Мол-мулк солиғини ортиқча тўламаслик учун нима қилиш керак

preview

Кўчмас мулк эгаларига солиқ солиш мақсадларида мол-мулк қийматини аниқлаш учун баҳоловчиларни жалб этиш ҳуқуқи берилди. Кимлар томонидан ва қандай ҳолатларда бундай қилиш кераклиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан баҳоловчи ташкилотлар раҳбарлари – «Grant Thornton Valuation LLC» бошқарувчи ҳамкори Марина ВАНИНА ва «Hisob va biznes baholash» МЧЖ директори Ирина ПАЛВАНОВА гапириб беришди:

 

– Тошкентда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш 1 кв.м майдоннинг энг кам қиймати  2,5 млн сўм этиб белгиланган. Бу бозор қийматига қанчалик яқинлаштирилган?

Марина ВАНИНА: – «Бозор нуқтаи назаридан, кўчмас мулк объекти ер майдонига эгалик ва уни яхшилаш бўйича ягона ҳуқуқлар мажмуидир. Кўчмас мулк баҳоси нафақат унинг жойлашган жойига, балки объект кўламидан фойдаланиш мўлжалига (офис, савдо, ишлаб чиқариш ва ҳ.к.) ва бошқа омилларга боғлиқдир.

Агар жойлашган жойи ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматини белгилайдиган бўлса, қолган омиллар эса унда жойлашган бино ва иншоотларни тавсифлайди. Шу боисдан бирор-бир ўртача нарх ҳақида фақат бир турдаги кўчмас мулк доирасида гапириш мумкин.

Тошкентда офис ва савдо хоналарининг 1 кв.м қиймати 8–20 млн сўм атрофида ўзгариб туради, ишлаб чиқариш, омборхоналарнинг қиймати – 3–4 баравар паст. Асосийси, бу қиймат қуйидаги иккита компонентдан иборат бўлишини англаш лозим:

1) ер солиғи солинадиган ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи қиймати;

2) мол-мулк солиғи солиниши лозим бўлган ер майдонини яхшилаш ишлари қиймати».

 

Ирина ПАЛВАНОВА: 

 – «Кўчмас мулкнинг 1 кв.м қиймати жойлашган туманига, бино инфратузилмасига, унинг ҳолатининг сифат даражасига ва фойдаланиш мўлжалига боғлиқ бўлади. Агар офис, савдо ва тижорат салоҳиятига эга бошқа бинолар ҳақида гапирадиган бўлсак, Тошкент шаҳри учун 2,5 млн сўм бозор қийматидан 3-4 баравар камдир. 2021 йилда Тошкент шаҳрида офис бинолари бўйича 1 кв.м учун бозор қиймати ўртача 8–10 млн сўмни, марказда – бундан юқори миқдорни ташкил этади. Саноат объектлари бўйича  ушбу объектларнинг хусусиятларига боғлиқ ҳолда 1,5–4 млн сўмни ташкил қилади».

 

– Бинобарин, офис ва савдо бинолари эгаларида мол-мулк солиғини камайтириш мақсадида баҳоловчи ташкилотлардан 1 кв.м қиймати, масалан, 1,5 млн сўм миқдорида эканлиги тўғрисидаги хулосани олиш имконияти мавжудми?

Марина ВАНИНА: 

 – «Бинолар бир-бирига ўхшаш бўлганлиги сабабли жавоб бериш мушкулроқ бўлади. Шаҳар марказида дўкон ёки офис учун «А» ёки «В» тоифаси мавжуд эмас. Тошкентда бундай объектларнинг қиймати анча юқори бўлади. Булар бирор-бир ёрдамчи иншоотлар, гаражлар, шийпонлар, қозонхоналар ёки ҳудудларда, қишлоқ туманлардаги дўконлар ёхуд ҳатто талаб бўлмаганлиги туфайли бўш турган офис бинолари бўлиши мумкин.

Баҳоловчи ташкилотлар «мижозларнинг илтимосига кўра» атайин қийматни пасайтиришга қўл урмасалар керак, сабаби уларнинг зиммасида ўз ишлари натижаси учун узоқ муддатли жавобгарлик бўлади. Айниқса, агар давлат манфаатлари ҳақида сўз борадиган бўлса, улар доимий назоратда бўладилар.

Ирина ПАЛВАНОВА:  

– «Бундай бўлиши мумкин эмас. Инсофли баҳоловчилардан ҳеч бири ёлғон хулоса бермайди. Биринчидан, баҳоловчилар 1 кв.м учун қийматни доимо мониторинг қилиб борадилар. Баҳо тўғрисидаги ҳисоботларга эга бўла туриб, баҳоловчиларнинг ҳеч бири кўчмас мулкни аввал ҳисобланган қийматдан паст қийматда баҳолашга таваккал қилмаса керак.

Иккинчидан, баҳоловчи унинг ҳисоботи бўйича экспертиза ўтказилиши мумкинлигини билади. Эксперт зиммасидаги жавобгарлик кўпроқ бўлгани сабабли баҳоловчининг ҳисоботи синчковлик билан текширилади. Шунингдек эксперт 1 кв.м учун қиймат бўйича ўзидаги маълумотларга таянади.

 

– Мулкдорлар баҳоловчи компанияларга ҳақ тўлашдан наф бўлиш-бўлмаслигини билиш учун 1 кв.м қийматини тахминий баҳолаб кўриши мумкинми?

Марина ВАНИНА: 

 – «Албатта, мулкдор баҳоловчиларга мурожаат қилиш кераклиги ёки керак эмаслиги юзасидан бошқарув қарорини қабул қилиш учун кўчмас мулк қийматини олдиндан ҳисоб-китоб қилиб кўриши мумкин. Бунинг учун ўхшаш объектларни сотиш бўйича эълонлар ёки ўз туманидаги кўчмас мулк бозори бўйича шарҳлардан фойдаланишнинг ўзи етарли бўлади. Бундай маълумотлар хусусий эълонлар ва кўчмас мулк агентликлари сайтларида жойлаштирилади.

Тижорат кўчмас мулкининг тахминий қийматини аниқроқ белгилаш мумкин. Ишлаб чиқариш кўчмас мулки бўйича эса бу бироз мушкулроқ бўлади, сабаби у ҳисобга олиниши талаб этиладиган ўзига хос хусусиятларга эгадир. Шу боисдан бундай кўчмас мулк эгаларининг кўпчилиги ортиқча солиқ тўлашни истамайдиган бўлсалар, баҳоловчиларга мурожаат қилганлари маъқулдир».

Ирина ПАЛВАНОВА:

– «Бунинг учун мулкдорлар маркетинг тадқиқотларини ўтказишлари – шунга ўхшаш объектларнинг қиймати тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилишлари лозим. Маълумотлар манбаи кўп эмас, асосан булар интернет-ресурслардир. Ишлаб чиқаришга қараганда, тижорат кўчмас мулки бўйича маълумотлар кўпроқ.

Катта эҳтимол билан ишлаб чиқариш кўчмас мулки, омборхоналар, ертўлали бинолар  эгаларида баҳоловчилар хизматига талаб бўлишини айтиш мумкин. Корхонада айвон, шийпонча, очиқ майдончалар бўлиши мумкин ва уларнинг қиймати 2,5 млн сўмдан кам бўлса керак. Шунингдек биноларда коммуникациялар ўтганлиги сабабли умуман фойдаланилмайдиган ертўла ва бошқа техник хоналар бўлиши мумкин. Тегишли равишда, фойдаланиш мўлжалидан келиб чиқиб, ушбу бинонинг баҳоси 2,5 млн дан кам бўлиши мумкин. Шунингдек омборхоналар солиқ солиш мақсадларида белгиланган энг кам миқдордан кам қийматга эга бўлиши мумкин.

Барча ҳолатларда ҳам малакали баҳоловчилар хизматидан фойдаланиш учун мурожаат этиш мантиқан тўғри бўлади».

 

Эслатиб ўтамиз 

СКнинг 412-моддасига ўзгартиришлар киритилди. Кўчмас мол-мулкнинг ўртача қолдиқ қиймати солиқни ҳисоблаш учун база бўлиб сақланиб қолади, бироқ у 1 кв.м қийматининг энг кам миқдоридан кам бўлмаслиги лозим. Тошкентда – 2,5 млн сўм, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – 1,5 млн сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда – 1 млн сўм.

Кўчмас мулк объектлари қийматининг белгиланган энг кам миқдори линияли объектлар ва қурилиши тугалланмаган объектларга нисбатан қўлланилмайди.

Батафсил:

Ер солиғи қисмида ставкаларга, айрим тоифадаги ер майдонлари бўйича пасайтирувчи коэффициентларни қўллаш тартиби, ҳисоб-китобларни тақдим этиш ва дастлабки тўловни амалга ошириш муддатларига ўзгартиришлар киритилди. Яна бир муҳим янгилик: энди солиқни ундан озод этилганлар ҳам тўлайдилар.

Батафсил:

 

 

Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи /uz/publish/doc/text177742_mol-mulk_soligini_ortiqcha_tulamaslik_uchun_nima_qilish_kerak