Таъсисчи корхонага валюта қарзини берса

preview

«Жисмоний шахс-таъсисчи корхонага ўз маблағларидан 2 млн АҚШ доллари миқдорида молиявий қарз бермоқда. Қарз шартномасини тузишда 3 ойлик имтиёзли муддат белгилаш ва бу давр мобайнида шартнома бўйича фоизларни ҳисобламаслик ва тўламаслик мумкинми?»

Buxgalter Pro обуначиси илтимосига кўра саволни «Норма» эксперти, «Жавоб берамиз!» хизмати мутахассиси Азизахон ТОШХЎЖАЕВА тушунтириб берди:

Эътибор беринг

Материал «Жавоб берамиз!» пуллик базасидан, истисно тариқасида эълон қилинмоқда.

Экспертларга ўз саволларингизни бериш ва тайёр жавоблар базасининг барчасини кўриш имкониятига эга бўлиш учун Buxgalter Proга кириш ҳуқуқини расмийлаштиринг.

 

– Биринчи навбатда жисмоний шахс томонидан валюта қарзини бериш имконияти масаласини аниқлаштириш лозим.

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасида резидентлар ўртасида рухсат этиладиган валюта операциялари рўйхати белгиланган. Резидентлар ўртасида чет эл валютасида қарз бериш ва ҳисоб-китоблар қилишга йўл қўйилмайди.

Ушбу қонунда «резидент» тушунчаси Солиқ кодексида берилган таърифдан фарқ қилади.

ЎРҚ-841-XII-сонли қонуннинг 6-моддасига мувофиқ резидентлар – бу Ўзбекистон фуқаролари, шу жумладан чет элда бўлганлар, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш гувоҳномасига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахслар, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган барча юридик шахслар, шунингдек уларнинг Ўзбекистонда ва унинг ташқарисида жойлашган филиаллари ва ваколатхоналари, Ўзбекистоннинг дипломатик, савдо ва бошқа расмий ваколатхоналари, шу жумладан республика ташқарисида жойлашганлар, қароргоҳи Ўзбекистон ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотлар. Резидент тушунчасига кирмайдиган шахслар норезидентлар ҳисобланади.

Демак, агар корхона таъсисчиси Ўзбекистон резиденти бўлса, у чет эл валютасида молиявий қарз бера олмайди.

Агар таъсисчи норезидент бўлса, ушбу қонунга мувофиқ у корхонага чет эл валютасида молиявий қарз бериши мумкин.

Фоизлар тўловига келсак – агар қонун ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорларда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга. Фоизларни тўлаш тартиби ва муддатлари қарз шартномаси билан белгиланади. Агар улар шартномада белгиланмаган бўлса, у ҳолда – асосий қарзни қайтариш учун шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тўланади ФК 734-м..

Демак, қарз шартномасида томонларнинг ўзаро келишуви бўйича дастлабки уч ой давомида қарз олувчи қарз берувчига фоизларни ҳисобламаслиги ва тўламаслиги назарда тутилиши мумкин.

 

 

 

Фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар Фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар Фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар /uz/publish/doc/text205577_tasischi_korhonaga_valyuta_qarzini_bersa