Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай ҳолларда ижарага олувчи ресурс солиқларини тўлаши керак
Корхона кўчмас мулкни ижарага олган. Бу ҳолда ресурс солиқлари бўйича қандай тўғри ҳисобот топшириш мумкин? Уларни ким тўлаши керак - ижарага берувчими ёки ижарага олувчи? Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга ДСҚда жавоб беришди:
- 2020 йилда амал қилган нормалар ўзгармади.
Агар хўжалик юритувчи субъектда ресурс солиқлари бўйича солиқ солиш объектлари мавжуд бўлмаса, улар бўйича солиқ ҳисоботларини тақдим этиш зарур эмас, шу жумладан - нолли кўрсаткичлар билан.
Солиқ ҳисоботи шахс фақат солиқ тўловчи деб эътироф этиладиган солиқлар бўйича тақдим этилади, бинобарин, солиқ ҳам тўланади .
Бинобарин:
- ижарага олувчи оператив ижарада бўлган объектлар (бино ёки алоҳида хоналар) бўйича мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўламайди, сабаби у - ижарага олинган объектнинг мулкдори эмас. Бу ҳолда солиқларни мол-мулк мулкдори тўлайди ;
- сув етказиб беришни амалга оширувчи ташкилот билан у ижарага олган бино ёки алоҳида хоналарга сув етказиб бериш учун мустақил равишда шартнома тузган ижарага олувчи сув ресурсларидан фойдалаганлик учун солиқ тўловчисига айланади, сабаби сув бериш унинг ташаббуси билан ва унинг хўжалик эҳтиёжлари учун амалга оширилади ;
- ижарага олувчи (лизинг олувчи) ижарани молиявий деб таснифлаш мумкин бўлган барча ҳолларда мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлайди, сабаби тегишли ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар расмийлаштирилган пайтдан эътиборан объектнинг эгаси ҳисобланади .