Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб шошилмай 17-белгили МХИКга ўтиш мумкин
1 июлдан бошлаб мавжуд 8-белгили МХИК ўрнига 17-белгили МХИК жорий қилинмоқда. Нафақат кодлар, балки идентификация кодларини излаш, уларни шахсий кабинетда сақлаш ва ҳужжатларни расмийлаштиришда фойдаланиш учун мўлжалланган tasnif.soliq.uz веб-сайти ҳам янгиланди.
Қандай қилиб бухгалтер ўтиш даври мураккабликларини енгиб ўтиши мумкин? Бу ҳақда buxgalter.uz илтимосига биноан “Янги технологиялар” ИАМ товарлар ва хизматлар таснифини шакллантириш бўлими бошлиғи Шерзод ТЕШЕБОЕВ гапириб берди:
- Аввало шуни қайд этишни истардимки, МХИКни такомиллаштириш бўйича ишлар 28.04.2021 йилдаги 249-сон ВМҚ доирасида амалга оширилди. Унга мувофиқ ДСҚга Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги таркибини (позиция, субпозиция, бренд ва атрибутлар) кенгайтириш ҳуқуқи берилди. Янги 17-белгили кодлар кўпроқ ахборот беради, уларда товарлар тўғрисида кўпроқ ахборот шифрланган. Товар ва хизматлар ягона электрон миллий каталогидан фойдаланиш бўйича расмий қўлланмада бу ҳақда батафсил ўқинг.
Тақдим этилган Қўлланмада электрон миллий каталогининг янгиланган сайти билан ишлаш тартиби ҳам батафсил таърифланган. Ким сайтнинг эски версияси билан ишлаган бўлса, у янги версия билан ишлашни ҳам муаммосиз ўзлаштириб олиши мумкин. Ишлаш услубияти ва унга ёндашув сақланган, интерфейс ва дизайн такомиллаштирилган - улар фойдаланувчилар учун анча қулай қилинган. Бунда сайтни такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, маълумотларни рус тилига таржима қилиш якунланмоқда. Солиқ тўловчи тилни танлаши ва ўзига қулай ҳолда ёки ўзбек тилида ёхуд рус тилида ишлаши мумкин.
Таснифда юқори ликвидли маҳсулотлар, дори препаратлари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек имтиёзларга эга товарлар ва хизматлар учун 10 мингдан ортиқ идентификация кодлари мавжуд. Сизнинг товарингиз моҳиятини энг юқори даражада акс эттирадиган МХИКни танлаш зарур. Агар маҳсулотлар ёки хизматлар МХИКни излаш натижаси самара бермаган бўлса, “Агар сиз товарингизни топмаган бўлсангиз, сиз уни қўшишингиз мумкин” тугмаси ёрдамида “Янги технологиялар” ИАМга янги МХИК яратиш учун сўров юборишингиз мумкин. Ҳар бир бундай мурожаатнинг кўриб чиқилиши жараёнини сайт менюсининг “Яратиладиган МХИК” бўлимида кузатиш мумкин. Ёки сизга ҳозир мавжуд бўлмаган МХИК зарурлиги ҳақида сайтда фаолият кўрсатаётган чат орқали хабар беринг. 17-белгили МХИКга ўтиш билан боғлиқ ушбу ҳамда ҳар қандай бошқа масала бўйича (71) 202-32-32 (ички: 577, 548) телефон орқали мурожаат қилиш мумкин.
8-белгилидан 17-белгили МХИКга ўтишга бир ой берилади. Яъни августдан бошлаб барча сиз томондан қўлланиладиган МХИК фақат 17-белгили бўлиши керак. Агар сизда ҳисобварақ-фактуралар ёки шартномалар 8-белгили МХИК билан шакллантирилган ёки имзоланган бўлса ва сиз ҳали ўз тизимингизни қайта созлашга улгурмаган бўлсангиз - ҳечқиси йўқ, ҳеч нарсани қайта бажариш шарт эмас. Бироқ 17-белгили МХИКга ўтишни чўзиш керак эмас.
17-белгили МХИКга муваффақиятли ўтиш учун:
- tasnif.soliq.uz сайтида танланганларга 17-белгили МХИКларни бириктириш зарур. Кейинчалик бу ЭҲФ ва электрон шартномаларни (шартномаларни рўйхатга олиш) расмийлаштиришда МХИКни тезкор кўрсатиш имконини беради;
- онлайн-НКМ ва виртуал кассада товарлар номенклатурасида 8-белгили МХИКни 17-белгилига алмаштириш зарур.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади