Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг 17.08.2026 й. ЎРҚ-1168-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини мустаҳкамлашга ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 14.07.2026 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 08.08.2026 й. маъқулланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

17.08.2026 й.

N ЎРҚ-1168




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ТАДБИРКОРЛИК

ФАОЛИЯТИ ЭРКИНЛИГИНИНГ КАФОЛАТЛАРИНИ

МУСТАҲКАМЛАШГА ҲАМДА ТАДБИРКОРЛИК

СУБЪЕКТЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

МЕХАНИЗМЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА

ҚАРАТИЛГАН ҚЎШИМЧА ВА ЎЗГАРТИРИШЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 14 июлда қабул қилинган

Сенат томонидан 2026 йил 8 августда маъқулланган


Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолият юритиши учун қўшимча кафолатларни, шунингдек давлат томонидан тақдим этилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ва механизмларининг ҳуқуқий асосларини қонун даражасида белгилаш зарурияти юзага келмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча кафолатларни белгилаш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган замонавий шакллар ва усулларнинг ҳуқуқий асосларини қонун даражасида белгилаш мақсадида ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилмоқда.

Мазкур Қонун тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга, шунингдек тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини янада кенгайтиришга, тадбиркорларга давлат томонидан тақдим этиладиган қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳуқуқий асосларини аниқ белгилашга хизмат қилади.


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 25 майда қабул қилинган "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги 69-II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 2 майда қабул қилинган ЎРҚ-328-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 5, 133-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, N 8, 312-модда, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 12, 384, 385-моддалар; 2018 йил, N 12, 781-модда; 2019 йил, N 1, 5-модда, N 2, 47-модда, N 3, 166-модда, N 12, 886-модда; 2020 йил, N 1, 2-модда, N 11, 652-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, N 3, 213-модда, N 6, 577-модда; 2023 йил, N 11, 923-модда; 2024 йил, N 8, 830-модда, N 9, 964-модда, N 10, 1080-модда; 2025 йил, N 12, 1324-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:


1) қуйидаги мазмундаги 3-1 - 3-8-моддалар билан тўлдирилсин:


"3-1-модда. Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги

кафолатларининг асосий принциплари


Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатларининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

тадбиркорликнинг эркинлиги;

тадбиркорлик субъектларининг тенглиги;

ишончнинг ҳимоя қилиниши;

коррупциядан холилик;

хусусий мулкнинг дахлсизлиги;

тадбиркорликка оид қонунчиликнинг барқарорлиги ва аниқлиги.


3-2-модда. Қонунийлик принципи


Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишда, тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётганда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этиши шарт.


3-3-модда. Тадбиркорликнинг эркинлиги принципи


Ҳар ким тадбиркорлик билан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ва унинг ташқарисида эркин шуғулланиш, шунингдек ўз мол-мулкидан ҳар қандай қонуний тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли.


3-4-модда. Тадбиркорлик субъектларининг тенглиги принципи


Тадбиркорлик субъектлари ўзининг мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ҳамда бошқа ҳар қандай ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенгдир.


3-5-модда. Ишончнинг ҳимоя қилиниши принципи


Виждонан ҳаракат қилувчи тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилинган ҳужжатга бўлган ишончи қонунчиликка асосан қўриқланади.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларининг юзага келган амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт. Юзага келган амалиётнинг ўзгартирилиши, бекор қилиниши жамоат манфаатлари билан оқланган бўлиши, умумий хусусиятга эга ва барқарор бўлиши керак.


3-6-модда. Коррупциядан холилик принципи


Тадбиркорликни амалга ошириш ва давлат томонидан тартибга солиш жараёни коррупциянинг ҳар қандай кўринишларидан, шу жумладан манфаатлар тўқнашувидан ва ҳуқуқнинг танлаб қўлланилишидан холи бўлиши керак.

Тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солиш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида инсон омилининг коррупция ҳолатини келтириб чиқариши мумкин бўлган тўғридан-тўғри алоқаларини чеклашга қаратилган тизимли чоралар қўрилиши керак.


3-7-модда. Хусусий мулкнинг дахлсизлиги принципи


Тадбиркорлик субъектларининг мулки дахлсиздир ва у давлат ҳимоясидадир. Тадбиркорлик субъектлари ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.


3-8-модда. Тадбиркорликка оид қонунчиликнинг

барқарорлиги ва аниқлиги принципи


Тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини амалга оширишида ҳуқуқий муҳитнинг изчил, барқарор ва олдиндан башорат қилинадиган бўлиши таъминланади.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик субъектларининг зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқишда:

мазкур ҳужжатларнинг асоссиз равишда тез-тез ўзгартирилишига йўл қўйилмаслиги;

тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини режалаштиришда ва амалга оширишда барқарор ҳуқуқий муҳит билан таъминланиши;

нормалар ўхшаш ҳуқуқий вазиятларда бир хил, изчил ва адолатли тарзда қўлланилиши;

ҳуқуқий аниқлик ва асосланганлик талабларига қатъий риоя этилиши керак";


2) 5-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"5-модда. Тадбиркорлик субъектларининг тоифалари


Тадбиркорлик субъектлари календарь йил давомидаги жами даромадининг миқдорига қараб қуйидаги тоифаларга бўлинади:

кичик тадбиркорлик субъектлари;

ўрта тадбиркорлик субъектлари;

йирик тадбиркорлик субъектлари.

Кичик тадбиркорлик субъектлари тоифаларига:

якка тартибдаги тадбиркорлар;

микрофирмалар - таъсисчилари (иштирокчилари) жисмоний шахслар бўлган ва календарь йил давомидаги жами даромади бир миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;

кичик корхоналар - календарь йил давомидаги жами даромади бир миллиард сўмдан ўн миллиард сўмгача бўлган ва (ёки) ушбу қисмнинг учинчи хатбошисида назарда тутилган таъсисчилари (иштирокчилари) таркибида юридик шахслар мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектлари киради.

Ўрта тадбиркорлик субъектлари тоифасига календарь йил давомидаги жами даромади ўн миллиард сўмдан юз миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари киради.

Йирик тадбиркорлик субъектлари тоифасига календарь йил давомидаги жами даромади юз миллиард сўм ва ундан юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари киради.

Тадбиркорлик субъектларини ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган тоифаларга ажратиш уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва расмий статистика маълумотларини шакллантириш мақсадида амалга оширилади";


3) 9-модда биринчи қисмининг тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"бухгалтерия ҳисобини ва тезкор ҳисобни қонунчилик талабларига мувофиқ юритиши";


4) 17-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳисоб ва ҳисоботни қонунчиликка мувофиқ юритади. Ҳисоботлар фақат ахборот тизимлари орқали электрон шаклда тақдим этилади. Тадбиркорлик субъектларининг электрон шаклда тақдим этилган ҳисоботи тадбиркорлик субъектининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Давлат тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон шаклда ҳисоб юритилиши учун дастурий таъминотни имтиёзли шартларда ёки бепул тақдим этади.

Кичик тадбиркорлик субъектлари фақат статистика органларига ва давлат солиқ хизмати органларига, якка тартибдаги тадбиркорлар эса, давлат солиқ хизмати органларига белгиланган шаклларда ҳисобот тақдим этади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисобот ва статистика маълумотларининг ягона рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади. Бунда ягона рўйхатга киритилмаган ҳисоботларни ва статистика маълумотларини тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш тақиқланади.

Давлат органлари тадбиркорлик субъектлари томонидан аввал тақдим этилган ҳисоботни ва статистика маълумотларини қайта талаб қилишга ҳақли эмас. Бунда ҳисобот ва статистика маълумотлари давлат органлари ўртасида электрон ахборот тизимлари орқали алмашилиши лозим";


5) қуйидаги мазмундаги 18-2-модда билан тўлдирилсин:


"18-2-модда. Тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқларига

ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида иштирок этиши кафолатлари


Тадбиркорлик субъектлари зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳисоботи бевосита тадбиркорлик субъектларининг ҳамда улар бирлашмаларининг иштирокида муҳокама қилинади.

Тадбиркорлик субъектлари зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тартибга солиш таъсири бўйича баҳолашдан ўтказилади. Бунда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича тартибга солиш таъсирини баҳолаш натижалари юзасидан хулоса берувчи органларнинг хулосалари мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тегишли лойиҳани ишлаб чиқувчи томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилиши керак, бундан давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи лойиҳалар мустасно.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан уларнинг ҳуқуқий экспертизаси ўтказилишидан олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши муҳокамасидан ўтказилиши керак";


6) 22-модда иккинчи қисмининг иккинчи жумласи чиқариб ташлансин;


7) қуйидаги мазмундаги 23-1-модда билан тўлдирилсин:


"23-1-модда. Тадбиркорлик субъектларининг энергия

манбаларига уланиш ва улардан белгиланган

тартибда фойдаланиш кафолатлари


Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда энергия манбаларига уланиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Энергетика корхоналари тадбиркорлик субъектларининг энергия манбаларига бўлган эҳтиёжларини хавфсиз, ишончли, барқарор ва узлуксиз равишда таъминлаши шарт.

Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик субъектларининг энергия манбалари таъминотини вақтинча тўхтатиб туриш ёки чеклаш жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, шу жумладан авария вазиятлари юзага келганда энергия тизимининг мувозанатини сақлаб туриш ёки энергия таъминоти тизимига техник хизмат кўрсатиш учун амалга оширилиши мумкин";


8) 24-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"24-модда. Тадбиркорлик субъектларининг ер ва сувдан

фойдаланиш ҳуқуқи ҳамда хусусийлаштириш

натижаларининг кафолатлари


Тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда ер участкаларига эга бўлиши мумкин.

Тадбиркорлик субъектларининг ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга фақат олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати, кўп йиллик дов-дарахтларнинг бозор қиймати, кўчиш, шу жумладан бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик ижарага олиш билан боғлиқ харажатларнинг, ер участкасидан ва унда жойлашган кўчмас мулк объектларидан фойдаланишдан олиниши мумкин бўлган бой берилган фойданинг (бунда ер участкаси ва унда жойлашган кўчмас мулк объектлари бўшатиб қўйилган пайтдан эътиборан аввалги фаолиятни тиклашга қадар бўлган, бироқ бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатдаги фойда ёки мавсумий ҳосилдан олиниши мумкин бўлган фойда ҳисобга олинади) ўрни, ҳуқуқ эгасининг қонунчиликда ёки келишувда назарда тутилган бошқа харажатларининг ва зарарларнинг ўрни қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда тўла ҳажмда қопланганидан кейин йўл қўйилади.

Хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш ҳамда баҳолашга оид ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш деб баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Тадбиркорлик субъектлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасини ижарага олиш шартномасида назарда тутилган ихтисослашувга мувофиқ ўз фаолияти йўналишларини, ишлаб чиқариш тузилмаси ва ҳажмларини мустақил равишда белгилайди.

Қонунчиликда белгиланган тартибда муҳофаза зоналари белгиланиши муносабати билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари чекланганда уларга етказилган зарарнинг ўрни (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланади.

Тадбиркорлик субъектларининг сувдан фойдаланиш ҳуқуқи ажратилган сув олиш квотаси ва кутилаётган сув таъминоти ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, ажратилган сув олиш лимити доирасида амалга оширилади.

Сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда аҳолининг соғлиғини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида, шунингдек сув танқислигида, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда чекланиши мумкин";


9) 25-модда чиқариб ташлансин;


10) 27, 28 ва 29-моддалар чиқариб ташлансин;


11) 30-1-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қонунчиликда белгиланган солиқ, божхона имтиёзларининг, молиявий ва бошқа турдаги имтиёзларнинг (давлат томонидан моддий шаклдаги қўллаб-қувватлаш чорасининг) ҳамда преференцияларнинг (давлат томонидан номоддий шаклдаги қўллаб-қувватлаш чорасининг) тадбиркорлик субъектларига нисбатан тўлиқ ҳажмда қўлланилиши давлат томонидан кафолатланади.

Тадбиркорлик субъектларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланишни давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан асоссиз равишда рад этиш, улардан фойдаланишга тўсқинлик қилиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан махсус платформада тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган имтиёзлар ва преференцияларнинг турлари, муддатлари ҳамда тартибини ўз ичига олган алоҳида реестр юритилади.

Тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг реестрини шакллантириш ҳамда доимий равишда янгилаб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан бериладиган имтиёзлар ва преференциялар индивидуал тарзда эмас, балки иқтисодиёт тармоқлари, соҳалар ёки ҳудудлар кесимида белгиланади. Бунда имтиёзлар ва преференциялар барча тадбиркорлик субъектларига нисбатан тенг шарт-шароитларда, очиқ ҳамда шаффоф механизмлар асосида татбиқ этилиши керак";


12) 31-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Тадбиркорлик фаолияти субъектлари давлат органларига ёки хўжалик бошқаруви органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда холисона, тўлиқ ҳамда асосли тарзда кўриб чиқиши шарт.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан аризалар, шикоятлар ёки таклифлар берилганлиги учун уларни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди. Бундай ҳоллар аниқланган тақдирда, тегишли шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади";


13) 39-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни текширувлар тўғрисида хабардор қилиш ҳамда текширув бошланганидан кейин хабардор қилиш тартибида ўтказиладиган текширувларни ташаббус қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

"Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимининг натижалари;

аниқ факт ва ҳоллар бўйича фуқароларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига, жамоат хавфсизлигига, атроф-муҳитга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда давлатнинг манфаатларига зарар етказилиши хавфининг олдини олиш ёки бартараф этиш учун жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотлари, оммавий ахборот воситаларидан ва бошқа ахборот манбаларидан олинган маълумотлар.

"Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимининг натижалари ва қонунчилик бузилишлари тўғрисида бошқа давлат органлари томонидан тақдим этилган ахборот асосида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширувларини ўтказиш ташаббуси қонунчилик бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектлари учун профилактика тадбирлари ўтказилганидан кейин амалга оширилади, бундан солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари бўйича ўтказиладиган солиқ текширувлари мустасно.

"Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши хавфи паст, ўрта ва юқори даражаларга таснифланади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати қонунчилик ҳужжатларида тасдиқланади. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини назорат қилишга доир тадбирларнинг назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхатига киритилмаган органлар ҳамда ташкилотлар томонидан ўтказилиши тақиқланади.

Назорат қилувчи органлар томонидан уларнинг назорат соҳалари рўйхатига киритилмаган текширувларни, шунингдек бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига доир текширувларни ўтказиш қонунга хилоф деб ҳисобланади.

Текширув Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аттестaциядан ўтган ва текширувларни ўтказиш учун рухсат берилганлиги тўғрисида махсус гувоҳнома олган назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан ўтказилади.

Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текширишга хизмат гувоҳномаси, текширувларни ўтказиш учун рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳнома ва қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига доир текширувларни ва профилактика тадбирларини ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади";


14) 40-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг текширувлар натижалари бўйича кўрсатмаларини бажарган, шунингдек етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган муддатларда ва тўла ҳажмда ихтиёрий равишда қоплаган, шу жумладан пеня тўлаган тақдирда, уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмайди. Мазкур норма солиққа оид ҳуқуқбузарликлар сабабли молиявий санкцияларни қўллаш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Назорат қилувчи органларнинг молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги қарори тадбиркорлик субъектларининг танловига кўра қуйидаги шакллардан бири орқали ихтиёрий равишда ижро этилиши мумкин:

назорат қилувчи органларнинг молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги қарори топширилган кундан эътиборан бир ой муддатда жарима миқдорининг эллик фоизини ихтиёрий равишда тўлаш шарти билан жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этиш;

жарима суммасини олти ой давомида тенг миқдорларда бўлиб-бўлиб тўлаш. Бунда тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги қарори топширилган кундан эътиборан бир ой давомида жарима миқдорининг камида олтидан бир қисмидан иборат дастлабки тўловни тўлаган тақдирда, жаримани бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби автоматик равишда амал қилади";


15) 41-модда чиқариб ташлансин;


16) 42-модда:

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилади. Бунда тадбиркорлик субъектларига нисбатан қуйидаги ҳуқуқий таъсир чоралари фақат суд тартибида қўлланилади:

фаолиятни тугатиш;

атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш;

фаолиятни тўхтатиб туриш, бундан назорат қилувчи органлар томонидан фаолиятни Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестрига киритилган омиллар асосида ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;

фаолиятни чеклаш ва тақиқлаш, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш ҳоллари ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар мустасно;

молиявий санкцияларни қўллаш, бундан солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пеняларни ҳисоблаш, шунингдек содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлиш ва молиявий санкциялар суммаларини ихтиёрий равишда тўлаш ҳоллари мустасно;

банклардаги ҳисобварақлар бўйича оперaцияларни тўхтатиб туриш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

ҳуқуқбузарлик предметларини давлат даромадига ўтказиш;

тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун берилган лицензияларнинг (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг) амал қилишини ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятнинг (ҳаракатнинг) амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш, бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензиялар (рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар) мустасно";

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мажбурий талаблар бузилишининг хусусиятига, қонун билан қўриқланадиган моддий ва номоддий объектларга етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зиёнга (зарарга) мутаносиб бўлиши керак";

иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;


17) 4-боб қуйидаги мазмундаги 42-1 ва 42-2-моддалар билан тўлдирилсин:


"42-1-модда. Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини

тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш


Тадбиркорлик субъектининг фаолияти қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

ўзининг аризасига асосан;

ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга - назорат қилувчи органлар томонидан;

ўн иш кунидан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга - суд томонидан.

Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиб туришга фақат Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестрига киритилган омиллар асосида ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга йўл қўйилади, бундан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини суд тартибида ҳамда қонунда белгиланадиган асослар бўйича тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно.

Тадбиркорлик субъекти ўзининг фаолиятини тўхтатиб туриш ёки қайта тиклаш тўғрисида ўз фаолиятини тўхтатгунига ёки қайта тиклагунига қадар рўйхатдан ўтказувчи органга ёки Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали ариза беради. Бунда ходимларни ёллаш йўли билан фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектининг ҳар бир ёлланган ходимига оид маълумотлар солиқ органига "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали автоматик тарзда юборилади.

Тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўхтатиб турилганлиги ёки қайта тикланганлиги тўғрисидаги аризани олган рўйхатдан ўтказувчи орган навбатдаги иш куни тугагунига қадар солиқ органларига тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўхтатиб турилганлиги ёки қайта тикланганлиги ҳақида Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали ахборот тақдим этади.

Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб туриш солиқ ва статистика ҳисоботларини тақдим этишни, ўзига ва ҳар бир ходимига нисбатан солиқ ҳисоблашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.

Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини ўз аризасига асосан тўхтатиб туриш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


42-2-модда. Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий

талабларнинг ягона реестри


Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларнинг ягона реестри (бундан буён матнда Мажбурий талаблар реестри деб юритилади) тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўйиладиган талабларни, ушбу талабларнинг амал қилиш муддатларини, давлат назоратини амалга оширишга доир талабларни, мажбурий талабларга мувофиқликни тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни, шунингдек ушбу талабларга риоя этмаганлик учун жавобгарлик чораларини ҳамда соҳага оид бошқа тегишли ахборотни ўз ичига олган очиқ маълумотлар базаси ҳисобланади.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив-техник ҳужжатлар билан белгиланган барча мажбурий талаблар уларни қайта кўриб чиқиш муддати кўрсатилган ҳолда, давлат томонидан Мажбурий талаблар реестрига киритилади.

Мажбурий талаблар реестрига маълумотлар тегишли соҳадаги ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Мажбурий талаблар реестрининг оператори ҳисобланади, унинг юритилишини услубий жиҳатдан таъминлайди, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Тадбиркорлик субъектлари Мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талабларни бажармаганлик учун жавобгарликка тортилмайди.

Мажбурий талаблар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Мажбурий талаблар реестрида назарда тутилган талаблар бузилган тақдирда тадбиркорлик субъекти Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўлади";


18) 43-модда:

номидаги "Давлат бошқаруви" деган сўзлар "Республика ижро этувчи ҳокимият" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

биринчи қисмининг биринчи хатбошисидаги "Давлат бошқаруви" деган сўзлар "Республика ижро этувчи ҳокимият" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

иккинчи қисмидаги "Давлат бошқаруви" деган сўзлар "Республика ижро этувчи ҳокимият" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


19) 44-модда:

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ўз ваколатлари доирасида:

тадбиркорликни ривожлантиришга оид ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатлари ва чораларини белгилайди";

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида:

тадбиркорликни ривожлантиришга оид ҳудудий дастурни ишлаб чиқади ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органига тасдиқлаш учун киритади ҳамда унинг амалга оширилишини таъминлайди;

тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади";

иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;


20) 45-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"45-модда. Тадбиркорликни давлат томонидан

қўллаб-қувватлашнинг асосий турлари ва воситалари


Тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий турлари қуйидагилардан иборат:

молиявий ва мулкий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

инфратузилмавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

тадбиркорлик фаолияти учун кадрлар тайёрлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.

Тадбиркорликни молиявий ва мулкий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш қуйидагилар воситасида амалга оширилади:

давлат субсидияларини бериш;

иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни грантлар асосида молиялаштириш;

имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминлаш;

cолиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар тақдим этиш.

Бунда товарлар савдоси соҳасида қуйидаги молиявий ва мулкий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тақиқланади:

экспорт натижаларига боғланган қўллаб-қувватлаш чораларини;

импорт қилинган товарлар ўрнига маҳаллий товарлардан фойдаланиш талабига боғланган қўллаб-қувватлаш чораларини.

Тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ижтимоий тадбиркорлик субъектларининг маълумотлари, тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги, Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестридаги маълумотлар асосида ҳамда туманлар ва шаҳарларнинг тоифасидан келиб чиқиб тақдим этилиши мумкин.

Тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қонунчиликда назарда тутилган бошқа турларда ҳам амалга оширилиши мумкин";


21) қуйидаги мазмундаги 45-1 - 45-5-моддалар билан тўлдирилсин:


"45-1-модда. Тадбиркорлик субъектларини

қўллаб-қувватлаш бўйича давлат субсидиялари


Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат субсидиялари яшил технологияларни жорий этиш, ижтимоий тадбиркорликни рағбатлантириш, туризм соҳасини ривожлантириш, таълимни ва соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, яширин иқтисодиётни қисқартиришга доир рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш мақсадида ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа мақсадларда берилиши мумкин.


45-2-модда. Тадбиркорлик лойиҳаларини

давлат грантлари асосида молиялаштириш


Иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни, шу жумладан ижтимоий тадбиркорлик фаолияти лойиҳаларини, инновацион ҳамда новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига пул маблағлари ва моддий ресурслар тарзида давлат грантлари берилиши мумкин.

Давлат грантлари республика бюджети маблағлари ва қонунчиликка мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан берилиши мумкин.

Давлат грантларини ажратиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


45-3-модда. Тадбиркорлик субъектларига имтиёзли

кредитлар ажратилишини таъминлаш


Тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратилишини таъминлаш бўйича давлат томонидан қуйидаги чоралар амалга оширилиши мумкин:

тижорат банкларининг кредитлар бўйича фоиз ставкасининг тегишли қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этиш;

имтиёзли фоизли кредитлар ажратиш мақсадида тижорат банкларига молиявий ресурсларни жойлаштириш (кредит линияларини очиш);

халқаро молия институтларидан давлат кафолати остида имтиёзли кредитлар жалб этиш;

гаровсиз ажратилган кредитлар бўйича кредит таваккалчилигини тақсимлашда иштирок этиш;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа чоралар.


45-4-модда. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар

бўйича имтиёзлар тақдим этиш


Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қонунлар билан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар тақдим этилиши мумкин.

Солиқ имтиёзлари Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан ҳамда ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тақдим этилади.

Божхона божи ва божхона йиғимлари бўйича имтиёзлар Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ берилади.


45-5-модда. Тадбиркорлик субъектларини инфратузилмавий

жиҳатдан қўллаб-қувватлаш


Тадбиркорлик субъектларини инфратузилмавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш учун умумий шарт-шароитларни таъминлаш, шу жумладан тадбиркорликни ташкил этишга кўмаклашиш, ёрдам бериш, ҳуқуқ, маркетинг, муҳандислик ва менежмент соҳасида ахборот тақдим этиш, моддий, техник ва бошқа ресурсларни тақдим этиш орқали амалга оширилади";


22) 46-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"46-модда. Тадбиркорликни ривожлантириш

бўйича махсус жамғармалар


Тадбиркорлик субъектларининг ташаббусларини давлат томонидан молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тадбиркорликни ривожлантириш бўйича махсус жамғармалар (бундан буён матнда махсус жамғарма деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Махсус жамғармаларнинг асосий мақсади тадбиркорликни молиявий жиҳатдан ва номолиявий қўллаб-қувватлаш орқали тадбиркорликни сифатли ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат";


23) 47-модда чиқариб ташлансин;


24) 5-боб қуйидаги мазмундаги 48-1 - 48-4-моддалар билан тўлдирилсин:


"48-1-модда. Ижтимоий тадбиркорликни

давлат томонидан қўллаб-қувватлаш


Тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий, экологик муаммоларни ҳал этишга ёки уларнинг оқибатларини юмшатишга қаратилган фаолияти ижтимоий тадбиркорлик деб эътироф этилади.

Ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

имтиёзлар ва преференциялар бериш;

ижтимоий лойиҳаларга доир харажатларни субсидиялаш;

давлат ижтимоий буюртмасини жойлаштириш;

молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

маслаҳат бериш, услубий ёрдам кўрсатиш ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш.

Ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ижтимоий тадбиркорлик субъектларига нисбатан амалга оширилади. Ижтимоий тадбиркорлик субъектлари деб эътироф этиш мезонлари, уларни қўллаб-қувватлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ижтимоий тадбиркорлик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар ва преференциялар бериш солиқ, божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш, соддалаштирилган молиявий ҳисоботларни ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиш, давлат кўчмас мулк объектларини имтиёзли асосда ижарага бериш, давлат буюртмачиларига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ижтимоий товарларни (хизматларни) реализaция қилиш, ижтимоий товарларни (хизматларни) Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан тўлиқ ёки қисман молиялаштириладиган реклама берувчилар томонидан реклама учун ажратиладиган тегишли ҳажмда бепул реклама қилиш ва бошқа усуллар орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун давлат субсидиялари белгиланиши мумкин. Субсидиялаш ижтимоий тадбиркорлик фаолияти ва ижтимоий лойиҳанинг ҳажми, у амалга оширилаётган ҳудуднинг шарт-шароитлари, кутилаётган ижтимоий-иқтисодий самара ва янги иш ўринларининг яратилиши мезонлари асосида амалга оширилади. Давлат субсидиялари ажратиладиган ижтимоий тадбиркорлик субъектлари танловлар ўтказиш орқали ваколатли давлат органи томонидан аниқланади. Ижтимоий лойиҳаларни давлат субсидиялари орқали молиялаштириш учун танловлар ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Давлат органлари ижтимоий тадбиркорлик субъектларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмасини бериши мумкин. Ижтимоий тадбиркорлик субъектларига давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиби қонунчиликда белгиланади.


48-2-модда. Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги


Қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш ва қўшимча рағбатлантириш мақсадида Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги юритилади.

Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш ва юритиш тартиби, уларни рағбатлантириш чоралари қонунчиликда белгиланади.


48-3-модда. Масъулиятли бизнес юритиш


Қонунчиликка риоя этиш билан бир қаторда барқарор ривожланишга ҳисса қўшган ҳамда ўз фаолиятининг инсон ҳуқуқларига, атроф-муҳитга ва жамоат манфаатларига нисбатан салбий таъсирининг олдини олиш, бундай таъсирни камайтириш, зарур ҳолларда уни бартараф этиш учун чоралар кўрган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш масъулиятли бизнес юритиш деб эътироф этилади.

Тадбиркорлик субъекти томонидан масъулиятли бизнес юритишнинг асосий мезонлари қуйидагилардан иборат:

инсон ҳуқуқларига риоя этиш;

меҳнатга ва ишлаб чиқаришга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай қонунга хилоф амалиётга йўл қўймаслик;

атроф-муҳитни, ўз ходимларининг ва аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш;

коррупцияга қарши самарали чораларни жорий этиш ҳамда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик;

фаолиятни инсофли бизнес, маркетинг ва реклама қоидаларига мувофиқ ташкил этиш, шунингдек ўзи тақдим этаётган товарлар ва хизматларнинг сифатини ҳамда ишончлилигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш;

ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор этишда шаффофликни ва ҳисобдорликни таъминлаш;

маҳаллий ва миллий инновaцион салоҳиятни ривожлантиришга ҳисса қўшиш;

рақобат тўғрисидаги қонунчиликка ва ахлоқий бошқарув принципларига риоя этиш;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиш.

Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектлари қонунчиликда белгиланган тартибда грантлар, солиқ имтиёзлари, давлат харидларида устуворлик бериш ҳамда бошқа чоралар орқали давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чоралари қонунчиликда белгиланади.

Қонунчиликда белгиланган ваколатли орган томонидан Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестри юритилади. Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестри ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ ҳисобланади.

Тегишли мезонларга жавоб бермайдиган тадбиркорлик субъектлари Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестридан чиқарилади ва уларни қўллаб-қувватлаш чоралари тўхтатилади.

Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестрини юритиш ва уларни қўллаб-қувватлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


48-4-модда. Туман ва шаҳарнинг тоифаси асосида қўллаб-қувватлаш


Туман ва шаҳарнинг тоифасидан келиб чиққан ҳолда, қонунчиликда тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари, субсидиялар ва ушбу субъектларни қўллаб-қувватлашнинг бошқа чоралари назарда тутилиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолиятини туман ва шаҳарнинг тоифасидан келиб чиққан ҳолда қўллаб-қувватлаш чоралари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади";


25) 50-модданинг:

учинчи қисми чиқариб ташлансин;

тўртинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин.


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрда қабул қилинган "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги ЎРҚ-336-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, N 9/2, 245-модда; 2015 йил, N 8, 312-модда; 2017 йил, N 6, 300-модда; 2021 йил, N 1, 3-модда, 4-сонга илова; 2022 йил, N 6, 570, 577-моддалар) 24-моддасининг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш ҳамда баҳолашга оид ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди".


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январда қабул қилинган ЎРҚ-461-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 2-илова, N 7, 433-модда, N 10, 672-модда; 2019 йил, N 3, 166-модда, N 5, 261, 266-моддалар, N 9, 592-модда, N 10, 671-модда, N 11, 791-модда, N 12, 880-модда; 2020 йил, N 1, 1-модда, N 3, 198-модда, N 10, 593-модда; 2021 йил, N 1, 10-модда, 4-сонга илова, N 8, 803-модда, N 9, 903-модда; 2022 йил, N 3, 216-модда, N 5, 463-модда, N 6, 577-модда, N 8, 787-модда; 2023 йил, N 4, 269-модда, N 12, 1008-модда; 2024 йил, N 2, 111-модда, N 9, 964, 969-моддалар, N 12, 1280, 1286-моддалар; 2025 йил, N 3, 373-модда, N 6, 729-модда, N 9, 1042-модда, N 10, 1153-модда, N 11, 1237-модда, N 12, 1328-модда; 2026 йил, N 2, 132-модда, N 4, 360, 364, 365-моддалар) 217-моддасининг биринчи қисмига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"фаолиятни тўхтатиб туриш, бундан назорат қилувчи органлар томонидан Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестрига киритилган омиллар асосида ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно";

тўртинчи - саккизинчи хатбошилар тегишинча бешинчи -тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"фаолиятни чеклаш ва тақиқлаш, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш ҳоллари ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар мустасно".


4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 14 февралда қабул қилинган "Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида"ги ЎРҚ-907-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, N 2, 107-модда; 2025 йил, N 1, 7-модда, N 2, 188-модда; 2026 йил, N 3, 251-модда) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:


1) 8-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари фақат қонунга мувофиқ белгиланади";


2) 39-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш ҳамда баҳолашга оид ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди".


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ушбу Қонун 1-моддаси 17-бандининг ўн биринчи хатбошисида назарда тутилган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини ўз аризасига асосан тўхтатиб туриш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ушбу Қонун 1-моддаси 24-бандининг ўн биринчи ва ўн тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ижтимоий тадбиркорлик субъектлари деб эътироф этиш мезонларини, уларни қўллаб-қувватлаш тартибини ҳамда ижтимоий тадбиркорлик субъектларига давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ушбу Қонун 1-моддаси 24-бандининг ўттиз тўртинчи хатбошисида назарда тутилган Масъулиятли бизнес юритувчи тадбиркорлик субъектларининг реестрини юритиш ва уларни қўллаб-қувватлаш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


7-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2026 йил 17 август