Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Фойда солиғи ҳисоботини топширишда таннарх ҳисоб-китобининг қайси усулини танлаш керак
2024 йил 1 мартга қадар солиқ тўловчилар 2023 йил учун фойда солиғи Ҳисоб-китобини топширишлари керак. Бу «Солиқ ҳисоби маълумотларига кўра харажатлар (зарарлар)» 2.1-сон илова тўлдирилган ҳолда топширилиши керак бўлган биринчи йиллик фойда солиғи ҳисоботи саналади.
Бунда нимани назарда тутиш кераклигини buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:
– 2.1-сон «Солиқ ҳисоби маълумотлари бўйича харажатлар (зарарлар)» илова таркибида иккита алоҳида илова мавжуд:
- 2.1(а)-илова “Бевосита харажатлар моддалари асосида товарлар (хизматлар) таннархи (ўз маҳсулоти (шу жумладан бажарилган хизматлар), сотиб олинган товарлар) ҳисоб-китоби”;
- 2.1(б)-илова “Бевосита харажатлар суммаси асосида товарлар (хизматлар) таннархи (ўз маҳсулоти (шу жумладан бажарилган хизматлар), сотиб олинган товарлар) ҳисоб-китоби”.
Солиқ тўловчи қўлланиладиган таннархни ҳисоблаш усулига қараб улардан бирини тўлдириши керак бўлади.
Buxgalter Proда 2.1 (А) ва 2.1 (б)-сон иловаларини қандай тўлдириш батафсил тушунтирилган:
2023 йил учун солиқ солиш мақсадида ҳисоб сиёсатини тасдиқлашдан аввал усулни аниқлаш ва ҳисобот беришни осонлаштириш учун йил давомида ушбу усулга риоя қилиш керак эди. Маълум сабабларга кўра бу жиҳатни назардан қочирганлар буни ҳозир, йиллик фойда солиғи ҳисоб-китобини топширишдан олдин қилишлари керак. Эҳтимол, кимдир шокни бошдан кечирар: «Йил давомида ҳисобот топширишда қандайдир муҳим нарсани назардан қочирмадимми, ахир бундай нарсаларни тўлдирмаганман?!». Йўқ, сиз муҳим нарсани ўтказиб юбормадингиз: 2.1, 2.1 (а) ва 2.1 (б) иловалари фақат йил охирида тўлдирилади.
Келгуси йилда шунга ўхшаш муаммога дуч келмаслик учун ушбу усул 2024 йилда солиқ солиш мақсадлари учун ҳисоб сиёсатида белгиланиши кераклигига эътибор беринг.
2.1-илова (а) бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларни ҳисоб сиёсатидаги ишлаб чиқариш харажатлари моддалари асосида бухгалтерия ҳужжатларини расмийлаштирадиган солиқ тўловчилар томонидан тўлдирилади. Бу тугалланмаган ишлаб чиқариш қолдиқларига эга бўлган ишлаб чиқариш, қурилиш ва узоқ технологик циклга эга бўлган бошқа корхоналар учун кўпроқ мос келади. Бухгалтерларга бухгалтерия ҳисоби бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар таркибига (қаранг Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом 05.02.1999 й. 54-сон ВМҚ билан тасдиқланган) ва 4-сон БҲМС бўйича таннархни ҳисобга олиш усулига эътибор беришни тавсия қиламан.
2.1-илова (б) бухгалтерия ҳужжатларини бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботлар бўйича ҳисоб сиёсатида кўрсатилган ишлаб чиқариш харажатларининг умумий миқдори кўрсаткичлари асосида расмийлаштирадиган солиқ тўловчилар томонидан тўлдирилади. Ушбу шаклни тўлдириш осонроқ (унда катакчалар камроқ) ва у тугалланмаган ишлаб чиқариши бўлмаган корхоналар, шу жумладан савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари учун кўпроқ тўғри келади.
Buxgalter Pro экспертларининг тушунтиришлари солиқ солиш мақсадлари учун харажатлар моддаларини тўғри аниқлашга ёрдам беради:
Фойда солиғи Ҳисоб-китобини тўлдирганда танланган усулни Ҳисоб-китобнинг биринчи саҳифасида танланганнинг ёнига «1»ни қўйиб кўрсатишни унутманг. Агар буни қилмасангиз, ҳисоботни топшира олмайсиз. 105 хатоси ҳақида хабар чиқади.
❖
Фойда солиғи Ҳисоб-китобида 105 хато нимани англатишини алоҳида мақолада ёзганмиз.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади