Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Меҳнатни муҳофаза қилиш учун жавобгарлик оширилади
Иш берувчиларнинг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя қилиш учун жавобгарлиги оширилади. Бу ҚҲТБТда эълон қилинган 2021–2030 йилларда аҳоли бандлигига кўмаклашиш стратегияси лойиҳасида назарда тутилган. Buxgalter.uz айнан нима ўзгартилишини аниқлаштирди.
Меҳнат кодексининг меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлиги билан боғлиқ бўлимларини кучайтириш муҳокама қилинмоқда (Стратегиянинг 5-боби). Сабаблари:
- бандликнинг норасмий секторида ходимларнинг ҳимояланмаганлиги;
- ишни йўқотиш хавфи туфайли олинган шикастланиш тўғрисида ахборотни яшириш;
- иш берувчиларнинг ишлаб чиқаришда олинган шикастланишлар учун маъмурий жавобгарлигининг паст даражаси (10 БҲМгача жарималар);
- иш берувчиларни тўлиқ техник жиҳатдан назорат қилиш учун меҳнат инспекциялари ваколатларининг етишмаслиги, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат инспекторларининг етишмаслиги.
Қуйидагилар режалаштирилган:
- Иш берувчиларнинг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя қилиш учун жавобгарлигини ошириш (жиноий таъқибгача).
- Иш жойларидаги бахтсиз ҳодисалардан ижтимоий суғурталаш механизмини ислоҳ қилиш (жумладан суғурта тарифларини). Айниқса - иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш билан боғлиқ қисмини ислоҳ қилиш.
- Давлат меҳнат инспекциясининг ваколатларини кенгайтириш.
- Ушбу масалада касаба уюшмалари ролини ошириш.
- Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро стандартлар талаблари билан мувофиқлаштириш. “Ноль даражадаги шикастланиш” концепциясини жорий этиш.
- ХМТнинг 155-сон “Ишлаб чиқаришда ва меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисида”ги Конвенцияси ва ХМТнинг 167-сон ”Қурилишда соғлиқ ва хавфсизлик” Конвенциясини ратификация қилиш.
Корхоналар ва ходимларнинг ўзи учун мазкур лойиҳада яна нима қизиқарли бўлиши мумкин?
- Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари кўрсатиладиган хизматларнинг камида 70%ини рақамли шаклда тақдим этади. Ишга жойлаштириш бўйича жами хизматларнинг камида 30%и хусусий секторга ўтказилади.
- Ички меҳнат мигрантлари (ва оила аъзолари) учун янги жойда рўйхатдан ўтиш, уй-жой, ижтимоий ва давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари соддалаштирилади.
- Қайтиб келган ташқи меҳнат мигрантлари учун қайта интеграциялаш бўйича дастурлар ишлаб чиқилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади