Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Янги ўлчов бирликлари амалиётга қандай жорий этилади
ДСҚ ЭҲФ ва онлайн-НКТ чекларида қўлланиладиган ўлчов бирликларини мақбуллаштирмоқда. Бу – одатдаги МХИКдан ташқари, бухгалтерлар учун ортиқча ташвиш.
Вuxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА вазиятни шарҳлаб берди:
– Бизнес узоқ вақт давомида ўзи учун қулай ҳар қандай ўлчов бирлигини танлаш имконига эга бўлди. ЭҲФни расмийлаштираётганда чиқиб келадиган тавсияда керакли бирликни топмаганингизда «Янги технологиялар» ИАМга хат йўллашнинг ўзи етарли бўлиб, у пайдо бўлар эди. Оқибатда ҳар бир аниқ ҳолатда у ёки бу ўлчов бирлигини қўллайдиган шахсгина нима учун айнан уни танлаётганини тушунади, деган хулосага келдик.
Солиқ маъмуриятчилигини автоматлаштириш шароитида бундай ҳолатда ҳисобни тартибга келтириш деярли имконсиз эканлиги маълум бўлди. ДСҚ айнан шу сабабли ўлчов бирликлари қўлланилишини бирхиллаштираётгандир.
Деярли ҳар куни бухгалтерларнинг – «бошланғич ўлчов бирликларимиз қаерга кетди», «нима учун энди фақат битта ўлчов бирлигини танлаш мумкин», «фақат битта ўлчов бирлигини танлай оламиз, бироқ ҳеч қачон бунга тўқнаш келмаганмиз ва қандай қўллашни билмаймиз» қабилидаги эътирозларини эшитаман...
ДСҚ қандай чораларни қўлламоқда
ҚҲТБТда ўлчов бирликларини тартибга солишга доир мавжуд амалиётни қонунийлаштирадиган ВМҚ лойиҳаси (ID 72825) муҳокама қилинмоқда. ЭҲФ ва онлайн-НКМ қўлланилишини тартибга солувчи норматив ҳужжатларда ДСҚнинг муайян турдаги товарлар ва хизматлар учун қатъий белгиланган ва тавсия этиладиган ўлчов бирликларини тайинлаш ҳуқуқини белгилаш таклиф этилмоқда. Бунда товарлар (хизматлар)нинг анъанавий ўлчов бирликлари устунида анъанавий ўлчов бирликлари асосида шакллантирилган товар ўрамларини яратиш мумкин бўлади.
Таклиф этилаётган қўшимчаларга мувофиқ, ДСҚ товарлар (хизматлар)нинг қатъий белгиланган ўлчов бирликларини белгилайди. Тадбиркорлар онлайн-НКТ чеклари ва ҳисобварақ-фактураларда айнан уларни акс эттиришлари керак. Бунда улар товарлар ва хизматларнинг белгиланган ўлчов бирликларига ўзгартириш кирита олмайдилар.
Шунингдек ДСҚ тавсия этиладиган ўлчов бирликларини белгилайди, – чиқиб келадиган тавсияларда улар биринчи ўринда туради.
Фикримча, ушбу мураккаб вазифани ҳал қилишга ўта юзаки ёндашилмоқда. У солиқ органларининг ишини анча енгиллаштиради. Бироқ, кўп ҳолларда бизнес мослашишга мажбур бўлади, бинобарин, яна аниқликка путур етади.
Янгиликларни жорий этиш шароитида хатога йўл қўймаслик учун
ДСҚнинг тавсия этиладиган ва қатъий белгиланган ўлчов бирликларини белгилаш ҳуқуқи ўрнатилса, у мазкур жараённи тадбиркорларда «қайси ўлчов бирлигидан фойдаланиш лозим» ва «таклиф этилаётган ўлчов бирлиги қандай қўлланилади» қабилидаги саволлар юзага келмайдиган қилиб ташкил этиши керак.
Бугун солиқчилар тадбиркорларга танлаш имконини қолдирмаяпти: мана сизга ўлчов бирликлари, фақат улар билан ишланг, демоқда. Бунда ҳеч қандай тушунтириш бермаяпти. Бу – нотўғри, ушбу ўлчов бирлиги қандай қўлланилишини, илгари қўлланилганлари унга қандай конвертация қилинишини тушунтириш зарур.
Масалан, яқин орадаги мисолни олайлик: юк ташувчилар учун «тонна-километр» ўлчов бирлиги жорий этилди. Бу солиқ тўловчиларнинг эътирозларига сабабчи бўлди. Катта стажга эга мутахассислар 30 йил аввал у юк ташиш билан шуғулланган автопарклар учун асосий ўлчов бирлиги бўлганини эслайдилар. Бугун эса кўпчилик иқтисодий ҳолатга мувофиқ «сўм» ёки «рейс» каби ўлчов бирликларини қўллайди. Килограммда, баъзан эса ҳатто граммда ўлчанадиган нисбатан кичик ҳажмларни ташиш керак бўлган ҳолларда «тонна-километр» бирлиги ноқулай деб ҳисоблайдиганлар талайгина.
Назаримда, юк ташиш учун қатъий белгиланган ўлчов бирлигини жорий этишдан аввал юк ташувчиларнинг ҳолатини ўрганиш лозим эди. Буни амалга ошириш мушкул эмас, солиқ органлари барча ҳисобварақ-фактуралар билан танишиб чиқа оладилар. Ахборотни тўғри умумлаштириш зарур эди, холос. Конвертация қилиш: қўлланиладиган ўлчов бирликларини қандай қилиб «тонна-километрларга» айлантириш қоидаларини ишлаб чиқиш керак эди. Бу иш ҳақиқатан амалга оширилганда, эҳтимол, регулятор масаланинг ечимига бундай қатъий ёндашувдан воз кечган бўлар эди.
Афсуски, бугун берилаётган маҳсулотни ДСҚ таклиф қилган ўлчов бирлигига ўтказиш – тўлиқ тадбиркор зиммасида, у ҳеч қандай тарзда тартибга солинмаган. Ҳар ким бу вазифани билганича ҳал қилмоқда. Бинобарин, бунда ҳеч қандай аниқликка риоя этилмаяпти.
Бунга ўхшаш кўплаб мисолларни келтириш мумкин...
Масалан, кимдир оқлаш ишлари учун бўёқни килограммда, кимдир эса литрда ўлчайди. Ўлчов бирлигини бирхиллаштириш учун ДСҚ бир ҳажмни бошқасига ўтказиш коэффициентларини келтириши керак.
Бошқа мисол: тўқимачилик соҳасида резинка тасма килограммда ўлчаб импорт қилинади, тикувчиларга ҳам килограммда сотилади. Бироқ, солиқчилар уни фақат метрда бериш мумкин деган қарорга келдилар, бу фикрларини ўзгартириш амримаҳол. Шундай экан, килограммни метрга ўтказиш йўриқномасини тақдим этинг. Ҳар бир туркумни очмаймиз-ку... Бундай мисоллар талайгина, уларни санаб ўтишдан наф йўқ.
Энг асосийси: бундай формула ва тушунтиришлар олдинроқ – тавсия этилган ва қатъий белгиланган ўлчов бирликлари жорий этилгунча эълон қилиниши керак.
Солиқ органлари қатъий белгиланган ва тавсия этилган ўлчов бирликларини жорий этишдан аввал ҳар бир товар позицияси учун ўлчов бирликлари батафсил тавсифланган, қўлланиладиган ўлчов бирликларини талаб этиладиганига конвертация қилиш бўйича формулалар ва мисоллар келтирилган маълумотнома ишлаб чиқсалар, нур устига аъло нур бўлар эди.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.