Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Фойда солиғи ҳисоб-китобида преференциялар қандай акс эттирилади
Давлат бизнесга пандемия шароитда бир неча марта ёрдам берди. Шунингдек, корхоналар ҳам шу даврда муҳтожларга ёрдам беришди. Энди фойда солиғи бўйича ҳисоботда фоизсиз қарзлар бўйича даромад ва фондларга ҳомийлик ёрдами қандай акс эттирилишини “Норма” эксперти Олег ЦОЙ тушунтирди:
1. Фоизсиз қарзлар бўйича даромад қарз олувчининг жами даромади таркибига киритилмайди
2020 йил 1 апрелдан 31 декабргача (31 декабрь ҳам киради) фоизсиз қарз (молиявий ёрдам) олинганда солиқ солиш мақсадида қайта молиялаштириш ставкаси (асосий ставка) асосида аниқланадиган даромад фойда солиғи ҳисоблаб чиқарилаётганда қарз олувчининг жами даромади таркибига киритилмайди .
2. Айрим фондларга ҳомийлик ёрдами – чегириладиган харажатлар
2020 йил 1 апрелдан 1 октябрга қадар қуйидагиларга беғараз бериладиган пул маблағлари ва товарлар (хизматлар)га фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади:
- Ўзбекистон "Маҳалла" ҳайрия жамоат фондига;
- "Саховат ва кўмак" фондига;
- "Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик" жамоат фондига;
- кўрсатилган фондларнинг Қорақалпоғистон, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга .
Агар сиз шундай ёрдам кўрсатган бўлсангиз ва ҳаммасини ҳужжатлар билан тўғри расмийлаштирган бўлсангиз, фойда солиғини ҳисоблашда ушбу харажатларни чегиришингиз мумкин.