Нима учун ходимлар номига юридик шахснинг электрон рақамли имзосини бериш тартиби оқсамоқда

preview

Ташкилот вакиллари амалдаги қонунчиликка мувофиқ бевосита Давлат хизматлари марказига мурожаат қилган ҳолда ўз номларига юридик шахснинг электрон рақамли имзосини (ЭРИ) олиш ҳуқуқига эгалар . Бироқ амалиётда бу масалада мураккабликлар юзага келмоқда. Buxgalter.uz вазиятни аниқлаштирди.

Электрон рақамли имзо унинг ёрдамида ахборот тизимларида ҳаракатларни амалга оширган аниқ инсоннинг шахсини тасдиқлаши керак. Лавозим вазифаларини бажариш учун юридик шахснинг ЭРИ зарур бўладиган ходимлар Давлат хизматлари марказига мурожаат қилишлари ва уни ўз номларига олишлари лозим.

Давлат хизматлари марказлари орқали электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 07.12.2020 йилдаги 773-сон ВМҚ билан тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилган.

Юридик шахсларнинг вакиллари ЭРИ калитлари ва уларнинг сертификатларини олиш учун бевосита давлат хизматлари марказларига мурожаат қиладилар. Фақат директорда - ЭРИни ЯИДХП ёки e-imzo.uz орқали олиш мутлақ ҳуқуқига эга .


Қандай бўлиши керак?

Мурожаат қилувчи Давлат хизматлари марказига мурожаат қилганда:

  1. ДХМ ходими мурожаат қилувчи номидан сўровномани тўлдиради (ўзи билан паспорт ёки ID-карта бўлиши зарур) . Сўровномага юридик шахснинг ЭРИ калити сертификатини бериш тўғрисидаги хати (ишончнома) илова қилинади ;
  2. Мурожаат қилувчи БҲМнинг 10%и миқдорида йиғимни тўлайди  . Юридик шахс ўз ходими учун пул ўтказиш йўли билан ёки банк картаси ёрдамида ҳақ тўлаши мумкин.

Мурожаат қилувчидан бошқа маълумотлар ва  ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади .

ЭРИ калити ва сертификатни беришни қуйидаги ҳолларда рад этишлари мумкин :

  • мурожаат қилувчи нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тақдим этганда ;
  • ЭРИ калитининг сертификатини бериш учун тўлов амалга оширилмаганда, қонун ҳужжатларида ЭРИ калитларининг сертификатларини бепул олиш назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
  • мурожаат қилувчининг ҳужжатлари талабларга жавоб бермаганда.

Камчиликлар бартараф этилгандан кейин ЭРИ калити ва сертификатни олиш учун такрорий мурожаат қилиш мумкин . Такрорий мурожаат кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди. Сўровномани қайта кўриб чиқишда илгари хабарномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича рад этилишига йўл қўйилмайди.

ЭРИ калити ва сертификат (ёки рад этиш тўғрисида хабарнома) ариза берилган пайтдан эътиборан 40 дақиқа ичида берилади.

Мурожаат қилувчи ДХМ ходимига ЭРИ калити сертификатини ёзиб қўйиш ва сақлаш учун ўзга маълумотлар манбаини (флешкани) тақдим этади. Шунингдек, калит сертификатини қоғоз шаклида талаб қилиш мумкин. Бу ҳолда ДХМ ходими сертификатни икки нусхада чоп этади, биттасини - мурожаат қилувчига беради.

ЭРИ ёпиқ калитининг пароли ваколатли орган томонидан мурожаат қилувчининг мобиль телефон рақамига СМС-хабар шаклида юборилиши керак. Агар телефон рақами ўзгартирилиши зарур бўлса, ДХМга шахсан келиб мурожаат қилиш лозим. Кўрсатилган рақамга юборилган парол - янгисига қайта юборилиши мумкин .


Амалиётда нима рўй бермоқда?

Юридик шахсларнинг вакиллари ДХМ ходимларининг мурожаат қилувчини тушунмасликлари ёки регламентни етарлича билмасликларига дуч келишади.

Хусусан, buxgalter.uz маълумотига биноан бундай вазиятга тадбиркор Тошкент шаҳар Миробод тумани ДХМда дуч келган. ДХМ ходимлари дастлаб “битта юридик шахсда фақат битта ЭРИ бўлиши мумкин. Ва уни фақат директор номига олиш мумкинлигига” ишонтиришган. Кейин юридик шахснинг ЭРИни фақат корхонанинг ҳисоб маълумотларида кўрсатилган шахсларга расмийлаштириш мумкинлигини тушунтира бошлашди. Сўнгра ташкилот қачон охирги марта солиқ органларига 8-сон шакл - Солиқ тўловчи - юридик шахс тўғрисида қўшимча маълумотларни топширганини ва  у ерда ким директор ва бош бухгалтер сифатида кўрсатилганини суриштира бошлашди.

Мурожаат қилувчи call-марказига қўнғироқ қилиб тушди ва  10.05.2018 йилдаги 348-сон ВМҚ ва 07.12.2020 йилдаги 773-сон ВМҚдан парча келтирди, уни яна ДХМга келишга таклиф қилишди, тўғри, ғалати шаклда: “Биз билмаймиз, лекин сиз келаверинг...”.

ДСҚ сall-марказига қўнғироқ ҳам вазиятни унчалик ойдинлаштирмади.


Кутилган натижага қандай эришиш мумкин?

Ушбу чалкаш ишга нуқта қўйиш учун биз бевосита ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМга - ЭРИ калитлари ва уларнинг сертификатларини бериш бўйича ваколатли органга мурожаат қилдик.

ИАМ мутахассисларининг тушунтиришларича, ташкилот раҳбарият томонидан белгиланган ходим (ходимлар) номига юридик шахснинг ЭРИни чекланмаган миқдорда олиши мумкин. Шунингдек, ИАМда  тасдиқлашларича, давлат хизматлари марказлари Давлат хизматлари марказлари орқали электрон рақамли имзо калитини рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ юридик шахсларнинг вакиллари учун ЭРИ калитларини яратиш ва рўйхатдан ўтказиш тизимига кириш имкониятига эгалар.

Агар муаммолар юзага келса, «Янги технологиялар» ИАМ мутахассислари юзага келган муаммони масофадан туриб ҳал қилишга амалий кўмаклашадилар. Бунинг учун «Янги технологиялар» ИАМ сall-марказига 71 202-32-32 (қўшим.571) телефон рақами орқали мурожаат қилиш зарур.


Таҳририятдан:

Бизнинг назаримизда, Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат солиқ қўмитаси Давлат хизматлари марказларида юридик шахс ходимлари томонидан юридик шахснинг ЭРИни олишда юзага келадиган муаммоларни бартараф этишлари зарур. 10.05.2018 йилдаги 348-сон ВМҚда белгиланган қоидалар барча учун бир хил ва бажарилиши мажбурийдир.


Олег ГАЕВОЙ

ЭРИ ЭРИ ЭРИ /uz/publish/doc/text167081_nima_uchun_hodimlar_nomiga_yuridik_shahsning_elektron_raqamli_imzosini_berish_tartibi_oqsamoqda