Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Товарлар таннархидан паст нархда сотилганда фойда солиғи қандай ҳисоблаб чиқарилади
“Корхона 100 млн сўмлик товарларни сотиб олди, сўнгра уларни 80 млн сўмга экспорт қилди. Ушбу экспорт-импорт операцияларида иштирок этаётган барча компаниялар ўзаро боғлиқ томонлар ҳисобланмайди. 20 млн сўм фарқдан қўшимча фойда солиғи суммасини ҳисоблаш керакми?”
Вазиятни “Норма” эксперти Олег ЦОЙ тушунтирди:
– Солиқ базасига товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда тузатиш киритиш натижасида олинган даромад фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда жами даромадга киритилади . Шу боис товарларни реализация қилишда сотиш нархини бозор қиймати билан солиштириш лозим.
Товарларни сотиб олиш қийматидан (таннархидан) паст нархда реализация қилиш чоғида зарарлар ҳосил бўлади. Бундай зарарлар чегириб ташланмайдиган харажатлар рўйхатига кирмайди . Бинобарин, корхона улар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослаб бериши мумкинлиги шарти билан фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда уларни чегириб ташлаш мумкин .
Бунинг учун корхонанинг солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати, нарх сиёсати каби ҳужжатларини ишлаб чиқишга пухта ёндашиш, шунингдек сотиш нархларини шакллантиришда уларнинг қоидаларини тўғри қўллашга алоҳида эътибор бериш лозим.
Шунингдек, муайян вақт даврида реализация қилинадиган товарлар бозор қийматининг ҳужжатли тасдиғига эга бўлишни тавсия қиламиз. Қуйидагилар, хусусан, шундай ҳужжатлар бўлиши мумкин:
- бошқа етказиб берувчиларнинг нархга доир маълумотлари (прайс-варағи);
- оммавий ахборот воситаларидан маълумотлар;
- биржа хабарлари;
- давлат статистика органларининг маълумотлари.
Бундан ташқари, шуни ҳисобга олишингиз лозимки, агар ТМЗни реализация қилишнинг соф қиймати уларнинг таннархидан паст бўлса, захиралар бухгалтерия ҳисобида реализация қилишнинг соф қиймати бўйича акс эттирилади, бунинг учун даврий қайта баҳолаш ўтказилади . Бу ҳолатда зарар ҳосил бўлади, у корхонанинг харажатларига олиб борилади. Мол-мулк нархининг пасайиш (қадрсизланиш) суммалари эса чегириб ташланмайдиган харажатларга киради .
Товарларни (ишларни) экспортга реализация қилишдан олинган фойдага фойда солиғининг 0% ставкаси бўйича солиқ солинади.
Ноль даражали ставка:
- товарларни (хизматларни) экспорт қилишдан олинадиган даромадлар қисмида қўлланилади, бундан фаолиятни доимий муассасалар орқали амалга оширувчи норезидентларга кўрсатиладиган хизматлар мустасно ;
- СКнинг 261-моддасида назарда тутилган товарларнинг экспортини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда қўлланилади .
Агар товарларни чет эл валютасида экспорт қилиш юзасидан даромадлар товарлар (хизматлар) экспорт режимига чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида келиб тушмаган бўлса, ноль даражали ставка қўлланилмайди .
Ноль даражали ставка қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди :
- рўйхати Президентнинг қарори билан тасдиқланадиган хом ашё товарлар экспортига;
- халқаро ташишлар хизматларига, бундан автотранспортда ташишлар мустасно;
- товарларни қувурлар орқали ва газ қувурлари орқали ташиш бўйича хизматларга.