Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
КПК орқали тўлов Ҳисоб-китобда икки марта акс эттирилганда нима қилиш керак
Харидор тўловни корпоратив пластик картадан тўлаганда унинг талабига кўра ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилган. Натижада ҚҚС ҳисоб-китобида чек бўйича сумма икки марта акс этган. Манфий ҳисобварақ-фактурани тизим қабул қилмайди.
Вuxgalter.uz илтимосига биноан Давлат солиқ қўмитасида бундай хатони қандай тузатиш кераклигини тушунтириб беришди.
– Бугунги кунда солиқ ҳисоб-китобида ЭҲФ ва онлайн-НКМ маълумотлари автоматик тарзда акс эттирилиши сабабли шундай вазият юзага келган.
Ҳисоб-китобда тушумнинг реал миқдори акс эттирилиши учун 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илованинг 44-бандига мувофиқ тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришни тавсия этамиз, унда товар қиймати «0» деб кўрсатилади.
Тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактурада қуйидагилар бўлиши лозим :
- тузатиш киритилганлиги ҳақидаги белги;
- тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва санаси, улар илгари расмийлаштирилган тузатиш киритилаётган ҳисобварақ-фактура рақами ва санаси билан бир хил бўлиши керак.
Бироқ шуни эътиборга олиш жоизки, мазкур ҳолатда харидор ҳам солиқ ҳисоб-китобини қайта топширишига тўғри келади, сабаби у ҳисобга олган суммани қайтариши керак бўлади.
Муқобил варианти ҳам мавжуд, бунда харидор безовта қилинмайди. Бироқ ушбу вариантни онлайн-НКМ чеки уриб берилган ойдан кейинги ойнинг 5-санасига қўллаш мумкин бўлади.
Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги «Юридик шахсларнинг онлайн-НКМ ва виртуал кассаси тўғрисидаги маълумотлар» интерактив хизматининг «Тушумлар бўйича ҳисобот» менюсида «Чекдаги маълумотларни солиқ ҳисоботларида акс эттириш керакми?» сатрини топиб, унинг ёнида турган белгини олиб ташлаш лозим. Натижада ҳисобот ойи учун онлайн-НКМ бўйича маълумотлар автоматик тарзда ҳисоботдан чиқариб юборилади.
Сўнгра онлайн-НКМ бўйича сумма ҳисоботда тўғри акс эттирилиши учун онлайн-НКМ маълумотлари келтирилган бир томонлама ҳисобварақ-фактура тақдим этилиши лозим, ушбу маълумотлар Ҳисоб-китобга киритилади. Уни тақдим этиш тартиби 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова 59-бандида белгиланган.
Кейинчалик бундай вазиятларнинг олдини олиш учун қуйидаги муҳим жиҳатларни ҳисобга олишни тавсия қиламиз:
1) тўлов терминаллари орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга мажбурий тартибда тўлов терминали чеки билан бирга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки берилади. Агар сизда пластик карточкалар орқали тўловни қабул қилиш имконияти мавжуд онлайн-НКМ ўрнатилган бўлса, онлайн-НКМ чеки реквизитларини ўз ичига олган чекни беринг ;
2) харидор суммани ҳисобга қабул қилиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги махсус сервис ёрдамида онлайн-НКМ чекини рўйхатдан ўтказиши мумкин;
3) чек берилган ойдан кейинги ойнинг 5-санасига қадар онлайн-НКМ чеки рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Сотувчи ва харидор ушбу қоидаларга амал қилган ҳолда фаолият юритадиган бўлса, корпоратив карта бўйича харид учун ЭҲФ уларнинг ҳеч бирига керак бўлмайди.
Эътибор беринг!
Ҳозирги пайтда НҲҲларга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар кўриб чиқилмоқда, уларда амалиётда чекдаги сумма ҳисоботда бир мартадан кўп акс эттириладиган вазиятларни чиқариб ташлаш назарда тутилган.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.