Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.08.2026 й. ПҚ-294-сон "Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

14.08.2026 й.

N ПҚ-294



АҲОЛИГА МУДДАТЛИ ТЎЛОВ ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТИЛИШИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳоли қарз юки яширин ўсишининг олдини олиш, товарларни муддатли тўлов асосида реализация қилишда шаффофликни ошириш ва зарур ҳуқуқий муҳитни шакллантириш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:


I. Мақсадлар


1. Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгилансин:

(а) муддатли тўлов хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

(б) аҳоли қарз юки даражасининг ҳаддан ташқари ва яширин ўсишига йўл қўймаслик;

(в) муддатли тўлов хизматларини кўрсатишда молиявий технологиялардан кенг фойдаланишни жорий этиш.


II. Муддатли тўлов хизматларини тартибга солиш чора-тадбирлари


2. Марказий банк, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг (кейинги ўринларда - Рақобат қўмитаси) 2027 йил 1 январдан бошлаб муддатли тўлов хизмати операторлари фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Белгилансинки:

(а) юридик шахс томонидан жисмоний шахс (истеъмолчи) учун товар (иш, хизмат)лар қийматини кейинчалик комиссия (устама) ҳисобланган ҳолда истеъмолчи томонидан бўлиб-бўлиб қайтарилишини назарда тутган ҳолда сотувчига тўлаб бериш муддатли тўлов хизмати (бундан сотувчи томонидан истеъмолчига тўғридан-тўғри сотиш ҳоллари мустасно) ҳисобланади;

(б) муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахс (банклар ва микромолия ташкилотлари бундан мустасно) муддатли тўлов хизмати оператори деб эътироф этилади;

(в) юридик шахсларнинг муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи Марказий банк томонидан шакллантириладиган Муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига (кейинги ўринларда - Реестр) киритилгандан сўнг вужудга келади;

(г) юридик шахслар қуйидаги тартибда Реестрга киритилади:

(i) банклар, микромолия ташкилотлари Марказий банкни хабардор қилиш орқали;

(ii) бошқа юридик шахслар Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали;

(д) кўчмас мулк, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мулк муддатли тўлов хизмати объекти бўлиши мумкин эмас;

(ж) муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари қуйидаги шартларга мувофиқ бўлиши лозим:

(i) муддатли тўлов хизмати объектининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан ошмаслиги;

(ii) муддатли тўлов хизмати операторининг комиссия (устама) тўловлари ва товар (иш, хизмат)ларнинг якуний қийматига киритиладиган бошқа тўловлар алоҳида кўрсатилиши;

(iii) муддатли тўлов хизмати бўйича асосий қарздан ташқари барча тўловлар, шу жумладан, воситачилик ҳақлари, неустойка (жарима, пеня), жавобгарликнинг бошқа чоралари йиғиндиси йилига муддатли тўлов миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этиши мумкин эмаслиги;

(iv) истеъмолчи муддатли тўлов хизмати суммасини исталган вақтда (тўлиқ ёки қисман) қўшимча жарима, пеня ва комиссияларсиз муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқига эга бўлиши;

(v) муддатли тўлов хизматини кўрсатиш шартномаси бўйича истеъмолчи мажбуриятининг энг кўп муддати шартнома тузилган кундан бошлаб ўн икки ойдан ошмаслиги. Бунда сотиб олинган товар (иш, хизмат)лар ҳақини ўн икки ойдан ортиқ муддатга бўлиб-бўлиб тўлашни назарда тутувчи шартнома истеъмол кредити шартномаси деб эътироф этилади;

(з) муддатли тўлов хизмати операторига:

(i) молиявий истеъмол кредитларини ажратиш ҳамда жисмоний шахслардан пул маблағларини жалб қилиш (облигациялар чиқариш бундан мустасно) тақиқланади;

(ii) муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари бўйича талаб қилиш ҳуқуқидан фақат бошқа муддатли тўлов хизмати оператори, микромолия ташкилоти ва банклар фойдасига воз кечиш ҳуқуқи берилади;

(и) муддатли тўлов хизмати операторлари ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида:

(i) Марказий банкнинг тартибга солиш ва назорат қилишни амалга оширишга оид пруденциал норматив ва талабларига риоя қилиши;

(ii) муддатли тўлов хизматларини амалга оширишда ахборот технологияларини қўллаган ҳолда мижозларни рақамли идентификация ва верификация қилиши;

(iii) тузилаётган барча муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотлар бўйича кредит бюролари билан кредит ахбороти алмашинувини йўлга қўйиши;

(iv) муддатли тўлов хизматини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилишда Марказий банк томонидан белгиланадиган қарз юки кўрсаткичининг энг юқори миқдори талабларига риоя қилиши шарт;

(к) чорак якуни бўйича товар (иш, хизмат)ларни реализация қилиш айланмаси 500 млн сўмдан ошган ҳамда унда бўлиб-бўлиб тўлаш хизмати улуши 50 фоиз ва ундан юқори қисмни ташкил этган товар истеъмол кредити берувчи ташкилотлар (бундан ишлаб чиқарувчи корхоналар мустасно):

(i) ҳисоб рўйхатидан ўтиши ва Реестрга кириши;

(ii) муддатли тўлов хизмати операторларига мазкур қарор билан белгиланган талабларга риоя қилиши шарт.


4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2027 йил 1 январдан бошлаб товар истеъмол кредитини тақдим этувчи ташкилотлар қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача бўлган товар истеъмол кредити шартномалари ва уларнинг ижро этилиши ҳолати ҳақидаги маълумотларни кредит бюроларига тақдим этиши талаб этилмайди.


5. Марказий банк муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ишини тартибга солиш ва назорат қилишга масъул этиб белгилансин ва унга иловага мувофиқ қўшимча ваколатлар берилсин.


6. Рақобат қўмитаси Марказий банк ва Агентлик билан биргаликда:

(а) муддатли тўлов хизматини кўрсатиш орқали сотилаётган товар (иш, хизмат)лар рекламасида комиссия (устама) тўғрисида истеъмолчини чалғитувчи маълумотлардан фойдаланилмаслиги;

(б) савдо объектларида ва электрон савдо платформаларида товарнинг базавий қиймати билан бир қаторда муддатли тўлов учун комиссия (устама) миқдори ҳамда кредитнинг тўлиқ қиймати мажбурий тарзда ва матн ҳарфлари бир хил ўлчамда кўрсатилишига риоя этилиши устидан назорат ўрнатсин.


III. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат


7. Марказий банк:

(а) Агентлик, Рақобат қўмитаси, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда:

(i) уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни;

(ii) 2027 йил 1 январга қадар муддатли тўлов хизмати операторлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

(б) Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2026 йил 1 декабрга қадар:

(i) чорак якуни бўйича товар (иш, хизмат)лар реализация қилиш айланмасидан келиб чиқиб Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиши лозим бўлган товар истеъмол кредити берувчи ташкилотларни аниқлаш тартибини ишлаб чиқсин;

(ii) Реестрга киритилмаган юридик шахсларнинг ноқонуний муддатли тўлов хизмати оператори фаолияти билан шуғулланганлиги учун жавобгарлик ҳамда қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари ва ундан ортиқ бўлган товар истеъмол кредити шартномалари ҳамда уларнинг ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги маълумотлар кредит бюроларига тақдим этилмаган тақдирда қўлланадиган чоралар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


8. Марказий банк Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, мақсади ва вазифалари ҳамда ундан кутилаётган натижаларни тадбиркорлик субъектларига етказсин ҳамда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилишини таъминласин.


9. Ушбу қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Марказий банк раиси Т.А. Ишметов белгилансин.


10. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2026 йил 14 августдаги

ПҚ-294-сон қарорига

ИЛОВА



Марказий банкнинг муддатли тўлов хизмати оператори

фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ишини тартибга

солиш ва назорат қилиш бўйича қўшимча ваколатлари


(а) муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини белгилаш;

(б) муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрини юритиш;

(в) муддатли тўлов хизмати оператори томонидан жисмоний шахсларга муддатли тўлов хизматини кўрсатишда қарз юки кўрсаткичини ҳисоблаш тартиби ва унинг рухсат этилган миқдорини белгилаш;

(г) муддатли тўлов хизмати оператори устав фонди (устав капитали)нинг энг кам миқдорига бўлган талабларни белгилаш;

(д) муддатли тўлов хизмати операторлари учун муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш бўйича мажбурий қоидаларни, ахборот хавфсизлиги талабларини, пруденциал нормативларни ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш чораларини белгилаш, шунингдек, уларга риоя қилинишини назорат қилиш;

(ж) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган талабларни, хусусан, шартнома шартларининг шаффофлиги, комиссия ва бошқа тўловлар, қарздорликни муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқини белгилаш;

(з) белгиланган талабларга риоя қилмаганликлари учун муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларга таъсир чораларини қўллаш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 17 август