Қандай қилиб ресурс солиқлари бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) олиш мумкин

preview

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига “хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этиш” ҳуқуқи берилди. Ушбу имкониятдан қандай фойдаланиш ҳақида молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ сўзлаб беради.

2020 йил 19 март куни Президентнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5969-сон Фармони қабул қилинди.

Фармоннинг 7-бандига мувофиқ “маҳаллий давлат ҳокимияти органлари хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этади”.  Бунда кўрсатиб ўтилган солиқларни тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) солиқ тўловчининг аризаси ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (илгари - Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги) ҳамда Молия вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг хулосалари асосида, бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда тақдим этилади”.

Кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш ўртасидаги фарқ нимада

Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш – бу Солиқ кодекси билан белгиланган солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш. Кечиктириш сизга солиқнинг тўлиқ суммасини тўлашни анча кейинроқ муддатга кўчириш имконини беради. Агар сизга бўлиб-бўлиб тўлашни тақдим этишса, сиз муайян вақт давомида кечиктирилган солиқни қисмларга бўлиб тўлаш имкониятига эга бўласиз.

Қайси солиқлар бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни олиш мумкин

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида гап қуйидаги солиқлар хусусида бормоқда:

  • мол-мулк солиғи;
  • ер солиғи;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ

Кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни битта солиқ ёки бир вақтнинг ўзида ушбу солиқларнинг иккита ёхуд учта тури бўйича олиш мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижарага берилган ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови ер солиғига тенглаштирилади . Шу боис кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ушбу ижара тўловига ҳам татбиқ этилади.

Кимлар кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)дан фойдаланиши мумкин

 

Ушбу ҳуқуқ солиқларни белгиланган муддатда тўлаш имконини бермайдиган вақтинча молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилган.

 

Кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)дан мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар фойдаланиши мумкин, айнан:

  • юридик шахслар, жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентлари;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари.

Жисмоний шахсларга келсак, улар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар кечиктирилган .

Кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) қандай шартларда тақдим этилади

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари уни:

  • ариза берувчининг соф активлари қийматидан ошадиган суммага;
  • улар юзага келган санадан қатъи назар солиқ мажбуриятларига;
  • 1 ойдан 6 ойгача бўлган муддатга. Ушбу муддат солиқ тўловчининг аризасида кўрсатилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бу муддатни 6 ой доирасида узайтиришлари ёки қисқартиришлари мумкин;
  • фоиз ундирмасдан  тақдим этишга ҳақли.

 

Эътибор беринг
Хўжалик юритувчи субъектлар уларга кечиктириш тақдим этилгандан кейин кечиктирилган солиқлар бўйича қайта ҳисоб-китобни топширишлари мумкин эмас.

 

Кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни олиш учун солиқ тўловчи нима қилиши керак

Уни олиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тегишли аризани топширинг. Бошқа ҳужжатлар ва маълумотномаларни топшириш шарт эмас.

Аризада қуйидагиларни кўрсатинг:

  • кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни тақдим этиш сабаблари;
  • кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни қайси муддатга тақдим этиш зарурлиги;
  • 2020 йил 1 апрель ёки бошқа сана ҳолатига бўлган солиқлар бўйича солиқ қарзи суммаси;
  • солиқ солиш объекти жойлашган жой;
  • ер участкасининг майдони;
  • кўчмас мулк объектининг тахмин қилинаётган ўртача йиллик қолдиқ суммаси (ўртача йиллик қиймати).

Кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш таомили

Солиқ органлари (ҳудудий ва Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси) бир кун муддатда солиқ тўловчиларнинг аризаларини қоғоз ёки электрон шаклда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари котибиятларига қайта жўнатади.

Котибиятлар бир кун муддатда кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни тақдим этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қўшма хулоса олиш учун уларни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва ҳудудий солиқ органларига (кейинги ўринларда – ҳудудий органлар) юборади.

Ҳудудий органлар кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни тақдим этиш тўғрисидаги ариза олинган кундан эътиборан 5 кун муддатда Котибиятга қуйидагилар ҳақида қўшма хулоса тақдим этади:

  • ҳудудий молия органлари -  тегишли бюджетнинг олинмай қоладиган даромадларини ҳамда берилаётган кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни кутилаётган харажатлар билан таққослаган ҳолда маҳаллий бюджет даромадларига кутилаётган таъсирини баҳолаш юзасидан. Шунингдек, ҳудудий солиқ органлари ва Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси билан биргаликда – мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг юзага келиши сабаблари ва солиқ қарзининг ҳаққонийлиги юзасидан;
  • Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий органлари - кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни тақдим этишнинг мақсадга мувофиқлиги сабабларини тасдиқлаш юзасидан.

Ким ва қайси муддатларда кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тўғрисида якуний қарор қабул қилади

Солиқ тўловчининг аризаси ва ҳудудий органларнинг қўшма хулосаси асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ариза берилган кундан эътиборан 30 кун мобайнида солиқлар бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этиш ёки уни тақдим этишни рад этиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоят халқ депутатлари Кенгаши ва Тошкент шаҳар  халқ депутатлари Кенгаши томонидан имзоланади.

Солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни тақдим этиш тўғрисидаги қарор, қарор билан бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қарор қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан кучга киради.

Солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни тақдим этиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

  • солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни тақдим этиш сабаблари;
  • уни тўлашга нисбатан кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этилаётган солиқнинг ҳар бир тури бўйича қарздорликнинг миқдори;
  • кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этилаётган муддат.

Қарор олинган кундан эътиборан бир кун муддатда Котибият унинг нусхасини солиқ тўловчига ва солиқ солиш объектлари жойлашган жойдаги ҳудудий органларга юборади.

Қарорни олгандан кейин солиқ органлари уни электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ариза берувчига жўнатади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан

солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни тақдим этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

 Нима қилишади

Муддатлар

1-босқич

Солиқ тўловчилар

Солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) олиш учун аризалар беради.

Зарурат бўлганда

2-босқич

Ҳудудий солиқ органлари ва Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси

Солиқ тўловчиларнинг аризаларини қоғоз ёки электрон шаклда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари котибиятларига жўнатади

1 кун ичида

3-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари котибиятлари

Солиқ тўловчиларнинг аризаларини солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни тақдим этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қўшма хулоса олиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва ҳудудий солиқ органларига (кейинги ўринларда – ҳудудий органлар) юборади.

1 кун ичида

4-босқич

Ҳудудий органлар

Солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни тақдим этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида Котибиятга қўшма хулоса тақдим этади

Ариза келиб тушган кундан эътиборан 5 кун ичида

5-босқич

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари 

Солиқ тўловчининг аризаси ва ҳудудий органларнинг қўшма хулосаси асосида солиқлар бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этиш тўғрисида қарор қабул қилади

Солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этиш ёки уни тақдим этишни рад этиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоят халқ депутатлари Кенгаши ва Тошкент шаҳар  халқ депутатлари Кенгаши томонидан имзоланади.

 ариза берилган кундан эътиборан 30 кун ичида

6-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари котибияти

Солиқ органлари

 

 

Қарор нусхасини солиқ тўловчига ва солиқ солиш объектлари жойлашган жойдаги ҳудудий органларга юборади.

 

Қарорни электрон шаклда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ариза берувчига жўнатади.

Қарор қабул қилинган кундан бошлаб 1 иш куни давомида
Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи /uz/publish/doc/text158800_qanday_qilib_resurs_soliqlari_buyicha_kechiktirish_bulib-bulib_tulash_olish_mumkin