Транспорт воситаси ижараси шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйиш

preview

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб  фуқаролар ва йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар ўртасида тузиладиган транспорт воситаси ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинди. Унинг ўрнига бундай шартномаларни электрон тарзда ҳисобга олиш тизими жорий этилди .

Buxgalter.uz ДСҚда транспорт воситаси ижараси шартномасини солиқ органида қандай рўйхатдан ўтказишни аниқлаштирди.

 

Ушбу мақсадда ijara.soliq.uz сайтида махсус функционал яратилди.

 

Ижарага  берувчи учун йўриқнома

     1. ЭРИ ёрдамида ijara.soliq.uz га киринг.

     2. “Транспорт воситаси ижараси шартномаларини ҳисобга қўйиш”га босинг.

     3. “Ижарага берувчи тўғрисида маълумот” бўлими автоматик тарзда тўлдирилади. Бироқ фаолият кўрсатиш жойини қўлда киритиш мумкин. Бунинг учун тегишли жумла ёнига белги қўйинг ва қўшимча майдонларни тўлдиринг.

     4. “Ижарага олувчи тўғрисида маълумот” бўлими тегишли майдонга ижарага олувчининг ЖШШИРи киритилган тақдирда автоматик тарзда тўлдирилади. Шунингдек, ҳақиқатда яшаш жойини қўлда киритиш мумкин. Бунинг учун тегишли жумла ёнига белги қўйинг ва қўшимча майдонларни тўлдиринг.

     5. “Ижарага бериладиган транспорт воситаси” бўлими устунларини тўлдиринг. Бунинг учун транспорт воситасини кўрсатинг, ижара шартномасининг бошланиш ва тугаш саналарини киритинг, ҳар ойлик тўлов миқдорини (бепул/пуллик (сўмда ёки БҲМда) кўрсатинг.

     6. “Жўнатиш”га босинг.

 

Ижарага  олувчи учун йўриқнома

     1. Ijara.soliq.uz га киринг.

     2. “Тасдиқланиши кутилаётган” жилдида “Кирувчи шартномалар” менюсида ижарага берувчи томонидан тасдиқлаш учун йўлланган шартномани топинг.

     3. Уни диққат билан кўриб чиқинг ва хато ёки ноаниқликлар бўлса “Рад этиш”га ёхуд ҳаммаси жойида бўлса “Қабул қилиш”га босинг.

 

Шундан кейин...

Агар ижарага олувчи шартномани рад этса, ижарага берувчи тўлдиришда йўл қўйилган хатоларни тузатиши ва ҳужжатни тасдиқлаш учун қайта юбориши зарур.

Агар ижарага олувчи шартномани тасдиқласа, солиқ органи ижара шартномасини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказади ва бу ҳақда электрон тарзда гувоҳнома шакллантиради.

Тайёр гувоҳномани ijara.soliq.uz да бундай тарзда топиш мумкин:

     1. Ijara.soliq.uz сайтига киринг.

     2. “Транспорт воситалари ижараси рўйхати”га босинг.

     3. Рўйхатдан сизга керакли шартномани топинг. Ўнг томондаги менюда “Тасдиқланганлар”, “Рад этилган”, “Муддати ўтган” жилдларидан фойдаланишингиз мумкин.

     4. “Ҳаракатлар” устунида сиз электрон гувоҳномани топишингиз ва зарурат бўлганда уни юклаб олишингиз мумкин.

Манбага қаранг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади