Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қачон ҳисобварақ-фактурани қоғоз шаклида расмийлаштирса бўлади
Ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартибини регламентловчи янги Низомга мувофиқ, улар электрон шаклда расмийлаштирилади, сақланади ҳамда ҳисоби юритилади. Қандай шартларда уларни қоғоз шаклида расмийлаштиришга рухсат берилганлиги тўғрисида молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ гапириб берди:
- Янги Низом қуйидаги вазиятларда ҳисобварақ-фактурани қоғоз шаклида расмийлаштиришга рухсат беради:
1. Давлат сирига тааллуқли бўлган хўжалик операциялари амалга оширилганда
Бундай операциялар уларда товарларни (хизматларни) реализация қилиш давлат сирлари билан боғлиқ бўлган кам сонли давлат ташкилотларида мавжуд. Ушбу сирлар давлат томонидан қўриқланади ва махсус рўйхатлар билан чегаралаб қўйилади . Солиқ тўловчиларнинг аксарият қисми товарлар (хизматлар)нинг ушбу турлари билан тўқнаш келмайди.
Одатий фуқаролик айланмаси доирасида товарларни реализация қилувчи ёки хизматлар кўрсатувчи шахслар ҳисобварақ-фактурани электрон шаклда тақдим этишлари керак.
Мисол учун, компания давлат идорадан ташқари қўриқлаш билан хусусий офисни қўриқлаш тўғрисида шартнома тузди. Бу давлат сири ҳисобланадими? Албатта, йўқ. Шу боис идорадан ташқари қўриқлашнинг ўзи давлат ташкилоти ва нимаики қилса, бу – “сир” эканлигини асос қилиб кўрсатиб, ҳисобварақ-фактураларни қоғоз шаклида расмийлаштириш – нотўғри! Идорадан ташқари қўриқлаш хизматларини реализация қилиш кўрсатилган ҳолат учун электрон ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирилиши керак.
2. ЭҲФ тизимида техник носозликлар юзага келганда
Техник носозлик ЭҲФ оператори томонидан расман тасдиқланган бўлиши лозим.
Техник носозликлар даврида ҳисобварақ-фактура вақтинча қоғоз шаклида расмийлаштирилади, бироқ улар бартараф этилгандан сўнг мазкур ҳужжат 5 кун ичида ЭҲФ тизимига киритилиши зарур. Бунда ЭҲФ ҳисобварақ-фактуранинг қоғоз шаклида кўрсатилган сана билан расмийлаштирилади.
Барча бошқа ҳолларда ҳисобварақ-фактуралар фақат электрон шаклда расмийлаштирилади.