Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Юридик шахс-норезидент билан шартнома бўйича бўнакдан солиқ ушлаб қолиш зарурми
Хорижий компания билан хизматлар кўрсатишга шартнома тузилган, у қисман олдиндан тўловни (бўнакни) назарда тутади. Бўнакларни тўлашда корхонада юридик шахс-норезидентдан олинадиган фойда солиғини ушлаб қолиш бўйича мажбурият юзага келадими?
Саволга ДСҚ Солиқ солиш методологияси департаменти бош мутахассиси Рано АЛИШАЕВА buxgalter.uz учун махсус жавоб берди:
– “Агар хорижий компаниянинг фаолияти доимий муассаса ташкил этилишига олиб келмаса, норезидентга тўланадиган даромадлардан фойда солиғини ушлаб қолиш ва тўлаш учун солиқ агентлари масъул ҳисобланади.
Юридик шахс-норезидентдан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ базаси солиқ агенти томонидан - солиқ тўловчига ҳар гал даромад тўланганда алоҳида аниқланади .
Бунда реализация қилинадиган товарлар (хизматлар) учун олдиндан тўлов (бўнак) тарзида бошқа шахслардан олинган маблағлар даромад сифатида ҳисобга олинмайди .
Асос:
Нафни баҳолаш имконияти мавжуд бўлган тақдирда ва бундай нафни баҳолаш мумкин бўлган даражада ҳисобга олинадиган пул ёки натура шаклидаги иқтисодий наф даромад деб эътироф этилади .
Бунда реализация қилинадиган товарлар (хизматлар) учун олдиндан тўлов (бўнак) тарзида бошқа шахслардан олинган маблағлар даромад сифатида ҳисобга олинмайди .
Бўнак ёки олдиндан тўлов - бу иккита муқобил мажбурият мавжуд бўлганда тарафлардан бири муқобил мажбуриятни бажариш бошланишидан олдин бошқа тарафга ўз мажбуриятини бажариш тарзида берадиган пул суммаси ёки бошқа мулкий қимматлик. Шу тариқа, бўнаклар корхонага иқтисодий наф келтирмайди, сабаби у ўз мажбуриятларини бажариши - товарни жўнатиши, хизмат кўрсатиши лозим. Агар корхона ўзига олган мажбуриятларни бажаришни рад этса, бўнак қайтарилади.
Бўнак фақат товарларни жўнатиш (хизматлар кўрсатиш) ҳолатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда ва фақат ушбу жўнатилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) қисмида даромад деб эътироф этилади.
Хулоса:
Норезидент томонидан ҳали жўнатилмаган товарлар (кўрсатилмаган хизматлар) учун олдиндан тўлов (бўнак) норезидентнинг даромади деб эътироф этилмайди. Тегишинча, ушбу маблағлар бўйича солиқ агентида фойда солиғини ушлаш мажбурияти юзага келмайди.
Эътибор беринг: барча юқорида айтиб ўтилганлар фақат норезидентга товарлар ёки хизматлар учун тўловга татбиқ этилади. Дивидендлар, фоизлар ва роялти тарзидаги даромадларга мазкур қоидалар татбиқ этилмайди”.