбу таваккалчиликларни ҳужжатларда қайд этиш ва уларни камайтириш чораларини кўриш;

мижозларни лозим даражада текшириш, шу жумладан доимий мониторингни амалга ошириш ва идентификациялаш ҳамда Рўйхат билан солиштиришни таъминлаш бўйича чораларни кўриш;

бенефитсиар мулкдорларни аниқлаш ва идентификациялаш бўйича тегишли чораларни кўриш;

махсус ваколатли давлат органига белгиланган тартибда шубҳали операциялар тўғрисида, шу жумладан улар аниқланган кундан кейинги бир иш кунидан кечиктирмай уларни амалга оширишга уринишлар тўғрисида хабарларни бериб бориш;

махсус ваколатли давлат органининг мижозларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциясини тўхтатиб туриш ҳақидаги кўрсатмаларини ўз вақтида бажариш бўйича чораларни кўриш;

олинган маълумотларнинг махфийлигига риоя қилиш;

ички назоратни амалга ошириш давомида олинган ҳужжатларнинг сақланиши ва қайтарилишини таъминлаш;

қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларни бажариш.


12. Профессионал иштирокчилар мазкур Қоидалар талабларидан келиб чиқиб, қуйидагилар акс этган ички қоидаларни ишлаб чиқишлари ва тасдиқлашлари лозим:

таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, камайтириш ва ҳужжатлаштиришга доир чораларни амалга ошириш тартиби;

мижозларни ва уларнинг бенефитсиар мулкдорларини лозим даражада текшириш, шунингдек мижозлар операцияларининг мунтазам назоратини амалга ошириш қоидалари;

керакли ахборотни расмийлаштириш ва унинг махфийлигини таъминлаш тартиби;

шубҳали операцияларни аниқлаш тартиби, шунингдек бундай операциялар тўғрисидаги хабарларни тайёрлаш ва махсус ваколатли давлат органига юбориш тартиби;

кадрларни тайинлаш, тайёрлаш ва ўқитишга, шу жумладан уларнинг ишчанлик обрўси ва малакасига қўйиладиган талаблар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган чоралар;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин бўлган шахслар билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш ҳамда улар томонидан ўтказиладиган операцияларни мониторинг қилиш тартиби;

юқори таваккалчилик даражаси тоифасига киритилган мижозларнинг ҳисобини юритиш ҳамда бундай мижозларнинг операцияларини мониторинг қилиш тартиби;

махсус ваколатли давлат органининг қўшимча маълумотларни тақдим этиш ҳақидаги сўровларини ва мижозларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларини тўхтатиб туриш ҳақидаги кўрсатмасини ўз вақтида бажариш бўйича чоралар;

қонунчиликка зид бўлмаган бошқа қоидалар.


13. Профессионал иштирокчиларнинг назорати остида ёки сезиларли таъсири доирасида битта ёки бир нечта пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар бўлган тақдирда ички қоидалар гуруҳий ёндашув асосида ишлаб чиқилиши ва қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ таваккалчиликларни бошқариш ва мижозларни лозим даражада текшириш учун зарур бўлган маълумотларни алмашиш қоидалари ва тартиб-таомиллари;

комплайэнс назорати, аудит ва (ёки) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш функцияларининг мувофиқлигини гуруҳ даражасида таъминлаш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадлари учун зарур бўлган ҳолларда филиаллардан ва шуъба корхоналардан уларнинг мижозлари, ҳисобварақлари ва операциялари тўғрисидаги маълумотларни олишни таъминлаш;

махфийликни ва маълумотлардан фойдаланишни етарли даражада ҳимоя қилиш.


14. Профессионал иштирокчиларнинг ички қоидалари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонунчилик ва мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ бўлиши, шунингдек аниқланган таваккалчиликлар ва уларни баҳолаш ҳисобга олинган ҳолда тузилиши шарт. Ички қоидалар, уларга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар профессионал иштирокчининг раҳбари томонидан тасдиқланади.


15. Профессионал иштирокчилар қуйидагиларга мажбур:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш юзасидан эҳтимол тутилган таваккалчиликларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва аниқлашни ўз фаолиятида тизимли равишда, йилига камида бир марта амалга ошириш, ўрганиш натижаларини ҳужжатлар билан қайд этиш ва уни камайтириш бўйича тегишли чоралар кўриш;

таваккалчиликлар даражаси ва уларни камайтириш бўйича тегишли чораларни аниқлаш давомида мазкур соҳага оид барча таваккалчиликларни эътиборга олиш;

таваккалчиликларни баҳолашни энг сўнгги ҳолатда ушлаб туриш;

махсус ваколатли давлат органига ва Агентликка таваккалчиликларни баҳолаш натижаларини тақдим этишнинг аниқ тартибини белгилаш;

бошқа, шу жумладан чет элдаги, профессионал иштирокчилар билан амалий иш муносабатларига киришиш давомида мумкин бўлган усуллар орқали (шунингдек, очиқ манбалардан) уларнинг иш обрўси, бизнес юритиш усул ва услублари, қонунчиликни бузиш ҳолатлари тўғрисида маълумотларни тўплаш;

профессионал иштирокчиларнинг бошқарув органлари розилиги олинганидан ва бошқа профессионал иштирокчиларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат тизими ўрганилгандан сўнг улар билан амалий иш муносабатларига киришиш;

ички қоидалар қўлланилишининг доимий мониторингини амалга ошириб бориш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришнинг юқори даражадаги таваккалчилиги аниқланган ҳолларда таваккалчиликларни бошқариш ва камайтириш бўйича кучайтирилган чораларни кўриш.


16. Профессионал иштирокчиларнинг чет элдаги алоҳида бўлинмалари (мавжуд бўлганда) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда улар жойлашган мамлакат талабларига риоя қилишлари лозим, мазкур талаблар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг талабларидан фарқ қилган тақдирда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартларни қўллаши лозим.


17. Профессионал иштирокчи ўзининг хориждаги алоҳида бўлинмаларидан мазкур бўлинмалар жойлашган мамлакат қонунчилигидаги тақиқлар туфайли жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тегишли тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳолатлар тўғрисида бош офисни хабардор қилишни талаб қилишга мажбурдир.

Ўз навбатида профессионал иштирокчилар бу ҳақда махсус ваколатли давлат органига хабар бериши шарт.



3-БОБ. МИЖОЗЛАРНИ ЛОЗИМ

ДАРАЖАДА ТЕКШИРИШ


18. Профессионал иштирокчилар мижозларни лозим даражада текшириш чораларини кўришлари керак.

Мижозларни лозим даражада текшириш чоралари барча янги мижозлар ҳамда таваккалчилик даражасидан келиб чиқиб мавжуд мижозларга нисбатан қўлланилади.

Алоҳида ҳолларда, мавжуд мижознинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқаси борлиги ҳақида асослантирилган шубҳалар мавжуд бўлганида ва унга нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чоралар амалга оширилаётганлиги ошкор бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чораларни амалга оширмасдан махсус ваколатли давлат органга шубҳали операция ҳақида ахборот юборилишига йўл қўйилади.


19. Мижозни лозим даражада текшириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши керак:

мижоз билан амалий иш муносабатлари ўрнатилганда;

мижоз билан қимматли қоғозлар бозорига оид хизматларни кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузилганда;

ўтказиладиган операцияларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ёки терроризмни молиялаштириш ёхуд оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида амалга оширилаётганлигига нисбатан ҳар қандай шубҳалар мавжуд бўлганда;

мижоз тўғрисида аввал олинган маълумотларнинг тўғрилигига гумонлар мавжуд бўлганда;

операция ўтказилаётган кунда эквиваленти 15 000 АҚШ долларидан ошган миқдордаги қимматли қоғозлар билан бир марталик операциялар (битимлар) амалга оширилганда.


20. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

ишончли манба ва ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда (бунда, учинчи томон хизматларидан фойдаланилиши мумкин) мижозни идентификациялаш ва верификациялаш;

тегишли ҳужжатлар асосида мижознинг ва у қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текшириш;

мижознинг бенефитсиар мулкдорини идентификациялаш ва верификациялаш бўйича тегишли чораларни кўриш, шу жумладан ишончли манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда (юридик шахс бўлган мижозларга нисбатан эса таъсис ҳужжатлари асосида) мулк ва бошқарув тузилмасини ўрганиш;

мижоз томонидан амалга ошириладиган иш муносабатлари ва операцияларнинг бундай мижоз тўғрисидаги маълумотларга, унинг фаолияти мақсади ва хусусиятига мувофиқлигини текшириш ҳамда пул маблағлари ёки мол-мулклар келиб чиқиш манбаларини аниқлаш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказиш.

Профессионал иштирокчилар мижозларни лозим даражада текшириш давомида олинган маълумотларни мунтазам янгилаб бориши ва энг сўнгги ҳолатда ушлаб туриши шарт. Бунда, юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган мижозларга алоҳида эътибор қаратилади.


21. Профессионал иштирокчилар мижозни лозим даражада текшириш бўйича мазкур Қоидаларнинг 20-бандида кўрсатиб ўтилган чораларни кўриш билан бирга, мижоз ёки бенефитсиар мулкдор сифатида қатнашаётган юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин бўлган шахсларга нисбатан:

юқори мансабдор шахснинг мавқейи тўғрисидаги маълумотларни текшириш ва ўтказилаётган операциядаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг манбаларини аниқлаш бўйича тегишли чораларни кўриш;

юқори мансабдор шахс билан амалий иш муносабатларига фақатгина раҳбарият рухсати билан киришиш (ёки мавжуд мижозлар учун давом эттириш);

лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларини кўришлари шарт.


22. Лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

мижоз ҳақида очиқ манбалар ва маълумотлар базаларидан қўшимча тасдиқланган маълумотларни тўплаш ва қайд этиш, шунингдек мижоз ва унинг бенефитсиар мулкдори ҳақидаги маълумотларни тез-тез янгилаш ва верификациялаш;

мижоздан у томонидан амалга оширилаётган операциялар бўйича пул маблағларининг манбалари ёки унинг молиявий ҳолати, операциялар ўтказилишининг мақсади ва сабаблари ҳақидаги маълумотларни олиш;

амалий иш муносабатларига киришиш ёки давом эттиришга профессионал иштирокчи бошқарув органларининг рухсатини олиш;

текширишларнинг сони ва кетма-кетлигини ошириш йўли билан мижоз операцияларининг кучайтирилган мониторингини амалга ошириш ҳамда операцияларни амалга ошириш схемаларини чуқур ўрганиш;

мижоз томонидан амалга оширилаётган операциялар устидан доимий мониторинг олиб бориш.


23. Мижоз хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузиш учун мурожаат қилганда профессионал иштирокчилар қуйидагиларга мажбурдирлар:

ушбу Қоидалар ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга оид қонунчилик талабларига мувофиқ операция бўйича мижозни ва (ёки) бенефитсиар мулкдорни идентификациялаш;

аввалги ҳисобот даври (ой, йилнинг чораги, ярим йиллик, йил) давомида мижознинг илгари ўтказган операцияларини ўрганиш, агар ихтиёрида бундай операциялар тўғрисида маълумотлар бўлса;

операциянинг турини ва унинг мижознинг таъсис ҳужжатларида белгиланган фаолият мақсади ва турларига ёки унинг умумий иш амалиётига мувофиқлик даражасини аниқлаш;

аниқ иқтисодий моҳиятга эга бўлмаган, лозим даражада текшириш материалларига илова қилинадиган мижознинг умумий иш амалиётига, таъсис ҳужжатларида ёки давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўзда тутилган фаолият мақсадларига ва турларига мос келмайдиган барча операциялар бўйича лозим даражада текшириш натижалари ва хулосаларини ёзма қайд этиш.


24. Профессионал иштирокчилар ўзларининг автоматлаштирилган ахборот тизимларидаги аниқлик даражасини ҳар бир хизмат ёки операция тоифаси бўйича таваккалчилик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгилашлари керак.

Аниқлик даражаси операция иштирокчилари идентификация маълумотларининг ҳар бир элементи бўйича алоҳида белгиланиши лозим.


25. Мижоз ва мижознинг бенефитсиар мулкдорини идентификациялаш мазкур Қоидаларнинг 2 ва 3-иловаларида назарда тутилган маълумотлар асосида амалга оширилади.

Идентификациялаш натижасида олинган маълумотлар санаси кўрсатилган ҳолда назоратчи томонидан алоҳида журналга киритилади.


26. Профессионал иштирокчилар жисмоний ва юридик шахсларни масофадан туриб идентификациялашни амалга оширишга ҳақли. Масофадан туриб идентификациялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 апрелдаги 238-сон "Қимматли қоғозлар бозорида мижозларни масофадан туриб рақамли идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.


27. Юридик шахс бўлган мижозни идентификациялашда давлат рўйхатига олинганлиги, раҳбарлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар текширилиши керак.

Кўрсатилган ҳужжатларни тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш автоматлаштирилган тизими орқали ёки ушбу тизимдан ахборот олишнинг имкони бўлмаганда, бевосита мижоздан олиш мумкин.


28. Мижозни ва операциянинг бошқа иштирокчиларини идентификациялаш имконини берувчи барча ҳужжатлар улар тақдим этилган санада амалда бўлиши шарт.

Мижоз ёки бенефитсиар мулкдорни идентификациялаш билан бир қаторда мижознинг ишчанлик обрўси тўғрисидаги маълумотлар ўрганилади.


29. Давлат органлари ва идораларига нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш чора-тадбирларини ўтказиш талаб қилинмайди.


30. Профессионал иштирокчилар қуйидаги ҳолларда мижозга операцияларни амалга оширишни рад этади:

мижозларни лозим даражада текшириш чораларини қўллаш имкони бўлмаганда;

идентификациялашни тугатиш имкони бўлмаган ёки лозим даражада текшириш натижалари бўйича у билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи маълумотлар олинган ҳолда;

атайин нотўғри бўлган ҳужжатлар тақдим этилганда ёки қонунчиликка мувофиқ сўраладиган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Мижозларга операцияни амалга ошириш рад этилган ҳолларда профессионал иштирокчилар махсус ваколатли давлат органига хабар юборишлари керак.


31. Профессионал иштирокчиларга қуйидагиларни амалга ошириш тақиқланади:

аноним шахсларга депо ҳисобварағи очиш, яъни жисмоний ёки юридик шахс томонидан уни идентификациялаш учун зарур ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолда ҳисобварақ очиш;

ҳужжатлар билан тасдиқланмаган, очиқдан-очиқ сохта номлар бўйича депо ҳисобварақлари очиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатлар ҳудудида филиаллар ёки ваколатхоналар ташкил этиш.



4-БОБ. ТАВАККАЛЧИЛИК ДАРАЖАСИНИ

АНИҚЛАШ ВА БАҲОЛАШ


32. Профессионал иштирокчилар таваккалчилик даражасини аниқлаши, шунингдек уни пасайтириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши шарт.

Таваккалчилик даражаси мижознинг фаолияти ва амалга оширадиган операциялари турларини инобатга олган ҳолда мижоз тақдим қилган маълумотлар, мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар ҳамда мижозни лозим даражада текшириш натижалари асосида назоратчи томонидан аниқланади ва баҳоланади.

Мазкур банднинг иккинчи хатбошисида белгиланган талаблар асосида мижозга жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни бажаришнинг тегишли (юқори ёки қуйи) таваккалчилик даражаси берилади.


33. Юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига олдиндан қуйидаги мезонларга тўғри келадиган операция иштирокчилари киритилиши керак:

Рўйхатга киритилган шахслар ёки Рўйхатга киритилган шахснинг назоратидаги шахслар, Рўйхатга киритилган ташкилотнинг бевосита ёхуд билвосита мулкдори бўлган ёки уни назорат қилувчи шахслар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатда ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

юридик шахс ташкил этмаган чет эл тузилмалари, чет эл корхоналарининг ваколатхоналари ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бўлмаган жисмоний шахслар;

оффшор ҳудудларда ҳисобвараққа эга бўлган шахслар;

бенефитсиар мулкдори мазкур банднинг иккинчи ва (ёки) учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахс ҳисобланган ташкилотлар;

мунтазам равишда (уч ой ичида кетма-кет икки мартадан зиёд) шубҳали операцияларни амалга оширувчи мижозлар;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин бўлган шахслар;

ички қоидаларда белгиланадиган бошқа шахслар.


34. Операция юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган тақдирда профессионал иштирокчилар ушбу мижозга нисбатан лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларини кўришлари ва доимий мониторинг қилиб боришлари шарт.


35. Мижоз томонидан амалга оширилаётган операцияларнинг хусусияти ўзгаришига қараб, профессионал иштирокчилар мижозни лозим даражада текшириш натижалари бўйича тўпланган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда таваккалчилик даражасини қайта кўриб чиқишлари лозим.


36. Профессионал иштирокчилар ички қоидаларда белгиланган тартибда юқори таваккалчилик даражаси тоифасига киритилган барча мижозларнинг (операция иштирокчиларнинг) ҳисобини юритиши керак. Юқори таваккалчилик даражаси тоифасига киритилган барча мижозлар (операция иштирокчилари) тўғрисидаги маълумотлар махсус журналга киритилади.


37. Профессионал иштирокчилар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича чораларни кўришлари керак. Ушбу мақсадда профессионал иштирокчилар ўз хизматларини кўрсатиш учун янги ёки ривожланаётган технологиялардан фойдаланиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган таваккалчилик даражаларини аниқлаши ва баҳолаши керак. Таваккалчиликнинг бундай баҳоланиши янги ёки ривожланаётган технологиялардан фойдаланишдан аввал ўтказилиши керак.



5-БОБ. ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАР

МЕЗОНЛАРИ ВА АЛОМАТЛАРИ ҲАМДА

УЛАРНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


38. Операциялар қуйидаги мезон ва аломатларнинг бири мавжуд бўлганда шубҳали операция деб топилади:

операцияни амалга ошириш учун тақдим қилинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигига (ишончлилигига) гумон туғилиши ва (ёки) операция тўғрисидаги, шу жумладан операцияни бажарувчи томонларнинг бири ҳақидаги маълумотлар профессионал иштирокчида мавжуд бўлган маълумотларга мувофиқ келмаслиги;

операциянинг аниқ иқтисодий моҳиятга эга эмаслиги ва мижоз фаолиятининг тавсифи ва фаолият турига мувофиқ келмаслиги;

профессионал иштирокчи томонидан зарурат туфайли сўралаётган, шу жумладан ишонч билдирувчи (агар мижоз ишончли вакил сифатида иш юритаётган бўлса) ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш мижоз томонидан сабабсиз рад этилиши;

мижозга нисбатан мазкур Қоидаларда кўрсатилган чоралар асосли қўлланилаётганда, мижоз ташаббуси билан дарҳол амалий иш муносабатларининг тўхтатилиши;

идентификациялашни якунлашнинг имкони бўлмаслиги ёки лозим даражада текшириш натижаларига кўра, мижоз билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатиб турадиган маълумотларнинг олиниши;

мижоз хизмат кўрсатишнинг фойдалироқ шартларига нисбатан эътиборсиз бўлиши, шунингдек мижоз томонидан айни турдаги хизматлар кўрсатишдаги оддий тўловдан фарқ қиладиган юқори мукофотнинг таклиф қилиниши;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига оффшор ҳудудларда доимий яшовчи ёки рўйхатга олинган шахсларнинг фойдасига ўтказилиши;

операциянинг иштирокчиларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлиши;

қонунчилик билан белгиланган назорат жараёнидан қочишга қаратилган деган хулосани чиқаришга асос бўладиган операциялар ёки битимларнинг амалга оширилганлиги аниқланганлиги;

мижознинг амалга оширилаётган битимга нисбатан махфийлик масалалари билан ортиқча ташвишланиши;

мижоз томонидан битим бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишнинг одатдаги амалиётдан фарқ қилувчи ностандарт ва мураккаб схемалари таклиф этилиши;

мижоз томонидан аввал келишилган операциянинг (битимнинг) схемасига уни бевосита амалга оширишдан олдин сезиларли ўзгартиришлар киритилиши;

мижознинг бекор қилинган битимлар бўйича ўз пул маблағларини учинчи шахсларга қайтаришни амалга оширишни таклиф этиши;

бир йўла ёки қисмлар бўйича бир турдаги ва бир хил ҳажмдаги молиявий воситаларни сотиб олиб (сотиб), бундай битимларнинг томонлари гоҳ сотувчи, гоҳ харидор сифатида мунтазам равишда ўзгариб турувчи битимларнинг амалга оширилиши;

мижоз томонидан маълумот ва ҳужжатлар тақдим этилишининг асоссиз кечиктирилиши ёки мижоз томонидан текшириб бўлмайдиган маълумотлар тақдим этилиши;

мижоз талаб қилаётган операцияни амалга оширишда асоссиз шошма-шошарлик;

мижоз томонидан 30 календарь кун мобайнида депонентга қўйилган пул маблағларининг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг миқдордаги суммадан ошиши;

мижоз томонидан қимматли қоғозларни бозор нархларидан сезиларли фарқ қиладиган нархларда сотиб олишнинг (сотишнинг) амалга оширилиши;

базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан ортиқ суммадаги қимматли қоғозларнинг юридик (жисмоний) шахслар ўртасида бепул асосда ёки дебиторлик ва кредиторлик қарзлари бўйича топширилиши;

ҳисоб-китоб-клиринг палаталаридаги Фойдаланувчиларнинг шахсий рақамларида (бундан буён матнда ФШР деб юритилади) жамланган пул маблағларидан бошқанинг фойдасига воз кечиш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг миқдордаги суммадан ошган операцияларнинг ўтказилиши, бир марталик ўтказилган операциялар каби уч ой мобайнида ўтказилган бир нечта операциялар ҳам;

оффшор ҳудудларда ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатларда рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар учун ФШР очишга топшириқнома берилиши;

мижоз ҳақидаги маълумотнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек, кўрсатилган боғланиш маълумотлари, хусусан, почта ва электрон манзили, телефон рақамлари ва электрон канал маълумотлари бўйича мижоз билан алоқа ўрнатиш имкониятининг йўқлиги;

қимматли қоғозларга доир битимлар тузилаётганда инсайдерлик ахборотидан ноқонуний фойдаланилганлиги ёки қимматли қоғозлар бозорида нархлар борасида ҳийла-найранг ишлатилганлигига доир ҳар қандай шубҳаларнинг мавжудлиги;

операцияни амалга оширишда фойдаланилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг жиноий келиб чиқиши ёки терроризмни молиялаштириш ёхуд оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш учун мўлжалланганлиги тўғрисида ҳар қандай шубҳаларнинг мавжудлиги.

Ички қоидалар билан шубҳали операцияларнинг қўшимча белгилари ва мезонлари ўрнатилиши мумкин.


39. Профессионал иштирокчи Агентлик томонидан махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда ишлаб чиқиладиган ва тавсиявий хусусиятга эга бўлган методик тавсиялар асосида шубҳали операцияларни эрта аниқлаш бўйича кўрсаткичларни жорий қилиш ҳуқуқига эга.


40. Идентификациялаш жараёнида олинган маълумотлар, шунингдек мижозга берилган таваккалчилик даражаси операцияни мониторинг қилишга асос бўлиб ҳисобланади.


41. Мижозни идентификациялаш ва операцияларининг жорий текшируви лавозим мажбуриятларига мувофиқ профессионал иштирокчининг ходими томонидан ўтказилади, у шубҳали операциялар аломатлари мавжуд операцияларни аниқлаган тақдирда бундай операциялар ҳақида бевосита назоратчига зудлик билан хабар бериши лозим.


42. Мижоз операцияларининг кейинги текшируви назоратчи томонидан жорий текширув жараёнида аниқланмайдиган шубҳали операцияларни аниқлаш мақсадида, мижознинг ўтган давр мобайнида бажарган операцияларини таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.

Асосли шубҳалар мавжуд бўлган тақдирда назоратчи мижоз операциясини шубҳали деб ҳисоблаш тўғрисида қарор қабул қилади.


43. Операцияни шубҳали деб топиш ҳар бир аниқ ҳолатда ушбу Қоидалар билан ўрнатилган шубҳалилик мезонларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган комплекс таҳлил асосида, шунингдек мижознинг туридан, операция мақсадлари ва ҳажмидан аниқланадиган таваккалчиликдан келиб чиққан ҳолда ва шубҳали операцияни тўғри аниқлаш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар асосида амалга оширилади.


44. Мижознинг операцияси шубҳали деб топилгандан сўнг назоратчи қуйидаги чораларни кўриши керак:

мижознинг операциялари устидан мониторингни кучайтириш;

мижоз тўғрисида қўшимча маълумот олиш;

мижознинг таваккалчилик даражасини қайта кўриб чиқиш;

операция ҳақидаги маълумотларни махсус журналга қайд этиш;

шубҳали операция тўғрисида махсус ваколатли давлат органига хабар берилишини таъминлаш;

қонунчиликка ва мижоз билан тузилган шартномага мувофиқ у билан муносабатларни тўхтатиш бўйича профессионал иштирокчининг раҳбарига таклиф киритиш.


45. Шубҳали операция тўғрисидаги хабар профессионал иштирокчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 402-сон қарори билан тасдиқланган Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ маълумотларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ шубҳали операция аниқланган пайтдан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай махсус ваколатли давлат органига берилади.

Шубҳали операциялар тўғрисидаги хабар махсус ваколатли давлат органига ахборотни криптографик ҳимоялаш воситалари мавжуд бўлган маълумотларни узатишнинг электрон тизимлари орқали ёки рухсат берилмаган фойдаланишдан ҳимояланган махсус электрон почта манзили ёхуд махсус ваколатли давлат органининг шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш тизимидаги шахсий кабинет ёрдамида юборилади.

Шахсий кабинетга уланиш учун профессионал иштирокчилар ушбу Қоидаларнинг 4-иловасига мувофиқ маълумотларни тақдим этган ҳолда Агентликка мурожаат қилишлари керак.


46. Профессионал иштирокчилар тегишли операцияга нисбатан шубҳани тасдиқловчи ёки олиб ташловчи ҳар қандай маълумотни дарҳол махсус ваколатли давлат органига хабар қилиши зарур.



6-БОБ. РЎЙХАТГА КИРИТИЛГАН ШАХСЛАР

ИШТИРОКИДАГИ ОПЕРАЦИЯЛАР АНИҚЛАНГАНДА

АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР


47. Профессионал иштирокчилар мижоз, мижознинг бенефитсиар мулкдори ва операция иштирокчиларининг идентификация маълумотларини Рўйхат билан солиштиришлари шарт.

Агар мижоз билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш даврида ёки пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширишда профессионал иштирокчининг ходимлари томонидан мижоз, мижознинг бенефитсиар мулкдори ёки операция иштирокчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келганлиги аниқланган тақдирда, улар кечиктирмасдан ва мижозни хабардор қилмасдан операцияни тўхтатишлари ва (ёки) пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйишлари ҳамда бу ҳақида назоратчига хабар беришлари керак.

Ўз навбатида назоратчи операция иштирокчиларидан бирининг ва амалга оширилаётган операциянинг идентификация маълумотларини махсус журналга киритиши, шунингдек махсус ваколатли давлат органига хабар юбориши лозим.

Рўйхатга янги шахслар киритилганда назоратчи янги шахсларнинг идентификация маълумотларини мижозлар базаси билан солиштириши ва тўлиқ мослик аниқланган шахслар томонидан илгари амалга оширилган операциялар аниқланган тақдирда, ушбу мижозларни лозим даражада текширишни амалга ошириши ҳамда унинг натижалари бўйича ахборотни махсус ваколатли давлат органига юбориши керак.


48. Мижоз Рўйхатга киритилган шахслиги аниқланганда профессионал иштирокчи томонидан амалга оширилиши лозим бўлган тартиб қуйидаги талабларни ўз ичига олиши лозим:

ўхшаш ҳолатларни саралаш ва якуний қарор қабул қилиш бўйича тартиб-таомилларни;

операция иштирокчиларининг барча мавжуд маълумотларини Рўйхатдаги шахсларнинг маълумотлари билан автоматик солиштириш жараёнини.


49. Қуйидаги ҳолатлардан бири юзага келса, операциялар профессионал иштирокчилар томонидан кечиктирилмасдан ва олдиндан хабар қилинмасдан тўхтатиб турилади ва (ёки) пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк ишга солинмай тўхтатиб қўйилади ҳамда махсус ваколатли давлат органига хабар қилинади:

мижоз, мижознинг бенефитсиар мулкдори ёки операция иштирокчиларидан бирининг барча идентификация маълумотлари Рўйхатга киритилган шахснинг маълумотлари билан тўлиқ мос келса;

мижоз Рўйхатга киритилган шахс номидан ёки унинг топшириғига биноан фаолият кўрсатаётган бўлса;

операцияни амалга оширишда фойдаланилаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк тўлиқ ёки қисман Рўйхатга киритилган шахсга тегишли бўлса;

юридик шахс бўлган операция иштирокчиси Рўйхатга киритилган жисмоний ёки юридик шахснинг мулкида ёки назорати остида бўлса.


50. Операцияларни тўхтатиш ва тиклаш Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3327, 2021 йил 19 октябрь) белгиланган тартибда амалга оширилади.

Назоратчи мазкур Қоидаларнинг 49-бандида назарда тутилган чора-тадбирлар бажарилганидан кейин Рўйхатга киритилган шахсга унинг операцияси тўхтатиб турилганлиги ва (ёки) пул маблағлари ёки бошқа мол-мулки ишга солинмай тўхтатиб қўйилганлиги тўғрисида имкон қадар қисқа вақтда хабар бериши ҳамда операцияни тиклаш тартиби тўғрисида тушунтириш бериши керак.



7-БОБ. МАХСУС ВАКОЛАТЛИ

ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ СЎРОВЛАРИ

ВА КЎРСАТМАЛАРИНИ БАЖАРИШ


51. Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ махсус ваколатли давлат органи жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш чораларини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни профессионал иштирокчилардан ёзма равишда сўрашга, шу жумладан профессионал иштирокчиларнинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари орқали олишга ҳақлидир.

Профессионал иштирокчилар махсус ваколатли давлат органининг мижозларнинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулклари билан боғлиқ операцияларини тўхтатиб туриш тўғрисидаги кўрсатмаларини ўз вақтида бажариш чораларини кўрадилар.


52. Махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операциялар бўйича қонунчиликка ва мазкур Қоидаларга мувофиқ махсус журналга назоратчи томонидан қуйидагилар расмийлаштирилади:

операция тури ва уни амалга ошириш асослари;

операцияни амалга ошириш санаси ва суммаси;

операцияни амалга оширувчи мижозни идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар.



8-БОБ. АХБОРОТ ВА ҲУЖЖАТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ, САҚЛАШ ВА

МАХФИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


53. Профессионал иштирокчилар пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек мижозларни лозим даражада текшириш бўйича идентификациялаш маълумотлари ҳамда материалларини, шу жумладан иш ёзишмаларини, ўтказилган ҳар қандай таҳлил натижаларини қонунчиликда белгиланган муддатлар мобайнида, лекин операция амалга оширилганидан ёки мижоз билан амалий иш муносабатлари тўхтатилганидан кейин беш йилдан кам бўлмаган муддатда сақлашлари шарт.

Сақлаш муддатлари тугаши билан ҳужжатлар белгиланган тартибда архивга топширилади.


54. Мижозни лозим даражада текшириш жараёнида олинган мижоз тўғрисидаги маълумотлар мазкур Қоидаларнинг 5-иловасига мувофиқ шакл бўйича тўлдириладиган мижоз сўровномасида қайд этилади. Профессионал иштирокчилар ички қоидаларга мувофиқ мижоз сўровномасига бошқа маълумотларни киритиш ҳуқуқига эга.


55. Электрон шаклда тўлдирилган мижоз сўровномаси қоғоз шаклда чиқарилганда назоратчи имзоси билан тасдиқланади.


56. Мижозларнинг сўровномалари алоҳида хронологик тартибда назоратчида сақлаб борилади.


57. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ва мижозларни лозим даражада текширишга доир ахборот зарурат туғилганда операция тафсилотларини қайта тиклаш ва ахборотдан махсус ваколатли давлат органи фойдаланиши мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши лозим.


58. Профессионал иштирокчи томонидан мижозни лозим даражада текшириш ва идентификациялаш натижасида олинган маълумотлар ҳамда мижозларнинг таваккалчилик даражалари бир йилда камида бир маротаба янгиланиб борилиши лозим.


59. Назоратчи фаолиятида фойдаланилган барча ҳужжатларга кириш имкониятини чеклаш мақсадида бундай ҳужжатлар ва уларнинг рўйхати бевосита назоратчи томонидан махсус жиҳозланган хонада ёки ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши керак.


60. Электрон шаклдаги ҳужжатлар дастурлаш йўли асосида архивлаштирилиши, электрон ахборот ташувчи воситаларга ёзилиши ва назоратчи томонидан уларнинг рўйхати билан бирга ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши керак.


61. Профессионал иштирокчилар:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотга кириш имкониятини чеклайдилар, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайдилар;

ички назорат функцияларини амалга ошириш жараёнида олинган ахборотни ўз ходимлари томонидан ошкор қилинмаслигини (шахсий мақсадлар ёхуд учинчи шахслар манфаатлари учун фойдаланилмаслигини) таъминлайдилар.

Профессионал иштирокчилар мижозларга уларнинг операциялари ҳақида махсус ваколатли давлат органига хабар берилганлиги тўғрисида маълум қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.



9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


62. Профессионал иштирокчилар томонидан мазкур Қоидалар талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат Агентлик томонидан махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда амалга оширилади.


63. Профессионал иштирокчининг раҳбари ички ва ташқи вазиятларнинг ўзгаришини инобатга олган ҳолда, ички назорат тизимини доимий равишда мониторинг қилади ва самарадорлигини баҳолаб боради, шунингдек самарали ишлашини таъминлаш учун заруратга қараб уни мустаҳкамлайди.

Профессионал иштирокчининг ички аудит хизмати мавжуд бўлганда, ички назорат тизими самарадорлигини мониторинг қилиш ички аудит хизмати томонидан ҳам олиб борилиши мумкин.


64. Профессионал иштирокчининг раҳбари ва назоратчи мазкур Қоидаларни бузганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


65. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги ҳолларини яширишда, шунингдек мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

         

            




Қоидаларга

1-ИЛОВА



Қимматли қоғозлар бозори

профессионал иштирокчисининг

назоратчиси ва ички қоидаларининг

амалга оширилиши тўғрисидаги

МАЪЛУМОТЛАР

          

_____________________________________

(ташкилот номи)


1. Фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими, телефон рақами.


2. Масъул ходим этиб тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ санаси ва рақами.


3. Ўтган йил учун ташкилот томонидан кўрсатилган хизматлар тўғрисидаги маълумот, шу жумладан:

филиаллар ёки алоҳида бўлинмалар мавжудлигини кўрсатувчи ташкилий тузилманинг тавсифи;

қимматли қоғозлар бозорида кўрсатиладиган хизмат турлари;

мижозларнинг тури ва сони;

амалга оширилган битимларнинг умумий миқдори ва сони;

аниқланган хатарлар ва уларни камайтириш бўйича кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумот.


4. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратни таъминлаш бўйича қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси томонидан тасдиқланган ҳужжат номи ва санаси, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритган кейинги ҳужжатлар ҳамда ўзгартиришлар киритиш сабаблари ва мақсадлари тўғрисидаги маълумот.


5. Назоратчи ва ходимларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида доимий равишда қайта тайёргарликдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот.


6. Махсус ваколатли давлат органига юборилган хабарлар сони (хабарларнинг мазмуни ошкор қилинмасдан фақатгина уларнинг умумий сони берилади).

       

          




Қоидаларга

2-ИЛОВА



Жисмоний шахсни идентификациялашда зарур бўладиган

МАЪЛУМОТЛАР


Мижоз ва унинг бенефитсиар мулкдорини идентификациялашда зарур бўладиган маълумотлар:

1) фамилияси, исми, отасининг исми;

2) туғилган санаси ва жойи;

3) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун);

4) фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар;

5) рўйхатдан ўтганлиги ва яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар;

6) паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатнинг реквизитлари (ҳужжатнинг серияси ва рақами, ҳужжат берилган сана, ҳужжатни берган органнинг номи);

7) мобил телефон рақами (агар мавжуд бўлса);

8) электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса).

        

         




Қоидаларга

3-ИЛОВА



Йуридик шахс бўлган мижоз

ҳамда унинг бенефитсиар мулкдорини

идентификациялашда зарур бўладиган

МАЪЛУМОТЛАР


Юридик шахс бўлган мижоз ҳамда унинг бенефитсиар мулкдорини идентификациялашда зарур бўладиган маълумотлар:

1) тўлиқ, шунингдек агар давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бўлса, қисқартирилган номи;

2) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот: сана, рақам, рўйхатга олувчи орган номи;

3) солиқ тўловчининг идентификация рақами;

4) жойлашган ери (почта манзили);

5) давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган бошқа маълумотлар;

6) лицензияланиши лозим бўлган фаолият турларини амалга ошириш учун мавжуд бўлган лицензиялар тўғрисидаги маълумотлар: фаолият тури, лицензиянинг рақами ва берилган санаси, ким томонидан берилганлиги, амал қилиш муддати;

7) юридик шахс номидан иш кўрувчи жисмоний шахснинг идентификатсия маълумотлари;

8) юридик шахснинг таъсисчилари (йирик акциядорлари, иштирокчилари) ҳақидаги ҳамда мижознинг устав фонди (капитали)даги уларнинг улушлари тўғрисидаги маълумотлар;

9) шакллантирилган устав фонди (капитали) миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

10) юридик шахснинг бошқарув органлари (тузилмаси ва шахсий таркиби) тўғрисидаги маълумотлар;

11) телефон рақамлари;

12) электрон почта ва (ёки) веб-сайт манзили (агар мавжуд бўлса).

       

           




Қоидаларга

4-ИЛОВА



Махсус ваколатли давлат органининг шубҳали

операциялар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш

тизимидаги шахсий кабинетга уланиш учун

тақдим этиладиган маълумотлар

       

I. Ташкилот ҳақидаги маълумотлар

      

1.

Ташкилотнинг номланиши (ўзбек тилида, лотин алифбосида)



2.

Ташкилотнинг номланиши (ўзбек тилида, кирилл алифбосида)



3.

Ташкилотнинг номланиши (рус тилида)



4.

Ташкилот тури



5.

Солиқ тўловчининг идентификация рақами



6.

Ташкилот банкининг МФОси



7.

Ташкилот банкининг SWIFT рақами



8.

Ташкилот рўйхатдан ўтказилган ҳудуд (вилоят, туман)



9.

Ташкилотнинг тўлиқ манзили



10.

Ташкилотнинг телефон рақами



11.

Ташкилотнинг электрон почта манзили



    

II. Ташкилотнинг масъул ходими (назоратчи) ҳақидаги маълумотлар

       

1.

Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами



2.

Ходимнинг Ф.И.О.



3.

Ходимнинг электрон почта манзили



4.

Ходимнинг телефон рақами



5.

Ходимнинг яшаш манзили



6.

Ходимнинг лавозими



         

         




Қоидаларга

5-ИЛОВА



Мижоз соъровномасида коърсатиладиган

МАЪЛУМОТЛАР

         

1. Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларининг 2 ёки 3-иловаларида кўрсатилган мижоз ва мижознинг бенефитсиар мулкдорини идентификациялаш жараёнида олинган маълумотлар.


2. Мижознинг бенефитсиар мулкдори тўғрисидаги маълумотлар.


3. Мижознинг юқори мансабдор шахс (унинг оила аъзоси ёки унга яқин бўлган шахс) эканлиги ҳақидаги белги.


4. Хавф даражаси, шу жумладан хавфни баҳолаш учун асос бўлган маълумотлар.


5. Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан мижозни идентификация қилишда амалга оширилган қўшимча тадбирларнинг натижалари.


6. Мижоз билан амалий иш муносабатларининг бошланиш санаси ва хизмат кўрсатиш даврининг давомийлиги.


7. Кўрсатилган хизмат турлари, миқдори ва нархи тўғрисидаги маълумотлар.


8. Мижознинг сўровномаси тўлдирилган ва унга ўзгартириш киритилган сана.


9. Мижоз билан ишлашга масъул бўлган, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси ходимининг фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими, амалдаги телефон рақами.


10. Мижоз сўровномасини тўлдирган ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда лавозими (қоғоз шаклида тўлдирилган мижоз сўровномаси учун ходимнинг имзоси ҳам).


11. Ички қоидалар билан аниқланадиган бошқа маълумотлар.

         

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 2 июль