Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Моддий ёрдам – 2020: нимани бой бермаслик муҳим
Пандемия шароитида ходимларга моддий ёрдам тўлаш ва унга солиқ солиш мавзуси ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Жорий йилда ҳисоб-китобларда нималарни инобатга олиш лозимлигини Тошкент шаҳар Юнусобод туман ДСИ бош солиқ инспектори Низомитдин СУЛТОНОВ тушунтирди:
- “Моддий ёрдамнинг учта тури мавжуд:
- ходимнинг даромади ҳисобланмайдиган ёрдам ва тегишинча, ЖШДС солинмайди ;
- рағбатлантириш хусусиятига эга тўлов ҳисобланадиган ёрдам ва тегишинча, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради . Унга тўлиқ миқдорда ЖШДС солинади;
- СКнинг 377-моддасида келтирилган моддий ёрдамнинг махсус турлари, уларга фақат муайян миқдорда ЖШДС солинмайди.
СКнинг 378-моддаси имтиёзни назарда тутади, унга мувофиқ моддий ёрдамнинг айрим турларига муайян миқдорда солиқ солинмаслиги лозим:
- ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёхуд соғлиғига бошқача тарзда шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар;
- бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан тўловлар;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш.
2020 йил учун 27.04.2020 йилдаги ПФ-5986-сон Фармон билан солиқ солинмайдиган моддий ёрдам суммаси МҲЭКМнинг 4,22 бараваридан 7,5 бараваригача оширилди. Кўрсатилган асосларга кўра йил давомида МҲЭКМнинг 7,5 бараваридан ортиқ тўланган барчасига умумий асосларда солиқ солиниши лозим.
- январь ойида бола туғилиши муносабати билан 4 000 000 сўм;
- март ойида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун – 3 000 000сўм.
Вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга кўрсатиладиган ёрдам моддий ёрдамнинг бошқа турларидан фарқ қилади. У ҳар бир шундай ҳолат бўйича чекловларсиз берилиши мумкин ва ҳар гал МҲЭКМнинг 7,5 баравари миқдорида солиқ солинмайди.
Ҳисоб-китобларда нимага эътибор бериш лозим
Яна бир бор эслатиб ўтаман, Солиқ кодексида ёзилган МҲЭКМнинг 4,22 баравари ўрнига 2020 йилда оширилган ставка - 27.04.2020 йилдаги ПФ-5986-сон Фармон билан белгиланган МҲЭКМнинг 7,5 баравари қўлланилади. Шундан келиб чиқиб бухгалтер ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қилиши зарур.
Бошқа муҳим жиҳат – ҳисоб-китобларда йил бошидаги ЭКИҲ қўлланган норма 2020 йил таҳриридаги СКнинг эски кодексдан асосий фарқи. Ҳозир МҲЭКМ ҳар гал ошганда ушлаб қолинган ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қилиш зарур. Жорий йилда Президентнинг 30.12.20219 йилдаги ПҚ-4555-сон қарори бунга асос бўлиб хизмат қилди.
Моддий ёрдам олиш учун ходим қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак
Ушбу жиҳат корхонанинг локал ҳужжатларида келишиб олинган бўлиши керак. Кўпинча уларда ходим томонидан ариза берилиши ва ташкилот раҳбари томонидан тегишли буйруқ чиқарилиши назарда тутилган.
Солиқ тўловчилар кўп ҳолларда ДСИга савол билан мурожаат қилишади: қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун моддий ёрдам олган ходим иш берувчига касса чеки ёки унинг харид қилинганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этиши керакми? Бундай қилиш керак эмас, буни талаб қиладиган норма қонун ҳужжатларида ҳеч қачон бўлмаган”.
Buxgalter.uz таҳририятининг фикрига кўра, МҲЭКМнинг 7,5 бараварини инобатга олган ҳолда ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги масала, биз хоҳлагандек унчалик бир маънога эга эмас.
ПФ-5986-сон Фармоннинг 6-бандига асосан Молия вазирлигига бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритиш топширилган. Ҳануз СКга ўзгартиришлар киритилмаган ва бунинг умуман рўй бериши даргумон.
Тажрибали бухгалтерлар масъул идоранинг аниқ ва бир маънога эга расмий тушунтиришлари мавжуд бўлмаганда, Молия вазирлигидаги манба бундай қайта ҳисоб-китобнинг асосланганлигини оғзаки тарзда тасдиқлаганига қарамай, ЖШДСни камайиш томонга қайта ҳисоб-китоб қилишга хавфсирашади.
Амалиётда қайта ҳисоб-китоб қилиш қўшимча солиқ ҳисоблашга ва санкцияларга олиб келмаслиги учун Buxgalter.uz тушунтиришлар юзасидан Молия вазирлигига мурожаат қилади. Жавоб порталда эълон қилинади.