Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш Услубиёти (АВ томонидан 10.10.2026 й. 3952-сон билан рўйхатга олинган 10.10.2026 й. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 104-сон, Адлия вазирлигининг 2-сон қарори билан тасдиқланган)
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлигида
2026 йил 10 октябрда 3952-сон
билан рўйхатга олинган
Ўзбекистон Республикаси
Коррупцияга қарши
курашиш агентлигининг
2026 йил 10 октябрдаги 104-сон,
Адлия вазирлигининг 2026 йил
ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида
коррупцияга оид хавф-хатарларни
аниқлаш ва баҳолаш
УСЛУБИЁТИ
Мазкур Услубиёт давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) фаолиятида коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш тартибини белгилайди.
Ушбу Услубиёт Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, суд, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати органларига нисбатан татбиқ этилмайди.
1. Ушбу Услубиётда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
коррупцияга оид хавф-хатар - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда мавжуд сабаб ва шароитларда коррупциявий хатти-ҳаракатларни содир этиш эҳтимоли;
жараён - давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўз функциялари доирасида бошқарув қарорларини қабул қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш, текшириш ва назорат тадбирларини ўтказиш, ресурсларни тақсимлаш, ҳужжатларни расмийлаштириш, санкцияларни қўллаш ёки бошқа юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатлар мажмуи;
шубҳали ҳолатлар - давлат органлари ва ташкилотлари ўз функциялари доирасидаги жараёнларни амалга оширишда коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилиши эҳтимолини кўрсатувчи ҳолатлар;
умумий хавф - мавжуд назорат чораларининг таъсири ҳисобга олинмаган ёки қисман ҳисобга олинган ҳолда аниқланадиган коррупцияга оид хавф-хатар;
қолдиқ хавф - аниқланган коррупцияга оид хавф-хатарни бартараф этиш юзасидан белгиланган чорадан кейин сақланиб қоладиган хавф-хатар;
махсус бўлинма - давлат органлари ва ташкилотларидаги комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси;
ишчи гуруҳ - комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси мавжуд бўлмаган давлат органи ёки ташкилотида коррупцияга оид хавф-хатарни баҳолаш учун тузиладиган ходимлар таркиби.
2. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашдан мақсад давлат органлари ва ташкилотлари функцияларини амалга ошириш жараёнларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган омилларни аниқлаш, коррупцияга оид хавф-хатар даражасини далиллар асосида баҳолаш ҳамда ўрта ва юқори хавфли жараёнлар бўйича уларни камайтириш ва бартараф этишга қаратилган мутаносиб ва устувор чора-тадбирларни белгилашдан иборат.
3. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш қонунийлик, холислик, асосланганлик, жараёнларга йўналтирилганлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик принциплари асосида амалга оширилади.
4. Коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашда қуйидагилар ишлаб чиқилиши лозим:
жараёнлар реестри;
коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси;
коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш ёки бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури (бундан буён матнда чора-тадбирлар дастури деб юритилади);
коррупцияга оид хавф-хатар юқори бўлган лавозимлар рўйхати;
коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри;
мониторинг ҳисоботи.
Чора-тадбирлар дастури ва коррупцияга оид хавф-хатар юқори бўлган лавозимлар рўйхати жараёнлар реестри ҳамда коррупцияга оид хавф-хатарлар харитасидаги маълумотлар асосида "E-Anticor.uz" электрон платформасида автоматик шакллантирилади.
5. Мазкур Услубиёт талаблари давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар билан ишлашнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибига риоя этилган ҳолда қўлланилади.
2-БОБ. КОРРУПЦИЯГА ОИД ХАВФ-ХАТАРЛАРНИ
БАҲОЛАШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
6. Коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш давлат органлари ва ташкилотларининг марказий аппарати, ҳудудий ва таркибий бўлинмаларини қамраб олади.
Бунда коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.
7. Ишчи гуруҳ аъзолари давлат органи ёки ташкилотининг таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ташкил этилади.
Давлат органи ёки ташкилотининг биринчи раҳбари томонидан ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланади ҳамда унинг фаолияти мувофиқлаштирилади.
8. Давлат органи ёки ташкилотининг биринчи раҳбари коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашни лозим даражада ташкил этиш, баҳолаш натижаларининг тўлиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш, шунингдек белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
9. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашнинг ички услубиёти махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилади.
10. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш ҳар йили 1 февралга қадар махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади ҳамда унинг натижалари бўйича ишлаб чиқилган коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси ва чора-тадбирлар дастури "E-anticor.uz" электрон платформаси орқали ҳар йили 1 мартга қадар махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Бунда Агентлик коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси ва чора-тадбирлар дастурини улар келиб тушган кундан эътиборан ўн иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда уларни келишади ёки мазкур Услубиётга мувофиқлаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар бериши мумкин.
11. Агентлик "E-anticor.uz" электрон платформасига киритилган маълумотлар асосида мазкур Услубиётнинг 1-иловасидаги шаклга мувофиқ коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестрини юритади.
12. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш қуйидаги ҳолларда навбатдан ташқари ўтказилади:
қонунчилик ҳужжатлари ёки ички ҳужжатларга тегишли функция ёки жараёнга таъсир қилувчи ўзгартиришлар киритилганда;
янги электрон ахборот тизими ёки давлат хизмати жорий этилганда;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан функция ёки жараённи амалга оширишда янги коррупцияга оид хавф-хатарлар аниқланганда;
давлат органлари ва ташкилотлари тузилмасига ўзгаришлар киритилганда;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Комплаенс хизмати ёки Агентликнинг тегишли кўрсатмаси асосида.
13. Агентлик давлат органлари ва ташкилотларига коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашни ташкил этишда ҳуқуқий-услубий кўмак кўрсатади.
3-БОБ. КОРРУПЦИЯГА ОИД ХАВФ-ХАТАРЛАРНИ
БАҲОЛАШ ОБЪЕКТЛАРИ
14. Коррупцияга оид хавф-хатарлар давлат органлари ва ташкилотларининг функцияларини амалга ошириш билан боғлиқ жараёнлар кесимида баҳоланади.
15. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш объектларига қуйидагилар киради:
мониторинг ва назоратни амалга ошириш;
давлат молиявий назоратини амалга ошириш;
лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш хусусиятига эга ҳужжатлар, бошқа сертификатлар ва хулосалар бериш;
давлат хизматларини кўрсатиш;
давлат харидларини амалга ошириш ва шартномалар тузиш;
бюджет маблағлари, субсидиялар, грантлар ва имтиёзларни тақсимлаш;
ходимларни танлаш, ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш;
давлат активлари ва давлат улушларини бошқариш;
жарималар, санкциялар ва бошқа мажбурлов чораларини қўллаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат ва шикоятларини кўриб чиқиш;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига хос бўлган бошқа жараёнлар.
16. Ҳар бир жараённинг ҳуқуқий асослари, қарор қабул қилиш босқичлари, масъул таркибий бўлинма ва лавозимлар ҳамда мавжуд назорат чоралари аниқланиб, мазкур Услубиётнинг 2-иловасидаги шаклга мувофиқ жараёнлар реестри махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан тузилади.
ХАВФ-ХАТАРЛАРНИ АНИҚЛАШ
17. Коррупцияга оид хавф-хатарлар ички ва ташқи ахборот манбаларидан олинган маълумотлар ҳамда шубҳали ҳолатларни таҳлил қилиш асосида махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан аниқланади.
18. Ички ахборот манбаларига қуйидагилар киради:
қонунчилик ҳужжатлари, ички идоравий ҳужжатлар ва жараёнларни тартибга солувчи регламентлар;
мониторинг, назорат, хизмат текширувлари ва ички аудит натижалари ҳамда материаллари;
одоб-ахлоқ комиссияси фаолиятига оид материаллар;
манфаатлар тўқнашувига оид маълумотлар;
давлат харидлари, бюджет маблағларидан фойдаланиш, кадрларни танлаш, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш жараёнлари ҳамда ахборот тизимларига оид маълумотлар;
мурожаатлар, коррупция ҳолатлари тўғрисида махсус алоқа каналлари орқали келиб тушган хабарлар;
ходимлар ўртасида ўтказилган сўровномалар ва интервьюлар натижалари.
19. Ташқи ахборот манбаларига қуйидагилар киради:
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суд ва назорат қилувчи органларнинг материаллари;
оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган маълумотлар;
очиқ маълумотлар порталларида жойлаштирилган маълумотлар;
жамоатчилик муҳокамалари натижалари;
мустақил аудит натижалари.
20. Коррупцияга оид хавф-хатарларни аниқлашда қуйидаги шубҳали ҳолатлар алоҳида таҳлил қилиниши лозим:
ходимнинг кенг дискрецион ваколатларга эгалиги;
қарор қабул қилиш мезонларининг аниқ белгиланмаганлиги;
фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ёки бошқа манфаатдор шахслар билан бевосита мулоқот қилиш имконияти;
мустақил назорат механизмларининг етарли эмаслиги;
қарор қабул қилиш, хизмат кўрсатиш ёки бошқа жараёнларни асоссиз равишда рад этиш, кечиктириш ёхуд тезлаштириш имконияти;
бир шахс томонидан жараённинг бир нечта муҳим босқичлари амалга оширилиши;
эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг мавжудлиги;
бир хил ёки ўхшаш масалалар юзасидан такрорий шикоятларнинг мавжудлиги;
қарорларни тегишли назоратсиз ёки асоссиз ёпиқ тартибда қабул қилиш ҳолатларнинг мавжудлиги.
5-БОБ. КОРРУПЦИЯГА ОИД ХАВФ-ХАТАРЛАРНИ
БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ
21. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашда қуйидагилар мажбурий тартибда инобатга олиниши лозим:
коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан манфаатлар тўқнашуви ва хизмат мавқеидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатлари бўйича статистик маълумотлар;
коррупцияга оид мурожаатлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган хабарлар, шунингдек махсус алоқа каналлари орқали келиб тушган маълумотлар;
жараённинг рақамлашганлик даражаси, маълумотлар алмашинувининг автоматлаштирилганлиги, ахборот тизимларида амалга оширилган ҳаракатларни қайд этиш ва мониторинг қилиш имконияти, шунингдек қарор қабул қилишда инсон омилининг таъсири;
жараённинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинганлик даражаси, тартиб-таомиллар, муддатлар, масъул лавозимлар ва қарор қабул қилиш асосларининг аниқ белгиланганлиги, шунингдек дискрецион ваколатларнинг мавжудлиги.
22. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолашнинг ички услубиётини ишлаб чиқишда давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қўшимча баҳолаш мезонларини белгилаши мумкин.
6-БОБ. КОРРУПЦИЯГА ОИД ХАВФ-ХАТАРЛАРНИ
БАҲОЛАШ БОСҚИЧЛАРИ
23. Коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
жараёнларни аниқлаш;
коррупцияга оид хавф-хатарнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш;
амалдаги назорат чораларини таҳлил қилиш;
умумий ва қолдиқ хавф даражасини аниқлаш;
коррупцияга оид хавф-хатарни камайтириш ёки бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш ва самарадорлигини баҳолаш.
24. Коррупцияга оид хавф-хатар белгилари уларнинг тегишли жараёнга таъсир даражаси, коррупциявий ҳолатнинг содир этилиш эҳтимоли ҳамда мавжуд назорат чораларининг етарлилиги инобатга олинган ҳолда оддий, муҳим ва оғир тоифаларга ажратилади.
Оддий хавф белгиси - коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этилишига имкониятлар яратмайдиган, бироқ тартиб-таомиллар, муддатлар, қарорларни асослаш ва қайд этишга доир талабларнинг аниқ белгиланмаганлиги ёки назорат чораларининг формал хусусиятга эгалиги натижасида жараённинг шаффофлиги, аниқлиги ёхуд назорат қилиниш даражасини пасайтириши мумкин бўлган ҳолат.
Оддий хавф белгиларига қуйидагилар киради:
жараён босқичлари ва уларни амалга ошириш кетма-кетлигининг аниқ белгиланмаганлиги;
жараён бўйича қарор қабул қилиш муддати, уни узайтириш асослари ва тартибининг аниқ белгиланмаганлиги;
жараён бўйича қабул қилинадиган қарорни асослаш мезонлари ва талабларининг аниқ белгиланмаганлиги;
қабул қилинган қарорлар, амалга оширилган ҳаракатлар ва уларнинг натижаларини ҳужжатларда ёки ахборот тизимларида қайд этиш тартибининг аниқ белгиланмаганлиги;
жараённинг айрим босқичларида ахборот очиқлиги ва шаффофликни таъминлаш тартибининг аниқ белгиланмаганлиги, бундан давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар мустасно;
жараённинг етарли даражада рақамлаштирилмаганлиги натижасида амалга оширилган ҳаракатлар ва қабул қилинган қарорларни қайд этиш ёки кейинчалик текшириш имкониятининг чекланганлиги;
бир марталик, тасдиқланмаган ёки тизимли хусусиятга эга бўлмаган мурожаат, шикоят ёхуд шубҳали ҳолат мавжудлиги;
ходим ваколатларини амалга ошириш тартиби ва улар устидан назорат механизмининг аниқ белгиланмаганлиги.
Муҳим хавф белгиси - коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этилиши эҳтимолини оширадиган, қарор қабул қилиш мезонларининг аниқ белгиланмаганлиги сабабли мансабдор шахсга асоссиз танлов қилиш имкониятини берадиган ёки амалдаги назорат механизмларининг самарали ишлашига тўсқинлик қиладиган ҳолат.
Муҳим хавф белгиларига қуйидагилар киради:
қарор қабул қилишнинг аниқ мезонлари белгиланмаганлиги сабабли мансабдор шахсда дискрецион ваколатларнинг кенглиги;
ариза ёки ҳужжатларни қабул қилиш, улар бўйича қарор қабул қилиш ҳамда қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиш функцияларининг бир шахс ёки бир таркибий бўлинмада жамланганлиги;
бир жараён доирасида ёки мазмунан ўхшаш ҳолатлар бўйича такроран келиб тушган асосланган коррупцияга оид мурожаатлар, шикоятлар ёки шубҳали ҳолатларнинг мавжудлиги;
аниқланган манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш, бартараф этиш ёки бошқариш чораларининг ўз вақтида амалга оширилмаганлиги;
жараёнда белгиланган келишиш, текшириш, тасдиқлаш ёки назорат тартиб-таомилларини четлаб ўтиш имкониятининг мавжудлиги;
ахборот тизимларида амалга оширилган ҳаракатларни автоматик қайд этиш ва кейинчалик текшириш имкониятининг мавжуд эмаслиги;
жараён билан боғлиқ қонунбузилиш фактининг хизмат текшируви, ички аудит натижалари ёхуд ваколатли органнинг тегишли ҳужжати билан тасдиқланганлиги.
Оғир хавф белгиси - коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этилиши оқибатида давлат ва жамият манфаатларига, бюджет маблағлари ва давлат активларига, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказиш эҳтимоли юқори бўлган ҳолат.
Оғир хавф белгиларига қуйидагилар киради:
баҳоланаётган ёки мазмунан ўхшаш жараёнда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик факти суд ҳужжати ёки ваколатли давлат органининг тегишли ҳужжати билан тасдиқланганлиги;
бир нечта ходим ёки таркибий бўлинма иштирокида назорат тартиб-таомилларининг мунтазам равишда четлаб ўтилиши;
бюджет маблағлари, давлат активлари ёки мулкий ҳуқуқларни тақсимлашга доир қарорларни ички ёки ташқи назорат механизми мавжуд бўлмаган ҳолда қабул қилиш имкониятининг мавжудлиги;
жисмоний ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказиш хавфи мавжудлиги;
жараёнда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган назорат чораларининг мавжуд эмаслиги ёки самарасизлиги текширув, аудит, мониторинг натижалари ёхуд бошқа ишончли ва текшириладиган маълумотлар билан тасдиқланганлиги.
Хавф белгисини оддий, муҳим ёки оғир тоифага киритиш қонунчилик ҳужжатлари ҳамда текшириш мумкин бўлган бошқа маълумотлар, шу жумладан статистик маълумотлар, мурожаатлар ва шикоятлар, хизмат текширувлари, ички аудит ва мониторинг натижалари, шунингдек ахборот тизимларидаги қайдлар асосида асослантирилиши лозим.
25. Коррупцияга оид хавф-хатар даражаси аниқланган хавф белгилари хусусиятидан келиб чиқиб қуйидагича белгиланади:
паст - фақат оддий хавф белгилари мавжуд бўлганда;
ўрта - битта муҳим хавф белгиси мавжуд бўлиб, оғир хавф белгиси мавжуд бўлмаганда;
юқори - камида битта оғир хавф белгиси ёки икки ва ундан ортиқ муҳим хавф белгиси мавжуд бўлганда.
Бунда юқори хавф-хатар даражаси аниқланган тақдирда, тегишли жараённи амалга оширишнинг янги тартиби ишлаб чиқилади ёки жараён рақамлаштирилади ёхуд мавжуд назорат механизмлари тубдан қайта кўриб чиқилади.
7-БОБ. КОРРУПЦИЯГА ОИД ХАВФ-ХАТАРЛАРНИ
КАМАЙТИРИШ ВА БАРТАРАФ ЭТИШ
26. Коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш ва бартараф этиш чоралари хавф-хатар даражаси ҳамда унинг келиб чиқиш сабабларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади ҳамда масъул ижрочилар, амалга ошириш муддатлари, натижадорлик индикаторлари ва мониторинг тартибини назарда тутади.
27. Коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш ва бартараф этиш чоралари қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини қабул қилиш;
қарор қабул қилиш мезонларини аниқлаштириш;
инсон омилини қисқартириш ва рақамлаштириш;
вазифаларни ажратиш;
давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари ва жисмоний шахслар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани максимал даражада чеклаш;
очиқ маълумотлар доирасини кенгайтириш ва (ёки) жамоатчилик назоратини кучайтириш;
манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бошқариш;
ички аудит ва комплаенс назоратини кучайтириш;
ходимларни ротация қилиш ёки хавф даражаси юқори лавозимлар бўйича махсус талаблар белгилаш;
ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бекор қилиш, ортиқча тартибга солиш механизмларини бекор қилиш, тақдим этилган ҳужжатлар сони ва қарор қабул қилиш муддатларини қисқартириш;
тушунтириш ишлари, профилактик суҳбатлар ўтказиш ва тарғибот ишларини амалга ошириш;
ходимлар томонидан коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича ички ҳужжатларга тўлиқ риоя этилишини назорат қилиш.
28. Коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси мазкур Услубиётнинг 3-иловасидаги шаклга мувофиқ махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилади.
8-БОБ. МОНИТОРИНГ, ҲИСОБДОРЛИК
ВА ҚАЙТА БАҲОЛАШ
29. Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда чора-тадбирлар дастурининг ижросини ҳар ярим йилда камида бир марта мониторинг қилиб боради.
30. Мониторинг қилиш жараёнида чора-тадбирлар дастурининг бажарилиши, белгиланган натижаларга эришилганлиги, назорат чораларининг амалда самарали ишлаши, қолдиқ хавф даражасининг ўзгариши ҳамда қўшимча чоралар кўриш зарурати ўрганилади.
Мониторинг ҳисоботи давлат органи ёки ташкилотининг биринчи раҳбари билан келишилгандан сўнг, мониторинг натижалари бўйича аниқланган камчиликлар коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш ёки бартараф этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни белгилаш учун асос бўлади.
31. Мониторинг натижалари юзасидан Агентлик томонидан ушбу Услубиётнинг 4-иловасидаги шаклга мувофиқ мониторинг ҳисоботи тайёрланади ҳамда у келишиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарига киритилади.
32. Мазкур Услубиёт талабларини бузилганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
1-ИЛОВА
Коррупцияга мойил бўлган
муносабатлар электрон реестри
НАМУНАВИЙ ШАКЛИ
Т/р |
Масъул идора |
Жараён |
Хавф даражаси |
Коррупцияга оид хавф-хатарларни камайтириш ёки бартараф этиш чоралари
|
Ташкилот / бўлинма |
Изоҳ |
1.
|
||||||
2.
|
||||||
3.
|
||||||
...
|
2-ИЛОВА
Жараёнлар реестрининг
НАМУНАВИЙ ШАКЛИ
Т/р |
Жараён номи |
Ҳуқуқий асос |
Масъул таркибий бўлинма ва лавозим
|
Қарор қабул қилиш босқичлари (нуқталари)
|
Мавжуд назорат |
Коррупциявий хавфни камайтириш ёки бартараф этиш ҳолати
|
1.
|
||||||
2.
|
||||||
3.
|
||||||
…
|
*) Изоҳ. Давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолияти хусусиятига асосан қўшимча устунлар киритиши мумкин.
3-ИЛОВА
Коррупцияга оид хавф-хатарлар харитасининг
НАМУНАВИЙ ШАКЛИ
Т/р |
Функция номи |
Жараён |
Хавф даражаси |
Сабаб / шубҳали ҳолат
|
Далил / манба |
Мавжуд назорат |
Назорат самара- дорлиги |
Қолдиқ хавф |
Камайтириш/ бартараф этиш чораси
|
Масъул лавозим |
Муддат |
Натижа индикатори |
1.
|
||||||||||||
2.
|
||||||||||||
3.
|
||||||||||||
...
|
4-ИЛОВА
Мониторинг ҳисоботи
НАМУНАВИЙ ШАКЛИ
Т/р |
Жараён |
Қолдиқ хавф даражаси
|
Белгиланган чора
|
Масъул |
Муддат |
Ижро ҳолати
|
Натижа индикатори
|
Қўшимча чора
|
1.
|
||||||||
2.
|
||||||||
3.
|
||||||||
...
|
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2026 йил 12 октябрь

Бизнинг Facebook
Телеграм канали @uz_buxgalter