Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.10.2026 й. ПҚ-359-сон "Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикасининг Ляонинг педагогика университети филиалини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
02.10.2026 й.
N ПҚ-359
ЎЗБЕКИСТОНДА ХИТОЙ ХАЛҚ
РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЛЯОНИНГ
ПЕДАГОГИКА УНИВЕРСИТЕТИ
ФИЛИАЛИНИ ТАШКИЛ
ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Хорижий дастурлар асосида иқтисодиёт тармоқлари учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, таълим сифатини ошириш, соҳага илғор таълим технологияларини жорий қилиш, замонавий билим ва педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга бўлган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида ҚАРОР ҚИЛАМАН:
I. Асосий мақсад
1. Белгилансинки, ушбу қарорнинг асосий мақсади Хитой Халқ Республикаси тажрибаси асосида иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, қўшма илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва соҳа мутахассислари салоҳиятини ривожлантириб бориш тизимини йўлга қўйиш ҳисобланади.
II. Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиалини ташкил этиш
2. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Ляонинг педагогика университетининг (кейинги ўринларда - Университет) қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
(а) Хоразм вилоятида Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиалини (кейинги ўринларда - Филиал) ташкил этиш;
(б) Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали кузатув кенгаши таркибини 1-иловага мувофиқ тасдиқлаш.
3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Урганч давлат университети ҳамда Университет ўртасида Филиални ташкил этиш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи битим имзолангани маълумот учун қабул қилинсин:
(а) Филиалда таълим жараёнини Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари ва малака талабларини ҳисобга олган ҳолда Университетнинг ўқув режалари ва таълим стандартлари асосида ташкил этиш;
(б) Кузатув кенгаши Филиалнинг олий бошқарув органи ҳисобланиши ҳамда унинг вазифалари ва фаолиятини ташкил этиш тартиби Филиал уставида белгиланиши;
(в) академик фаолиятни ташкил этиш, таълим сифатини таъминлаш ва мувофиқлаштириш учун масъул Филиал директори Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тавсиясига асосан Кузатув кенгаши томонидан лавозимга тайинланиши;
(г) Филиалнинг қабул параметрлари, тўлов-контракт суммаси, ўқишга қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби Кузатув кенгаши томонидан белгиланиши;
(д) Университет томонидан Филиалнинг таълим сифати ва академик нуфузини ошириш ҳамда ўқув дастурлари ва малакали кадрлар билан таъминлаш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
(а) Филиал Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Урганч давлат университети ва Университет муассислигидаги олий таълим ташкилоти - юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади;
(б) Филиал академик мустақил олий таълим ташкилоти ҳисобланади;
(в) Филиалда таълим жараёни 2026/2027 ўқув йилидан бошланади ҳамда кундузги ва муқобил таълим шаклларида ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида олиб борилади;
(г) молиявий-хўжалик, ташкилий ва маъмурий фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун масъул бўлган Филиал ижрочи директори Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан лавозимга тайинланади;
(д) Филиалда таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Бунда:
(i) 2030/2031 ўқув йилига қадар ўқишга қабул қилинган талабалар ўқишнинг бутун даври давомида тўлиқ давлат гранти асосида ўқитилади;
(ii) 2030/2031 ўқув йилидан бошлаб белгиланган тартибда тасдиқланадиган йиллик қабул параметрларининг 30 фоизи давлат гранти асосида шакллантирилади;
(ж) Филиал битирувчиларига олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Филиал ва (ёки) Университет дипломи берилади;
(з) Филиал талабаларининг амалиётлари ўқув режаларига мувофиқ ҳудуддаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхона (ташкилот)ларида, жумладан, дуал таълим асосида йўлга қўйилади.
5. Хоразм вилояти ҳокимлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда Филиал ҳамда корхона ва ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланиши ҳамда талабалар амалиётининг дуал таълим асосида ташкил этилишини таъминласин.
6. Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиалига академик ҳамкор сифатида маҳаллий олий таълим ташкилотлари 2-иловага мувофиқ бириктирилсин.
7. Академик ҳамкор олий таълим ташкилотлари:
(а) Филиални юқори малакали педагог кадрлар ҳамда ўқув адабиётлари билан таъминлашга кўмаклашсин;
(б) Филиал дастурлари асосида 2027/2028 ўқув йили учун ўзининг тегишли бакалавриат таълим йўналишлари фан дастурларини такомиллаштирсин;
(в) 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Филиал билан ҳамкорликда талабалар ва педагог кадрларнинг ўзаро академик мобиллигини босқичма-босқич амалга оширсин;
(г) Филиал билан биргаликда тегишли ҳамкорлик йўналишлари бўйича қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш чораларини кўрсин.
8. Туризм ва ахборот технологиялари йўналишларида кадрлар тайёрлайдиган техникумлар 3-иловага мувофиқ Филиалга бириктирилсин. Бунда:
(а) техникумларда Хитой тажрибаси асосида туризм ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича такомиллаштирилган таълим дастурлари ҳамда ўқитиш методикалари жорий этилади. Бунда техникум битирувчисига таълим дастурига мос бакалавриат таълим йўналишининг тегишли босқичидан ўқишни тўлов-контракт асосида давом эттириш имконияти яратилади;
(б) Филиалда техникумларнинг махсус фан ўқитувчилари учун туризм ва сунъий интеллект бўйича касбий кўникмаларини ривожлантириш ўқув курслари жорий этилади ва бу муқобил малака ошириш сифатида тан олинади;
(в) Хоразм вилоятидан Филиалга бириктирилган туризм ва ахборот технологиялари йўналишларидаги техникум ўқувчиларнинг ўқув амалиёти Филиал базасида ташкил этилади;
(г) Хоразм вилоятидан Филиалга бириктирилган техникум ўқувчиларига туризм ва ахборот технологиялари соҳаларига оид махсус фанларнинг амалий қисмини Филиал базасида ўқитиш имконияти яратилади;
(д) мазкур банднинг "б", "в" ва "г" кичик бандларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Касбий таълим агентлигига ушбу мақсадлар учун ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳамда Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
9. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2027 йил 1 январдан бошлаб Филиалда ташкил этиладиган сунъий интеллектни ўқитиш бўйича менторлик малака ошириш курсларига умумтаълим мактабларининг информатика фани ўқитувчиларини жалб этиб борсин. Бунда:
(а) ҳар йили 5 декабрга қадар навбатдаги йил учун 250 нафар малака оширувчи педагоглар рўйхати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан белгиланган танлов асосида энг юқори натижа кўрсатган номзодлар орасидан шакллантирилади ва Филиалга тақдим этилади;
(б) Филиал томонидан педагоглар учун аралаш (онлайн ва офлайн) шаклдаги камида 72 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилади;
(в) малака ошириш курсида ўқиш учун тўлов миқдори Кузатув кенгаши томонидан белгиланади;
(г) тингловчиларнинг Филиалда малака ошириш ҳамда хизмат сафари (транспорт ва яшаш) харажатлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар ҳисобидан Филиал билан тузилган шартномага асосан молиялаштирилади;
(д) малака ошириш курслари Университет томонидан жалб қилинадиган хорижлик мутахассислар ҳамда Филиалнинг профессор-ўқитувчилари иштирокида олиб борилади;
(ж) малака ошириш курси тингловчилари Хоразм вилояти педагогик маҳорат марказининг ётоқхонасига жойлаштирилади;
(з) малака ошириш курсини муваффақиятли якунлаган тингловчиларга Филиал томонидан белгиланган тартибда сертификат берилади ва ушбу сертификат информатика фани ўқитувчиларининг муқобил малака оширганлигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида тан олинади;
(и) малака оширишдан ўтган ўқитувчилар 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб "Касбий ривожланиш куни" тадбирларида ментор ўқитувчи сифатида фаолият юритиши таъминланади.
10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳудудда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун мутахассисларга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқиб, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан Филиалга буюртма бериш орқали кадрларни мақсадли тайёрлашга рухсат берилсин.
III. Филиал фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминот
11. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
(а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
(б) тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушган маблағлар;
(в) жисмоний ва юридик шахсларнинг инвестициялари ва ҳомийлик хайриялари, шунингдек, муассисларнинг бюджетдан ташқари маблағлари;
(г) кўрсатилган пулли хизматлар ва илмий натижаларни тижоратлаштиришдан тушган маблағлар;
(д) қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
12. Белгилансинки:
(а) Филиалга хориждан, жумладан, Университетдан жалб қилинадиган раҳбар ва профессор-ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари меҳнат бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, тузилган шартномаларга мувофиқ белгиланади;
(б) Филиалнинг педагогик ва илмий салоҳиятини ошириш, таълим жараёнини сифатли ташкил этиш мақсадида Филиалга жалб қилинган маҳаллий профессор-ўқитувчилар ва ходимларга Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 1,5 баравар миқдорда ҳисобланади;
(в) Филиални Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади ва 2027 йилдан бошлаб бюджет қонунчилиги талабларига мувофиқ тақдим этилган бюджет сўровномаларига асосан Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
13. Давлат активларини бошқариш агентлиги Филиал Хоразм вилояти Хива шаҳри "Қибла Тозабоғ" МФЙ Мактаб кўчаси 57-уй манзилидаги бино ва иншоотларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилишини таъминласин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
14. Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали фаолиятини ташкил этиш бўйича "йўл харитаси" 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
15. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Ж.Р. Рахимов белгилансин.
17. Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари И.Т. Сираджев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2026 йил 2 октябрдаги
ПҚ-359-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ляонинг педагогика университетининг
Ўзбекистондаги филиали кузатув кенгашининг
ТАРКИБИ
1. К.А. Шарипов |
- |
олий таълим, фан ва инновациялар вазири, Кузатув кенгаши ҳамраиси |
2. Ло Вэньбо |
- |
Ляонинг педагогика университети (Хитой Халқ Республикаси) президенти, Кузатув кенгаши ҳамраиси |
3. О.Р. Фазилкаримов |
- |
иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари |
4. Ш.А. Каримов |
- |
мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари |
5. Р.О. Каримжонов |
- |
рақамли технологиялар вазири ўринбосари |
6. С.Р. Бобокалонов |
- |
Туризм қўмитаси раиси ўринбосари |
7. Ф.Р. Мадрахимова |
- |
Урганч давлат университети ректори |
8. Лавозими бўйича |
- |
Ляонинг педагогика университетининг (Хитой Халқ Республикаси) Ўзбекистондаги филиали директори |
9. Гун Чжэн |
- |
Ляонинг педагогика университети халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи (Хитой Халқ Республикаси) |
10. Ци Шую |
- |
Ляонинг педагогика университети матбуот директори (Хитой Халқ Республикаси) |
11. Не Хайцян |
- |
"Jinshan Foreign Investment" МЧЖ раиси (Хитой Халқ Республикаси) |
12. Чжоу Чжиян |
- |
"BEB Agro" МЧЖ вакили (Хитой Халқ Республикаси) |
13. Лавозими бўйича |
- |
Ляонинг педагогика университетининг (Хитой Халқ Республикаси) Ўзбекистондаги филиали ижрочи директори, Кузатув кенгаши котиби |
Изоҳ. Кузатув кенгаши аъзоси бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига мазкур лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахс киритилади.
Президентининг
2026 йил 2 октябрдаги
ПҚ-359-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ляонинг педагогика университетининг
Ўзбекистондаги филиалига академик ҳамкор
сифатида бириктирилган маҳаллий
олий таълим ташкилотлари
РЎЙХАТИ
Т/р |
Ҳамкорлик йўналиши |
Академик ҳамкор олий таълим ташкилотлари номи
|
1. |
Халқаро хитой тили таълими |
Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти |
2. |
Туризм бошқаруви |
"Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Урганч давлат университети |
3. |
Халқаро бизнес |
Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Урганч давлат университети |
4. |
Сунъий интеллект |
Тошкент ахборот технологиялари университети, Ўзбекистон Миллий университети, Урганч давлат университети |
Изоҳ. Академик ҳамкор олий таълим ташкилотлари рўйхатига Филиалнинг кузатув кенгаши томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Президентининг
2026 йил 2 октябрдаги
ПҚ-359-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ляонинг педагогика университетининг
Ўзбекистондаги филиалига бириктирилган туризм
ва ахборот технологиялари йўналишларида
кадрлар тайёрлайдиган техникумлар
РЎЙХАТИ
Т/р |
Ҳудуд номи |
Таянч техникум номи
|
Йўналиш номи |
1. |
Қорақалпоғистон Республикаси |
Нукус шаҳар 1-сон техникуми |
Ахборот технологиялари |
2. |
Андижон вилояти |
Андижон туризм ва маданий мерос техникуми |
Туризм |
3. |
Бухоро вилояти |
Бухоро туризм ва маданий мерос техникуми |
Туризм |
4. |
Жиззах вилояти |
Зомин туризм ва маданий мерос техникуми |
Туризм |
5. |
Қашқадарё вилояти |
Шаҳрисабз туризм ва маданий мерос техникуми |
Туризм |
6. |
Навоий вилояти |
Навоий рақамли технологиялар техникуми |
Ахборот технологиялари |
7. |
Наманган вилояти |
Косонсой тумани 4-сон техникуми |
Ахборот технологиялари |
8. |
Самарқанд вилояти |
Самарқанд туризм ва маданий мерос техникуми |
Туризм |
9. |
Сирдарё вилояти |
Сирдарё тумани 1-сон техникуми |
Ахборот технологиялари |
10. |
Сурхондарё вилояти |
Ангор тумани 4-сон техникуми |
Ахборот технологиялари |
11. |
Тошкент вилояти |
Бўстонлиқ туризм ва маданий мерос техникуми |
Туризм |
12. |
Фарғона вилояти |
Марғилон туризм ва маданий мерос техникуми |
Туризм |
13. |
Хоразм вилояти |
Хива туризм ва маданий мерос техникуми |
Туризм |
Хива шаҳар техникуми |
Ахборот технологиялари |
||
14. |
Тошкент шаҳри |
Тошкент туризм ва маданий мерос техникуми |
Туризм |
Изоҳ: мазкур рўйхатга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Президентининг
2026 йил 2 октябрдаги
ПҚ-359-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ляонинг педагогика университетининг Ўзбекистондаги
филиали фаолиятини ташкил этиш бўйича
"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"
Т/р |
Чора-тадбирлар номи |
Амалга ошириш механизми |
Ижро муддати
|
Молиялаштириш манбалари
|
Масъуллар |
1. |
Ляонинг педагогика университетининг (Хитой Халқ Республикаси) Ўзбекистондаги филиали (кейинги ўринларда - Филиал) фаолиятини йўлга қўйиш. |
1. Филиал уставини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. 2. Филиални белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш. 3. Филиал тузилмасини шакллантириш ва тасдиқлаш. |
2026 йил ноябрь |
- |
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги |
2. |
Филиални малакали кадрлар билан таъминлаш. |
1. Филиални малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида эълонлар бериш. 2. Танлов асосида малакали кадрларни ишга қабул қилиш. |
2026 йил октябрь- ноябрь |
- |
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Филиал |
3. |
Филиалга талабалар қабулини амалга ошириш. |
1. Филиалда кадрлар тайёрлаш йўналишларига қабул бўйича эълонлар бериш ва тарғибот ишларини ташкил қилиш. |
2026 йил октябрь |
- |
Филиал, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги |
2. Филиалда ўқиш истагини билдирган абитуриентларни танлов асосида саралаш ва талабаликка қабул қилиш. |
2026 йил ноябрь |
||||
4. |
Филиалнинг буюртмасига асосан жалб қилинадиган хорижий ўқитувчилар ва мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун рухсатномаларни белгиланган тартибда расмийлаштириш. |
1. Хорижий ўқитувчи ва мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кўп марталик кириш визаларини белгиланган тартибда расмийлаштириш. |
Филиал ва хорижий ўқитувчи, мутахас- сислар сўровига асосан |
- |
Ташқи ишлар вазирлиги |
2. Филиалга жалб этиладиган хорижий ўқитувчилар ва мутахассислар, уларнинг оила аъзолари учун белгиланган тартибда кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек, уларнинг Ўзбекистонда турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш ва унинг муддатини узайтириш. |
Ички ишлар вазирлиги |
||||
3. Хорижий ўқитувчи ва мутахассисларни жалб қилишда белгиланган тартибда Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни бериш ва муддатини узайтириш. |
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Филиал |
||||
5. |
Филиалнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида олий таълимдан кейинги таълим институтини тизимли ташкил этиш. |
1. Филиалнинг устувор илмий тадқиқот йўналишларини аниқлаш. |
2028 йил апрель |
Давлат бюджети маблағлари |
Инновацион ривожланиш агентлиги, Филиал |
2. Илмий даражали кадрлар тайёрлаш учун олий таълимдан кейинги таълим институтлари фаолиятини ташкил этиш. |
2029 йил январь |
||||
6. |
Филиалда сунъий интеллектни ўқитиш бўйича ташкил этилган менторлик малака ошириш курслари тингловчиларига тегишли шарт-шароитларни яратиш. |
1. Малака ошириш курси тингловчиларини Хоразм вилояти педагогик маҳорат марказининг ётоқхонасига жойлаштириш. 2. Малака ошириш курсини муваффақиятли якунлаган тингловчиларга Филиал томонидан белгиланган тартибда сертификат бериш чораларини кўриш. |
Режа- график асосида |
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлари |
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Филиал |
3. Малака оширишдан ўтган ўқитувчилар "Касбий ривожланиш куни" тадбирларида ментор ўқитувчи сифатида фаолият юритишини таъминлаш. |
2027/2028 ўқув йили |
||||
7. |
Филиал томонидан бериладиган малака ошириш сертификатини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимида муқобил малака ошириш сифатида тан олиш. |
1. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрдаги 867-сон қарорига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш. |
2026 йил декабрь |
- |
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Филиал |
2. Сертификатларнинг ягона электрон реестрини "Узлуксиз касбий таълим" платформасида юритиш. |
2027 йил мартдан бошлаб |
||||
8. |
Филиалга бириктирилган техникумларда Хитой тажрибаси асосида туризм ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича такомиллаштирилган таълим дастурлари ҳамда ўқитиш методикаларини жорий этиш. |
1. Хитой тажрибасини ўрганиш ва илғор таълим дастурлари ҳамда ўқитиш методикаларини таҳлил қилиш. |
2027 йил апрель |
- |
Касбий таълим агентлиги, Филиал |
2. Туризм ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича такомиллаштирилган таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш. |
2027 йил август |
||||
3. Ишлаб чиқилган таълим дастурлари ҳамда ўқитиш методикаларини бириктирилган техникумларда босқичма-босқич жорий этиш. |
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб |
||||
9. |
Таълим дастурларининг ўзаро мослигидан келиб чиқиб, техникум битирувчилари бакалавриатнинг тегишли босқичидан тўлов-контракт асосида ўқишни давом эттириши механизмини жорий этиш. |
1. Техникумларнинг туризм ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича ўқув дастурларини Филиалдаги бакалавриат таълим дастурлари билан ўзаро мувофиқлаштириш. |
2027 йил май |
- |
Касбий таълим агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Филиал |
2. Ўзлаштирилган фанларни инобатга олган ҳолда техникум битирувчиларини бакалавриатнинг тегишли босқичидан ўқишни давом эттириш тартибини ишлаб чиқиш. |
2027 йил август |
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Филиал |
|||
10. |
Филиалда техникумларнинг махсус фан ўқитувчилари учун туризм ва сунъий интеллект бўйича касбий кўникмаларни ривожлантириш ўқув курсларини жорий этиш. |
1. Касбий кўникмаларни ривожлантиришга йўналтирилган қисқа муддатли ўқув курслари дастурларини ишлаб чиқиш ва курсларни Филиал базасида ташкил этиш. 2. Курсларни муваффақиятли тамомлаган ўқитувчиларнинг мазкур курсларда олган натижаларини муқобил малака ошириш сифатида тан олиш механизмини жорий этиш. |
2027/2028 ўқув йили |
Касбий таълим агентлиги ва Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари |
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Филиал |
11. |
Хоразм вилоятидан Филиалга бириктирилган туризм ва ахборот технологиялари йўналишларидаги техникум ўқувчиларининг ўқув амалиёти ҳамда махсус фанларнинг амалий қисмини Филиал базасида ташкил этиш. |
1. Филиалга бириктирилган техникумлар ва амалиёт ўташи лозим бўлган ўқувчилар контингентини аниқлаш. 2. Ўқув амалиётини ташкил этиш бўйича техникумлар ва Филиал ўртасида амалиёт дастурлари ҳамда графикларини келишиш. 3. Ўқувчиларни Филиалнинг тегишли лаборатория, ўқув-амалиёт ва бошқа инфратузилма объектларидан фойдаланган ҳолда ўқув амалиётини Филиал базасида ташкил этиш. 4. Ўқувчиларга туризм ва ахборот технологиялари соҳаларига оид махсус фанларнинг амалий қисмини Филиал базасида ўқитиш чораларини кўриш. |
Режа- графикка мувофиқ |
Касбий таълим агентлиги ва Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари |
Касбий таълим агентлиги, Филиал, тегишли техникумлар |
12. |
Филиал талабаларининг амалиётларини дуал таълим асосида йўлга қўйиш. |
1. Филиал ҳамда ҳамкор корхона ва ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаларини имзолаш. 2. Ҳамкор корхона (ташкилот) мутахассислари билан амалиёт дастурларини тузиш. |
Ўқув жараёни графигига мувофиқ |
- |
Хоразм вилояти ҳокимлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Филиал, ҳамкор корхона ва ташкилотлар |
3. Дуал таълим асосида таҳсил олаётган талабаларга корхона ва ташкилотлар мутахассисларини амалиёт раҳбари сифатида бириктириш. |
Давлат бюджети маблағлари |
||||
13. |
Филиал фаолиятида бошқаришнинг замонавий технологияларини қўллаш. |
1. "Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими" (НEMIS)ни ўрнатиш, созлаш ва ишга тушириш. |
2026 йил ноябрь |
Давлат бюджети маблағлари |
Филиал, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги |
2. Ахборот тизимига Филиал профессор-ўқитувчилари, ходимлари ҳамда талабалари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ киритилишини таъминлаш. |
2026 йил декабрь |
||||
14. |
Ахборот-ресурс марказини замонавий адабиётлар билан бойитиб бориш ва уни автоматлаштирилган тизимга ўтказиш. |
1. Ляонинг педагогика университети ва академик ҳамкорлар билан биргаликда Филиал ахборот-ресурс марказини янги адабиётлар билан бойитиш. |
2027-2030 йиллар |
Давлат бюджети маблағлари |
Филиал, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, академик ҳамкорлар, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси |
2. Ахборот-ресурс маркази фондидаги ресурсларни "Unilibrary.uz" электрон кутубхона платформасига киритиб бориш. |
2027-2030 йиллар |
||||
15. |
Филиалга автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимит ажратиш. |
1. Филиалга 2 та, шу жумладан, 1 та бириктирилган, 1 та навбатчи енгил автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимит ажратиш. |
2026 йил сентябрь |
Давлат бюджети маблағлари |
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Филиал |
2. Ажратилган автомобилларни белгиланган тартибда зарур техник воситалар билан таъминлаш. |
Доимий |
||||
16. |
Филиалда беш муҳим ташаббус доирасида спорт ва маънавий тадбирларни ташкил этиш. |
1. Беш муҳим ташаббус доирасида тўгараклар ва спорт секциялари ташкил этиш учун зарур хона ажратиш ва уни жиҳозлаш. |
2027 йил январь |
Давлат бюджети маблағлари |
Филиал, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги |
2. Беш муҳим ташаббус доирасида тўгараклар ва спорт секциялари фаолиятини йўлга қўйиш. |
2027 йил февраль |
||||
17. |
Филиалда ёшлар ўртасида экстремизм, радикал ғоялар, гиёҳвандликка қарши курашиш, шунингдек, дин ва давлат муносабатлари ҳамда миллий қонунчиликка оид маърифий-профилактик учрашувларни ташкил қилиш. |
1. Учрашувга соҳа мутахассисларини жалб қилиш. 2. Ўтказилаётган учрашувларда ёшлар орасида содир бўлган жиноятларни мисол қилиб кўрсатиш. 3. Учрашувларга Филиалда таҳсил олаётган барча талаба-ёшларни жалб қилиш. |
2027 йил давомида ҳар ойда |
- |
Филиал, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги |
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 5 октябрь

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter