Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 29.06.2026 й. 3871-сон билан рўйхатга олинган ички ишлар вазирининг 27.06.2026 й. 389-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2026 йил 29 июнда 3871-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

ички ишлар вазирининг

2026 йил 27 июндаги

389-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликка

риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда

"Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимини

жорий этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимини жорий этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


тадбиркорлик субъекти - белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар;


"Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими - Вазирлик томонидан аниқ мезонларга асосланиб, тадбиркорлик субъектининг фаолиятида қонунчилик бузилиш хавфи даражасини аниқлаш механизми;


текширув - тадбиркорлик субъекти томонидан фаолиятни тартибга солувчи қонунчиликка қай даражада риоя этилаётганлигини керакли материаллар, ҳужжатлар ёки уларнинг фаолиятига доир маълумотларни олиш ҳамда муайян ҳаракатларни амалга ошириш орқали ўтказиладиган назорат қилиш тадбири.


2. Вазирлик томонидан "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги 611-сон қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органларнинг "хавфни таҳлил этиш" тизимларига қўйиладиган минимал талабларга мувофиқ ишлаб чиқилиши лозим.

Минимал талабларга зид бўлган "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими тадбиркорлик субъектида текширув ўтказиш ташаббуси билан чиқишга асос бўлмайди.


3. Ишлаб чиқилган "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизими асосида аниқланган ҳуқуқбузарлик хавфи қай даражада бўлишидан қатъи назар, тадбиркорлик субъектига нисбатан таъсир чораларини қўллашга асос бўла олмайди.



2-БОБ. ХАВФ ДАРАЖАСИНИ ТАҲЛИЛ

ҚИЛИШГА ДОИР УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


4. Тадбиркорлик субъектининг қонунни бузиш хавфи даражасини таҳлил қилиш жараёни тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб туриш, унга тўсқинлик қилиш ёки фаолиятини амалга оширишга тўғридан-тўғри аралашишни назарда тутувчи хатти-ҳаракатларни ўз ичига олмаслиги зарур.


5. Хавф даражасининг таҳлили қуйидаги маълумотларни ўрганиш асосида амалга оширилиши мумкин:

маъмурий маълумотлар (лицензия, рухсат этувчи ва давлат органларида мавжуд бошқа ҳужжатлар);

даврий статистика маълумотлари, жумладан, аввал ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган тадбиркорлик субъектини умумлаштирувчи белгилар, хабарлар ва бошқа корреляцион таҳлил натижалари;

юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатлар;

оммавий ахборот воситаларидан ёки бошқа ташқи манбалардан (ижтимоий тармоқлар, веб-сайтлар) олинган маълумотлар;

назорат хариди натижалари асосида аниқланган камчиликларнинг таҳлили;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан ва тадбиркорлик субъектининг одатий фаолиятига бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатмаган ҳолда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олиниши мумкин бўлган бошқа маълумотлар.


6. Хавф даражаси таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектидан ҳужжатлар ва ахборотлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.


7. Назорат ваколатига кирмайдиган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш тақиқланади.



3-БОБ. ХАВФ ДАРАЖАСИ ТАСНИФИ ВА УЛАРНИНГ

МЕЗОНЛАРИГА ДОИР ТАЛАБЛАР


8. "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимида хавф даражасини баҳолаш ўрганиладиган маълумотлар асосида шакллантирилган мазкур Низомнинг 1 - 3-иловаларида кўрсатилган кўрсаткичларга тадбиркорлик субъекти фаолиятининг мувофиқлигини "балл" тизими асосида баҳолаш орқали амалга оширилади.


9. Вазирлик тадбиркорлик субъектларининг хавф даражасини баҳолаш учун қуйидаги кўрсаткичларни "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимига киритади:

мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида ҳаракатларни бажариш ва (ёки) фаолиятни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш кўрсаткичлари;

мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ Портловчи материалларни олиб кириш, сотиб олиш, сақлаш, шунингдек, автомобиль ва темир йўл транспортида ташиш соҳасидаги қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш кўрсаткичлари;

мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш кўрсаткичлари.

Бунда тадбиркорлик субъектларининг хавф даражаси мазкур банднинг иккинчи - тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган кўрсаткичлар бўйича "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимида автоматик равишда алоҳида аниқланади.


10. Амалга оширилган баҳолаш натижаларига кўра аниқланган хавф даражасининг умумий баллари асосида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи бўйича қуйидаги уч хил тоифада таснифланади:

хавф даражаси юқори - баҳолаш натижалари бўйича 81 баллдан 100 баллгача бўлган балларни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари;

хавф даражаси ўрта - баҳолаш натижалари бўйича 61 баллдан 81 баллгача бўлган балларни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари;

хавф даражаси паст - баҳолаш натижалари бўйича 61 баллгача бўлган балларни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектлари.


11. Баҳолаш натижаларига мувофиқ ҳуқуқбузарлик хавфи юқори ва ўрта таснифидаги тадбиркорлик субъектларида профилактика тадбирлари ва текширувларни ўтказиш амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сон "Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони, 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сон қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 октябрдаги 611-сон қарори билан тасдиқланган Назорат қилувчи органларнинг "хавфни таҳлил этиш" тизимларига қўйиладиган минимал талаблар асосида амалга оширилади.

Бунда тадбиркорлик субъектларида профилактика тадбирлари ва текширувлар фақатгина Вазирлик томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш мақсадида ўтказилади.


12. Хавф даражаси паст бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказилмайди.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


13. Хавфни таҳлил этиш натижаларидан норози бўлган тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.


14. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи

соҳасида ҳаракатларни бажариш ва (ёки)

фаолиятни амалга ошириш соҳасидаги

қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш

КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Хавф даражасини баҳолаш кўрсаткичлари


Балл


Таҳлил якунига

кўра қўйилган

баллар


1.

Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида ҳаракатларни бажариш ва (ёки) фаолиятни амалга оширишда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонун ва норматив ҳужжатларга, ёнғинга қарши, экология, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этмаганлик


15


2.

Қуролнинг индивидуал (тури, хили, модели, завод серияси ва рақами, чиқарилган йили), унинг ўқ-дориларининг эса жамланма (тури, калибри, партияси ва миқдори бўйича) ҳисобини юритмаслик, уларнинг мавжудлигини, кирим-чиқими ҳамда фойдаланиш учун бериш-қабул қилиб олишни назорат қилиб бормаслик, шунингдек, ҳисобга олиш ҳужжатларини ўн йил мобайнида сақламаганлик


15


3.

Қурол ва унинг ўқ-дорилари соҳасида ҳаракатларни бажариш ва (ёки) фаолиятни амалга оширишга бевосита боғлиқ ишларга қуйидаги шахсларни жалб этганлик:

ўн саккиз ёшга тўлмаганлар;

доимий яшаш жойига эга бўлмаганлар;

Ўзбекистон Республикаси "Қурол тўғрисида"ги Қонунининг 13-моддаси ўнинчи қисмининг учинчи, бешинчи - саккизинчи, ўнинчи - ўн учинчи хатбошиларида белгиланган асослар мавжуд бўлганлар.


10


4.

Юридик шахснинг буйруғи ёки фармойиш тусидаги бошқа ҳужжатлари билан зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланган ходимларни белгиламаганлик:

рухсатномада кўрсатилган тегишли (сақлаш, коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш) фаолият турини амалга оширишда қурол ва унинг ўқ-дорилари бут сақланиши, белгиланган тартибда берилиши-қабул қилиб олинишини ва ҳисобга олинишини таъминлаш бўйича;

рухсатномада кўрсатилган тегишли (олиш, реализация қилиш, автомобиль транспортида ташиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилиш) ҳаракатни бажаришда қурол ва унинг ўқ-дорилари бут сақланишини таъминлаш бўйича.


10


5.

Қурол ва унинг ўқ-дорилари бут сақланишини, берилиши-қабул қилиб олинишини ҳамда ҳисобга олинишини таъминлаш мажбурияти зиммасига юклатилган ёхуд хизмат қуролини олиб юриш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларни қуролни сақлашга ва (ёки) олиб юришга доир рухсатномаларни олишда ҳамда уларнинг амал қилиш муддатини узайтиришда доимий яшаш жойи бўйича ёхуд юридик шахс ва тиббиёт муассасаси ўртасидаги шартномага мувофиқ белгиланган давлат соғлиқни сақлаш органларининг тиббиёт муассасаларида қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги юзасидан тиббий текширувдан ўтказишни ташкил этмаганлик


10


6.

Ҳисобот йилидан кейинги йилнинг биринчи ойи ўнинчи санасидан кечиктирмай қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида ҳаракатларни бажариш ва (ёки) фаолиятни амалга оширишга бевосита боғлиқ ишларга жалб этилган, шунингдек қўриқлаш (хавфсизлик) хизмати (мавжуд бўлса) ходимларининг рўйхатини ваколатли органга тақдим этмаганлик


10


7.

Қурол ва унинг ўқ-дориларини олиш, сақлаш, коллекциялаш ёки кўргазмага қўйишга доир рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш учун зарур бўлган ҳужжатларни рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида ўттиз иш кунидан олдин, қурол ва унинг ўқ-дориларини реализация қилиш, ташиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилишга доир рухсатномалар муддатини узайтириш учун зарур бўлган ҳужжатларни эса уларнинг муддати тугашидан камида ўн иш кунидан олдин ваколатли органга тақдим этмаганлик


10


8.

Фуқаровий, хизмат ва коллекциялаш қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари реализация қилингандан сўнг ўн кун муддатда уларни сақлаш, коллекциялаш ёки кўргазмага қўйишга доир рухсатномага ўзгартиришлар киритиш учун тегишли ҳужжатларни (қисман реализация қилинганда), шунингдек, қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлаш, коллекциялаш ёки кўргазмага қўйишга доир рухсатноманинг аслини (тўлиқ реализация қилинганда) ваколатли органга тақдим этмаганлик


10


9.

Қуролхоналарни жисмоний ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни амалга ошириш, уларни қўриқлашнинг муҳандислик-техник воситалари билан жиҳозлаш ва ўрнатилган қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси воситаларининг ички ишлар органлари қўриқлаш бўлинмаларининг техник қўриқлаш марказига уланишини таъминламаганлик


10



Жами баллар йиғиндиси


100


          





Низомга

2-ИЛОВА



Портловчи материалларни олиб кириш, сотиб олиш, сақлаш,

шунингдек, автомобиль ва темир йўл транспортида ташиш

соҳасидаги қонунчилик бузилиши хавфини аниқлаш

КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Хавф даражасини баҳолаш кўрсаткичлари


Балл


Таҳлил якунига

кўра қўйилган

баллар


1.

Ҳаракатни ва (ёки) маълум бир фаолият турини портловчи материалларинг муомаласи соҳасидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларда кўрсатилган доираларда амалга оширмаганлик


15


2.

Портловчи материалларни ишлаб чиқариш ва сақлаш объектлари қўриқланишини, уларни транспортда ташишда кузатувини таъминлаш, портловчи материалларни сақлаш жойларига рухсатсиз кириш ва улардан фойдаланишга йўл қўймасликка қаратилган режим ҳамда бошқа чораларни кўрмаганлик


15


3.

Портловчи материалларнинг мавжудлиги ва сарфи ҳисобини юритмаганлик


15


4.

Портловчи материалларнинг муомаласи билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун юридик шахс эгалигида ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида белгиланган талабларга жавоб берадиган моддий-техник базанинг (бинолар, хоналар, ҳудудлар, аппаратура жиҳозлари, асбоб-ускуналар, транспорт, назорат қилиш ва ўлчаш воситалари, ҳисоблаш ва ташкилий техника воситалари) мавжуд эмаслиги


15


5.

Юридик шахснинг штатида белгиланган норма ва қоидалар талабларига мувофиқ портловчи материаллар билан ишлашга рухсат берилган тегишли малакага эга бўлган техник ходимларнинг мавжуд эмаслиги


15


6.

Портловчи материалларнинг муомаласи билан боғлиқ ишларни бевосита бажарадиган ходимларни мунтазам равишда тиббий кўрикдан, шу жумладан, психиатрик ва наркологик диспансерларнинг текширувларидан ўтказмаганлик


15


7.

Саноат хавфсизлиги, портловчи материалларни ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш, уларни сақлаш ва ташиш, шунингдек, портлатиш ишларини бажариш соҳаларидаги норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш норматив ҳужжатларининг мажбурий талабларига амал қилмаганлик (ушбу Кўрсаткичларнинг 1 - 6-бандлари бундан мустасно)


10



Жами баллар йиғиндиси


100


          





Низомга

3-ИЛОВА



Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр

транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш

ҳамда қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим

хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик

бузилиши хавфини аниқлаш

КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Хавф даражасини баҳолаш кўрсаткичлари


Балл


Таҳлил якунига

кўра қўйилган

баллар


1.

Таълим-тарбия фаолияти юритиладиган бинога (хоналарга) мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқнинг мавжуд эмаслиги (олди-сотди шартномаси ёки кўчмас мулк ижараси шартномаси (агар бино ижарага олинган бўлса), кўчмас мулк объекти кадастр паспорти, кўчмас мулк объектига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар)


10


2.

Таълим ташкилоти, таълим олувчилар ва педагог кадрлар (ҳайдовчи-йўриқчилар) тўғрисидаги тўғри, тўлиқ ва ишончли маълумотларни "Узлуксиз таълим" ахборот тизимига киритмаганлик ва ҳар чоракда янгилаб бормаганлик


10


3.

Ўқув гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда якуний имтиҳонларнинг шаффоф ўтказилиши ва натижаларининг холислигини назорат қилиш бўйича маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига реал вақт режимида киритиб бориш имкониятининг яратилмаганлиги


10


4.

Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича давлат таълим талабларига мувофиқ ўқитувчилар ва инструкторлар таркибининг мавжуд бўлмаслиги


10


5.

Таълим фаолиятини амалга ошириш учун қайта жиҳозланган ва рўйхатга олинган ўқув автомототранспорт воситалари ёки шаҳар электр транспорти воситаларининг мавжуд эмаслиги


10


6.

Ўқув ва ўқув-методик адабиётлар ҳамда ахборот-ресурс базаси билан таъминланмаганлиги


10


7.

Таълим олувчилар сонига тўғри келадиган ўқитувчилар ва ҳайдовчи-йўриқчилар штат бирликлари мавжуд эмаслиги ёки ўқитувчилар минимал сонининг тўғри келмаслиги


10


8.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш таълим ташкилоти ва унинг ҳудудига қўйиладиган талабларга мувофиқ эмаслиги


10


9.

Ахборот технологиялари билан етарли даражада таъминланмаганлиги


10


10.

Ўқув аудиториялари таълим фаолияти учун яратилган шароитларга қўйиладиган минимал талабларга мувофиқ эмаслиги


10



Жами баллар йиғиндиси


100


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 1 июль