Банкларнинг молиявий аҳволини тиклаш режасига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 13.08.2026 й. 3924-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 16.07.2026 й. 14/8-сон қарори билан тасдиқланган)
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлигида
2026 йил 13 августда 3924-сон
билан рўйхатга олинган
Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки бошқарувининг
2026 йил 16 июлдаги
ИЛОВА
Банкларнинг молиявий аҳволини тиклаш
режасига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом банклар, шу жумладан микромолия банклари ҳамда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банклар (бундан буён матнда банк деб юритилади) ва банклар гуруҳларининг молиявий аҳволини тиклаш режасининг (бундан буён матнда тиклаш режаси деб юритилади) мазмунига ва янгиланишига оид талабларни, шунингдек тиклаш режасини Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) тақдим этиш ҳамда баҳолаш тартибини белгилайди.
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
асосий фаолият йўналишлари - банк ва (ёки) банклар гуруҳи учун муҳим даромад манбайини ташкил этувчи фаолият йўналишлари ҳамда улар билан боғлиқ хизматлар;
муҳим хизматлар - банк ва (ёки) банклар гуруҳининг ўта муҳим вазифаларини бажариш ва банк фаолиятини бошқаришни таъминлаш учун зарур бўлган, банкка тақдим этиладиган хизматлар;
риск-аппетит - банк ва (ёки) банклар гуруҳининг стратегик мақсадларига ва бизнес-режа кўрсаткичларига эришишда қабул қилишга тайёр бўлган сезиларли барча таваккалчиликларнинг (жами умумлашган ҳолдаги ҳамда уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида) миқдори;
ўта муҳим вазифалар - банк ва (ёки) банклар гуруҳи хизматлари ёки операцияларининг шундай турларики, уларни ўзга банкнинг бошқа хизматлари ёки операциялари билан алмаштириш мураккаблиги туфайли ушбу хизматларни кўрсатиш ва операцияларни амалга ошириш тугатилган тақдирда, молиявий барқарорликнинг бузилишига ёки реал иқтисодиёт учун зарур бўлган хизматларнинг кўрсатилиши чекланишига олиб келиши мумкин;
чегаравий қийматлар (триггерлар) - банк ва (ёки) банклар гуруҳининг молиявий аҳволини акс эттирувчи кўрсаткичлар бўйича ўрнатилган чегаравий қийматлар бўлиб, уларнинг бузилиши банк ва (ёки) банклар гуруҳи фаолиятида стресс ҳолати юзага келганлигидан дарак беради ҳамда банк ва (ёки) банклар гуруҳининг молиявий аҳволини тиклашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
2. Банк ўзининг молиявий аҳволи ёмонлашган тақдирда Марказий банкнинг талабига кўра уни тиклаш чораларини ўз ичига олган тиклаш режасини ишлаб чиқади ҳамда кўриб чиқиш ва баҳолаш учун тақдим этади. Бунда Марказий банк томонидан банк молиявий аҳволини баҳолашда банкнинг молиявий кўрсаткичлари, Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденсиал талабларга мувофиқлиги ва (ёки) бошқа омиллар инобатга олинади.
Банк тиклаш режасини Марказий банк томонидан белгиланган, бироқ ўн беш кундан кам бўлмаган муддатда ишлаб чиқиши лозим.
3. Тиклаш режаси Марказий банкка тақдим қилинишидан аввал банкнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим.
Банкнинг ички аудит хизмати йилига камида бир маротаба тиклаш режасининг ишлаб чиқилиши, янгиланиши ҳамда амалга оширилишини мустақил баҳолаши лозим.
4. Банк тиклаш режасини ҳар йили ёки банкнинг ташкилий тузилмасида, унинг фаолиятида ёки молиявий аҳволида тиклаш режасига таъсир этиши мумкин бўлган сезиларли ўзгаришлардан кейин янгилаши керак.
Тиклаш режасини янгилаш жараёнида банкнинг таваккалчиликларни бошқариш тизимида, шу жумладан банкнинг риск-аппетити ва риск-профилида, фавқулодда молиялаштириш режасида, банк фаолиятини қайта тиклаш ва унинг узлуксизлигини таъминлаш режасида ҳамда капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнларида (ICAAP) (агар жорий қилинган бўлса) вужудга келган ўзгаришлар инобатга олиниши, шунингдек банкнинг молиявий аҳволини тиклаш кўрсаткичлари (бундан буён матнда тиклаш кўрсаткичлари деб юритилади) ва улар бўйича чегаравий қийматлар (триггерлар) қайта кўриб чиқилиши лозим.
5. Тиклаш режаси макроиқтисодий ва молиявий инқироз кўринишларининг банк фаолиятига таъсирини, шу жумладан тизимга оид ҳодисаларни ва мазкур банк учун таваккалчиликларни ўзида акс эттириши керак. Тиклаш режаси ишлаб чиқилишида банк амалга ошираётган фаолият турининг тизимли аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари, миқёси ва мураккаблиги инобатга олиниши лозим.
6. Тиклаш режаси тегишли қарорлар қабул қилиниши керак бўлган ҳолатни аниқловчи чора-тадбирлар рўйхатини, кўрсаткичларни ва мазкур Низомнинг 12-бандида келтирилган маълумотларни ўз ичига олиши керак.
7. Банк тиклаш режасида ўзининг бизнес-режаси, капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнлари (ICAAP) (агар жорий қилинган бўлса) ҳамда бошқа тегишли ҳужжатларида мавжуд бўлган маълумотларга ҳавола қилиши мумкин.
8. Марказий банк банкдан тиклаш режасини кўриб чиқиш ва баҳолаш учун зарур бўлган қўшимча маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиши мумкин.
9. Банклар гуруҳининг асосий банки тиклаш режасини гуруҳ даражасида ишлаб чиқиши керак.
Бунда Марказий банк банклар гуруҳига кирувчи банкнинг тизимли аҳамияти, ҳажми ёки риск-профилидан келиб чиқиб, ундан якка тартибдаги тиклаш режасини ишлаб чиқишни талаб қилиши мумкин.
10. Банк тиклаш режасида давлатнинг молиявий ёрдамини, шунингдек Марказий банк томонидан банк ликвидлилигини фавқулодда қўллаб-қувватлаш учун ажратилувчи кредитларни ва қўлланилувчи исломий молия воситаларини назарда тутмаслиги лозим.
11. Банкнинг кузатув кенгаши тиклаш режасининг ишлаб чиқилишига ва самарали амалга оширилишини таъминлашга ҳамда унинг устидан назоратни олиб боришга масъул ҳисобланади.
2-БОБ. ТИКЛАШ РЕЖАСИНИНГ ТАРКИБИЙ ЭЛЕМЕНТЛАРИ
1-§. Тиклаш режасининг умумий таркиби
12. Тиклаш режасида камида қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим:
тиклаш режасидаги асосий жиҳатларнинг қисқача мазмуни, шунингдек аввалги тиклаш режаси тасдиқланган санадан бошлаб янги тиклаш режаси тасдиқлангунига қадар бўлган давр мобайнида банк фаолиятида юз берган сезиларли ўзгаришларнинг (банкнинг ташкилий тузилмаси, фаолият йўналишлари, хизматлари ва филиаллари тармоғидаги ўзгаришлар, шунингдек сезиларли таваккалчиликлар туфайли юзага келган йўқотишлар) ва (ёки) янги тиклаш режасига киритилган сезиларли ўзгаришларнинг тавсифи;
тиклаш режасини бошқаришга оид маълумотлар;
стратегик таҳлил;
тиклаш кўрсаткичлари ва улар бўйича чегаравий қийматларнинг (триггерларнинг) тавсифи;
банкнинг молиявий аҳволини тиклаш бўйича чора-тадбирлар (бундан буён матнда тиклаш чора-тадбирлари деб юритилади) ва уларнинг таҳлили;
тиклаш режаси доирасида фойдаланиладиган сценарийларнинг (бундан буён матнда тиклаш сценарийлари деб юритилади) қисқача тавсифи;
тиклаш режаси доирасида коммуникация қилиш тартиби;
тиклаш режасини амалга оширишга қаратилган тайёргарлик чоралари.
2-§. Тиклаш режасини бошқаришга оид маълумотлар
13. Тиклаш режасини бошқаришга оид маълумотларда камида қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
банк кузатув кенгашининг ва бошқарувининг тиклаш режаси амалга ошириладиган даврлардаги ҳамда бошқа даврлардаги вазифа ва мажбуриятларининг тавсифи;
тиклаш режасини тайёрлаш, янгилаш ва амалга ошириш учун масъул бўлган банк ходимлари ва таркибий бўлинмаларининг рўйхати;
тиклаш режасини тасдиқлаш ва янгилаш жараёнини тартибга солувчи ҳужжатлар ва жараёнларнинг тавсифи;
банкнинг молиявий аҳволи ёмонлашганда, шу жумладан чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилган ҳолатларда ушбу масалани банкнинг тегишли таркибий бўлинмалари ва ходимларига, бошқарув органларига, шунингдек Марказий банкка етказиш (шу жумладан, ким томонидан етказилиши) ва тиклаш режасини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилиш жараёнининг босқичма-босқич тавсифи;
тиклаш режаси амалга оширилганда қўлланиладиган инқирозга қарши бошқарув жараёнининг тавсифи, шу жумладан банкнинг турли таркибий бўлинмаларидан жалб қилинувчи раҳбар ва ходимларнинг вазифалари ва мажбуриятларининг тақсимоти ҳамда инқирозга қарши бошқарув бўйича оқилона ва асослантирилган қарор қабул қилишни таъминловчи механизмлар тавсифи;
банкнинг умумий таваккалчиликларни бошқариш тизимига, шу жумладан банкнинг риск-аппетитига, фавқулодда молиялаштириш режасига, банк фаолиятини қайта тиклаш ва унинг узлуксизлигини таъминлаш режасига, капитал монандлигини баҳолаш бўйича ички жараёнларига (ICAAP) (агар жорий қилинган бўлса) ва бизнес-режаларига тиклаш режасининг мувофиқлиги тавсифи;
банк томонидан тиклаш режасининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун зарур бўлган маълумотларни олишда қўлланиладиган ахборот тизимлари мавжудлигининг тавсифи.
14. Тиклаш режасининг стратегик таҳлилида банкнинг асосий фаолият йўналишлари, ўта муҳим вазифалари, муҳим хизматлари, банк учун муҳим аҳамиятга эга ташкилотлар, шунингдек банк ҳамда умумий банк тизими барқарорлигига таъсир кўрсатувчи асосий ички ва ташқи ўзаро боғлиқликлар тавсифи акс эттирилади.
15. Тиклаш режасидаги стратегик таҳлил камида қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
банкнинг бизнес-модели ва стратегияси, ташкилий тузилмаси, мулкчилик шакли, асосий молиявий кўрсаткичлари ҳамда банк раҳбарияти аъзолари;
банкнинг асосий фаолият йўналишлари, ўта муҳим вазифалари ҳамда муҳим хизматлари;
банк учун муҳим аҳамиятга эга ташкилотларнинг (агар мавжуд бўлса) асосий фаолият йўналишлари, ўта муҳим вазифалари ва (ёки) улар томонидан банкка кўрсатиладиган муҳим хизматлар (агар мавжуд бўлса) тавсифи;
банкнинг риск-профили;
ички ва ташқи ўзаро боғлиқликларнинг тавсифи.
16. Қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлган ташкилот, шу жумладан бошқа банк, молиявий ташкилот ва (ёки) банкнинг чет элдаги шуъба банки (филиали) ушбу Низом мақсадларида банк учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади:
1) банкнинг, шу жумладан банклар гуруҳининг фойда олишига ва (ёки) молиялаштирилишига сезиларли ҳисса қўшса ва (ёки) унинг активлари, мажбуриятлари ёки капиталида сезиларли улушга эга бўлса;
2) банк учун ўта муҳим вазифаларни амалга оширса (уларни ауцорсингга олса) ва (ёки) муҳим хизматларни кўрсаца ёхуд асосий фаолият йўналишларини бажарса;
3) банкнинг тўлов қобилиятига таҳдид солиши мумкин бўлса;
4) унинг банкдан чиқиб кетиши ёки тугатилиши банк учун жиддий йўқотишларни келтириб чиқариши мумкин бўлса.
17. Тиклаш режасига киритиш мақсадида банк ўзининг асосий фаолият йўналишлари, ўта муҳим вазифалари ҳамда муҳим хизматларини аниқлаб олиши лозим.
18. Банк томонидан асосий фаолият йўналишлари мазкур йўналишларнинг жами активлардаги ва капитал монандлиги ҳисоб-китобида таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолда активлардаги улуши, шунингдек уларнинг соф фоизли ва соф фоизсиз даромадлар шаклланишига қўшаётган ҳиссасини назарда тутувчи мезонларни (кўрсаткичларни) инобатга олган ҳолда аниқланади.
Бунда банк асосий фаолият йўналишларини аниқлашда бошқа мезонлардан (кўрсаткичлардан) ҳам фойдаланиши мумкин.
19. Банк хизматлари ва операциялари қуйидаги шартлар бир вақтда бажарилганда ўта муҳим вазифалар деб ҳисобланади:
хизмат ва (ёки) операциялар банк томонидан мазкур банкка алоқадор бўлмаган учинчи шахсларга тақдим этилса;
хизмат ва (ёки) операциялар тўсатдан узилиши ёки тўхтатилиши учинчи шахсларга сезиларли салбий таъсир кўрсатиши, занжир таъсири таваккалчилигини келтириб чиқариши ёки ушбу хизмат ва операцияларнинг учинчи шахслар учун тизимли аҳамияти ҳамда уни тақдим этувчи банк ёки банклар гуруҳининг тизимли аҳамияти туфайли бозор иштирокчиларининг умумий ишончига путур етказиши эҳтимоли юқори бўлса.
20. Банк ўта муҳим вазифаларни камида қуйидаги мезонларни инобатга олган ҳолда аниқлайди:
банк хизмати ва (ёки) операцияси тўсатдан узилиши ёки тўхтатилишининг банк мижозлари, бошқа молиявий ташкилотлар, молия бозорлари, шу жумладан молия бозори инфратузилмаси ҳамда бошқа тегишли манфаатдор томонларга кўрсатиши мумкин бўлган таъсири;
банк хизмати ва (ёки) операциясининг бошқа хизмат ва (ёки) операциялар кўрсатилишидаги ўрни;
банк хизмати ва (ёки) операциясини сифати ўхшаш ва таққосланадиган харажатларни талаб этувчи ҳамда мақбул муддатларда амалга оширилиши мумкин бўлган бошқа хизмат ва (ёки) операция билан алмаштириш имконияти;
банк хизмати ва (ёки) операциясининг ушбу банк ҳамда бошқа молиявий ташкилот хизматлари ва (ёки) операцияларига ўзаро боғлиқлиги ёки улар билан уйғунлашганлиги натижасида кенг кўламли занжир таъсири таваккалчилигини келтириб чиқариши эҳтимолининг мавжудлиги.
21. Ўта муҳим вазифалар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
пул маблағларини омонатларга (депозитларга) жалб этиш;
кредитлар (қарзлар) бериш;
тўловларни амалга ошириш;
жисмоний ёки юридик шахс билан тузилган шартнома бўйича пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни ишончли бошқариш;
активлар мажмуйини (портфелини) бошқариш;
қимматли қоғозларни чиқариш, харид қилиш, сотиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш, мижоз билан тузилган шартномага биноан қимматли қоғозларни бошқариш, улар билан бошқа операцияларни бажариш;
ҳосилавий молия воситалари (деривативлар) билан операцияларни амалга ошириш;
банк карталарини бериш ва тўловларга ишлов бериш, банк карталарига бошқа ташкилотлар, жумладан бошқа молия институтлари билан биргаликда хизмат кўрсатиш;
исломий молия операцияларини амалга ошириш.
22. Банк муҳим хизматларни камида қуйидаги мезонларни инобатга олган ҳолда аниқлайди:
хизматнинг тўсатдан узилиши ёки тўхтатилиши банкнинг бир ёки бир нечта ўта муҳим вазифаларига жиддий салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолининг мавжудлиги;
хизматни сифати ўхшаш ва таққосланадиган харажатларни талаб этувчи ҳамда мақбул муддатларда амалга оширилиши мумкин бўлган бошқа хизмат билан алмаштириш имконияти.
23. Муҳим хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
ўта муҳим вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот технологиялари хизматлари;
банкда хавфсизликни, шу жумладан киберхавфсизликни таъминлашга қаратилган хизматлар;
таваккалчиликларни аниқлаш, ўлчаш, мониторинг ва назорат қилиш имконини берувчи хизматлар;
инсон ресурсларини бошқариш;
бухгалтерия хизматлари;
банк мижозлари тўғрисидаги маълумотларни бошқариш ва қонунчилик талабларига риоя этишни таъминловчи хизматлар.
24. Ички ўзаро боғлиқликлар банк ва банкка алоқадор шахслар ўртасидаги ҳамда банк банклар гуруҳи аъзоси бўлган тақдирда банк ва мазкур гуруҳга мансуб бўлган бошқа молия институтлари ўртасидаги боғлиқликлар, шу жумладан банк учун муҳим аҳамиятга эга ташкилотлар ўртасидаги мазкур банкнинг молиялаштирилишига, асосий фаолият йўналишлари ҳамда ўта муҳим вазифалари амалга оширилишига, шунингдек банкка кўрсатиладиган муҳим хизматларга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўзаро боғлиқликлардан иборат.
25. Ташқи ўзаро боғлиқликлар камида қуйидагилардан иборат:
банк томонидан банкнинг асосий контрагентларига ва бошқа молиявий ташкилотларга тақдим этиладиган ўта муҳим вазифалар ва (ёки) улар олдидаги мажбуриятлар;
банкка учинчи шахслар томонидан кўрсатиладиган муҳим хизматлар, шу жумладан молия бозори инфратузилмасининг бир қисми бўлган тўлов, клиринг ва ҳисоб-китобга оид хизматлар.
26. Тиклаш режаси банкнинг молиявий аҳволи ёмонлашувини мониторинг қилиш ва мазкур режада назарда тутилган тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш заруриятини вужудга келтирувчи ҳолатларни аниқлаш мақсадида банк томонидан белгиланадиган аниқ кўрсаткичларни ўз ичига олади.
27. Тиклаш кўрсаткичлари таваккалчиликларни бошқариш тизими, шунингдек банкларнинг фавқулодда молиялаштириш (ликвидлиликни ошириш) режаси ва (ёки) капиталга қўйиладиган талабларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси кўрсаткичларига мувофиқ бўлиши лозим.
28. Тиклаш кўрсаткичлари миқдорий ва (ёки) сифат кўрсаткичларидан иборат.
29. Банк тиклаш кўрсаткичларининг доимий мониторингини таъминлайдиган самарали назорат механизмларини яратиши ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши лозим.
30. Банклар чегаравий қийматларни (триггерларни) Марказий банк томонидан банкларга нисбатан белгиланган талаблардан (агар белгиланган бўлса) қатъийроқ даражада ўрнатади.
Бунда чегаравий қийматлар (триггерлар) банк томонидан стресс вазиятларда зарур чоралар ўз вақтида кўрилиши, шу жумладан тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш учун етарли вақтни таъминлайдиган даражада белгиланиши лозим.
31. Банкнинг тиклаш режаси мазкур Низомга иловада келтирилган тиклаш кўрсаткичларидан камида қуйидагиларини ўз ичига олиши лозим:
капиталнинг монандлиги кўрсаткичлари;
ликвидлилик кўрсаткичлари;
активлар сифати кўрсаткичлари;
даромадлилик (рентабеллик) кўрсаткичлари;
бозор кўрсаткичлари (тизимли аҳамиятга молик банклар учун).
Бунда бозор кўрсаткичлари тизимли аҳамиятга молик бўлмаган банкларнинг тиклаш режаларига мазкур кўрсаткичларнинг банк учун долзарб ва аҳамиятли эканлигидан келиб чиқиб киритилиши мумкин.
32. Банк тиклаш режасида мазкур Низомнинг 31-бандида келтирилган тиклаш кўрсаткичларидан ташқари ўзининг риск-профили ва фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб бошқа миқдорий ва сифат кўрсаткичларини инобатга олиши мумкин.
33. Тиклаш режаси ҳар бир тиклаш кўрсаткичи бўйича чегаравий қийматларни (триггерларни) аниқлаш ва белгилаш учун фойдаланилган фаразлар, уларни ҳисоблаш услубиёти ва тартибини ўз ичига олиши керак. Чегаравий қийматлар (триггерлар) банкнинг риск-аппетитига мувофиқ ҳолда белгиланиши ва тиклаш чора-тадбирларини амалга оширишни талаб қиладиган четланишларни (бузилишларни) эрта аниқлаш имкониятини яратиши керак.
34. Тиклаш кўрсаткичларининг бири ёки бир нечтаси бўйича чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилса ёки бузилиш эҳтимоли юқори бўлса, мазкур ҳолат (ҳолатлар) вужудга келган кундан эътиборан бир иш куни ичида банк томонидан кузатув кенгашига ҳамда уч иш куни ичида Марказий банкка маълумот берилиши лозим.
Бунда банк томонидан:
тиклаш режасини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинганда, банк Марказий банкка ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан етти иш куни ичида амалга оширилувчи тиклаш чора-тадбирлари ва тиклаш режасини амалга оширишга оид бошқа тегишли маълумотларни бериши;
чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилиши ёки бузилиш эҳтимоли юқори бўлишига қарамасдан тиклаш режасини амалга оширмаслик тўғрисида қарор қабул қилинганда, ушбу қарор ёзма равишда асослантирилган ҳолда беш иш куни ичида Марказий банкка тақдим этилиши лозим. Бунда чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилишига олиб келган сабаблар таҳлили, юзага келган ҳолатни бартараф этиш ва банкнинг молиявий ҳолатини тегишли муддатларда тиклаш бўйича кўриладиган чоралар аниқ кўрсатилиши лозим.
35. Банк тиклаш режасида чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилганда ҳамда стресс вазиятларда ёки стресс вазиятлар содир бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳолатларда ўзининг молиявий барқарорлигини сақлаб қолиш ва (ёки) тиклаш мақсадида амалга оширилиши мумкин бўлган тиклаш чора-тадбирлари мажмуасини акс эттириши лозим.
Банк тиклаш режасида белгиланган чора-тадбирлар ичидан муайян шароитда энг мақбул ҳисобланганларини амалга оширади. Бунда банк ўзининг молиявий барқарорлигини сақлаб қолиш ва (ёки) тиклаш мақсадида тиклаш режасида белгиланган чора-тадбирлардан ташқари бошқа чора-тадбирларни амалга ошириши мумкин.
36. Тиклаш чора-тадбирлари асослантирилган, реал, амалий жиҳатдан мақбул, аниқ белгиланган ва оқилона муддатларда амалга ошириш имкони мавжуд бўлиши лозим.
Банкнинг Марказий банк томонидан ўрнатилган пруденсиал талабларга мувофиқлигига, хусусан энг камида капитал монандлиги ва ликвидлилик кўрсаткичларига, шу жумладан ликвидлиликни қоплаш меъёри коэффициентига тиклаш чора-тадбирларининг амалга оширилишининг миқдорий жиҳатдан таъсири баҳоланиши лозим.
37. Тиклаш режасида қуйидаги тиклаш чора-тадбирларидан камида бири ёки бир нечтасининг тавсифи акс эттирилиши лозим:
банк устав капитали миқдорини ошириш;
Марказий банк томонидан белгиланган талабларга мувофиқ бўлган капитал воситалари, шу жумладан субординар қарз воситаларини чиқариш;
қарз воситаларини оддий акцияларига тўлиқ миқдорда ёки қисман конвертация қилиш орқали ихтиёрий равишда мажбуриятларни реструктуризация қилиш;
дивидендлар, шунингдек ихтиёрий мукофот тўловларини тўлашни камайтириш ёки тўхтатиб туриш;
банкнинг активлари ва (ёки) шуъба ташкилотларини сотиш;
кредит (қарз) бериш ҳажмини қисқартириш, капитал монандлиги ҳисоб-китобларида юқори таваккалчилик даражасига эга бўлган активларни камайтириш ва банк активларини секюритизация қилиш;
банк ликвидлилигини ошириш;
банк харажатларини камайтириш ва оптималлаштириш.
Бунда банк муайян шароит, ўзининг риск-профили ва фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, тиклаш режасида мазкур банднинг иккинчи - тўққизинчи хатбошиларида келтирилган чора-тадбирларга қўшимча равишда бошқа тиклаш чора-тадбирларини назарда тутиши мумкин.
38. Тиклаш режасида ҳар бир тиклаш чора-тадбири бўйича қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
тиклаш чора-тадбирини самарали амалга ошириш учун зарур бўлган барча операцион ҳаракатлар кетма-кетлиги тавсифи;
тиклаш чора-тадбирини барча рухсат бериш ва тасдиқлаш тартиб-таомилларини ўз ичига олган ҳолда амалга ошириш учун зарур бўлган муддат;
банкнинг тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича аввалги тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар ва (ёки) бошқа банклар томонидан шунга ўхшаш тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш тажрибаси тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
тиклаш чора-тадбирини одатий ва стресс шароитларида амалга ошириш имконияти, шу жумладан уларни амалга ошириш йўлидаги эҳтимолий тўсиқлар ва масалалар тавсифи;
тиклаш чора-тадбирлари самарадорлигини баҳолаш мезонлари;
тиклаш чора-тадбири банкнинг молиявий ҳолати ва барқарорлиги, бизнес-модели, асосий фаолият йўналишлари, ўта муҳим вазифалари ҳамда муҳим хизматларига таъсирининг таҳлили;
тиклаш чора-тадбири амалга оширилишини таъминловчи ички бошқарув тизимининг, шу жумладан ички ва ташқи коммуникациянинг тавсифи.
Тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш билан боғлиқ банкнинг аввалги тажрибаси (агар мавжуд бўлса), шунингдек ҳуқуқий, операцион, молиявий ва репутацион тўсиқлар, ижро муддатлари ҳамда чора-тадбирларни амалга оширишда учинчи шахсларга ва (ёки) бозор шароитларига (конюнктурасига) боғлиқлик даражаси ва бошқа тегишли омиллар баҳоланиши лозим.
39. Тиклаш чора-тадбирлари тиклаш сценарийлари билан мувофиқлаштирилган бўлиши ва мазкур сценарийлар вужудга келган тақдирда, банкнинг молиявий аҳволини тиклаш қобилиятини кўрсатиши лозим.
40. Тиклаш сценарийларининг тавсифи тиклаш режасида акс эттирилиши ҳамда паст бўлсада, бироқ содир бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлган ва банк учун жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳодисаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиши лозим.
41. Тиклаш сценарийлари камида қуйидаги учта сценарийдан ташкил топиши лозим:
индивидуал;
тизимли;
комбинация қилинган.
42. Банк тиклаш сценарийларини ишлаб чиқишда қуйидагиларни инобатга олиши лозим:
банкнинг бизнес-модели, молиялаштириш тузилмаси, асосий фаолият йўналишлари, ташкилий тузилмаси, ҳажми, шунингдек унинг бошқа банклар ёки бутун молия тизими билан ўзаро боғлиқлиги;
тиклаш чора-тадбирлари амалга оширилмаган тақдирда тиклаш сценарийсида назарда тутилган стресс вазиятлар банкнинг тўловга қобилияцизлигига олиб келиш эҳтимоли;
тиклаш сценарийси фавқулодда, бироқ эҳтимоли мавжуд бўлган ҳодисаларга асосланган бўлиши, шунингдек ҳар бир тиклаш сценарийсида тиклаш кўрсаткичларидан бири ёки бир нечтаси бўйича чегаравий қийматлар (триггерлар) бузилган бўлиши кераклиги.
43. Ҳар бир тиклаш сценарийси фавқулодда, бироқ эҳтимоли мавжуд бўлган ҳодисаларнинг камида қуйидагиларга таъсирини назарда тутиши лозим:
капиталнинг монандлиги кўрсаткичлари;
банкнинг ликвидлилик кўрсаткичлари;
банкнинг риск-профили;
банк активларининг сифати;
банкнинг даромадлилик (рентабеллик) кўрсаткичлари;
ўта муҳим вазифалар ҳамда муҳим хизматлар;
банкнинг операцион фаолияти ҳамда ишчанлик обрўси.
44. Тиклаш сценарийлари тиклаш чора-тадбирларининг таъсирини инобатга олган ҳолда камида бир йиллик даврни қамраб олувчи даврий молиявий прогнозларни ўз ичига олиши лозим.
45. Банк учун жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган индивидуал ҳодисаларга асосланган индивидуал тиклаш сценарийларини ишлаб чиқишда камида қуйидагилар ҳисобга олинади:
банкнинг молиявий барқарорлигига сезиларли путур етказиши мумкин бўлган бир ёки бир нечта йирик контрагентларнинг тўловга қобилияцизликка учраши;
банк ҳамда унинг акциядорлари ишчанлик обрўсига сезиларли даражада путур етказилиши;
банкдан ликвидлиликнинг сезиларли миқдорда ва тез чиқиб кетиши, шу жумладан омонатлар банкдан оммавий тарзда чиқиб кетиши;
банк активлари таркибида сезиларли улушга эга активлар қийматининг пасайиши;
банкда сезиларли кредит йўқотишларининг юзага келиши;
банк кредит рейтингининг пасайтирилиши;
операцион йўқотишлар, шу жумладан ички ёки ташқи фирибгарлик, ички тизимлардаги хатоликлар, ўта муҳим вазифалардаги узилишлар ёки бошқа операцион бузилишлар натижасида жиддий йўқотишларнинг юзага келиши.
46. Молия тизими ва (ёки) реал иқтисодиёт учун жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган тизимли тиклаш сценарийларини ишлаб чиқишда камида қуйидагилар ҳисобга олинади:
мамлакатнинг молиявий барқарорлигига таъсир этиши мумкин бўлган банкнинг йирик контрагентининг тўловга қобилияцизликка учраши;
банклараро пул бозорида ликвидлиликнинг камайиши;
валюта курсидаги кескин тебранишлар;
мамлакат таваккалчилиги юзага келса, унинг банк учун ўта муҳим вазифалар ҳамда муҳим хизматларга таъсири;
бир ёки бир нечта бозорларда активлар нархининг салбий ўзгариши;
макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ёмонлашуви.
47. Комбинация қилинган тиклаш сценарийлари мазкур Низомнинг 45 ва 46-бандларида келтирилган индивидуал ва тизимли ҳодисаларнинг бир вақтда содир бўлиши ҳамда уларнинг бир-бирига ўзаро таъсирини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиши лозим.
48. Банк ишлаб чиқилган ҳар бир тиклаш сценарийси доирасида ўзининг молиявий аҳволини тиклаш салоҳиятини баҳолаши ва тайёрланган ҳар бир тиклаш сценарийси бўйича амалга ошириши мумкин бўлган тиклаш чора-тадбирларини белгилаши зарур.
49. Банк тиклаш сценарийларини ишлаб чиқиш ва унга ўзгартиришлар киритишда таваккалчиликларни бошқариш тизими доирасида ўтказиладиган стресс-тестлардан фойдаланиши мумкин.
7-§. Тиклаш режаси доирасида коммуникация қилиш тартиби
50. Банк тиклаш режасида мазкур режа ўз вақтида, мувофиқлаштирилган тарзда ва самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида барча манфаатдор томонлар билан ахборот алмашиш механизмларини белгиловчи коммуникация қилиш тартибини акс эттириши лозим.
51. Тиклаш режасида коммуникация қилиш тартиби батафсил ёритилган бўлиши ва унда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
банк кузатув кенгаши ва бошқарувининг коммуникация қилиш бўйича вазифа ва мажбуриятлари;
ички коммуникация қилиш, шу жумладан тиклаш режасини амалга оширишда иштирок этувчи банк бошқарув органлари ва масъул ходимларини хабардор қилиш тартиби;
ташқи коммуникация қилиш, шу жумладан банк акциядорлари ва инвесторлари, Марказий банк ва бошқа ваколатли органлар, банк омонатчилари ва кредиторлари, банк-молия тизими иштирокчилари ва зарур ҳолларда жамоатчилик билан ўзаро коммуникация қилиш тартиби;
бозор иштирокчиларининг эҳтимолий салбий муносабатига тезкор жавоб бериш бўйича таклифлар, шу жумладан банкнинг ишчанлик обрўси ва хулқ-атвори ўзгариши билан боғлиқ таваккалчиликларни камайтиришга қаратилган ҳаракатлар тартиби;
коммуникация қилиш каналлари.
52. Тиклаш режаси ушбу режада назарда тутилган тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш билан боғлиқ коммуникация тартибининг тавсифини ўз ичига олиши лозим. Бунда банк ҳар бир тиклаш чора-тадбири учун зарур бўлган коммуникация қилиш бўйича ҳаракатлар кетма-кетлигини белгилаши керак.
53. Коммуникация тартиби тиклаш чора-тадбирларини амалга ошириш жараёнида ахборотларнинг махфийлигини, изчиллигини ва мувофиқлигини таъминлашга қаратилган чораларни назарда тутиши керак.
8-§. Тиклаш режасини амалга оширишга
қаратилган тайёргарлик чоралари
54. Тиклаш режасида тиклаш чора-тадбирларини оптимал тарзда ва самарали амалга ошириш учун зарур бўлган тайёргарлик чоралари ва уларни амалга ошириш тартиби акс эттирилиши лозим.
55. Тиклаш режасини амалга оширишга қаратилган тайёргарлик чоралари тиклаш чора-тадбирларини самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга қаратилган бўлиши лозим.
56. Тиклаш режасида тайёргарлик чораларини амалга оширишнинг аниқ муддатлари, якунлашнинг мақсадли саналари, мазкур режани амалга ошириш учун зарур ресурслар ва бу билан боғлиқ харажатлар ҳамда банкнинг тайёргарлик чораларини амалга ошириш учун масъул бўлган банк бошқаруви органлари ва ходимлари белгиланиши лозим.
3-БОБ. БАНКЛАР ГУРУҲИ УЧУН ТИКЛАШ
РЕЖАСИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
57. Банклар гуруҳи асосий банкининг тиклаш режаси банклар гуруҳига оид маълумотлар билан тўлдирилиши лозим.
Бунда банклар гуруҳи асосий банкининг тиклаш режасида банклар гуруҳининг консолидациялашган капиталини, ликвидлилигини, активлар сифатини ҳамда молиявий аҳволини яхшилашга қаратилган тиклаш чора-тадбирлари акс эттирилиши лозим.
58. Банклар гуруҳининг асосий банки тиклаш режасини амалга оширишда асосий банк ва банклар гуруҳига кирувчи бошқа молиявий институтлар томонидан амалга ошириладиган тиклаш чора-тадбирларининг ўзаро мувофиқлиги ва изчиллигини таъминлаши шарт.
59. Банклар гуруҳининг асосий банки тиклаш режасини қуйидаги маълумотлар билан тўлдириши лозим:
гуруҳ даражасида масалаларни кўриб чиқиш тартибини белгиловчи бошқарув механизмлари ва тартиб-таомиллари, шу жумладан қарорлар қабул қилиш ва уларни ижро этиш жараёни, шунингдек асосий банк ва банклар гуруҳидаги бошқа молиявий институтлар ўртасидаги ахборот алмашинуви тавсифи;
асосий банк ҳамда банклар гуруҳидаги бошқа молиявий институтлар ўртасидаги молиявий, операцион ва ҳуқуқий ўзаро боғлиқликни баҳолашни ўз ичига олган стратегик таҳлил;
консолидациялашган асосда ҳисоб-китоб қилинадиган тиклаш кўрсаткичлари;
асосий банк ҳамда банклар гуруҳидаги бошқа молиявий институтлар даражасида амалга ошириладиган тиклаш чора-тадбирлари. Бунда банклар гуруҳининг асосий банки ҳар бир тиклаш чора-тадбирининг таъсирини консолидациялашган тарзда ҳамда зарурат бўлганда банклар гуруҳи асосий банки ва банклар гуруҳидаги бошқа молиявий институтлар учун алоҳида тарзда баҳолаши лозим;
банклар гуруҳининг консолидациялашган капитали, ликвидлилиги, активлар сифати ҳамда молиявий ҳолатига таъсирини баҳолашни ўз ичига олган банклар гуруҳи учун тиклаш сценарийлари ва уларнинг тавсифи.
4-БОБ. ТИКЛАШ РЕЖАСИНИ СИНОВДАН ЎТКАЗИШ
60. Марказий банк банкдан тиклаш режасини синовдан ўтказишни ва ўтказилган синов натижасида тайёрланган ҳисоботни талаб қилишга ҳақли.
Бунда Марказий банк банкдан тиклаш режасини синовдан ўтказишни талаб қилган тақдирда, банк тиклаш режасини синовдан ўтказган кундан эътиборан ўн беш кун ичида синов натижасида тайёрланган ва банк кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган ҳисоботни Марказий банкка тақдим этиши лозим.
61. Тиклаш режасини синовдан ўтказиш жараёнида тиклаш режасини бошқариш, тиклаш кўрсаткичлари, тиклаш чора-тадбирлари бўйича қарорлар қабул қилишга оид тартиб-таомиллар ва тиклаш режасини амалга оширишга қаратилган тайёргарлик чоралари ҳамда тиклаш режасини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотнинг етарлилиги баҳоланади.
62. Тиклаш режасини синовдан ўтказиш натижалари таҳлил қилиниши, банк кузатув кенгашига тақдим этилиши ҳамда тиклаш режасини янгилаш учун асос сифатида фойдаланилиши лозим.
5-БОБ. ТИКЛАШ РЕЖАЛАРИНИ БАҲОЛАШ
63. Банк тиклаш режасини, шу жумладан янгиланган тиклаш режасини ушбу режа банкнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган кундан эътиборан уч иш куни ичида Марказий банкка тақдим этиши лозим.
64. Марказий банк тиклаш режасини мазкур режа банк томонидан тақдим этилган кундан эътиборан уч ой ичида кўриб чиқади. Бунда тиклаш режасининг қуйидаги мезонларга мувофиқлиги баҳоланади:
тиклаш режасида кўрсатилган чора-тадбирлар амалга оширилган тақдирда, банкнинг молиявий мавқейи сақлаб қолиниши ва (ёки) тикланиши;
молиявий инқироз шароитида тиклаш режасида кўрсатилган чора-тадбирларни тез ва самарали амалга ошириш, шунингдек банк ва молия тизимига салбий таъсирларни камайтириш имконияти.
Мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида қайд этилган мезонларга тиклаш режасининг мувофиқлигини баҳолаш давомида қуйидагилар ҳам текширилади:
тиклаш режасининг тўлиқлилиги, шу жумладан унда ушбу Низомда назарда тутилган барча маълумотларнинг мавжудлиги, уларнинг долзарблиги ҳамда етарли даражада батафсил баён этилганлиги;
тиклаш режасининг сифатлилиги, шу жумладан режанинг аниқ ва тушунарли тилда баён этилганлиги, ундаги тушунчалар ва фаразларнинг аниқлиги, тақдим этилган маълумотларнинг ўзаро мувофиқлиги ҳамда банкнинг таваккалчиликларни бошқариш тизими билан ўзаро изчиллиги;
тиклаш режасининг ишончлилиги, тиклаш режасида банкнинг стресс вазиятларини тез ва самарали бартараф этишига имкон берадиган етарли ва амалга оширилиши мумкин бўлган тиклаш чора-тадбирларининг назарда тутилганлиги, уларни амалга ошириш учун реал муддатларнинг белгиланганлиги, банкнинг тайёргарлик даражаси ҳамда тиклаш режасини амалга ошириш йўлида эҳтимолий тўсиқларнинг аниқланганлиги.
65. Тиклаш режаси мазкур Низомнинг 64-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқ бўлмаган тақдирда Марказий банк банкдан:
тиклаш режасини қайта кўриб чиқишни;
тиклаш режасига Марказий банк томонидан белгиланган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни;
тиклаш режасидаги камчиликларни ёки уни амалга ошириш борасидаги тўсиқларни бартараф этиш учун зарур бўлган, ўз фаолиятига киритиладиган ўзгаришларни банк томонидан аниқлашни;
таваккалчиликлар соҳасини камайтиришни;
банкни қайта капиталлаштириш чоралари ўз вақтида кўрилишини;
банкни ривожлантириш стратегиясини қайта кўриб чиқишни;
банк бошқарувининг ташкилий тузилмасини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.
Бунда, мазкур банднинг бешинчи - саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган чора-тадбирлар, агар мазкур банднинг иккинчи - тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган чора-тадбирлар тиклаш режасининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминламаса, қўлланилади.
66. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
ИЛОВА
Банкнинг тиклаш режасидаги тиклаш кўрсаткичлари
РЎЙХАТИ
Т/р |
Кўрсаткич номи |
Белгиланган меъёр* |
Чегаравий қиймат (триггер)** |
1. Капитал монандлиги кўрсаткичлари
|
|||
1 |
Регулятив капиталнинг монандлик коэффициенти |
||
2 |
I даражали капиталнинг монандлик коэффициенти |
||
3 |
I даражали асосий капиталнинг монандлик коэффициенти |
||
4 |
Жами капитал буферлари (Консервацион капитал буфери коэффициенти + тизимли аҳамиятга молик банклар учун капитал буфери коэффициенти + контрсиклик капитал буфери коэффициенти) |
||
5 |
Левераж коэффициенти |
||
|
|||
1 |
Ликвидлиликни қоплаш меъёри коэффициенти |
||
2 |
Соф барқарор молиялаштириш меъёри коэффициенти |
||
3 |
Юқори ликвидли активларнинг жами активлардаги улуши |
||
4 |
Лаҳзали ликвидлилик коэффициенти |
||
3. Активлар сифати кўрсаткичлари
|
|||
1 |
Муаммоли активларнинг жами активлардаги улуши |
||
2 |
Жами муаммоли кредитларнинг ўсиш суръати |
||
3 |
Реструктуризация қилинган активларнинг жами активлардаги улуши |
||
4 |
9-сон Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида 3-босқичда (Stage 3) таснифланган активларнинг жами активлардаги улуши |
||
5 |
Муаммоли кредитларни қоплаш коэффициенти (муаммоли кредитлар бўйича шакллантирилган захираларнинг муаммоли кредитларга нисбати) |
||
4. Даромадлилик (рентабеллик) кўрсаткичлари
|
|||
1 |
Активлар рентабеллиги (соф фойданинг (зарарнинг) жами активларга нисбати) |
||
2 |
Капитал рентабеллиги (соф фойданинг (зарарнинг) жами ўз маблағларига нисбати) |
||
3 |
Соф фоизли даромаднинг фоизли даромад келтирувчи активларга нисбати |
||
4 |
Сезиларли операцион йўқотишлар (капиталга нисбатан фоизда) |
||
5 |
Харажатларнинг даромадга нисбати |
||
|
|||
1 |
Банкнинг кредит рейтинги салбий ўзгариши |
||
2 |
Акциялар нархининг ўзгариши |
||
*) Мазкур илованинг 1 ва 2-бобларида келтирилган тиклаш кўрсаткичлари бўйича меъёрлар Марказий банкнинг тегишли ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
Мазкур илованинг 3, 4 ва 5-бобларида келтирилган тиклаш кўрсаткичлари бўйича меъёрлар банкнинг риск-профили, фаолиятининг кўлами, мураккаблиги ва хусусиятлари ҳамда банкнинг риск-аппетити ва ички сиёсатларидан келиб чиқиб банклар томонидан мустақил равишда белгиланади.
**) Чегаравий қийматлар (триггерлар) банкнинг риск-профили, фаолиятининг кўлами, мураккаблиги ва хусусиятлари ҳамда банкнинг риск-аппетити ва ички сиёсатларидан келиб чиқиб, мазкур Низомнинг 30-бандида белгиланган талабни инобатга олган ҳолда банклар томонидан мустақил равишда белгиланади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 14 август

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter