Ижтимоий соҳа: фойда солиғини тўлаш лозимми

29.01.2020

Ижтимоий соҳа солиқ солиш мақсадларида қуйидагиларни ўз ичига олади :

  • лицензия асосида тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар (бундан косметология хизматлари мустасно). Тиббий хизматлар жумласига, хусусан, тиббий ёрдам хизматлари ва санитария хизматлари кўрсатиш:

- ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш хизматлари;

- стоматологик хизматлар, шу жумладан тиш протезларини ўрнатиш хизматлари;

  • таълимга оид хизматлар, шу жумладан тестлар ва имтиҳонлар ўтказишни ташкил этиш;
  • илм-фан соҳасидаги ваколатли орган томонидан аккредитация қилинган илмий ва (ёки) илмий-техникавий фаолият субъектлари томонидан фан соҳасида амалга ошириладиган фаолият (шу жумладан илмий тадқиқотлар ўтказиш, муаллиф томонидан илмий-интеллектуал мулкдан фойдаланиш, жумладан уни реализация қилиш);
  • жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматлар. Уларга қуйидагилар киради:

- спорт иншоотларида, мактабларда, соғломлаштириш йўналишидаги клубларда жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ҳамда жамоаларида ўтказиш хизматлари, умумжисмоний тайёргарлик хизматлари;

- спорт мусобақалари ёки байрамларини, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш хизматлари, шунингдек ушбу тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш;

- спорт-техника асбоб-ускуналарини, тренажёрларни, анжомларни, спорт кийим-бошларини бериб туриш бўйича хизматлар;

  • болаларни, кексаларни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий таъминоти соҳасидаги хизматлар.

 

Эътибор беринг

Бундай фаолиятдан олинган даромадлари текин олинган мол-мулк ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромадининг камида 90%ини ташкил этиши шарти билан, юридик шахс ижтимоий соҳа субъекти ҳисобланади.

Акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқариш ва реализация қилишдан даромадлар олувчи, шунингдек фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширувчи юридик шахслар ижтимоий соҳа субъектлари жумласига кирмайди.

 

Жами даромад юридик шахс томонидан Ўзбекистондаги ва унинг ҳудудидан ташқаридаги манбалардан ҳисобот (солиқ) даври мобайнида олинган даромадлардан иборатдир. У ҚҚСни ва акциз солиғини инобатга олмаган ҳолда аниқланади . Жами даромадга кирадиган даромад турлари СКнинг 297-моддаси 3-қисмида келтирилган.

 2020 йилда фойда солиғи қандай ҳисоблаб чиқарилади?

Ижтимоий соҳа субъектлари учун 2020 йилдан бошлаб 0% миқдордаги фойда солиғи ставкаси жорий этилган . Бундай ставкани қўллаш юридик шахсларни фойда солиғи бўйича ҳисобот топширишдан озод этмайди.

 

Эътибор беринг

Ижтимоий соҳадаги фаолиятдан олинган даромадлари текин олинган мол-мулк ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромадининг камида 90%ини ташкил этиши шарти билан, юридик шахс ижтимоий соҳа субъекти ҳисобланади.

Ушбу шартга бир йил давомида риоя қилинмаган тақдирда йил бошидан бошлаб солиқни 15% ставка бўйича қайта ҳисоблаган ҳолда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш лозим.

 

Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан тақдим этилган фойда солиғи бўйича имтиёзлардан фойдаланиш лозимми?  

 Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан тақдим этилган имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амал қилади. Бунда солиқ тўловчи улардан фойдаланишга ёки фойдаланишдан воз кечишга ҳақли, бундан ҚҚСдан озод этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш мустасно

 Ижтимоий соҳа субъектларига тақдим этилган имтиёзлардан баъзиларини кўриб чиқамиз.

1. Президентнинг 01.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон қарори аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасаларини тиббий хизматлар қисмида 2022 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқлар тўлашдан озод этади.

Бу – мақсадли имтиёз. Бўшайдиган маблағлар замонавий ускуналар, тиббиёт буюмлари билан жиҳозлаш, тиббиёт мақсадлари учун буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун бинолар қуриш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилади

Мақсадли имтиёзда солиқлар белгиланган ставкалар бўйича ҳисоблаб ёзилади, бироқ бўшаган маблағлар муайян мақсадлар учун йўналтирилади. Фойда солиғи бўйича ставка – 0%. Бу фойда солиғи нолга тенг эканлигини билдиради.

Агар тиббий хизматлардан даромадлар  текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадларни инобатга олган ҳолда  жами йиллик даромаднинг 90%идан камни ташкил этса, сиз 15% ставкани қўллашингиз лозим. Шунда мақсадли имтиёзни қўллаш чоғида олинган фойда солиғи ПҚ-2863-сон қарорда назарда тутилган белгиланган мақсадларга йўналтирилади.

Мақсадли имтиёзларни қўллаш ва уларнинг ҳисобини юритиш тартиби ўзгармади

Агар сиз имтиёзни қўлламасангиз, ҳисоблаб ёзилган солиқни бюджетга ўтказинг.

 

Эътибор беринг

Тиббий хизматлар бўйича айланма ҚҚСдан озод этилган . Бу – доимий, мақсадсиз ва мажбурий имтиёз.Хизматларни реализация қилиш юзасидан ҳисобварақ-фактураларда ҚҚС акс эттирилмайди.

Соғлиқни сақлаш объектларига ҳам мол-мулк солиғи солинмайди .

Соғлиқни сақлаш объектлари остидаги ер участкаларига ер солиғи солинмайди .

Солиқ кодекси билан тақдим этилган имтиёзлар доимий ва мақсадсиз ҳисобланади.

Бу ПҚ-2863-сон қарор бўйича мақсадли имтиёзни қўллаш имкониятини истисно қилмайди.

 

Маълумот учун: ПҚ-2863-сон қарор татбиқ этилмайдиган стоматология муассасалари ижтимоий соҳа муассасалари жумласига киради. Стоматология хизматлари кўрсатишдан олинган даромад бепул олинган мол-мулкни ҳисобга олган ҳолда жами даромаднинг 90%ини ташкил этса, бундай солиқ тўловчилар 2020 йилдан бошлаб 0%лик фойда солиғи ставкасини қўллайдилар. Ушбу шарт бажарилмаган тақдирда, улар 15%лик ставка бўйича солиқ тўлайдилар. 

2. Президентнинг 15.09.2017 йилдаги ПҚ-3276-сон қарори билан мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар 2021 йил 1 январгача барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилган.

Имтиёз мақсадли ҳисобланади. Бунда озод қилинаётган маблағлар уларни замонавий ўқув воситалари билан жиҳозлаш, зарур маҳсулотлар ва жиҳозлар сотиб олиш, бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул таълим хизматларини кўрсатишга мақсадли йўналтирилади

Мақсадли имтиёзда солиқлар белгиланган ставкалар бўйича ҳисобланади, озод қилинаётган маблағлар аниқ мақсадларга йўналтирилади. Фойда солиғи ставкаси – 0%. Бу фойда солиғи нолга тенг деганидир.

Таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромад бепул олинган мол-мулкни ҳисобга олган ҳолда жами даромаднинг 90%идан камини ташкил этса, 15%лик ставкани қўллашингиз лозим. Бунда мақсадли имтиёзни қўллашда олинган фойда солиғи ПҚ-3276-сон қарорда назарда тутилганидек белгиланган мақсадларга йўналтирилади.

Сиз имтиёзни қўлламайдиган бўлсангиз, ҳисобланган солиқни бюджетга ўтказинг.

 

Эътибор беринг

Таълим хизматлари бўйича айланмадан ҚҚС солинмайди . Ушбу имтиёз доимий, аниқ мақсадга йўналтирилмаган ва мажбурий ҳисобланади. Хизматларни реализация қилишда ёзиб бериладиган ҳисобварақ-фактураларда ҚҚС акс эттирилмайди.

Таълим объектларига мол-мулк солиғи ҳам солинмайди .

Таълим объектлари эгаллаган ер участкаларидан ер солиғи олинмайди .

Солиқ кодексида тақдим этилган имтиёзлар доимий ва аниқ мақсадга йўналтирилмаган ҳисобланади.

Бунда ПҚ-3276-сон қарор бўйича мақсадли имтиёзлар ҳам қўлланилиши мумкин.

 

 

Умид ҲАМРОЕВ, 

ЎзР Молия вазирлиги бевосита солиқлар

бошқармаси бошлиғи. 

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, улар Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот берувчи асос бўлади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг