Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ҳужжатларда қандай МХИК қўлланилади
Агар ахборот тизимларида товарларингиз учун сиз учун одатий бўлган МХИКни топа олмасангиз, нима қилиш керак? Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни ДСҚ ҳузуридаги “Yangi texnologiyalar” ИАМда тушунтиришди:
- “17 белгили МХИКга ўтиш доирасида tasnif.soliq.uz сайтида тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланиладиган товарлар ва хизматлар МХИК реестри мунтазам янгилаб борилади.
Дастлабки босқичда товарлар бўйича МХИК кодлари (масалан, “нон”, “сут”, “ўсимлик ёғи”) яратилган эди. Ҳозирги вақтда брендлар ва атрибутларга ажратилган МХИК шакллантирилмоқда. Бу кейинчалик босқичма-босқич МХИК кодларини товарларнинг идентификация кодлари (штрих-кодлар) билан боғлаш имконини беради.
Уларнинг тоифалари номида “бошқа”, “ўзга” ва ҳ.к. сўзлар қўлланилган МХИК кодлари муомаладан чиқарилди. Бу анча аниқ тоифаларни қўллаш имконини беради.
Агар tasnif.soliq.uz базасида сизнинг товарингиз бўйича бренд ва атрибут билан (масалан, “Бурёнка” сарёғи, қадоғи 500 гр) батафсил код мавжуд бўлса, реализация қилиш чоғида уни танлаш зарур. Агар бундай код ҳали мавжуд бўлмаса, охирги 6 та рақами ноллар бўлган товар (сарёғ) бўйича умумий коддан фойдаланиш мумкин.
Агар tasnif.soliq.uz тизимида сиз илгари фойдаланган кодни топа олмасангиз, ўзингиз маҳсулотингиз учун анча мос келадиган кодни яратинг.
17 белгили МХИК тузилмасига эътибор қаратинг:
Бугуннинг ўзида сиз ўз маҳсулотингиз учун сизнинг брендингиз ҳақида ахборотни ва маҳсулотнинг тавсифини ўз ичига олган батафсил МХИК кодларини яратишингиз мумкин.
Бунинг учун tasnif.soliq.uz мутахассисига сайт чатига ёки 1198 қисқа рақами орқали мурожаат қилинг. Шунингдек, сиз 71 202-32-32 (ички – 577, 548) телефон рақами орқали қўнғироқ қилишингиз мумкин.
Сиз янги МХИКларни олганингиздан сўнг, кодлар ЭҲФда ва онлайн-НКТ чекларида тўғри акс эттирилиши учун ўз ахборот тизимларингизни қайта созланг.
Янги батафсил МХИКлар товарнинг реализация қилинишини тасдиқловчи барча ҳисобварақ-фактураларда, онлайн-НКТ чекларида ва электрон шартномаларда қўлланилиши керак. МХИКнинг нотўғри акс эттирилиши маълумотларнинг бузиб кўрсатилиши, сотиб олинган (кирим қилинган) ва реализация қилинган маҳсулотнинг мувофиқ келмаслигига олиб келиши мумкин”.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади